Календарь

Январь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

УЧИНЧИ БОБ. АВАНГАРД

Менга дементорлар ҳамла қилишди. Энди эса мени мактабдан ҳайдаб юборишлари мумкин экан. Нималар бўлаётганини билиш ва бу ерни тезроқ тарк этишни истайман.

Гарри ўзининг ёзув столига етиб келиши билан, ушбу сўзларни учта алоҳида пергамент бўлакларига ёзиб, биринчисини Сириусга, иккинчисини Ронга ва учинчисини Гермионага йўллашга аҳд қилди. Хедвиг овга чиқиб кетган бўлиб, қафаси стол устида бўш турибди. Қушнинг қайтишини кутаётган Гарри хонанинг у бурчагидан, бу бурчагига юра бошлади. Бошдаги минг хаёл мияни ёриб юборгудай бўляпти. Буқадай келадиган Дудлини уйга ташиб келтириб бели дод деётган, бошидаги ғурралари оғриётган, толиққанидан кўзи ачишаётган бўлса-да, бугун ухлай олмаса керак.
Вужудини ғазаб ва алам қамраб олган Гарри тишини қисиб, қўлини мушт қилиб тугиб олганча, у ёқ, бу ёқ юрар экан, ҳар сафар дераза ёнидан ўтиб, ситоралар сочилиб кетган осмонга қаҳр-ла қараб қўймоқда. Дементорлар ҳамла қилса, миссис Фигг билан аллақандай Мундугнус уни пинҳон кузатиб юришган бўлса, машғулотлардан четлаштирилган ўқувчи сифатида эътироф этилса, ўн иккинчи август куни эса иши интизомий жиҳатдан кўрилса-ю, дўст деган бирон-бир зот нима гаплигини унга тушунтириб беришни хаёлига ҳам келтирмайди!
Анави сирли Қичқириқнома нима деди? Кимнинг ваҳимали овози янгради ошхонада?
Нима учун у ахборотдан маҳрум қилиниб, қафасга қамаб қўйилган бойқушдай ўтириши керак мана бу уйда? Нега терс бола билан муомала қилингандай муносабат билдирилмоқда унга? Уйдан чиқиб кетма. Сеҳр-жоду қўллама. Бу нима деган гап бўлди?
Мактаб жиҳозлари жойланган сандиғига кўзи тушган Гарри уни келиштириб тепди. Бироқ бу билан ҳовуридан тушмади, аксинча беш баттар бўлди. Шундоқ ҳам толиққан танасининг дардига, ўлганнинг устига тепгандай, бош бармоқ оғриғи қўшилди.
Шу аҳволда дераза ёнига каловланиб борган эди ҳам-ки, хонага, қанотларини шитирлатган кичкина арвоҳ каби, Хедвиг кириб келди.
- Ниҳоят! Топилиб келдинг-ми? - вайсади Гарри, - Бир четга қўй уни, иш бор сенга.
Ўлик қурбақани тумшуғига қисиб олган Хедвиг хафа бўлиб, йирик, қаҳрабо ранг кўзини Гаррига ўқрайтирди.
Гарри стол устидан учта хат билан чарм тасмани олиб, Хедвигнинг панжасига боғлашга киришди.
- Мана буни олиб, Сириус, Рон ва Гермионага тез элтиб бер. Токи ҳар бири узун-узун хат ёзиб беришмас экан, қайтиб келма. Дурустроқ хат ёзишмайдиган бўлса, чўқиб кўзини ўйиб ол. Тушундинг-ми?
Тумшуғидаги қурбақани қўймаган Хедвиг мубҳам гурсиллаб қўйди.
- Ундай бўлса, тез жил бу ердан, - буюрди Гарри.
Оппоқ қутб бойқуши шу заҳоти ҳавога кўтарилди. Хедвиг кўздан ғойиб бўлгач, Гарри, устки кийимини ечмай ўзини каравотга ташлаб, шифтга тикилиб ётди. Шунча куйинишларига қўшимча, Хедвигга кўрсатган дағал муомаласидан ўзини айбдордай ҳис этди. Ахир қуш мана бу Одамовилар хиёбонида Гаррининг сеҳр-жоду оламига мансуб ягона дўсти-ку. Майли, қайтиб келсин, хаспўшлаб қўяман, хаёлдан ўтказди Гарри.
