Календарь

Октябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

ИККИНЧИ БОБ. ЖОН ТЕГДИ БОЙҚУШЛАРИНГГА

- Нима? - сўради ҳеч нимани тушунмаган Гарри.
- Ғойиб бўлди! - куйиниб вайсади миссис Фигг, - Супургисидан қандайдир қозонлар тушиб кетибди, аллақандай учрашуви бор эмиш! Кетиб қолсанг терингни шилиб оламан, деган эдим унга, у эса... Мана оқибати! Дементорлар! Яхши ҳам-ки, мистер Тибблни навбатчиликка қўйиб келган эканман! Хўп, майли вақт йўқ! Нима лаллайиб турибсан, тез бўл. Сизларни уйгача кузатиб қўйишим керак! Оҳ, нима бўлар экан энди, а?! Кўзимга кўринсин, ўлдираман!
Дементорларнинг бу ерда пайдо бўлгани каби, мушукбоқар кампир ўша махлуқлардан бохабарлиги Гаррини таажжублантирди.
- Сиз... Сиз... афсунгармисиз?
- Йўқ, мен швахман. Анави Мундугнус эса буни жуда яхши билади! Дементорларга қарши нима чора кўра олишим мумкин, мен, а? Сени муҳофазасиз қолдириб, ўзи гум бўлганини кўрмайсан-ми, огоҳлантирган эдим-а, уни...
- Демак, Мундугнус деганингиз мендан кўз-қулоқ бўлиб юриши керак экан-да? Бундан чиқди... уйимиз яқинида ҳавода даф бўлган...
- Ҳа, ҳа, ўша! Ҳар эҳтимолга қарши мистер Тибблни машина остига қўйиб келганим яхши бўлибди. Менга хабар бергани югуриб келди. Уйларингга етиб борганимга қадар кетиб қолибсан... Дамблдор нима дейди энди, билмайман?! Ҳой, сен! - чийиллаб берди у, ҳанузгача ерда узала чўзилиб ётган Дудлига, - Кўтар энди ёғ босган думбангни!
- Сиз Дамблдорни танийсизми? - бақрайиб қолди Гарри.
- Танийман, албатта. Уни танимаган одам борми ўзи? Кетдик энди. Анави махлуқлар қайтадиган бўлса, ёрдамим тегмайди. Кучим биттагина чой пакетини сиқишга етади холос.
Миссис Фигг эгилиб, ажин босган кучсиз қўли билан Дудлининг семиз билагидан тутиб силтади.
- Тур ўрнингдан, лузумсиз хари, тур дедим сенга!
Бироқ юзи кул ранг тус олган, лабларини маҳкам қимтиб олганча, қалтираб ётган Дудли ё қилт эта олмаяпти, ё жойидан қўзғалишни истамаяпти.
- Қани менга қўйиб беринг-чи, уни, - деди Гарри Дудлининг қўлини ушлаб.
У зўр бериб, холаваччасини оёққа турғизишга базўр эришди. Деярли беҳуш, юзидан тер оқаётган Дудлининг митти кўзлари косасидан чиқиб кетар ҳолатга келиб қолган. Гарри уни бир сонияга қўйиб юборган эди ҳам-ки, ерга қулаб тушишига сал қолди.
- Тезроқ! - асабийлашди кампир.
Гарри Дудлининг оёқдай келадиган қўлини елкасига ташлаб, ниҳоятда вазмин танасини кўтарганча, йўл томон етаклади. Миссис Фигг ўзининг бедана юриши билан олдинда пилдираб кетди.
- Таёқчангни яширма, - огоҳлантирди Печакгул кўчасига чиққан миссис Фигг, - Махфийлик Мақомини унутсанг ҳам бўлаверади. Бари-бир бошинг кетди сени. Тўлаш керак бўлса, гринготтсчасига тўламоқ даркор. Мана сизга «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет» оқибати. Дамблдор айнан шундан чўчиб юрган эди. Кўчанинг охиридаги нима? Ах, мистер Прентис-ку. Таёқчани яширма дедим сенга. Мендан наф йўқ, деб неча маротаба айтиш керак?
Таёқчани зарурий ҳолатда тутиш баробарида Дудлининг танасини судраб юриш осон кечаётгани йўқ. Тоқати тоқ бўлган Гарри тирсаги билан холаваччасининг қовурғасига зарб берди. Шунга қарамай, шалвираган оёқлари ерда судралганча, Гаррининг елкасига жасаддай осилиб олган Дудлининг мустақил ҳаракатланиш истаги ҳеч бир тарзда намоён бўлмади.
- Миссис Фигг, нега швах эканлигингизни ҳеч қачон айтмагансиз? - сўради Гарри ҳарсиллаб, - Болалигимдан уйингизда кўп бўлганман... Нега шунча вақтдан буён ҳеч нима демагансиз?
- Дамблдорнинг амри ила. Сенга кўз-қулоқ бўлиб юришим, ҳали ёш бўлганинг учун ҳеч нарса айтмаслигим керак эди. Сени болалигингдан буён ёмон овутиб келганим учун маъзур санайсан, Гарри. Уйимда бўлиш сенга ёқишини Дурсллар сезиб қолгудай бўлса, қайта киритмай қўйишган бўлар эди. Буларнинг бари мен учун осон кечмаган, болам, сўзларимга ишонавер... О Худойим, - кутилмаганда боз куйина бошлади миссис Фигг, - Дамблдор қачон хабар топади энди бу ишлардан... Нега Мундугнус соат ўн иккига қолмай постни ташлаб кетди, а? Қаерларда сандироқлаб юрибди у? Бўлиб ўтган ишлар ҳақида Дамблдорга қай тарзда билдирув бераман энди, а? Ахир мен ҳавода даф бўла олмайман!
- Бойқушим бор, олишингиз мумкин, - ингради Гарри, Дудлининг вазнидан умуртқаси синиб кетгудай ҳолатда.
- Тушунмаяпсан шекилли, Гарри! Дамблдор имкон қадар тезроқ чора кўриши керак. Ғайриқонуний сеҳр-жоду содир этилган ҳамоно, вазирликда қайд этилади. У ернинг ходимлари аллақачон бор гапдан хабардор. Гапларимга ишонавер.
- Ахир дементорларни қувиб юборишим керак эди-ку. Сеҳр-жоду қўлламасликнинг иложи йўқ эди. Мени қўйиб, дементорлар Печакгул кўчасига қандай келиб қолишганини ўйлаб кўришсин яхшиси! Ё нотўғрими, гапим?
- О, Худойим, Худойим-а, тўғри бўлса, гўрга эди. Бироқ... МУНДУГНУС ФЛЕТЧЕР! КЎЗИМГА КЎРИНГИН, ЎЛДИРАМАН!
Қаттиқ қарс эшитилиб, спиртли ичимлик ва тамакининг қўланса ҳиди билан бир вақтда, ҳавода калтабақай, соқоли олинмаган, эгнига жулдур пальто кийган, калта оёқлари қийшиқ, узун малла сочи чигаллашиб кетган, солқиган қизил кўзи ғамгин бассет-хаунд қиёфасини эслатадиган киши пайдо бўлди. Унинг қўлидаги кумуш тусли бўхчани кўрган Гарри кўринмас плаш эканлигини дарҳол фаҳмлади. (Бассет-хаунд (ингл. «bass» – пакана ва «hound» – този) келиб чиқиш юрти Буюк Британия саналадиган ит зоти).
