Календарь

Апрель 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 4

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

БИРИНЧИ БОБ. ДУДЛИНИНГ ДЕМЕНЦИЯСИ

Ёзнинг яна бир ўта жазирама куни ниҳоясига етишига оз қолди. Одамовилар хиёбонидаги ҳовлилар-у, квадрат шаклида қурилган катта уйлар худди уйқуга кетгандай жимжит. Деярли ҳар бир бино ёнида, одатда, тозалигидан ялтираб турадиган машиналар ҳозир чанг босиб, хира тортган. Зумрад-яшил майсазорлар қуриб, сарғайиб кетган. Шаҳар маъмурияти томонидан қурғоқчилик даврида сув сарфига оид чекланишлар жорий этилганлиги боис, боғ шлангидан машина ювиш, экинзор парвариш қилиш каби, мақсадларда фойдаланиш ман этилган. Маҳаллий аҳоли бундай қувноқ, одатда, қий-чув, тўполон-ла кечадиган ишларидан воз кечишга мажбур бўлиб, йўқ шамолни чорлаш умидида дераза тавақаларини ланг очганча, салқин хонадонларида вақт ўтказмоқда. Шундай иссиқ, ҳавоси дим кўчада биттагина одам бор, у ҳам бўлса, 4- уй деворининг ёнгинасида яратилган тўгарак гулзорда ётган ўспирин.
Қисқа муддат ичида ушбу озғин, кўзойнак таққан қорасоч боланинг бўйи анчагина ўсиб кетгани учун бўлса керак, ранг-рўйига қараганда бироз бетоб кўринади. Уй соҳиблари йигитчанинг эгнига иркит, йиртиқ жинси шим, ўнгиб кетган беўхшов футболка ва тагчарми ажралиб кетишига сал қолган эски спорт шиппагини раво кўришган. Шундай қилинса, Гарри Поттер ўз ташқи қиёфаси билан қўшнилар кўзига жозибадор кўринмайди. Улар эса кишининг сифати паст кийим кийиб юриш одатини жиноий жазога лойиқ хатти-ҳаракат сифатида эътироф этиб, бундай тамойилни қонуниятдай кўришади. Хайриятки, бугунги оқшом маҳалида Гаррини мулоҳаза юритилаётган кўзлардан гортензиянинг каттагина бутаси тўсиб турибди. Умуман айтганда, ҳозир уни фақат ўз амакиси билан холасигина, агар деразадан бош чиқариб, девор тагига қарашса, кўриши мумкин. (Гортензия – йирик гулли декоратив ўсимлик).
Қизиб кетган тош ерда ётиш бироз ноқулай бўлса ҳам, айнан шу ерда биқиниб олишни Гарри маъқул топди. Негаки бола ҳар сафар телевизор кўрмоқчи бўлиб Дурсллар ўтирган хонага кирса, ҳамма унга бўридай қарайди, бири тишини ғижирлаб сухандоннинг сўзларини эшитишга халал беради, бошқа бири қабиҳ саволлар ёғдиради.
Гаррининг фикри гўё деразадан хонага учиб киргандай бўлди. Негаки, ичкаридан Гаррининг амакиси, аниқроқ айтиладиган бўлса, холасининг эри Вернон Дурслнинг овози эшитилди.
- Яхши ҳам-ки, анави етим хонага кирмай қўйди. Айтгандай, қаерда юрибди у?
- Тасаввур ҳам қила олмайман, - лоқайд жавоб қайтарди Петунья хола, - Уйда йўқлиги аниқ.
- Қаранг-ки, энди уни янгиликлар қизиқтириб қолибди... - заҳар қилди Вернон амаки ғўнғирлаб, - Яна қанақанги ўйинга жазм қилмоқчи у, қандай янгиликларни кутяпти экан-а?! Ёш болани, агар соғ бўлса, албатта, жаҳонда рўй бераётган ҳодисалар қизиқтириши мумкинми?!... Жа ишондим-да! Ўзимизнинг Дудлимизни олайлик. Мутлақо дунёбехабар. Оламни сув босса ўрдакка нима ғам, деб ўғлимизга ўхшаганларга қараб айтган бўлишса, ажаб эмас. Дудли ҳатто давлатимизнинг Бош вазири кимлигини, исмини ҳам билмаса керак, а, Петунья?... Умуман айтганда, анави нусхага ўхшаганлар элати ҳақида бизнинг янгиликларимизда гапиришмас... деган умиддаман...
- Вернон, ш-ш-ш! - эрининг гапини бўлди Петунья хола, - Дераза очиқ!
- Ҳа-я... Маъзур кўрасан, азизам.
Дурсллар унини ўчиришди. Гарри мева ва буғдой унининг кепагидан тайёрланган мюсли ҳақидаги ашъорларни эшитиб, қўшни Печакгул кўчасида яшайдиган, айни вақтда қовоқ солиб, нималарнидир вайсаганча, ҳовлида санқиб юрган, қариб миясини еган мушукбоқар кампир миссис Фиггнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб ётди. Гарри бута остига бекиниб олишга ақли етгани учун ўзидан мамнун. Негаки, сўнгги вақтда миссис Фигг Гаррини учратиши билан қўярда-қўймай уйига, чойхўрликка қистаб чорлайдиган одат чиқариб олибди. Ичкаридан Вернон амакининг овози боз эшитилганда, миссис Фигг муюлиш ортига ўтиб кетди. (Мюсли (немис. Müsli, (Bircher) müesli) – нонушта тайёрлаш учун яримфабрикат маҳсулот. Одатда, овқатга ишлатиладиган ҳар хил ўтлар ва мева бўлакларидан ташкил топади. Ишлов бермай йогурт билан бирга истеъмол қилиш тавсия этилади).
- Демак, Дудличани чойга таклиф қилишибди дегин?
- Ҳа, Полукисслар, - жавоб берди Петунья хола нозик оҳангда, - Дўсти кўп, боламизнинг. Ҳаммаси бирдай яхши кўришади уни...
Гарри кулиб юборишдан ўзини базўр тийиб олди. Ўғиллари ҳақида гап бошланиши ҳамоно, эр-хотин Дурсллар ақлан сўқир бўлиб қолиши Гаррини таажжублантиради. Бутун таътил давомида Дудли, гўё дўстларининг хонадонларида ҳар оқшом навбат билан ўтаётган чойхўрлик ҳақида гапириб, ўз ота-онасининг қулоғига лағмон осиб келмоқда. Дудли ҳеч қайси ўртоғиникига бормаётгани, ҳеч қандай чойхўрлик қилмаётгани, аксинча ўз тўдасига бошчилик қилиб, истироҳат боғида қўлига кирган, кўзига кўринган нарсани абжақ қилаётгани ёки атрофда изғиганча, йўлда ўтаётган машиналар-у, кўчада сайр қилаётган болаларга тош отиб юришини Гарри жуда яхши билади. Гарри Дурсллар истиқомат қиладиган Сюррей графлигининг Литтл Уингинг шаҳарчаси кўчаларида сўнгги вақтда кўп сандироқлаб юрадиган, одамлар ташлаб юборган газеталарни олиб, ўқиб ўтирадиган одат чиқарган. Ана шундай кунлардан бирида Дудлининг қилмишларини кўриб қолган эди.