Сириус, Рон ва Гермиона тез жавоб ёзишга мажбур. Дементорлар ҳамласи ҳақидаги хабарни назар-писанд қилмай қолдиришмас ахир. Эртага тонг саҳар туришига хайрихоҳона битилган, уни Бошпанага зудлик билан эвакуация қилиш режаси баён этилган учта қалин хат кутади... Ўзига ўзи таскин бериб, барча ташвишларини миясидан қувиб солган Гарри шу тариқа қаттиқ уйқуга кетди.

***
Бироқ Хедвиг эртасига эрталаб қайтмади. Фақат вақти-вақти билан ваннага чиққан Гарри хонасига қамалиб ётди. Уч йил муқаддам Вернон амаки кириш эшигининг пастки қисмига, одатда, мушук кириб-чиқиши учун очиладиган туйнук очган бўлиб, хола, ушбу туйнук орқали кунига уч маҳал овқат киритиб турди. Холасининг қўлини кўрган Гарри ҳар сафар Қичқириқнома ҳақида сўраб билмоқчи бўлди-ю, лекин Петунья холадан сўради нима-ю, эшик дастасидан сўради нима, фарқи бўлмади. Умуман айтганда, Дурсллар, Гаррининг хонасига яқин келишмади. Гарри ҳам уларга қўшилиб ўтиришга ошиқаётгани йўқ. Чунки бундан маъни йўқ. Уларга шерик бўлиб ўтирган билан ўртада яна бирон-бир жанжал кўтарилади. Оқибатда Гаррининг тоқати тоқ бўлиб, яна сеҳр-жоду қўллаб қўйиши мумкин.
Уч кун шу тариқа узоқ чўзилди. Гарри дам жонсарак бўлиб, хонанинг у бошидан бу бошига иложсиз, ўз ҳолига ташлаб қўйган дўстларидан дарғазаб бўлиб юрди, дам ҳафсаласи ўлиб, шифтга соатлаб термилганча, иши вазирликда интизомий жиҳатдан кўрилишини ваҳима ила ўйлаб каравотда чўзилиб ётди.
Вазирликдагилар унга қарши чиқишса нима бўлади? Мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлатилса, сеҳрли таёқчаси икки бўлиб ташланса нима бўлади? Қаёққа боради? Ахир энди у мутлақо бошқа дунё, ўз дунёси борлигини била туриб, Одамовилар хиёбонида яшай олмайди-ку! Сириуснинг уйига кўчиб ўтса бўлармикан? Бир йил муқаддам, ҳаммадан қочиб кетишдан олдин, Сириус Гаррига уйига кўчиб ўтишни таклиф қилган эди. Балоғат ёшига етмаган бўлса ҳам ўша уйда ёлғиз яшашга ижозат берилармикан? Ёки бу масалани ҳам кимдир ҳал қиладими? Мабодо у Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерациясининг Махфийлик Мақомини жиддий бузган бўлиб, Азкабанга, қамоқ жазосига ҳукм қилинса-чи? Бундай хаёл болани яна каравотдан сирпаниб тушиб, хонанинг у бошидан бу бошига юришга мажбур қилди.
Хедвиг учиб кетганидан сўнг ўтаётган тўртинчи кечада, Гарри руҳсизлик кайфиятида, бирон нарса ҳақида ўйлашга қурби етмай, шунчаки шифтга термилганча ётган хонага, кутилмаганда, эгнига расмий тадбирларда киядиган костюмини кийиб олиб, басавлат бўлиб олган Вернон амаки кириб келди.
- Кетяпмиз, - маълум қилди у.
- Тушунмадим.
- Биз, яъни холанг, Дудли ва мен кетяпмиз.
- Яхши, - лоқайд жавоб қайтарди Гарри, боз шифтга тикилиб.
- Уйда бўлмаганимизда хонадан чиқиш сенга ман этилади.
- Яхши.
- Телевизор, мусиқий стереотизим, умуман, бирон-бир нарсамизга тегиш сенга ман этилади.
- Яхши.
- Музлатгичдаги егуликни ўғринча ташиб ейиш ҳам сенга ман этилади.