- Нима гап, Фигуля? - сўради у, айбсиз кўзини пирпиратганча, миссис Фиггдан Гаррига, Гарридан Дудлига олиб ўтиб, - Бекинмай қўйдик-ми энди?
- Лаҳадга бекинасанми энди?! - бақира кетди миссис Фигг, - Бизга дементорлар ҳамла қилди, ярамас, эшакмия!
- Дементорлар? – телбаланди Мундугнус, - Дементорлар? Шу ерда-я?
- Ҳа, шу ерда, товуқ гўнги, шу ерда! - чириллашини қўймади миссис Фигг, - Дементорлар айнан сенинг навбатчилигинг вақтида болага ҳамла қилди!
- Вой ойижон, - шалвираб қолди Мундугнус, кўзини дам кампирга, дам Гаррига олиб ўтиб, - Вой ойижон... мен ахир... мен...
- Сен! Сен бу вақтда ўғирланган қозонларнинг арзон олди-соттиси билан шуғулланиб юрган эдинг. Жойингда босиб ўтир деган эдим-ку, айтганмидим?
- Мен... ҳа, энди... - ғудуллади хижил бўлиб қолган Мундугнус, - Бунақа имконият камдан кам бўлади-да... бизнес, тушунасанми?...
Миссис Фигг қўлидаги раззоқ халтаси билан Мундугнуснинг рўпара келган жойига, бўйни-ю, башарасига ура кетди. Эшитилаётган тақир-туқурга қараганда, халтада мушук еми консерва банкалари борга ўхшайди.
- Вой жоним! Бўлди... вой... бўлди дедим сенга, қутурган сичқон! Дамблдорни огоҳлантириб қўйиш керак-ку!
- Жуда тўғри, керак! - савалашини қўймади миссис Фигг, - Буни – ўзинг – айтганинг – маъқул. Жойингдан – кетиб – қолганингни ҳам – ўзинг айт!
- Бўлди дедим сенга! Бошингдан тўринг тушиб кетади ҳозир! - бақирди Мундугнус, ўтириб олиб, - Кетдим мана, кетяпман!
Яна бир қарс эшитилгач, Мундугнус кўздан ғойиб бўлди.
- Умид қиламан-ки, Дамблдор терингга сомон тиқади, - орқасидан бақириб қолди миссис Фигг, - Нимани кутяпсан, Гарри, кетдик!
Дудлининг новвосдай келадиган танаси остида юришга мадори қолмаганини тушунтириш учун беҳуда куч сарфламасликка аҳд қилган Гарри чалажон қариндошини бир силтади-да, гандираклаганча, ҳаракатни давом эттирди.
- Сизларни остонагача кузатиб қўяман, - деди миссис Фигг, Одамовилар хиёбонига етишгач, - Ҳар эҳтимолга қарши... агар улар ўша ерда... О Худойим... уларга қарши ёлғиз ўзинг курашишга мажбур бўлдинг, а! Ҳалокатнинг ўзгинаси-ку, бу... Дамблдор эса сенга сеҳр-жоду қўллашга йўл қўймасликни тайинлаган эди-я... майли, тўйдан кейин хинани...
- Демак Дамблдор буюрган экан-да, менга кўз-қулоқ бўлиб юришни? - ҳансиради Гарри.
- Албатта, - деди миссис Фигг, - Июнда бўлиб ўтган ҳодисадан сўнг, қаровсиз қолдирармиди сени? Сен ақлли бола эканлигингга мен ҳеч қачон шубҳа қилмаганман! Энди уйга киргин-да, қимирламай ўтир, - қўшиб қўйди у, 4- уйга яқин келишгач, - Сен билан яқин орада алоқа боғлашса керак.
- Сиз-чи, сиз нима қиласиз? - сўрашга ошиқди Гарри.
- Уйимга қайтаман, - деди кампир сесканганча қоронғиликка қараб, - Кўрсатмалар кутаман. Хайрли тун.
- Тўхтанг, кетманг! Бир нарсани сўраб билмоқчи эдим...
Бироқ катак гулли шиппаги билан тап-тап одимлаган миссис Фигг раззоқ халтасини шалдиратганча, пилдираб кетиб қолди.
- Тўхтанг, кетманг! - боз бақирди Гарри.
Кампир Дамблдор билан мулоқот қилади. Гаррининг эса унга берадиган миллиондан ортиқ саволи бор... лекин таассуфки, икки сония ўтар-ўтмай қоронғиликка кириб кетган миссис Фигг кўздан ғойиб бўлди. Қовоғини солган Гарри Дудлининг қўлини тўғрилаб олди-да, йўлак бўйлаб уй томон базўр юриб кетди.
Даҳлиз чироғи ёниқ. Гарри таёқчасини яшириб, эшик тугмасини босди. Кўп ўтмай эшик ойнаси орқали Петунья холанинг ғалати бузилиб кўринаётган танаси ўсиб келаётгани кўринди.
- Диддик! Худога шукур. Мен жиддий хавотирланиб... хавотир... Дидди, сенга нима қилди?!
Кўзини қийшайтириб Дудлига қараган Гарри унинг остидан аранг қочишга улгурди. Ранги хира яшил тус олган Дудли муайян вақт тебраниб турди-да, оғзини катта очиб, остона шолчасига қайт қилиб юборди.
- ДИДДИ! Дидди, сенга нима қилди?! Вернон? ВЕРНОН!
Йирик, бесўнақай Вернон амаки ҳар бир босган қадамида сал ирғиб қўйганча, меҳмонхонадан югуриб чиқди. Ҳар сафар нимадандир ҳаяжонланганида юз берадиган каби, ҳозир ҳам унинг морж мўйлови ҳар қадам босганида бир ҳилпираб қўймоқда. Амаки Петунья холанинг ёнига тез келиб, оёғида зўрға турган Дудлини остона шолчасидаги кўлмакни босмай киритишга ёрдамлашиб юборди.
- Унинг мазаси йўқ, Вернон!
- Нима бўлди, ўғлим? Сенга нима қилди? Миссис Полукис чой билан бирор-бир айниган нарса узатди-ми?
- Болагинам, ерга юмаладинг-ми? Нега эгнинг лой?
- Шошма... Мабодо сенга ҳамла қилишгани йўқми, а, ўғлим?
- Вернон, полицияга қўнғироқ қил! Полицияга! - қичқирди Петунья хола, - Диддик, ёқимтойгинам, ойингнинг саволига жавоб берсанг-чи! Нима қилишди сени улар?
Қий-чув орасида ҳеч ким Гаррига эътибор қаратгани йўқ. Шуниси ҳам маъқул. Вернон амаки эшикни ёпиб қўймасдан олдин уйга кириб, Дурсллар учлиги ўзи билан ўзи овора бўлган фурсатда даҳлиздан ошхона томон юрди-да, зинапоядан юқорига кўтарилишга тараддудланди.
- Ким қилди бу ишни, ўғлим? Исмларини айтсанг бўлди, биз уларни топамиз, ишончинг комил бўлсин.
- Т-с-с! У бир нима демоқчи, Вернон! Хўш, Диддича? Айта қол, ойингга!
Дудли ниҳоят тилга кирганида Гарри зинапояга эндигина оёқ қўйган эди.
- Анави.
Гарри оёғини кўтарганча, портлаш рўй беришини кутиб, тек қотди.