Кечки соат еттида етказиладиган янгиликлар бошланганлигини англатадиган мусиқий лавҳа янгради. Илк ноталарни эшитган Гаррининг қорин соҳасида нимадир сиқилиб қолгандай бўлди. Эҳтимол бугун... бир ой ўтиб... балким бугун.

«Испания аэропортларида мушкул аҳволга тушиб қолган сайёҳлар сони рекорд даражага етгани қайд этилди. Мана икки ҳафтадир-ки, ҳаммолларнинг иш ташлари давом этмоқда...»

- Мен уларга кўрсатиб қўяр эдим, тушликдан сўнгги уйқу қанақа бўлишини, - наъра тортди Вернон амаки, сухандоннинг сўзларини босиб.
Энди бунинг аҳамияти йўқ. Тўгарак гулзорда ётган Гаррининг қорин соҳасидаги тугун аста бўшаша бошлади. Агар бирор-бир фожиа рўй берганида, бу ҳақда биринчи навбатда айтилган бўлиши турган гап. Ўлим ва ҳалокатлар сайёҳларнинг мушкул аҳволидан олдин айтилиши муқаррар.
Гарри узоқ нафас чиқариб, кўзни қамаштирадиган даражада кўм-кўк осмонга қаради. Бу йилги ёзнинг ҳар бир куни бола учун бир хил кечди: дастлаб машаққатли зўриқиш, янгилик кутиш дамлари, вақтинча тинчланиш, сўнг, яна ташвишга тушиш... ва ҳар сафар кундан-кунга кучайиб бораётган таажжуб. Нега энди ҳеч нарса рўй бермаяпти?
Янгиликлар давом этмоқда. Гарри ҳар эҳтимолга қарши эшитиб ётиб, магллар тўғри баҳо бера олишга қодир бўлмаган, чунончи, улар тушуниб етмайдиган ҳодиса ёки сирли можарога ўхшаш бирор-бир шамани илғаб олишга умид боғламоқда. Лекин сайёҳлар ҳақидаги маълумотлардан сўнг, жанубий-шарқий минтақадаги қурғоқчиликка доир мавзу бошланди.
- Мана бу гапларни қўшни ҳам эшитаётган бўлса керак, - ўкирди Вернон амаки, - Тонг саҳар, соат учда сув сепиш мосламасини ишга тушираётгани бизга эшитилмайди, деб ўйлайди чоғи!
Шундан сўнг, Сюррей графлигида ҳалокатга учрашишига бир бахя қолган вертолёт ҳақида, донгдор артист аёлнинг машҳурликда қолишмайдиган эри билан ажрашаётгани ҳақида гапирилди.
- Уларнинг кир чойшаблари билан нима ишимиз бор, - вайсади Петунья хола.
Тили бошқа-ю, дили бошқа хола, машҳур эр-хотинлар ҳақидаги мақолаларни қидириб, чўп-устухон қўли билан варақламаган газета-ю, журнал қолмайди.
Кунботар осмон кўзни тиндирди. Гарри кўзини юмиб, сухандоннинг сўзларини эшитмоқда.

«... сўнгги янгилик. Майнабоз Патта салқинлаб олишнинг янги усулини ихтиро қилибди. Барнслидаги «Бешта пат»да яшайдиган Патта лақабли жингалак патли тўтича сув чанғисида учишнинг ҳадисини олибди! Тафсилотлари билан мухбиримиз Мэри Доркинс...» (Барнсли (Barnsley) – Буюк Британиядаги Йоркшир графлиги, Ғарбий Райдинг, Дирн дарёси соҳилида жойлашган шаҳар-графлик. Ушбу шаҳарга XII асрда асос солинган. Бугунги кунда машинасозлик, тўқимачилик ва шиша саноати ривожланган бўлиб, тошкўмир ҳавзасининг маркази саналади).

Гарри кўзини очди. Модомики, улар, сув чанғисида учадиган тўтиқушларга етиб борди-ми, давомини эшитмаса ҳам бўлаверади. Бола астагина қорнига юмалаб, тизза ва кафтларини ерга тираганча, деразадан нари эмаклай кетди. Икки дюйм босиб ўтмай, бирин-кетин бир нечта ҳодиса рўй берди.
Жимжит кўчада худди ўқ узилгандай қарс янграб, қулоқ битди. Уй яқинидаги машина остидан ўтакаси ёрилиб кетган мушук ўқдай отилиб чиқди-да, ажал қувгандай боши оққан томон қочиб қолди. Дурсллар меҳмонхонасидан дастлаб чинқириқ, сўнг сўкиниш ва чинни синган товуш эшитилди. Шунга ўхшаш сигнал кутаётган Гарри шамшир чиқарган каби, шимининг орқа томонига қистириб олган сеҳрли таёқчасини қўлига олди-да, ўрнидан туриш учун қаддини кескин ростлар экан бошини деразанинг очиқ тавақасига қаттиқ уриб олди. Деразанинг қарсиллаганини эшитган Петунья хола баттар ўкириб юборди.
Гаррининг боши оғриқдан иккига бўлиниб кетгандай бўлиб, кўзи ёшланиб кетди. Турган жойида тебраниб қолган Гарри кўриш қобилиятини тиклаш, қарс қайси томондан янграганини идрок этишга уринди. Мувозанатини тиклашга улгурмай, деразадан бир жуфт алвон тусли гўштдор қўл чиқиб, боланинг бўғзидан тутиб олди.
- Қани биров кўриб қолмасдан йўқот-чи, анави таёғингни! - ўкирди Вернон амаки Гаррининг қулоғига, - Тез бўл!
- Тинч... қўйинг... мени! - хириллади бўғилган Гарри.
Бир неча сония давомида амаки ва жиян ўртасида қаттиқ кураш кечди. Гарри чап қўли билан амакининг ҳар бири сосискадай келадиган бармоқларидан халос бўлишга, ўнг қўли билан эса юқорига кўтарилган таёқчасини қўлида тутиб қолишга уринди. Дафъатан Гаррининг боши қаттиқ оғриб, танаси орқали, унга дахл қилиш имконини бермайдиган аллақандай кўринмас куч ўтгандай бўлди. Вернон амаки эса худди ток ургандай қаттиқ ангиллаб, жиянни қўйиб юборди.