- Яхши.
- Мен устингдан қулфлаб қўяман.
- Яхши.
Вернон амаки мутлақо эътироз билдирмаётган жиянга бақрайиб, бироз эсанкираб турди-да, бирон нарса дейишга сўз топа олмай, хонадан каркидонга ўхшаб чиқиб, эшикни ёпиб қўйди. Калит айлангани ва амаки оғир қадам ташлаганча, пастга тушиб кетганини Гарри эшитиб ётди. Яна бир неча дақиқа ўтгач, ҳовлидаги машина эшикларининг қарсиллаб ёпилгани, двигатель ишга туширилгани ва ҳаракат бошлаб, уйдан нари кетаётган автомобиль шинасининг шитир-шитири эшитилди.
Гарри чиндан ҳам, Дурслларнинг уйни тарк этиб кетишига нисбатан ҳеч қандай муносабат билдирмади. Уларнинг уйда борлиги ҳам, йўқлиги ҳам, бир гўр. Бола ҳатто ўрнидан туриб, хона чироғини ёқишни истамай ётибди. Осмон қорайиб бормоқда. Гарри эса очиқ деразадан эшитилаётган тунги шовқинга қулоқ тутиб, Хедвиг қайтадиган бахтиёр фурсатни кутиб ётибди.
Қувурларнинг шовқини эшитилиб, бўм-бўш уй ҳам, ўзига хос товуш чиқармоқда. Гарри бирон нарсани ўйламаган, мияси тўлиқ ўчган ҳолатда, ҳаракатсиз, тамомила бахтсиз ётибди.
Кутилмаганда ошхонада нимадир гумбурлагани эшитилди. Гарри яшин тезлигида ўрнидан туриб, каравотига ўтириб олди. Йўқ, Дурсллар эмас. Ҳали эрта. Умуман айтганда, дастлаб машина товуши эшитилган бўлар эди. Бир неча сония давом этган сукунатни одам овози бузди.
Ўғрилар, хаёлдан ўтказди Гарри, каравотдан сирпаниб тушганча, қаддини ростлаб. Лекин яна бир неча сония ўтгач, фикри ўзгарди. Уй ўмаришга кирган ўғрилар бундай баланд, бамайлихотир гаплашмайди. Ошхонада юрган киши эса паст гапиришни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.
Вужуди қулоққа айланган Гарри жавончадаги сеҳрли таёқчасини қўлига олиб, эшикка юзланди-ю, қулф ширқ этиб, эшик ланг очилиши билан ортга тисланди..
Қоронғи зина майдонига термилган бола ҳаракатсиз туриб, бирон-бир товуш илғаб олишга уринди, лекин атроф сув сепгандай жимжит. Бироз иккиланган Гарри шовқин солмай тез зинапоя бошига чиқди.
Юраги кўкрак қафасида эмас, бўғзига кўтарилиб кетгандай гўё. Пастда, даҳлиз қоронғилигида аллақандай одамлар турибди. Уларнинг қоматларини кириш эшигининг ойнаси орқали уй ичига сингиб кираётган хира нур ёритиб турибди. Тахминан саккиз-тўққиз киши. Ҳаммаси бирдай Гаррига юзланиб олишган.
- Бировнинг кўзини ўйиб олмасингдан олдин таёқчангни тушир, йигитча, - эшитилди паст гумбурлаган овоз.
Овоз соҳибини таниган Гаррининг юраги баттар қутуриб кетди ва айнан шунинг учун бўлса керак, таёқчасини туширмади.
- Профессор Хмури? - иккиланиб сўради у.
- Профессорлигимни билмадим-у, Хмури эканлигим рост. Ўқитувчилик насиб қилмаганини ўзинг яхши биласан. Қани туш пастга. Сени дурустроқ кўрайлик.
Гарри таёқчасини сал туширди-ю, маҳкам ушлаб турганча, жойидан қилт этмади. Гумондор бўлиш учун боланинг асослари етарли. Гарри Ўйноқкўз Хмури, деб билган киши билан тўққиз ой бирга бўлиб, кейинчалик аниқланишича, у ҳеч қандай Хмури эмас, қаллоб экан. Бунинг устига, ўша қаллоб, фош этилгунга қадар, Гаррини ўлдиришга уринган. Бола қандай иш тутиш кераклигини ҳали ҳал этмай туриб, пастдан яна бир кишининг хирилдоқ овози эшитилди.