- ҲОЙ! СЕН! ҚАНИ БУ ЁҚҚА КЕЛЧИ!
Гарри қўрқув ва нафрат уйғунлашиб кетган ҳиссиёт-ла, оёғини зинадан нари олиб, Дурсллар кетидан ошхонага эргашди.
Зим-зиё кўчадан сўнг, тозалигидан ярқираб турган ошхона боланинг кўзига ғайритабиий кўринди. Петунья хола ранги ҳалигача яшил, елимшак терга ботган Дудлини курсига ўтқизди. Вернон амаки идиш қуритиш токчаси ёнида туриб, митти кўзларини қисиб олганча, Гаррига, танасини тешиб юборгудай қараб турибди.
- Ўғлимни нима қилдинг? - таҳдидли ириллади у.
- Ҳеч нима, - жавоб берди Гарри, унга ҳеч ким бовар қилмаганига ишончи комил бўлиб.
- Дидди, нима қилди у сени? - титроқ овози билан сўради Петунья хола, ўғлининг чарм курткасини тозалашга киришиб, - У... у... ўзинг биласан нима қилди-ми? Анави... нарсасини чиқарди-ми?
Дудли аста, қўрқиб-писиб бош ирғиди. Петунья хола чўзиқ чинқирди. Вернон амаки эса муштини силтай кетди.
- Асло ундай бўлгани йўқ! - бақирди Гарри, - Унга ҳеч нима қилганим йўқ, мен эмас...
Шу пайт деразадан бойқуш отилиб кириб, Вернон амакининг бошига тегар-тегмас ошхонадан учиб ўтди-да, Гаррининг оёғи остига каттагина пергамент конверт ташлаб, музлаткич узра бурилганча, ташқарига чиқиб кетди.
- БОЙҚУШЛАР! - ўкирди чаккасидаги томири ўйнаб кетган Вернон амаки, деразани маҳкам ёпиб, - ЯНА БОЙҚУШЛАР! УЙИМГА БОЙҚУШ КИРМАСИН ДЕГАН ЭДИМКУ!
Бироқ конверт йиртиб, ичидаги хатни чиқараётган Гарри амакининг гапига эътибор ҳам қаратгани йўқ. Унинг кекирдак олмаси соҳасига кўтарилиб олган юраги қутуриб кетгандай урмоқда.

Муҳтарам мистер Поттер! Бугун оқшом, тўққиздан йигирма уч дақиқа ўтганида магллар турадиган ҳудуд ва улардан бирининг гувоҳлигида Ҳимоячи афсунини қўллаганингиз ҳақида хабар олинди.
Бундай хатти-ҳаракатингиз ила Сиз, 1875 йили қабул қилинган «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет»ни қўпол равишда буздингиз ва шу сабабли, маълумингиз бўлсинки, «Хогварц» сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактаби ўқувчилари рўйхатидан четлаштирилдингиз. Ихтиёрингиздаги сеҳрли таёқчани белгиланган тартибда йўқ қилиш мақсадида турар жой манзилингизга Буюк Британия Сеҳргарлик вазирлиги ходимлари тез орада етиб боради.
Бундан ташқари, Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерацияси Махфийлик Мақомининг 13- бўлимида баён этилган талабларни бузганингиз учун муқаддам огоҳлантирилганингиз инобатга олинган ҳолда, жорий йилнинг ўн иккинчи август куни ишингиз интизомий жиҳатдан кўрилиши ҳақида хабардор қилиб қўйишга мажбурмиз.
Соғ-омон бўлинг.
Эҳтиром ила, Мафальда Хопкирк
Сеҳргарлик вазирлиги Сеҳргарлик ва афсунгарлик фаолияти устидан назорат бўлими.


Гарри хатни икки маротаба ўқиб чиқди. Вернон амаки билан Петунья хола унга нималардир ҳақида вайсаётганини онгининг аллақайси чети билан идрок этмоқда. Вужудида муздай бўшлиқ ҳосил бўлган. Ягона бир хаёл камоннинг заҳарланган ўқи каби, мияга санчилиб турибди. У «Хогварц»дан қувиб солинди. Ҳаммаси тамом. Энди у ҳеч қачон қасрга қайтмайди.
Бола нигоҳини Дурслларга қаратди. Муштларини ҳанузгача туширмаган Вернон амаки алланима деб бақиряпти. Петунья хола яна кўнгли айниётган Дудлини маҳкам қучиб олган.
Гаррининг вақтинча ўчиб қолган мияси уйқудан уйғонгандай бўлди. «Ихтиёрингиздаги сеҳрли таёқчани белгиланган тартибда йўқ қилиш мақсадида турар жой манзилингизга Буюк Британия Сеҳргарлик вазирлиги ходимлари тез орада етиб боради». Ягона бир йўл – қочиш, бироқ қаёққа қочиш керак, Гарри ҳали билмайди. У фақат бир нарсани билади: «Хогварц»дами, бошқа жойдами, сеҳрли таёқчасиз қолиб бўлмайди. Худди туманда қолгандай, таёқчасини қўлига олди-да, ошхонани тарк этишга тараддудланди.
- Мен сенга гапиряпман, қаёққа кетяпсан? - ўкирди Вернон амаки.
Саволига жавоб олмаган амаки ошхона бўйлаб югуриб, чиқиш эшигини тўсиб олди.
- Ҳой, сен. Қаёққа кетяпсан? Мен гапимни тугатганим йўқ ҳали!
- Йўлимдан қочинг!
- Шу ерда қолиб, тушунтириш берасан, қандай қилиб менинг ўғлим...
- Йўлимдан қочмас экансиз, қарғиш қўллайман, - деди Гарри таёқчасини кўтарганча, таҳдид солиб.
- Йўқ, сен бу ишни қила олмайсан! - боз ўкирди Вернон амаки, - Сизлар мактаб, деб атайдиган тентакхона ташқарисида сеҳр-жоду билан шуғулланиш ман этилган!
- Ҳозиргина мени, ўша тентакхонадан ҳайдаб юборишди, - маълум қилди Гарри, - Шундай экан, энди мен ўзимга хон, ўзимга бекман. Кўнглим тусаган ишни қилишим мумкин. Йўлимни бўшатиб қўйишингиз учун уч сония муҳлат бераман. Бир... икки...
Айни шу фурсатда нимадир титраб кетди. Петунья хола чириллаб юборди. Вернон амаки ҳам чинқириб, эгилиб олди. Гарри эса атрофга олазарак бўлиб, шу бугуннинг ўзида учинчи маротаба ўзи чиқармаган шовқин манбасини қидирди. Бу гал ушбу манба тез топилди. Ташқи токчада ҳозиргина очиқ турган деразага таҳайюр қараб, ҳурпайиб олган омбор бойқушини кўрди.
Вернон амакининг «Бойқушлар!», деганча, уқубатли инграшига эътибор қаратмаган Гарри, ошхонадан югуриб ўтиб, деразани очди. Бойқуш кичкинагина пергамент парчаси боғланган панжасини узатди. Гарри мактубни ечиб олиши билан бир силтаниб олди-да, яна фалакка кўтарилиб кетди. Гарри титраётган қўли билан иккинчи, шоша-пиша битилган, сиёҳ томизилиб доғ қилинган хатни очди.