Гортензия бутасига қулаб тушишига бир бахя қолган Гарри, ҳансираганча, қаддини ростлаб, атрофга аланглади. Эшитилган қарс манбасини англатадиган бирон-бир аломат йўқ. Лекин деразадан бош чиқариб, қизиқсиниб қараётган уч-тўрт нафар одам кўринди. Гарри шу заҳоти сеҳрли таёқчасини яшириб, бегуноҳ қиёфа ясаб олди.
- Хайрли оқшом! - қичқирди Вернон амаки рўпарадаги еттинчи уйнинг нафис тўр тўқима пардаси ортидан ўқрайиб қараётган аёлга, - Қандайдир қарс янгради, эшитдингиз-ми? Петунья иккаламиз ўтирган ўрнимизда бир сапчиб тушдик!
Қўшнилар деразадан нари қочиши ҳамоно, Вернон амакининг иршайиб турган башараси, қутурган итнинг тумшуғидан фарқ қилмай қолди. У йўғон бармоқлари билан Гаррини имлади.
Бола бир неча қадам олға босди-ю, Вернон амакининг узатилган қўли бўғзидан тутиб, яна бўғиб қолмаслиги учун хавфсиз масофа қолдирди.
- Нима қиляпсан, ҳой, мараз? - сўради Вернон амаки дарғазаблигидан овози узилиб-узилиб.
- Нима қилибман? - совуқ оҳангда сўради Гарри, қарс урган одамни кўриш илинжида атрофга аланглаб.
- Ёнгинамизда туриб пистолетдан ўт очгандай шовқин соляпсан...
- Мен солганим йўқ шовқинни, - қатъий рад этди Гарри.
Қизил лавлагига ўхшаш йирик башара ёнида Петунья холанинг от бошидан кўп фарқ қилмайдиган жуда домангир «чеҳраси» пайдо бўлди.
- Нега изғиб юрибсан бу ерда?
- Ҳа-я... Петунья, тўғри айтасан! Хўш, саволга жавоб бер, ҳой сен. Дераза остида нима қилаётган эдинг?
- Янгилик эшитиб ётдим, - иқрор бўлди Гарри.
Жаҳли чиққан амаки билан хола бир-бирига қараб қўйишди.
- Янгилик эшитиб ётдим? Яна-я?! Яна янгими?
- Умуман айтганда, улар ҳар куни янги, - деди Гарри.
- Ўзингни ақлли кўрсатма, ҳой бола! Бошимни айлантирмасдан муддаонгни айт. Яна нималарни ният қилиб юрибсан? «Янгилик эшитиб ётдим» миш-а! Жуда яхши биласан, ёронларинг ҳақида...
- Секинроқ, Вернон! - аста вишиллади Петунья хола.
Вернон амаки овозини фақат Гаррининг ўзи базўр эшитадиган даражада пасайтирганча, фикрини охирига етказди:
- ... сенинг ёронларинг ҳақида бизнинг теледастурларимизда гапирилмаслигини яхши биласан!
- Сиз шундай деб ўйлайсиз, - деди Гарри.
Эрининг сўз топа олмай, бақрайганча қолганини кўрган Петунья хола қатъий оҳангда эътироз билдирди.
- Ярамас ёлғончи. Анави... - деди ўзи ҳам гапини фақат лабининг ҳаракатидан уқиб олса бўладиган даражада овозини пасайтириб, - Анави бойқушларинг янгилик келтирмай қўйди-ми?
- Ҳа-ҳа! - вишиллади Вернон амаки, башарасида музаффарият барқ уриб, - Қулоққа лағмон осма! Ўз дунёнг янгиликларини анави жирканч қушлардан олаётганингни билишмайди, деб ўйлама!
Гарри тараддудланганча, жим қолди. Гарчи амаки билан хола болага қанчалик аламли эканлигини тасаввур қила олишмаса-да, ҳақ гапни айтиш у қадар осон кечмади.
- Бойқушлар... менга янгилик келтирмай қўйишган, - ифодасиз айта олди у.
- Ишонмайман, - деди Петунья хола.
- Мен ҳам ишонмайман, - шу заҳоти маъқуллади Вернон амаки.
- Аллақандай шум ниятни кўзлаб юрганингни сезиб юрибмиз, - деди Петунья хола.
- Биз сен ўйлаган даражада аҳмоқ эмасмиз, - баёнот қилди Вернон амаки.
- Мана бу гап, мен учун чиндан ҳам янгилик бўлди, - жеркиб берди ғазаби ич-ичидан қайнаб чиқаётган Гарри.
Дурсллар гапнинг мағзини чақиб, жавоб қайтариш учун оғиз жуфтлашга улгурмай, бола кескин бурилди-да, майсазорни кесиб ўтиб, пастак тўсиқни ошиб ўтгач, катта кўча бўйлаб нари кетди.
У ўз бошига нохушлик орттириб олганини яхши билади. Кечқурун уйга қайтгач, қўпол муомаласи учун қариндошлар ундан хун олишлари муқаррар. Фақат бу муаммо болани ўйлантиргани йўқ. Ҳозир уни бошқа нарса ташвишга соляпти.
Бояги қарс товуши кимдир Одамовилар хиёбонига ҳавода пайдо бўлгани ёки аксинча даф бўлгани сабабли янграган. Гарри бунга шубҳа қилмайди. Уй эльфи Добби ҳам худди шу тарзда гум бўлар эди. Ёки чиндан ҳам Добби пайдо бўлди-ми? У айни пайтда изма-из келаётган бўлса-чи? Гарри кескин ортга бурилиб, атрофга диққат билан разм солди. Одамовилар хиёбони бўм-бўш. Добби кўзга кўринмас бўла олмаслигини эса Гарри аниқ билади.
Бола боши оққан томон бораверди. Сўнгги вақтда у шаҳарча кўчаларида шу қадар кўп сандироқлаб юрдики, оёқлари беихтиёр ўзи ёқтирган жойларга етаклаб кетмоқда. Ҳар беш-ўн қадам босгач, елка узра ортга қараб қўйди. Петунья холанинг сўлиётган бегониялари орасида узала тушиб ётганида, унинг яқинида сеҳргарлар дунёсининг вакили бўлгани аниқ. Нега у (ёки улар) Гарри билан мулоқот қилмади?
Унинг вужудидаги қатъият сўниб, умидсизлик тобора ортиб бораверди. Чиндан ҳам ўша товуш шубҳасиз сеҳрли эканлиги аниқ эмас-ку. Гарри узоқ вақт ғафлатда қолиб, ўз дунёси ҳақида бирорта бўлсин, хабар кутгани сабабли оддий товуш ҳозир унга сеҳрли эшитилгандир? Эҳтимол қўшнининг бирор нарсаси портлаб ёки ёрилиб кетгандир? Ушбу хаёл Гаррининг юрагини эзиб, вужудини ёз бўйи таъқиб қилиб келган умидсизлик боз қамради.