- Гарри, ишлар жойида. Сени олиб кетгани келдик.
Боланинг нафаси тўхтаб қолишига сал қолди. Бир йилдан ортиқ эшитмаган бўлса-да, ушбу овоз соҳибини ҳам, Гарри дарҳол таниди.
- П-профессор Люпин? - сўради Гарри, қулоғига ишонмай, - Сизми?
- Нега биз қоронғида турибмиз? - сўради учинчи, мутлақо нотаниш аёл овози, - Люмос.
Кимнингдир сеҳрли таёқчаси, даҳлизни сеҳрли нур воситасида ёритди. Гаррининг кўзи пирпираб кетди. Пастда турган одамлар зина бўсағасида тўпланиб олиб, болага синчковлик билан назар солишмоқда. Уларнинг айримлари дурустроқ кўриш учун бўлса керак, бўйнини чўзиб олган.
Ҳаммадан олдинда Рэм Люпин турибди. Ёш бўлишига қарамай у қандайдир ҳорғин, бетоб кўринмоқда. Ўтган йил давомида унинг оқ сочи кўпайибди, коржомасидаги ямоқлар сони ҳам анча ошибди. Шунга қарамай, Люпин Гаррига самимий кулиб боқмоқда. Кутилмаган ҳолатдан ҳанузгача ўзига кела олмаётган Гарри ҳам, табассум-ла жавоб қайтаришга уринди.
- Қандай тасаввур қилган бўлсам, худди ўшандай-я, - деди ёришиб турган сеҳрли таёқчани тутиб турган, бинафша рангли сочи ҳар томон тўзғиган, оқ юзи юракча шаклига эга ёш афсунгар аёл, - Салом, Гарри!
- Нимани назарда тутганингни энди тушундим, Рэм, - баланд овозда, шошилмай фикр билдирди ортда турган тепа кал, қулоғига тилла ҳалқа тақиб олган қора танли сеҳргар, - Қуйиб қўйгандек, Жеймсга ўхшайди.
- Йўқ. Кўзи, - ҳарсиллаб эътироз билдирди орқа қаторда турган кумуш сочли сеҳргар, - Кўзи Лилиники.
Узун сочи оқарган, бурнинг бир бўлаги етишмайдиган Ўйноқкўз Хмури ҳар хил кўзларини қисиб олиб, Гаррига диққат билан разм солмоқда. Унинг битта кўзи митти мунчоққа ўхшайди. Каттагина, тангага ўхшаш юмалоқ иккинчи кўзи эса электр ёруғидай мовий тус бериб кўринади. Ушбу кўз соғлом одамнинг меъёрий кўзига мутлақо ўхшамай, пирпирамай, ҳар томон тинмай ҳаракатланганча, чаноғида гир айланади. Энг муҳими Хмури ўзининг сеҳрли кўзи воситасида девор, ёпиқ эшик ва ҳатто ўзининг боши ортидаги нарсаларни ҳам кўра олади.
- Люпин, бу ўша бола эканлигига ишончинг комилми? - дўриллади Хмури, - Тағин Гаррини олиб келдик деб, Ўлимдан мириқувчини етаклаб бормайлик. Қани, фақат Поттерга маълум бўлган бирон-бир савол бериб кўринглар-чи. Балки бирортангизнинг ёнингизда истиғфор келтиришга мажбур қиладиган Иқрор бўлиш дамламаси бордир?
- Гарри, сен яратадиган Ҳимоячи қайси ҳайвон қиёфасида пайдо бўлади? - сўради Люпин.
- Буғу қиёфасида, - ҳаяжонланиб кетди Гарри.
- Ишлар жойида, Ўйноқкўз, ваҳима қилма. Бу Гарри, - ишонтирди Люпин.
Гарри тўпланиб олган одамларнинг нигоҳларини жисмонан ҳис этганча, пастга тушиб, сеҳрли таёқчасини жинси шимининг орқа чўнтагига жойлади.