Гарри,
Дамблдор ҳозиргина вазирликка етиб келиб, юзага келган муаммони ҳал этишга уринмоқда. Уйдан чиқиб кетма. Сеҳр-жоду қўллама. Таёқчангни ҳеч кимга топширма.
Артур Уэсли.


Гарри ўйланиб қолди. «Муаммони ҳал этишга уринмоқда», дегани нима бўлди? Вазирликка сўз ўтказа оладиган ваколати борми уни? «Хогварц» масаласида умид пайдо бўлди, деб тушуниш керакми буни, йўқми? Боланинг қалбида умид учқуни лип этиб ёнди-ю, шу заҳоти ўчди. «Таёқчангни ҳеч кимга топширма», деганини қандай тушуниш керак? Вазирлик ходимларига қаршилик кўрсатиб, ёқалашиши керакми? Бундай иш учун «Хогварц»дан ҳайдаш у ёқда турсин, Азкабанга равона бўлиш мумкин-ку!
Бир-бирига зид келаётган хаёллар каллага ҳеч сиғмади. Вазирлик ходимлари томонидан қўлга олиниш хавфи бўлса ҳам таваккал қилиб қочиб қолиш мумкин. Лекин шу ерда қолиб ҳам, уларнинг қўлига тушиш мумкин. Али хўжа, хўжа Али. Хатти-ҳаракатларнинг биринчи варианти кўпроқ маъқул келмоқда, бироқ масалага бошқа томондан ёндашадиган бўлса, мистер Уэсли биринчи навбатда Гаррининг манфаатларини ўйлаб ёзган, албатта. Умуман айтганда, Дамблдор бундан-да баттар ишларни тинчитиб келган.
- Хўп, майли, фикримдан қайтдим. Мен шу ерда қоламан.
У Дудли билан Петунья холанинг қаршисидаги курсига толиқиб ўтирди. Гарри ўз фикрини кутилмаганда ўзгартиргани Дурслларни хурсанд қилмади, чамаси. Петунья хола чаккасидаги томирлари тобора кучли ўйнаб кетаётган эрига ноумид қараб қўйди.
- Кимдан келди жин урсин анави бойқушлар? - даҳшат тўла овоз билан сўради амаки.
Гаррининг вужуди қулоққа айланганча, вазирлик вакилларининг шовқини эшитилишини кутмоқда. Шу боис уйда ортиқча бақир-чақир бўлмай туриши учун қўйилган саволга жавоб беришни афзал топди.
- Биринчиси, сеҳргарлик вазирлигидан. Мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлаштирилганим ҳақида хабарнома, - хотиржам тушунтириш берди Гарри, - Иккинчиси дўстим Роннинг ўша вазирликда ишлайдиган отасидан.
- Сеҳргарлик вазирлигида? - ўкирди Вернон амаки, - Сенга ўхшаганлар ҳукуматда ишлайди-ми? О, энди тушунарли! Мамлакатимиз бадар кетаётганининг сабаби мана энди тушунарли!
Гарри индамай қўя қолди. Вернон амаки бир мунча вақт дарғазаб ўқрайди-да, тупуриб юборгандай сўради:
- Нима сабабдан ҳайдаб юборишибди сени?
- Сеҳр-жоду қўллаганим учун.
- А-АҲА! - бақириб юборди амаки музлаткичга мушт уриб.
Музлаткичнинг эшиги очилиб кетиб, ичидан Дудли учун атайин харид қилинган паст калорияли шоколад батонлардан бир нечтаси полга тўкилиб кетди.
- Иқрор бўлдинг-ку, ниҳоят! Дудлини нима қилдинг, айт!
- Ҳеч нима, - такрорлади Гарри, тоқати тоқ бўлиб, - Мен эмас эдим... Шахсан мен унга ҳеч нарса қилганим йўқ.
- Сен, - кутилмаганда тилга кирди Дудли.
Вернон амаки билан Петунья хола Гаррига қўл силтаб, овозини ўчиришни имо қилишди.
- Гапир, ўғлим, гапир, - деди Вернон амаки, - У сени нима қилганини айтиб бер.
- Айт, болагинам, - пичирлади Петунья хола.
- Менга ўзининг ходасини ўқтади, - минғирлади Дудли.
- Ўқтаган бўлсам нима қилибди. Ҳеч нима қилмадим-ку... - аччиқланди Гарри.
- ОВОЗИНГНИ ЎЧИР! - баралла ўкирди эр-хотин.
- Давом эт, ўғлим, - деди Вернон амаки, мўйловини дарғазаб силтаб.
- Атроф қоп-қоронғи бўлиб қолди, - хириллади Дудли, - Ҳамма ёқ қоронғилашиб кетди. Кейин қулоғимга... миямда ҳар хил гаплар эшитилди.
Вернон амаки билан Петунья хола даҳшатга тўлиб-тошган нигоҳлари ила бир-бирига қараб қўйди. Бу ёруғ оламда, эр-хотиннинг фикрича, энг охирги, паст одамлар сеҳр-жоду билан шуғулланадиган кишилар саналади. Ундан сал олдинроқ сув сарфига оид чекланишлар жорий этилганлигига қарамай, боғ шлангидан фойдаланиш учун ҳар хил важ-баҳоналар топишга уринган қўшнилар туради. Бўлар-бўлмас овозларни эшитадиган одамлар эса унвон ва даражалар жадвалидаги сўнгги ўнталик доирасига кирадиган кўринади. Фарзандлари ақлдан озиб қолганлиги ҳақидаги хаёл иккаласининг ҳам миясига баробар келганлиги башараларидан кўриниб турибди.
- Қанақанги овоз эшитдинг, дўмбоққинам? - сўради кўзи ёшга тўлиб, юзи мурдадек оқариб кетган Петунья хола.
Бироқ Дудли қанақанги овоз эшитганини айтиб бера олмади. У қаттиқ сесканиб кетиб, оқ сариқ сочли бошини силтай кетди. Биринчи хатдан кейин вужудини лоқайд умидсизлик қамраб олган бўлишига қарамай, Гаррининг хаёлида Дудлининг ўшанда ҳис этган туйғуларига нисбатан муайян қизиқиш уйғонди. Дементорлар инсонни ўз ҳаётидаги энг ёмон, даҳшатли фурсатларини янгитдан ҳис этишга мажбур қилади. Қизиқ, бу ҳаётда ёғ ичидаги мойга ўхшаб яшаб келаётган, ҳаддан ортиқ талтайиб ўсган, муттаҳам Дудли қанақанги даҳшатли фурсатни бошдан кечирди экан?
- Ерга қандай йиқилдинг, а, ўғлим? - аста сўради Вернон амаки, худди дарди бедаво бемор кўрпаси ёнида ўтиргандай паст овозда.
- Қ-қоқилиб кетдим, - титроқ овозда жавоб қайтарди Дудли, - Сўнг...
У ўзининг кенг кўкрагига бармоқ ўқтади. Нима бўлганини Гарри тушуниб етди. Дементорлар инсон қалбидаги бахт ва умидни сўриб борган сари, ўрнини ниҳоятда даҳшатли, елимшак совуқлик тўлдириб бораверади. Дудли айни шу ҳолатини эсламоқда.
- Ваҳима, - хирилдоқ ингради Дудли, - Совуқ. Жуда қаттиқ совуқ.
Петунья хола Дудлининг пешонасига кафтини босиб, тана ҳароратини текширган бўлди.