Эртага «Башорат-у, каромат газетаси»ни ташийдиган бойқушга ҳақ тўлаш учун тонг саҳар бешда соат қўнғироғи янграб, Гаррини уйғотади. Хўш, бундан нима наф? Сўнгги вақтда Гарри газетанинг биринчи саҳифасига қараб, четга итқитадиган бўлиб қолди. Вольдемортнинг қайтганлиги ҳақидаги хабарлар турган гапки, бош мақола бўлиб, биринчи саҳифада чоп этилиши керак. Ёвуз Лорднинг чиндан ҳам қайтганини нашриётда ўтирган анави нодонлар қачон тушуниб етади? Қолган янгиликлар эса Гаррини қизиқтирмайди.
Агар омади чопса, почта бойқушлари Рон билан Гермионадан хат келтиради. Қолаверса, Гарри иккала ўртоғидан бирорта бўлсин аниқ ва мулоҳазали гап кутмай қўйди.

«Ўзинг-Биласан-Нима ҳақида ёза олмаймиз, буни тўғри тушунсанг керак... Почта бойқушлари тутиб олиниши мумкинлиги боис, жиддий янгиликлар ҳақида сенга ёзмасликни буюришди... Ҳозир ҳаммамиз бандмиз, бироқ бу ҳақда батафсил баён эта олмаймиз... Бу ерда шундай ҳодисалар рўй беряпти-ки, фақат учрашганимизда сўзлаб беришимиз мумкин...»

Хўш, қачон бўлар экан, ўша учрашув? Санани тайинлашга негадир ҳеч ким шошилмаяпти. Туғилган куни Гермионадан келган откриткада «ўйлашимча, тез орада учрашсак керак», деб ёзилган, албатта. Бироқ ўша «тез ора» масаласи яқин орада ҳал бўладими? Дўстларидан келган мактубларда тарқоқ баён этилган мужмал шамаларга қараганда, Рон билан Гермиона бир жойда, чамаси Роннинг уйига йиғилиб олишган. Гарри Одамовилар хиёбонида серрайиб юрса-ю, иккала ўртоғи Бошпанада хурсандчилик қилиб ўтиришса. Бундай фикрга Гарри аранг кўникяпти. Агар очиғини айтадиган бўлса, у дўстларининг бундай қилмишларидан шу қадар куфр бўлдики, ҳатто «Роҳат-луқум» қандолат дўконининг, иккаласи юборган икки қути шоколадини очмай, улоқтириб юборди. Лекин ўша оқшомнинг ўзидаёқ, Петунья хола кечки овқатга узатган сўлғин газакдан сўнг, роса афсус қилди. Аразлаган бўрининг хуржуни бўш қолар, деб шунга айтишса керак.
Қизиқ, нима билан банд экан улар, а? Нега энди Гарри банд эмас? Иккаласидан кўра кўпроқ ишларга қодир эканлигини Гарри исбот қилмади-ми? Наҳотки Гаррининг ишларини ҳамма осонгина унутди-қўйди? Ахир ўша қабристонда улар эмас, Гарри бўлган, Седрик қандай ҳалок бўлганини улар эмас, Гарри кўрган, дахмага уларни эмас, Гаррини боғлашган, улар эмас, Гарри базўр омон қолган...
«Бу ҳақда ўйлама», ёз бўйи юзинчи бор буюрди ўзига ўзи Гарри. Ҳар кеча кўраётган тушларингда ўзингни ўша қабристонда кўрганинг камлик қилиб, ўнгингда ҳам ўйлашинг шартми?
У Магнолия тор кўчасига бурилиб, хаёл ўтмай ўзининг чўқинтирган отаси билан илк бор учрашган гаражлар оралиғи ёнидан ўтди. Сириус тушунади-ку, Гаррининг кечинмаларини! Аммо у ҳам, бирон-бир маънили нарса ёзгани йўқ. Ҳар қалай, унинг хатлари анави иккаласининг гўё мазмундор ёзишгандай аҳмоқона гаплардан холи. Сириуснинг мактублари ғамхўрлик ва юпатиш сўзларига тўлиб-тошган: бетинчлигинг, ташвишланаётганингни биламан... эсли бола бўлиб юр... эҳтиёт бўл, бемулоҳаза иш тутма...
Гарри Магнолия тор кўчасидан бир хил номланган катта кўчага чиқиб, осмони қорайиб бораётган истироҳат боғи томон йўл олди. Жўяли ўйлаб қараганда, фикр юритди у, менинг хулқим айнан Сириус тайинлаган каби, кечмоқда. Ахир сандиғимни супургига боғлаб, Бошпана томон учиб кетмадим-ку, гарчи бу ишни жуда кўп маротаба бажаришни истаган бўлсам-да. Ҳозир оз бўлса ҳам, Лорд Вольдеморт қилмишлари ҳақида бирон-бир шама эшитиш илинжида, Одамовилар хиёбонининг буталари орасида ҳашарот каби, ивирсиб юришга мажбур бўлганидан дарғазаб бўлаётганини инобатга оладиган бўлса, Гарри ўз хулқини ниҳоятда ройиш боланинг хулқидан қолишмайди, деб билади. Жиноятчи сеҳргарлар қамаладиган Азкабандай жойда ўн икки йил ноҳақ ўтириб, содир этмаган қотиллигини содир этиш учун ҳибсдан қочган, ҳозирда ўғирланган гиппогриф билан бирга қочқинликда юрган одамнинг бемулоҳаза иш тутмаслик, мўмин-қобил бўлиш борасида берган маслаҳатлари эса боадаб айтганда, Гаррининг қонини қайнатиб юбормоқда.
Бола ёпиқ дарвозасидан ошиб ўтган истироҳат боғи, худди шаҳарча кўчалари каби, кимсасиз. Дудли ва унинг ошналари томонидан синдирилмай, бутун қолган ягона арғимчоққа ўтирган Гарри бир қўлини занжирга ўраб, ерга тикилганча, ўйланиб қолди. Энди у гортензия бутаси орасида бекина олмайди. Эртанги янгиликларни эшитиш учун бошқача усул ўйлаб топиши керак. Ҳозир эса уни яна бир мудҳиш тундан бошқа нарса кутмайди. Кечалари аллақандай алоғ-чалоғ, дам Седрик фожиаси билан боғлиқ тушлар, дам узундан-узоқ, қоп-қоронғи, боши берк, ёпиқ эшикка олиб борадиган йўлакларни кўрадиган бўлиб қолди. Гарри бундай туш кўришининг сабаби ўнгидаги умидсиз чорасизлик, деб билмоқда. Пешонасидаги чандиқ тез-тез ловуллаб турибди. Лекин энди Рон билан Гермиона, умуман айтганда, Сириус ҳам, ушбу ҳолатга аҳамият қаратиши амри маҳолга ўхшайди. Илгари пешонасидаги оғриқ Вольдеморт кучга тўлиб бораётганидан далолат берар эди. Энди-чи? Унинг қайтгани шундоқ ҳам маълум-ку! Дўстлари нима ҳам дейиши мумкин? Чандиқ бўлгандан кейин оғриши керак-да... ташвиш тортма... Хуллас, ўша ҳаммом, ўша тос...