- Эсингни еб қўйганмисан, йигитча? - ўкирди Хмури, - Қаёққа тиқяпсан? Ишга тушиб кетса нима бўлади? Сендан ақллироқ сеҳргарлар ҳам думбасиз қолиб кетган!
- Ким экан ўша думбасиз, билсак бўладими? - шу заҳоти қизиқиб қолди бинафша сочли аёл.
- Ишинг бўлмасин, - вайсади Хмури, - Энг асосийси сеҳрли таёқчани орқа чўнтакдан нари сақлаш керак, тушунарлими? Бу оддий сеҳрохавфсизлик техникаси. Фақат кўпчилик негадир бунга амал қилмайди, - деди у, вайсаганча ошхона томон йўл олиб, - Мен ҳамма нарсани кўриб турибман, - қўшиб қўйди Хмури, орқада қолган қиз кўзини шифтга кўтарганига шама қилиб.
Люпин Гарри билан қўл сиқишиб саломлашди.
- Ишлар қалай? - сўради у, боланинг юзига диққат билан разм солиб.
- Ж-жойида...
Гарри ҳамон ишонмаяпти. Тўрт ҳафта, тўрт ҳафта давомида ҳеч ким унга Одамовилар хиёбонидан олиб кетишига зиғирдай бўлсин, шама қилмади. Энди бўлса, марҳамат, сеҳргарларнинг бутун бошли гуруҳи, гўё айнан шундай бўлиши керакдай, ташриф буюрган. У Люпиннинг ёнидаги одамларга қараб чиқди. Улар ҳалигача болага бақрайиб туришибди. Шунда Гарри тўрт кундан буён сочига тароқ теккизмаганини хаёлдан ўтказди.
- Мен... Омадларинг бор экан. Дурсллар шу бугун жўнаб кетишган эди, - ғудуллади у.
- Омадимиз бор экан! Ха! - хитоб қилди бинафша сочли қиз, - Мен алдаб чиқардим, ўша лақма қариндошларингни. Фамилиялари «Энг ибратли ҳовли майсазори» умумбритания конкурси ғолибларининг рўйхатига киритилганлиги ҳақида магллар почтаси орқали хабарнома йўлладим. Улар ҳозир соврин олгани... ҳар қалай шундай хаёлда кетишяпти.
Гарри бундай конкурс ҳеч қачон ўтказилмаганлигидан хабар топган Вернон амакининг ўсал башарасини кўз олдига келтириб кўрди.
- Кетамизми? - сўради у, - Тез орадами?
- Йўлда ғов йўқлиги ҳақида сигнал олишимиз билан, - жавоб берди Люпин.
- Қаёққа борамиз? Бошпанагами? - умид-ла сўради бола.
- Йўқ, Бошпанага эмас, - деди Люпин, ошхонага киришни имо қилиб.
Иккаласининг кетидан қолган сеҳргарлар ҳам, кўзини Гарридан узмай ошхонага киришди.
- Ҳозир Бошпанага бориб бўлмайди. Хавфли таваккалчиликка йўл қўйган бўламиз. Қароргоҳимиз топиб бўлмайдиган жойда жойлашган. Бундай жой топишга муайян вақт керак бўлди...
Ўйноқкўз Хмури аллақачон ошхона столи ортига жойлашиб олиб, сувдонини сўрганча, Дурслларнинг уй меҳнатини енгиллаштириш мосламаларини томоша қилиб ўтирибди. Бундай мосламалар ошхонада бир дунё.
- Танишиб ол, Гарри, бу Аластор Хмури, - деди Люпин, Ўйноқкўз томон имо қилиб.
- Ҳа, танийман, - ўнғайсиз жавоб берди Гарри.
Қарийб бир йил бирга бўлган одам билан қайтадан таништиришса, сал ғалатироқ бўлар экан, хаёлдан ўтказди Гарри.
- Бу, Нимфадора...
- Нималар деяпсан, Рэм, қанақа Нимфадора, - сесканиб кетди афсунгар қиз, - Мен Бомсман.
- Фақат фамилиясини айтиб чақиришларини афзал биладиган Нимфадора Бомс, - таъкидлаб қўйди Люпин.
- Сен ҳам афзал билган бўлар эдинг, агар эси паст онанг исмингни Нимфадора, деб қўйганида, - вайсади Бомс.