- Яхши, - деди Вернон амаки сохта хотиржамлик билан, - Кейин-чи, Дудли, кейин нима бўлди?
- Назаримда... назаримда... худди... худди...
- Худди энди ҳеч қачон бахтли бўла олмайсан, - ифодасиз гапни тугатди Гарри.
- Ҳа, - пичирлади титроғи тўхтамаган Дудли.
- Демак! - хулоса чиқарди қаддини ростлаган Вернон амаки ўзининг одатий овози билан, - Сен ўғлимга нисбатан аҳмоқона афсун қўллаб, уни ҳар хил овозлар эшитиш ва ўзини бахтсиз ҳис этишга мажбур қилгансан, шундайми?
- Неча маротаба айтиш керак, сиз гап уқмас маглларга? - аччиқ қилди Гарри, - Буни мен эмас дементорлар қилди!
- Де-кимлар? У қанақа қабоҳат бўлди?
- Де-мен-тор-лар, - такрорлади Гарри, бўғинларга ажратиб.
- Хўш, ким бўлди, ўша дементорлар?
- Азкабан, жиноятчи сеҳргарлар сақланадиган қамоқхона қўриқчилари, - деди Петунья хола.
Икки сония давомида ошхонада мутлақ сукунат ҳукм сурди. Шундан сўнг, Петунья хола худди бехосдан ниҳоятда уятсиз, беадаб сўз айтиб қўйгандай, кафтини оғзига маҳкам босиб олди. Хотинига бақрайиб қолган Вернон амакининг кўзи косасидан отилиб чиққудай бўлиб турибди. Ҳеч нарсани тушунмай қолган Гаррининг мияси гувиллаб кетди. Миссис Фигг, хўп ўз йўлида, бироқ Петунья хола?...
- Сиз қаердан биласиз? - сўради Гарри, ҳаяжонини идора қила олмай.
Петунья хола ўзидан ўзи жирканиб кетган қиёфа касб этиб, эрига, узр сўраётган каби, чўчиб юзланиб, от тишини яланғочлатганча, кафтини бироз туширди.
- Анави мудҳиш йигит... ўшанда, ёшлигимизда... синглимга айтиб берганини эшитган эдим, - узуқ-юлуқ тушунтирган бўлди у.
- Агар гап ойим билан дадам тўғрисида бораётган бўлса, исмларини айтсангиз, нима қилади? - зарда қилди Гарри.
Лекин хаёли паришон хола жиянининг эътирозига эътибор қаратмади. Гарри ҳам ич-ичидан холасига қойил қолди. Агар бир неча йил муқаддам денгизда, қоя чўққисидаги кулбада Хагриднинг ташрифи туфайли эс-хушини йўқотиб қўйган Петунья хола Гаррига онаси телба бўлгани ҳақида бақиргани инобатга олинмаса, ўз синглисининг исмини тилга олганини ҳеч эслай олмайди. Бинобарин, сеҳргарлар дунёсига оид бу қадар ғайриоддий маълумотларни ёдида сақлаб юрганини ақлга сиғдириш, ҳозир Гарри учун қийин кечмоқда. Ахир Петунья хола бир умр сеҳргарлар оламини инкор этиб келган-ку.
Нимадир демоқчи бўлган Вернон амаки оғзини очишга очди-ю, фикридан қайтиб, ёпди. Сўнг яна очди. Йўқ, гап топа олмади шекилли, яна ёпди. Одам қандай гапиришини эслашга анчагина куч сарфлади чоғи, оғзини учинчи бор очгач, ниҳоят қариллаб юборди:
- Дем... демак... м-м-м... демак чиндан ҳам... м-м... бўлар экан-да, анави... демен... нима эди?
Петунья хола бош ирғиди. Вернон амаки ҳаммага навбат билан ҳозир кимдир «Биринчи апрель билан!», деб қичқириб юборишини кутгандай кўз югуртириб чиқди. Бироқ умиди пучга чиққач, яна оғиз очди-ю, бу сафар уни гапириш азобидан шу кечанинг ўзида учиб келган учинчи бойқуш халос этди. Очиқ қолган деразадан замбаракнинг пахмоқ ўқи каби, учиб кирган бойқуш тўс-тўполон-ла ошхона столига келиб қўнди. Қути ўчиб кетган Дурсллар турган жойида сапчиб тушишди. Гарри қушнинг тумшуғидаги, кўринишидан расмий хатни тортиб олди-да, конвертни шартта йиртди. Почта бойқуши эса ортиқ шовқин солмай, кўчага, зимистон қарига учиб чиқди.
- Етар, бас! Жирканч бойқушлар оқимига чек қўймоқ даркор, - деди руҳий ларзага дучор бўлган Вернон амаки.
У дераза ёнига судралиб бориб, яна бекитиб қўйди.

Ҳурматли мистер Поттер!
Ихтиёрингиздаги сеҳрли таёқчани йўқ қилиш борасида сеҳргарлик вазирлиги томонидан қабул қилинган қарор ҳозирча бекор қилингани бугун, тахминан йигирма дақиқа муқаддам Сизга йўлланган хатга қўшимча равишда маълум қилинади. Ишингиз интизомий жиҳатдан муҳокама қилиниб, Сизга нисбатан расмий чора кўриладиган сана, яъни жорий йилнинг ўн иккинчи август кунига қадар, ушбу таёқчага эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолдингиз. Шунингдек, маълумингиз бўлсинки, Сиз таҳсил кўраётган «Хогварц» сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактаби директори билан ўтган суҳбатдан сўнг, вазирлик, Сизни, мазкур мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлаштириш масаласини кейинга, юқорида зикр этилган санага қадар қолдиришга розилик берди. Айни вақтда Сиз, навбатдаги кўрсатмалар олингунга қадар машғулотлардан четлаштирилган ўқувчи сифатида эътироф этиласиз. Сизга энг яхши тилаклар тилаб қоламиз.
Соғ-омон бўлинг.
Эҳтиром ила, Мафальда Хопкирк
Сеҳргарлик вазирлиги Сеҳргарлик ва афсунгарлик фаолияти устидан назорат бўлими.


Гарри хатни кетма-кет уч маротаба ўқиб чиқди. Мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлаштириш масаласи ҳали узил-кесил ҳал бўлмаганини тушунган Гаррининг руҳи енгиллашиб, кўкрак қафасини сиқиб қўйган тугун бироз бўшашганини ҳис этди. Шундай бўлса-да, вужудини қўрқув тарк этгани йўқ. Энди ҳамма нарса ўн иккинчи август куни ўтказиладиган интизомий жиҳатдан муҳокама натижасига боғлиқ бўлиб қолди.
- Хўш? - эслатиб қўйди Вернон амаки ўзининг шу ерда эканлигини, - Нима янгиликлар бор экан? Қамашар эканми сени? Ўлим жазосига ҳукм қилинадими сизларда? - қувончли умид-ла сўради у, бироз ўйлангач.
- Ишим интизомий жиҳатдан кўриладиган бўлибди.
- Ўшанда ҳукм қилишадими сени?
- Шунга ўхшайди.
- Демак, умид-ла яшашимиз керак экан, - деди Вернон амаки мурдор башара ясаб.
- Бўпти, агар бор гап шу бўладиган бўлса... - деди Гарри ўрнидан туриб.
Гарри ҳозир танҳо ўзи қолишни, бўлган ишларни ўйлаб кўриш, эҳтимол Рон, Гермиона ёки Сириусга хат ёзишни истади.