Бу гапларнинг бари нақадар адолатсизлик эканлигини ўйлаган Гаррининг вужудини алам ёндирмоқда. Ахир Гарри бўлмаганда, Вольдемортнинг қайтганини ҳеч ким билмас эди-ку! Эвазига мана тўрт ҳафтадир-ки, сеҳргарлар дунёсидан тамомила яккалатиб қўйилганча, Литтл Уингинг шаҳарчасига қамашиб, ташқарига чақиришни пайсалга солишяпти! Бу ҳам камлик қилгандай, аллақандай тўтиқушлар ҳақидаги арзимас янгиликларни сўлиб қолган бегония орасида эшитиши керак! Наҳотки Дамблдор Гаррини осонликча унутиб юборган? Вақтни бирга ўтказаётган Рон билан Гермиона-чи? Гаррини чақириш, уларнинг хаёлларига ҳам келгани йўқ! Сириуснинг ўгитларига яна қанча бардош бериш керак? Яна қанча вақт тек ўтириши, эсли боладай юриши, газетага: ҳой болалар, Вольдеморт қайтди, деб хат ёзиб юборишдан ўзини тийиб бориши керак? Гаррининг миясини дарғазаб ўйлар қамраб олган, ичидаги бор нарса нафратдан ағдар-тўнтар бўлиб кетмоқда. Атрофга бахмални эслатадиган майин қоронғилик тушди. Қуруқ ҳаво майса бўйига тўйинган. Истироҳат боғининг нариги девори ортидан элас-элас эшитилаётган машиналар товушини инобатга олмаганда, теварак-атрофда сукунат ҳукм сурмоқда.
Гарри арғимчоқда қанча вақт ўтирганини билмайди-ю, одам овози маъюс хаёлини бўлгач, нигоҳини ердан узди. Қўшни йўлак бўйидаги дарахт таналари орасидан, одатда, пойга велосипедлари чиқарадиган чир-чир товуш, фонусларнинг хира нури ва истироҳат боғи орқали келаётган йигитлар шарпаси кўринди. Улардан бири баланд овозда уятсиз қўшиқ айтиб, қолганлар эса ҳиринглаб келмоқда. Бола уларни таниди, албатта. Олдинда йўл бошлаётган ҳеч шубҳасиз, Дудли, қолганлар унинг жанговар дўстлари.
Дудли баҳайбатлигича қолган, лекин бултурги қатъий парҳез ва яқинда кашф этилган истеъдоди, унинг ташқи қиёфасида тегишлича ўзгаришлар шаклланишига сабаб бўлибди. Яқинда Дудли жанубий-шарқий графлик ҳудудидаги мактабларнинг оғир вазнли ёшлари ўртасида бокс бўйича ўтказилган чемпионат ғолиби бўлди. Бу ҳақда Вернон амаки ҳаммага жар солиб юрибди. Спортнинг, Вернон амаки таъбири билан айтилганда, «олижаноб» тури билан шуғулланган Дудлининг танаси, иккаласи бошланғич мактабга бирга қатнаган, Гарри холаваччасининг биринчи бокс грушаси бўлган кезларга нисбатан янада даҳшатли бўлиб кетган. Гарри энди Дудлидан ҳайиқмайди, албатта, бироқ холаваччаси илгаригига нисбатан аниқ ва оғритиб уришни ўрганиб олганидан хурсанд ҳам бўлгани йўқ. Қўшни болачалар ота-оналари қўрқитадиган, ёмон бола бўлгани учун тузалмас-жиноятчи нусхалар учун қатъий режим жорий этилган муқаддас Грубус муассасасида тарбияланаётган «бандит Поттер»дан кўра, Дудли Дурслдан кўпроқ қўрқишади.
Гарри велосипедчилар шарпасига қараб, бугунги кимнинг пўстагини қоқиб қайтишаётгани ҳақида ўйланиб қолди. Бирдан у, ушбу йўлтўсарларни ўзига хаёлан чорлаётгани, ҳой мен томон ўгиринглар... мана мен, ёлғиз ўзим турибман... қани келинг, хиралик қилинг, деб унсиз бақираётганини идрок этди.
Агар Дудлининг оғайнилари Гаррининг ёлғиз турганини кўришса, Гарри томон бурилишлари муқаррар. Нима ҳам қила олар эди бечора Дудли? Тўдабоши сифатида тан олган ўртоқларининг кўз ўнгида ўз обрўсини сақлаб қолишга, Гаррининг ғазабини ўзи учун ниҳоятда хавфли даражада қўзғатишга мажбур бўлади... Ўзи билан ўзининг ички курашини кузатиш... уни ўртоқлари олдида мазах қилиб, жавоб қайтаришга қўрқишини кўриш жуда қизиқ кечса керак... Агар унинг хушомадгўйларидан бирортаси Гаррига ҳамла қилиш истагини билдирса, ўзларидан кўришсин. Гарри жангга тайёр. Сеҳрли таёқчаси ёнида. Қани уриниб кўришсин-чи... Гарри аламининг лоақал бир қисмини мана шу, қачонлардир унинг ҳаётини тоқат қилиб бўлмас даражага етказган бадбахтларга сочиш имконидан хурсанд бўлади холос.
Бироқ тўда бурилмади, Гаррини кўрмай, деярли боғ деворига етиб борди. Гарри уларнинг кетидан ростакамига бақириб, ёнига чақириб олишдан ўзини базўр тийиб олди... ёқалашиб, ўзига нохушлик орттириш ғирт аҳмоқона иш... сеҳр-жоду билан шуғулланиш эса унга ман этилган... мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлатиб юборишади...
Овоз босилди. Магнолия кўчаси томон йўл олган тўда кўздан ғойиб бўлди. Мана, марҳамат, Сириус, маъюс фикр юритди Гарри, айтганингни қилиб, бемулоҳаза иш тутмадим ва сендан фарқли ўлароқ, эсли бола бўлиб юрибман.