- Бу Кинсли Кандальер, - деди Люпин, таъзим қилиб қўйган қора танли новча сеҳргарни кўрсатиб, - Униси Эльфиас Дож, - имо қилди Люпин, ҳарсиллаб нафас олганча, Гаррига бош эгиб қўйган сеҳргарга, - Бу эса Дедал Диггл...
- Биз танишмиз, - ҳаяжон-ла чийиллади Диггл, гунафша ранг шляпасини тушириб юбориб.
- Эммелина Ванс, - таништиришни давом этди Люпин, бошини виқор-ла эгиб қўйган зумрад-яшил шолрўмол ўраган хушбичим аёлни кўрсатиб, - Стуржис Подмор, - оч сариқ сочи қалин ўсган, бош суяги квадратсимон сеҳргар кўзини қисиб қўйди, - Ва ниҳоят Хестия Жонс, - тостер олдида турган лунжи қизил қора сочли аёл қўл силтаб қўйди. (Тостер – нондан сухари тайёрлайдиган электр асбоби).
Танишиш жараёнида, Гарри, ўзини худди баланд саҳнага чиқиб олгандай ҳис этиб, ҳар бир меҳмонга хижолат билан бош ирғиганча, унга бақрайишини бас қилишларини истади. Қизиқ, нега битта болани олиб кетишга бунча кўп одам келган, хаёлдан ўтказди Гарри.
- Жуда кўп киши сени олиб кетиш истагини билдирди, - деди Люпин, худди Гаррининг фикрини уқиб олгандай, кулиб қараб.
- Нима қилибди, - дўриллади Хмури, - Сени қўриқлаш гуруҳи, бу, Поттер, авангард (Авангард – франц. аvant – олдиндаги ва garde – қўриқлаш, маъноларини англатади. Авангард (ҳарбий маънода) асосий кучлардан олдинга юбориладиган бўлинма, марш юриш давомидаги қўриқлов органи саналиб, асосий кучларнинг душман қаршилигига учрамай олға илгарилашлари, душманнинг ушбу кучларга дафъатан ҳужум қилишига йўл қўймаслик, қўшинларнинг тизилиши ва жангга киришиши учун қулай шарт-шароит яратиш вазифасини бажаради).
- Йўлда ғов йўқлиги ҳақида сигнал кутяпмиз, - деди Люпин, дераза томон қараб, - Ўн беш дақиқача қолди.
- Бирам нозиктабиат эканки, бу магллар, а? - деди Бомс, ошхонани қизиқиш билан кўздан кечириб, - Дадам ҳам магллар оиласида туғилган сеҳргар, лекин палпислар орасида ундан ўтадиган ислиқи йўқ! Демак, магллар ҳам, биз сеҳргарлар каби, ҳар хил бўлар экан-да, а?
- М-м-м... ҳа, - тасдиқлади Гарри, - Бирортангиз айтиб берасизми, оламда нима гап? - мурожаат қилди у Люпинга қараб, - Дунёбехабар бўлиб қолганман. Менга ҳеч ким ҳеч нарса ёзмайди. Анави Вольдем...
Баъзи бировлар тисс-тисслаб қолишди, Дедал Диггл боз шляпасини йиқитиб юборди, Хмури эса пўписа қилиб қўйди:
- Жим бўл-е!
- Тинчликми? - тушунмади Гарри.
- Бу ерда ҳеч нарса муҳокама қилинмайди, жуда хавфли, - деди сеҳрли кўзи шифтга қаратилганча, соғ кўзини Гаррига бақрайтирган Хмури, - Жин урсин, - сўкинди у қўлини сеҳрли кўзига келтириб, - Анави ярамас дурагай тақиб юрганидан сўнг, қадалиб қолгани-қадалиб қолган...
Хмури сувга тўла ваннанинг қопқоғи олинганда чиқадиган товуш каби, товуш чиқариб, сеҳрли кўзини чаноғидан суғуриб олди.
- Ўйноқкўз, ҳозир кўнглим айниб, қайт қилиб юбораман, - деди Бомс.
- Гарри бир стакан сув бер, илтимос, - деди Хмури.