- БЕКОРЛАРНИ АЙТИБСАН! ЎТИР ЖОЙИНГГА! - ўкирди Вернон амаки, - ҲАЛИ ГАП ТУГАГАНИ ЙЎҚ!
- Яна нима?
- НИМА БЎЛАР ЭДИ, ДУДЛИ! - бақирди Вернон амаки, - Ўғлимга нима бўлганини аниқ билмоқчиман!
- ЖУДА СОЗ! - жавобан бақирди тоқати тоқ бўлган Гарри ва шу заҳоти таёқчасининг учидан қизил ва тилла тусли учқунлар отилиб чиқди.
Учала Дурсль қўрқиб кетганидан ғужанак бўлиб олди.
- Дудли иккаламиз Печакгул кўчасига олиб чиқадиган Магнолия тор кўчасида бирга келаётган эдик, - тушунтириш бера бошлади Гарри, ғазабини идора қилиш учун тез гапиришга уриниб, - Дудли кекирдагини чўзиб, жиғимга тега бошлади. Мен таёқчамни чиқардим, бироқ пўписадан нари ўтганим йўқ. Айни шу пайтда иккита дементор пайдо бўлиб келди...
- Ким ўзи... ўша демент деганинг? - нафрат-ла гапни бўлди Вернон амаки, - Нима иш қилишади УЛАР?
- Боя айтдим-ку, киши ичидаги бахтиёрлик туйғуларини сўриб олишади, деб. Хоҳласа бўса олиши ҳам мумкин.
- Бўса? - кўзи чаноғидан чиқиб кетгудай бўлди Вернон амаки, - Бўса?
- Ҳа, бўса. Оғиз орқали киши руҳининг сўриб олиниши шундай деб аталади.
Инграб юборган Петунья хола ўғлини елкасидан ушлаб, гўё ичидаги руҳнинг шақир-шуқурини эшитмоқчи бўлгандай, силтай бошлади.
- Руҳини? Улар сўриб олишмаган-ку... шундайми... унинг руҳи... қолган, тўғрими, а?
- Йўқ, улгурмади сўриб олгани. Улгурганда буни аллақачон сезган бўлар эдингиз, - тушунтирди Гарри ниҳоятда толиққан оҳангда.
- Демак, уларнинг адабини бериб қўйибсан-да, а, ўғлим? - баланд овозда, суҳбатни ўзининг одатий тарзида олиб боришга уриниб, - Ёмонлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўйдинг-ми?
- Дементорларга ёмонлик қанақа бўлишини кўрсатиб бўлмайди, - ғижиниб тушунтириш берди Гарри.
- Нега бўлмаса, унга ҳеч нима қилмаган? - ўдағайлади Вернон амаки, - Нега унинг ҳеч нарсасини ичиб қўйишмаган? А?
- Чунки мен Ҳимоячи афсунини қўлла...
В-У-УШШШШ. Камин қувурида қуш қанотларининг питирлаши эшитилиб, хаёл ўтмай ўчоқ мўрисидан тўртинчи бойқуш отилиб чиқди.
- О, МАРҲАМАТЛИ ТАНГРИМ! - бақириб юборди Вернон амаки, ғазаб ичра мўйловининг тукларини юлиб, - МЕНГА БОЙҚУШ КЕРАК ЭМАС! БУНГА БАРДОШ БЕРА ОЛМАЙМАН! ТУШУНАРЛИМИ?!
Амакининг бақир-чақирига эътибор қаратмаган Гарри бойқуш панжасига боғланган хатни ечиб, яна камин мўриси орқали чиқиб кетган қуш кўтарган чанг туфайли кўзини қисиб олди. Хат Дамблдордан келганига, ҳозир ҳамма нарса, хусусан дементорлар масаласи ҳам, миссис Фигг масаласи ҳам, ойдинлашишига, вазирликда нима гаплар бўлаётгани, юзага келган муаммоларни Дамблдор қандай ҳал этмоқчи бўлганини билишга комил ишонч билдирган Гарри Сириуснинг дастхатини таниб, ҳафсаласи пир бўлди. Чўқинтирган отасининг қисқагина ёзилган хатини тез ўқиб чиқди.

Бўлиб ўтган ишларни Артур айтиб берди менга. Уйдан кўчага зинҳор чиқа кўрма. Зинҳор.

Бугун оқшом бўлиб ўтган ишларга оид бундай жавоб Гаррига шу қадар кам кўриндики, давомини топиш илинжида ўроғлик хатнинг орқа томонини ўгириб кўрди. Таассуфки, номанинг давоми йўқ.
Ғазаб Гаррининг вужудини яна қамраб олди. Бирон-бир зот бугун унга «Яша, Гарри!» дейдими-йўқми?! Ахир у, якка ўзи, бир эмас иккита дементорнинг адабини бериб қўйди-ку! Сириус билан мистер Уэсли-чи, мақташ ўрнига, худди Гарри ёмон иш қилиб қўйган-у, бунинг оқибати қанчалик жиддий эканлигини ҳозирча билмаганликлари учун койиш-койимасликни билмай, бошлари қотган кўринади.
- ... ЖОН ТЕГДИ БОЙҚУШЛАРИНГГА... туф-а, бойқушларинг жонга тегди! У ёққа, бу ёққа учгани-учган. Уйимни каптархонага айлантириб юбординг! Охирги маротаба огоҳлантиряпман сени, ҳой бола, охирги марота...
- Бу масалада мен ҳеч нарса қила олмайман, - ўшқириб берди Гарри, Сириуснинг хатини ғижимлаб.
- Бугунги ҳодиса ҳақида бор гапни билмоқчиман! - вакиллади Вернон амаки, - Модомики, Дудлига думбулдурлар ҳамла қилишган экан, нима сабабдан сени мактабдан қувиб солишяпти? Қани айт-чи, ўзинг-биласан-нимани амалга оширдинг-ми? А? Боя ўзинг иқрор бўлдинг-ку!
Гарри ўзини босиб, тинчланиб олиш учун чуқур нафас олди. Унинг бошига яна оғриқ кирди. Қани энди бу ерлардан, мана бу ошхона-ю, Дурсллардан узоқ-узоқларга бош олиб кетса.
- Дементорларни қувиб солиш учун Ҳимоячи афсунини қўллашга мажбур бўлдим, - деди у, хотиржамлигини сақлашга уриниб, - Уларга қарши фақат шу йўлни тутиш мумкин холос. Қолган ҳар қандай бошқа усул бефойда.
- Ўша думбулдорларга нима керак эди бизнинг Литтл Уингингимизда? - эътирозли ўкирди Вернон амаки.
- Билмайман, - ҳорғин оҳангда жавоб қайтарди Гарри, - Тасаввур ҳам қила олмайман.
Кўз олдини қоронғилаштириб юборгудай даражадаги кучли оғриқдан боланинг боши гўё тарс ёрилиб кетадигандай. Ғазаб ўти аста чекинмоқда. Ҳориб, мадори қолмаганини ҳис этмоқда. Дурсллар эса нафратга тўлиб-тошган нигоҳ-ла, еб қўйгудек қараб ўтиришибди.