У ўрнидан туриб, керишиб олди. Қайтадиган вақт бўлди. Вернон амаки билан Петунья хола таъкидлаб ўтишганидек, уларнинг ўғли уйга қайтган вақтдан бир сонияга бўлсин, кечикмаслик керак. Агар Гарри Дудлидан кеч қайтадиган бўлса, Вернон амаки уни саройга қамаб қўйишни ваъда қилган. Шу боис, эсноғини енгиб, юзидаги норози қиёфани сақлаб қолган Гарри боғ дарвозаси томон йўл олди.
Магнолия кўчаси Одамовилар хиёбонидан деярли фарқ қилмайди. Бу ерда ҳам, ўша катта квадрат уйлар, ўша йирик, квадратсимон қўшнилар ва уларнинг ёғ тегса ялагудек тоза машиналари бор. Гарри Литтл Уингинг шаҳарчасида тунда, парда тортилган деразалар қоронғиликда ёрқин, чиройли ёришиб турадиган, «жинояткорона» қиёфасига доир бирорта қўшнининг навбатдаги ифлос шарҳини эшитиш хавфи бўлмайдиган пайтда юришни ёқтиради. У тез одимлаб, Магнолия кўчасининг муюлишида тўдага етиб олди ва сирень бутасининг ортига ўтиб, безорилар галасининг хайрлашиб олишини кутди.
- Чўчқадай роса чийиллади, а? - деди Малькольм, ўртоқларини кулдириб.
- Ўнг биқинига зўр туширдинг, Босс, - мақтаб қўйди Пьерс Полукис.
- Эртага ҳам ўша вақтдами? - сўради Дудли.
- Уйимизда учраша қолайлик, ота-онам бўлмайди, - таклиф қилди Гордон.
- Келишдик, кўришгунча, - деди Дудли.
- Кўришгунча, Дуд!
- Кўришгунча, Босс!
Гарри Дудлининг ўртоқлари нари кетиб, тарқалишини бироз кутгач, сирень ортидан чиқиб, йўлини давом эттирди. Овозлар тинган пайтда, у, Магнолия кўчасига бурилиб, кўп ўтмай, ниманидир хиргойи қилиб, шошилмай кетаётган Дудлини кўрди.
- Ҳой, Босс!
- А, - ўгирилди Дудли, - Ҳа, сен-ми.
- Қачондан буён сен «Босс»имиз бўлиб қолгансан, а?
- Овозингни ўчир, - ириллади Дудли, тескари ўгирилиб.
- Нима ҳам дердим, яхши лақаб, - деди Гарри холаваччасини қувиб етиб, - Фақат сен мен учун доимо «парик кийган йирик» бўлиб келгансан ва шундайлигин-ча қоласан.
- Овозингни ўчир, ДЕДИМ СЕНГА! - қўлини мушт тугди Дудли.
- Ойинг сени нима деб чақиришини ҳамтовоқларинг биладими?
- Ҳаром оғзингни ёп.
- Ойижонингга «Ҳаром оғзингни ёп» демайсан... Сени «Думба» ёки ойинг каби, «Динки-дуди-дум» деб чақирсам бўладими?
Афтидан, Гаррига ташланмаслик учун ўзини базўр идора қилаётган Дудли индамади.
- Хўп, майли, қани айт-чи, бугун кимни дўппосладинг? - сўради Гарри кулишни бас қилиб, - Навбатдаги ёш боланими? Билишимча, икки кун олдин Марк Эвансни калтаклаган эдинг...
- У ўзига-ўзи қилди, - ғулдиради Дудли.
- Ах, шунақа дегин?
- Мени мазах қилди!
- Йўғ-е! Наҳотки у сени орқа оёқда юришга ўргатилган чўчқа дейишга журъат этган бўлса? Шу ҳам масхара бўлди-ми, Думба? Буни холисона айтилган ҳақ гап дейишади.
Дудлининг башарасидаги ғурралари нари бориб, бери келганча, лорсиллай бошлади. Холаваччасини қутуриб кетгудай ҳолатга келтира олгани Гаррига ҳузур бахш этмоқда. Ичидаги аламнинг маълум қисмини Дудли билан ўртоқлашгандай ҳис этди ўзини. Нима қилсин, ўртоқлашадиган бошқа ҳеч ким йўқ.
Икковлон Магнолия кўчасидан Печакгул кўчасига ўтиладиган, бир вақтлар Гарри Сириус билан илк бор учрашган кунжакка бурилди. Бу ер бир томони панжара, иккинчи томони гараж деворларидан иборат, қадам товуши сўнадиган хилват йўлак бўлиб, кўча фонуслари йўқлиги сабабли, нисбатан қоронғи.
- Ўйлайсан-ки, ёнингда анави нарсанг бўлса, демак сенга ҳеч ким бас кела олмайди, шундайми? - деди Дудли бироз ўйланиб.
- Қанақа нарсани айтяпсан?
- Анави... анави... ёнингда яшириб юрган нарсанг.
Гарри кулиб қўйди.
- Дуд, кўринишингдан ғирт аҳмоқ бўлсанг ҳам, калланг сал ишлайдиган кўринади! Зотан, онгинг қиёфангга мос кела туриб, калланг ҳам ишламаганида, чиндан ҳам бир вақтнинг ўзида ҳам юриш, ҳам гапиришнинг уддасидан чиқишинг даргумон бўлар эди.
Сеҳрли таёқчасини қўлига олган Гарри Дудлининг кўзи ола-кула бўлиб кетганини кўрди.
- Ман этилган сенга, - тез эслатган бўлди Дудли, - Мен буни аниқ биламан. Итоат қилмайдиган бўлсанг анави аҳмоқона мактабингдан қувиб солишади.
- Қоидаларимиз ўзгарган бўлса-чи? Сен қаердан ҳам билар эдинг?
- Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, - деди Дудли, оҳангида иккиланиш сезилиб.
Гарри кулиб юборди.
- Нима қилганда ҳам мана шу нарсанг бўлмаса, менга бас кела олмас эдинг.
- Сен ўзингга қиё боқ. Тўртта ёрдамчинг бўлмаса, ўн ёшли болага қўл кўтаришга журъат эта олмайсан. Мана сен бокс бўйича разрядли бўлибсан. Рақибинг неча ёшда эди? Етти ёшлими? Саккизми?
- Ўн олти ёшли эди, билмоқчи бўлсанг, - наъра тортди Дудли, - Гарчи мендан икки чандон оғирроқ бўлган бўлса ҳам, уни бир ёқли қилганимда, йигирма дақиқача қилт эта олмай ётди. Қараб тур, мана шу нарсангни боз қўлингга олганингни дадамга айтиб бераман...
- Ана, дадажонимизга арз қилиб йиғлайдиган ҳам бўлдик. «Думба-чемпион» жирканч таёқчадан қўрқиб кетди.
- Тунда бу қадар жасур эмассан, - мурдор иршайди Дудли.