- Буларнинг бари сенинг касофатингдан, - баёнот қилди Вернон амаки, тазйиқ оҳангида, - Бари сен билан аллақандай тарзда боғлиқ, буни жуда яхши сезиб турибман. Бу ерда пайдо бўлишларининг бошқа сабабини кўрмаяпман? Бошқа кимни ҳам қидириб келишар эди улар? Ахир сен шу яқин атрофда яшайдиган одамлар орасида ягона... ягона... ўзинг биласан нимасан-ку... - деди «сеҳргар» сўзини талаффуз этишга тили айланмай.
- Нима сабабдан пайдо бўлишганини билмайман.
Бироқ Вернон амакининг сўзлари Гаррининг толиққан миясига туртки бериб, куч билан ишлатиб юборди. Чиндан ҳам, нима учун дементорлар Литтл Уингинг шаҳарчасига келишди? Гарри юрган кўчада пайдо бўлишганини тасодиф, деб айтса бўладими? Ким юборди уларни бу ерларга? Наҳотки улар Азкабанни тарк этиб, Дамблдор олдиндан кўра билгандай, Вольдеморт томонга ўтиб олишган бўлса?
- Демак ўша дерменторлар аҳмоқона қамоқхоналарингни қўриқлайди, шундайми? - сўради Вернон амаки, худди Гаррининг мулоҳазалари кетидан бораётгандай.
- Ҳа.
Бош оғриғи қачон қолар экан-а? Қачон хонасига кўтарилади-ю, бўлиб ўтган ҳодисаларни бемалол, танҳо ўзи мушоҳада қилиб кўради?!
- О! Демак улар сени қамоққа олишгани келишган! Тўғрими? - қувонч-ла тушуниб етган бўлди Вернон амаки, - Бундан чиқди, йигитча, ғайриқонуний хатти-ҳаракат содир этиб, жавобгарликдан қочиб юрибсан экан-да!
- Йўқ, албатта, - деди Гарри, хира пашшани қуваётган каби, ҳар хил фикр-хаёлларга тўлиб кетган бошини силтаб.
- Унда нега?...
- У юборган, - деди Гарри, Вернон амакига эмас, ўзига жавоб бергандай паст овозда.
- У? Ким у?
- Лорд Вольдеморт, - тушунтирди Гарри.
Ушбу хонадонда «сеҳргар», «сеҳр-жоду» ёки «сеҳрли таёқча» сўзлари талаффуз этилганида Дурслларнинг афти буришиб, сесканиб кетишади. Бироқ ҳозир жаҳон халқлари тарихида ўтган сеҳргарлар орасидаги энг золим ва энг қудратли сеҳргар номи тилга олинганида, ушбу маглларнинг пинаги ҳам бузилмагани, Гарри учун таажжубли кўринди.
- Лорд... шошма...
Алланима эслашга уринган Вернон амакининг башараси тиришиб, чўчқа кўзида ниманидир англаб етган ифода пайдо бўла бошлади.
- Бу исмни қаердадир эшитгандай бўляпман. Мабодо у...
- Менинг ота-онамни ўлдирган сеҳргар, - ҳис-туйғусиз тасдиқлади Гарри.
- Ахир денгизда, қоя чўққисидаги кулбага ёпирилиб келган анави давангир ўша лордни гум бўлди, сени ўлдиришга уринган кечанинг ўзида ер ютгандай йўқ бўлиб кетди, деган эди-ку, - бетоқат оҳангда эътироз билдирди Вернон амаки, Гаррининг ота-онаси ҳақида қайғуришни хаёлига ҳам келтирмай.
- Топилиб келди, - деди Гарри, ғамгин оҳангда.
Петунья холанинг касалхонадаги операция хонасидек тоза ошхонасига ўрнатилган сўнгги русумга мансуб музлаткич ва экрани кенг форматли телевизор орасида туриб Вернон амаки билан Лорд Вольдеморт ҳақида хотиржам суҳбат қуриб ўтириш, Гаррига ниҳоятда ғайриоддий туюлди. Дементорлар Литтл Уингинг шаҳарчасида пайдо бўлгач, Одамовилар хиёбонининг мутлақо меъёрий дунёсини оламнинг қолган қисмидан ишончли ажратиб турган улкан, кўзга кўринмас ғов ҳам барҳам топгандай бўлди. Гаррининг ҳаётидаги иккита параллель борлиқ бир бутун бўлиб, тўнкарилиб қолгандай гўё. Бу қанақаси бўлди? Дурсллар сеҳргарлар ҳаёти ҳақида суриштирмоқда, миссис Фигг Дамблдорни танир экан, Литтл Уингинг узра дементорлар сузиб юрибди, Гаррига «Хогварц»ни ўз қулоғини кўра олмагандай, қайта кўрмаслик хавфи таҳдид солмоқда. Боланинг бош оғриғи икки чандон кучайиб кетди.
- Топилиб келди? - пичирлаб сўради Петунья хола.
Ҳозир холанинг Гаррига қаратилган нигоҳи ниҳоятда ғалати кўриниб, бола, онасининг опаси борлигини ҳаётда илк бор идрок этди. Ушбу ҳақиқатни шунча йиллар ўтиб, нима сабабдан энди тушуниб етганини ўзи билмайди. Эҳтимол, айнан шу нигоҳ сабаб бўлгандир, Гарри бир нарсани аниқ тушунди, у ҳам бўлса, ошхонада ўтирганлар орасида Вольдемортнинг ҳаётга қайтганлиги яхши ҳолат эмаслигини идрок этган ёлғиз ўзи эмас. Петунья хола ҳали ҳеч қачон Гаррига бундай қарамаган. Раҳматли синглисининг кўзига мутлақо ўхшамаган йирик, кул ранг кўзи ҳозир одатдагидай дарғазаб қисилган эмас. Аксинча, унинг катта очилган кўзида, Гарри, ўзига нисбатан аллақандай хавотир учқунини кўриб турибди. Боланинг назарида ҳозир Петунья хола риёкорлигини, Вернон амаки билан яшаётган ўз дунёсидан ташқари, бошқа ҳеч қандай сеҳр-жоду дунёсини тан олмайдиган қиёфасини бир четга йиғиштириб қўйган. Ваҳоланки, мулоҳаза юритилаётган масалага оид мунофиқлик шу кунга қадар Дурсллар оиласининг меъёрий ҳаёт тарзи бўлиб келган эди.
- Ҳа, - жавоб берди Гарри, холасининг саволига, - Бир ой олдин. Ўз кўзим билан кўрдим.
Гарридан кўзини узмай ўтирган Петунья хола бармоқлари билан ўғлининг елкасини пайпаслаб топиб, маҳкам ушлаб олди.
- Бир дақиқа, - деди Вернон амаки, нигоҳини дам хотини, дам Гаррига олиб ўтганча, хола-жиян ўртасида кутилмаганда юзага келган ҳамфикрликдан ҳайрон бўлиб, - Бир дақиқа. Демак, сўзларингга қараганда, анави Вольд... исми нима эди... қайтибди-да?
- Ҳа.
- Сенинг ота-онангни ўлдирган кас?
- Ҳа.
- Энди эса десерторларни сенга солган?
- Шунга ўхшайди.
- Тушунарли, - чўзди Вернон амаки.
У дам ранги бўздай оқариб кетган хотини, дам Гаррига қараб турди. Лавлагидай қизил башараси шиша бошлаб, кўйлагининг кўкрак соҳасидаги тугмаси тарс узилиб кетди.