- Тун – «Дудли Дурсль»дай гап. Атрофни зулмат қоплаган ҳолатни биз шундай деб атаймиз.
- Каравотингда ётган тунни назарда тутмоқдаман! - акиллади Дудли, ҳаракатини тўхтатиб.
Гарри ҳам тўхтаб, холаваччасига тикилди. Қоронғида яхши кўринмаяпти-ю, афтидан, башарасида музаффарият барқ урмоқда.
- Нима дединг? Тунда ётган жойимда бу қадар жасур эмасман? Бу билан нима демоқчисан? Нимадан қўрқар эканман? Ёстиғимданми?
- Ўтган кеча ҳаммасини эшитдим, - деди Дудли паст овозда, - Инграб, босинқираганча, алланарса вайсадинг.
- Инградим? - сўради Гарри, ичи музлаб бораётганини ҳис этиб.
Кеча унинг тушига яна ўша қабристон кирган эди. Дудли итга ўхшаб йўталиб олди-да, ингичка овоз билан вакиллай бошлади:
- «Седрикни ўлдирма! Седрикни ўлдирма!» Седрик деганинг ким? Йигитингми?
- Мен... Ёлғон айтяпсан, - ғайриихтиёрий эътироз билдирди Гарри, оғиз бўшлиғи қуриб бораётганини ҳис этиб.
Дудли ёлғон гапирмаётгани аниқ. Акс ҳолда Седрикни қаердан билсин у?
- «Дада! Дадажон, ёрдам беринг! Дадажон, у мени ўлдирмоқчи, у-у-у!»
- Овозингни ўчир! - буюрди Гарри, паст овозда, - Унингни ўчир, Дудли, акс ҳолда ўз ҳаракатимни идора қила олмай қолишим мумкин!
- «Дада! Дадажон! Ойижон, ёрдам беринг! У Седрикни ўлдирди! Дадажон мени қутқаринг! У мени»... Ўқтама менга таёғингни!
Юрагига таёқча қадалган Дудли орқага тисланиб, панжарага қапишиб олди. Узоқ ўн тўрт йил давомида холаваччасига нисбатан тўпланиб келган жамики нафрат Гаррининг томирларида қайнаб кетди. Энг даҳшатли қарғиш афсунини қўллаш ижозати учун ҳозир у бор нарсасини беришга тайёр! Аянчли ҳашаротга айланиб, ёлғоноёқлари билан уйига ўрмаласин...
- Бу ҳақда қайта оғиз оча кўрма, - вишиллади Гарри ғазаб тўла оҳангда, - Уқдинг-ми?
- Таёғингни ол!
- Уқдинг-ми, йўқми?
- Таёғингни ол!
- УҚДИНГ-МИ, ЙЎҚМИ?
- ТАЁҒИНГНИ ОЛ!
Кутилмаганда, Дудли, худди муздай сувга шўнғиб чиққандай беихтиёр оҳ урди.
Қандайдир муҳмал ҳодиса рўй берди. Ҳозиргина юлдузлар сочилган тўқ кўк осмон бирданига қоп-қора бўлиб қолиб, теварак-атрофни зимистон қамради. Ой ҳам, юлдузлар ҳам, милтиллаб турган кўча фонуслари ҳам, кўздан ғойиб бўлди. Дарахт баргларининг шитирлашлари, автомобилларнинг шовқини эшитилмай қолди. Гўё теварак-атрофни кимнингдир на товуш ва на ёруғликни ўтказадиган улкан қўли тўсиб қўйган каби, Гарри билан Дудлини мутлақ, енгиб бўлмас, қоп-қора сукунат ўраб олди.
Дастлаб Гарри, ўзи идрок этмаган ҳолда, бирон-бир сеҳр-жоду қўллаб юбордим, деган хаёлга борди. Сал ўтиб, онг ҳиссиётдан устун келди. Нима бўлганда ҳам юлдузларни ўчириб қўйишни у уддалай олмайди. У бирон-бир нарсани кўриш илинжида бошини айлантирди. Бироқ кўз олдида ўйнаётган зим-зиёлик пардасидан бошқа ҳеч нарса кўринмади.
Қулоғига ўтакаси ёрилгудай бўлиб қолган Дудлининг овози эшитилди.
- Ним-малар қил-либ қўйдинг? Тай-ёғингни ол!
- Ҳеч нима қилганим йўқ! Унингни ўчириб, қилт этмай тур!
- М-мен ҳеч н-нима к-кўрмаяпман! К-кўзим кўр бўлиб қолди! Мен...
- Унингни ўчир дедим!
Гарри худди ерга қоқилган қозиқ сингари турган жойида қолиб, ҳеч нарсани кўрмаётган кўзи билан боз атрофга қаради. Танаси шу қадар совқотмоқда-ки, бошдан-оёқ дағ-дағ титрай бошлади. Совуқдан эти ғудда-ғудда бўлиб, бошининг орқасидаги сочи ҳурпайиб кетди. Гарри кўзини катта очганча, кўр-кўрона аланглади.
Ақл бовар қилмайди... бўлиши мумкин эмас... қандай қилиб улар бу ерга... Литтл Уингингга-я?... Гарри қулоғига зўр берди... уларни кўришдан кўра, яхши эшитиш мумкин...
- Д-дад-дамга айтиб б-бер-раман! - ангиллади Дудли, - Қанисан? Қаердасан? Нима қиляпсан?
- Бир пас ўчириб турсанг-чи, овозингни! - пичирлади Гарри, - Эшитишга имкон бера...
Гарри ўз гапини ўзи бўлди. Зеро, у айнан эшитишни истамаган товушни эшитиб қолди. Кунжакда, иккаласидан ташқари яна нимадир бор. Ўша нимадир ҳуштак чалган каби, ҳаво сўряпти. Гаррининг вужудини даҳшат истило қилди.
- Б-бўлди, б-бас қил! Ур-ураман, т-тушундинг-ми...
- Дудли, жим...
ТАРС.
Дудлининг мушти Гаррининг боши ва биқинига етиб, оёғи ердан узилди. Кўзидан оппоқ мушак отилиб кетган Гаррининг боши, шу бугуннинг ўзида иккинчи маротаба икки бўлингандай бўлиб кетди. Ерга қулаб тушган боланинг қўлидан сеҳрли таёқчаси учиб чиқди.
- Сен галварс, Дудли! - бақириб берди Гарри эмаклаганча таёқча қидириб.
У Дудлининг деворга урилиб-туртинганча югуриб кетганини эшитди.
- ДУДЛИ, ТЎХТА! ҚАЙТ! СЕН ТЎҒРИ УНИНГ ОЛДИГА КЕТЯПСАН!