- Ундай бўлса, - эълон қилди у, иштонини кўтариб, - Масала ҳал. Кўтар тугун-терсагингни. Кўзимга кўринма, йўқол уйимдан!
- Нима?! - ҳайрон бўлди Гарри.
- Эшитганинг! Йўқол уйимдан! ЙЎҚОЛ!
Вернон амаки шундай қаттиқ бақирдики, Петунья хола билан Дудли ҳам ўтирган ўринларида сапчиб кетишди.
- ЙЎҚОЛ! ЙЎҚОЛ! - ўкирди Вернон амаки, - Аллақачон ҳайдаб юборишим керак эди сени. Бойқушларнинг тунаши, пудинг портлаши, деворнинг ёрилиши, Дудлининг думи, Маржорининг шифт остида учиб юриши, учар форд! Ҳаммаси, ҳаммаси жонга тегди! Етар, бас! Кўргани кўзим, отгани ўқим йўқ сени! Модомики, пайингга аллақандай савдойи тушибди-ми, бўлди, қури бу ердан! Мен ўз хотиним, боламни эҳтиёт қилишим керак! Сенинг касрингга ҳар хил бахтсизликларни бошдан кечиришни истамайман! От изини той босган каби, ота-онанг йўлидан боришни, ўшалар қисматини танлаган экансан, марҳамат! Фақат менинг хонадонимни тинч қўй! ЙЎҚОЛ ДЕДИМ СЕНГА!
Гарри, худди устидан биров бир челак муздай сув қуйиб юборгандай таҳайюр бўлиб қолди. Болага қўйиб беришганда аллақачон «Уйингни елкамнинг чуқури кўрсин», деб чиқиб кетган бўлар эди. Бироқ ҳозир қўлида вазирлик, мистер Уэсли ва Сириусдан келган хатларни ғижимлаб турган Гарри ўйланиб қолди. Ахир унга: Уйдан кўчага зинҳор чиқа кўрма. Зинҳор, деб тайинлашган. Хўш, энди нима қилиш керак?
- Эшитяпсан-ми? Кўтар тугун-терсагингни! - такрорлади сўлаги сачраб етадиган масофага энгашган Вернон амаки, - Йўқол бу ердан! Ярим соат олдин чиқиб кетишни орзу қилиб турган эдинг-ку! Марҳамат, мен қарши эмасман! Жўна! Сендан илтимос, қайта остонамни ҳатлаб ўтиб, уйимни ҳаром қилма! Сени нимага олиб қолдик, ўзим ҳайронман. Маржори ҳақ экан: «Кишининг қони нопок, бузуқ бўлса, илож қанча, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди». Чиндан ҳам ўшанда етимхонага топшириб юборишим керак эди сени! Оиламизга қабул қилиб олганимизда, ҳар қандай бемаънигарчиликка чек қўямиз деб онт ичган… НИМА?! БОЙҚУШ?!
Камин мўрисидан катта тезликда кириб келган бойқуш гумбурлаб полга тушди. Сўнг ўрнидан туриб, норози оҳангда гурсиллаб қўйганча, боз ҳавога кўтарилди. Гарри қўлини кўтариб, қуш тумшуғидаги қизил конвертни олмоқчи бўлди-ю, аммо бойқуш хатни болага бермай, кафтлари билан юзини тўсиб олган Петунья хола томон учиб ўтди. Конвертни холанинг бошига ташлаган почта бойқуши яна мўри орқали ташқарига чиқиб кетди. Гарри шу заҳоти конвертга ташланди, аммо Петунья хола чаққонлик қилди.
- Истасангиз очишингиз мумкин, - деди Гарри, - Бари-бир хат мазмуни менга ҳам эшитилади.
- Ташлаб юбор хатни, Петунья, - ўкирди Вернон амаки, - Қўлингни теккизма, хавфли нарсага ўхшайди!
- Лекин у менга йўлланган экан, - йиғламсираб эътироз билдирди Петунья хола, - Менинг номимга! Қара, Вернон! Одамовилар хиёбони, 4- уй, ошхона, миссис Петунья Дурслга...
Қизил конвертнинг тутай бошлаганини кўрган Петунья холанинг дами ичига тушиб кетди.
- Очинг тезроқ! - шошилтирди Гарри, - Истайсизми-йўқми бари-бир рўй беради! Тезроқ қутулган маъқул.
- Йўқ, қўрқаман!
Ўзини йўқотиб қўйган Петунья хола қўли дағ-дағ титраганча, худди чиқиш йўлини қидираётган каби, атрофга аланглади. Кеч бўлди. Конверт ўт олди. Чинқириб юборган Петунья хола хатни стол устига улоқтирди.
Олов тилга кириб, бутун ошхонани қамраб олганча, момақалдироқ каби, гумбурлаган овоз янгради:

- ПЕТУНЬЯ, ЁДИНГДАН ЧИҚАРМА МЕНИНГ СЎНГГИ!...

Беҳушлик ҳолатига яқин келган Петунья хола юзини кафтлари билан тўсганча, оёғи букилиб кетиб, Дудлининг ёнига ўтириб қолди. Конвертнинг қолдиқлари товуш чиқармай охиригача ёниб, кулга айланди.
- Нима эди у? - руҳий ларза зўрлик қилиб, хириллаб қолди Вернон амаки, - Нима... мен... тушунмаяпман... Петунья...
Дағ-дағ титраётган Петунья хола эрига юзланиб, ютиниб қўйди.
- Бола... бола шу ерда қолади, Вернон, - деди у, бўшашиб кетган овози билан.
- Ним-нима?
- У ҳеч қаерга кетмайди. Шу ерда, уйда қолади, - такрорлади Петунья хола, ўрнидан туриб.
- У... аммо... лекин... бироқ... Петунья... ахир...
Ранги ҳаддан ташқари оқариб кетганига қарамай, Петунья хола ўзини дарҳол қўлга олиб, одатий оҳангини тез тиклаб олишга муваффақ бўлди.
- Уни кўчага чиқариб юборганимизни қўшнилар кўрса, нима дейди? - деди у, - Ҳар хил бўлар-бўлмас саволлар бера бошлашади. Қаёққа юборганимиз билан қизиқишади. Йўқ, уни шу ерда қолдирган маъқул.
Вернон амаки шу заҳоти машинанинг ёрилган покришкаси каби, бўшашиб қолди.
- Бироқ Петунья... азизам...
Петунья хола эрининг гапини охиригача эшитмай, Гаррига юзланди:
- Хонангда қилт этмай ўтирасан. Уйдан бирор қадам бўлсин, ташқарига чиқмайсан. Ҳозироқ бориб ёт.
Аммо Гарри турган жойидан қўзғалмади.
- Қичқириқнома кимдан келди?
- Ортиқча савол берма, - эслатиб ўтди хола, Дурсллар ҳаётининг бир маромда кечадиган энг асосий қоидасини.
- Сиз сеҳргарлар билан ёзишиб турасизми?
- Бориб ёт, дедим сенга!
- Ёдингдан чиқарма, дегани нима? Сўнгги нимани ёддан чиқармаслик керак сизга?
- Зудлик билан хонангга кириб кет!
- Қаердан?...
- ХОЛАНГНИНГ АМРИНИ ЭШИТДИНГ-МИ, ТИРРАНЧА? ЙЎҚОЛ ХОНАНГГА!
Admin · Просмотров: 1026 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 15:43:33

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p102.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)