Сукунатни юракни эзиб юборгудай чийиллаш бузиб, оёқ товуши эшитилмай қолди. Айни шу пайтда, Гарри, судралиб келаётган совуқни орқа мияси билан ҳис этди. Бу эса УЛАР КЎП эканлигини англатади
- Дудли, оғзингни очма! Энг асосийси, оғзингни очма! Қани у... - ғудуллади Гарри, худди ўргимчак сингари ер пайпаслаб, - Таёқча қани... люмос!
У беихтиёр афсун ўқиб юборди. Ҳозир ёруғлик ниҳоятда керак. Ўнг томонда учидан нур таралган таёқча ёришгач, бола таърифга сиғмас даражада енгил тортди. Гарри таёқчани олган ҳамоно, ўрнидан сакраб туриб, атрофга назар солди-ю, ичида бор нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
Бошига қайтарма қалпоқ ташлаб олган, қора жуббали, юзсиз-оёқсиз, новча шарпа ердан бироз баландда, ҳавода муаллақ осилиб олганча, тунги ҳавони сўриб яқинлашмоқда.
Гарри қоқинганча, орқага тисланиб, таёқчасини кўтарди.
- Экспекто патронум!
Таёқча кумуш тусли буғ чиқарди. Дементорнинг ҳаракати секинлашди, бироқ афсун талаб даражасида кор бермади чоғи, махлуқ яқинлашишни давом эттирди. Бола эса ўз оёқларига чалишганча, даҳшатдан орқага тисланмоқда. Қўрқув фикрини тўхтатиб қўйган... хаёлни жамлаш керак...
Жубба остидан кул ранг, ялтираб турган шилимшиқ нарсага беланган, қорақўтир, худди сувда ириган ўлаксага ўхшаб қолган қўл чиқиб, Гарри томон чўзилиб келди. Боланинг қулоғи шанғиллай бошлади...
- ЭКСПЕКТО ПАТРОНУМ!
Унинг овози худди узоқдан эшитилгандай бўғиқ чиқди. Таёқча учидан кумуш тусли, олдингисидан анча заиф булутча чиқди... Тамом! Билганини эсдан чиқариб қўйибди. Энди у, афсунни ижро эта олмайди!
Миясини баланд эшитилаётган, қулоқни кар қилаётган қаҳҳаҳа қамраб олди... дементорнинг бадбўй, ажал келтирадиган нафаси Гаррининг ўпкасини тўлдира бошлади. Гарри ушбу қўлансага ғарқ бўлиб кетмоқда... тезроқ... бахтиёр хотира...
Лекин Гаррининг миясига бирорта бахтиёр хотира келмаяпти... муздай бармоқлар бўйнини тобора маҳкам сиқмоқда. Қаҳҳаҳа янада баланд эшитилмоқда, бошининг ичида кимдир пичирлаяпти: «Ўз ажалингга таъзим қил, Гарри... Балки жонинг ҳам оғримас... билмадим, ўлиб кўрганим йўқ...»
Наҳотки энди у Рон билан Гермионани ҳеч қачон кўра олмайди?...
Гарри оз бўлса ҳам нафас олиш учун тушкун курашмоқда ва шу тобда унинг кўз ўнгида дўстларининг юзлари аниқ гавдаланди.
- ЭКСПЕКТО ПАТРОНУМ!
Сеҳрли таёқча учидан йирик, кумуш тусли буғу отилиб чиқди-да, дементорнинг кўкрак қафасига қарата шохи билан кучли зарб берди. Зулмат каби, вазнсиз дементор нари учиб кетди. Буғу ҳужумини давом этар, мағлуб дементор эса кўршапалак каби, қўлларини икки томон узатганча, нари сузиб кетар эди.
- БУ ТОМОНГА! - бақирди Гарри буғуга ва кескин бурилиб, таёқчасини қия тутганча, югуриб кетди, - ДУДЛИ? ДУДЛИ!
Гарри ўн қадам ҳам югурмай, иккаласини кўрди: Дудли қўли билан юзини бекитиб олганча, ерга гувала бўлиб олган, дементор эса унинг устига энгашиб, шилимшиқ қўли билан Дудлининг қўлини ушлаганча, аста четга тортмоқда. Қайтарма қалпоқ ташлаб олган боши бўса олиш учун тобора пастлаб бормоқда. Сўқир дементорнинг боши билан Дудлининг юзи орасида қолган бўлса, бир фут масофа қолган.
- УР УНИ! - бақирди Гарри.
Буғи шиддат билан Гаррининг ёнидан югуриб ўтиб, дементорга чунонам зарб бердики, йирик махлуқ пирпираганча, шу заҳоти юқорига кўтарилиб кетди. У ҳам шериги каби, жуфтакни ростлаб, қоронғида ғойиб бўлди. Буғу тор кўчани тарк этганча, кумуш тусли туманга кириб кетди.
Ой ҳам, юлдузлар ҳам, кўча фонуслари ҳам хаёл ўтмай ўз жойига қайтди. Илиқ шабада сезилди. Атрофдаги дарахт баргларининг шитирлаши, Магнолия кўчасидан эса дунёвий ва ниҳоятда қадрдон машина шовқинлари боз эшитила бошлади. Ҳис-туйғулари фавқулодда кескинлашиб кетган, меъёрий воқеликка бу қадар тез қайтганини ҳеч идрок эта олмаётган Гарри қилт этмай турди. Муайян вақт ўтгач, терлаб кетганидан жиққа ҳўл бўлиб кетган футболкаси танасига ёпишиб қолганини ҳис этди. Ҳеч ишонгиси келмаяпти. Дементорлар шу ерда, Литтл Уингинг шаҳарчаси кўчаларида.
Дағ-дағ титраётган Дудли инграганча, ерда тиришиб ётибди. Гарри эгилиб, Дудлининг юришга мадори бор-йўқлигини аниқламоқчи бўлди. Айни шу пайтда, орқа томонда, кимдир югуриб келаётгани эшитилди. Гарри таёқчасини беихтиёр олдинга узатиб, ким бўлишидан қатъи назар, уни юзма-юз қарши олишга аҳд қилганча, турган жойида кескин бурилди. Қоронғиликдан ҳансираб қолган, қариб миясини еб қўйган миссис Фигг чиқиб келди. Кампирнинг соч турмаклаш тўридан ҳар томон оқ соч тутамлари туртиб чиққан, тирсакида раззоқ халтаси тебранмоқда, катак гулли шиппаги эса оёғидан чиқиб кетишига сал қолган. Гарри шоша-пиша таёқчасини бекитишга ошиқди, бироқ...
- Ҳой, тўпори, нима қиляпсан?! Қўлингда ушлаб тур уни! - бақирди миссис Фигг, - Яна бирортаси бекиниб олган бўлса-чи? Анави Мундугнус Флетчер кўзимга кўринсин, ўлдираман!
Admin · Просмотров: 1012 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 15:27:41

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p101.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)