Гарри идиш ювиш машинасидан тоза стакан чиқариб, крандан сув қуйиб тўлдирди. Унинг ҳаракатлари сеҳргарлар гуруҳи томонидан диққат билан кузатилмоқда. Бу эса Гаррининг ғашига тега бошлади.
Хмури стаканни қўлига олиб, сеҳрли кўзини ичига ташлади-да, обдан чайқатди. Стаканда айланаётган кўз эса ҳаммага навбат билан қарашни давом этмоқда.
- Йўлда менга уч юз олтмиш градусли кўриш майдони керак бўлади, - таъкидлаб қўйди Хмури, қилаётган ишини изоҳлаб қўйгандай.
- Қандай етиб борамиз... ўша жойга? - сўради Гарри.
- Супургида, - деди Люпин, - Бошқа усул йўқ. Ҳавода йўқ бўлиб, керакли жойда пайдо бўлишга ҳали ёшлик қиласан. Саёҳат уни воситасида ҳаракатланадиган йўл тармоқлари назорат остига олинган. Ғайриқонуний портшлюс яратадиган бўлсак, тамом бўламиз.
- Рэмнинг айтишига қараганда, супургида учишни эшиб қўяр экансан, - деди Кинсли Кандальер, бўғиқ овози билан.
- Зўр учади, - тасдиқлади Люпин, соатига қараб, - Нима қилганда ҳам, Гарри, нарсаларингни йиғиштирадиган вақт бўлди. Сигнал олишимиз билан ҳавога кўтарилишга шай бўлишимиз керак.
- Сенга қарашиб юбораман, - иштиёқ-ла ташаббус кўрсатди Бомс.
Қиз Гаррининг ортидан даҳлиз орқали эргашар экан, ҳар томон қизиқсиниб қараб борди.
- Ҳаддан ортиқ тоза, ғалати жой экан, - таъкидлаб ўтди у, - Агар нима демоқчи эканлигимни тушунаётган бўлсанг, албатта. Бундай тозалик қандайдир ғайритабиий кўринмоқда. О, мана бу хона, ҳар қалай одам яшайдиган жойга ўхшайди, - деди Бомс, Гаррининг хонасида чироқ ёнгач.
Уйнинг қолган қисми билан солиштириладиган бўлса, Гаррининг хонаси нисбатан пала-партишроқ, албатта. Бола кайфияти бузуқ ҳолатда тўрт кун қамалиб ўтиргани учун бўлса керак, хонани тартибга келтириш кўнглига сиғмаган. Ҳар хил хаёллардан чалғиш учун қўлга олган китоблари полда сочилиб ётибди. Хедвигнинг қафаси анчадан буён тозаланмагани учун ҳидланиб қолган. Қопқоғи очиқ сандиқдан эса магллар-у, сеҳргарлар кийими аралашиб, осилиб тушган.
Гарри шошиб-пишганча, китобларини полдан териб, сандиққа ташлай бошлади. Бомс эшиги очиқ турган жавоннинг ёнида тўхтаб, тавақанинг ички томонига маҳкамланган кўзгуга қараб қолди.
- Бинафша ранги менга ярашмайдиган кўринади, - ўйчан чўзди у, сочини орқага тортиб, - Шу боис ҳам ҳаддан ортиқ қиррабурун бўлиб қоляпман шекилли, а?
- Э-м-м, - деб қўйди Гарри, «Британия ва Ирландия квидиш жамоалари» китоби узра қараб.
- Йўқ, ярашмагани аниқ, - қатъий хулоса чиқарди Бомс.
Нимфадора, худди бир нарсани эслаётган каби, кўзини зўриқиб қисди. Сония ўтар-ўтмас қизнинг сочи чайналадиган пушти сақич тусини касб этди.
- Вой, қандай қилдингиз буни? - бақрайиб қолди Гарри.
- Мен метаморфоафсунгарман, тушунтириш берди кўзгуга қараб, бошини айлантирганча, у ёқ, бу ёғига қараган Бомс, - Яъни ўз қиёфамни ўзим истаган бошқа қиёфага ўзгартира оламан, - қўшиб қўйди у, кўзгуда Гаррининг ҳеч нарсани тушунмаган аксини кўриб, - Мен шундай туғилганман. Тасаввур қиляпсан-ми, мен аврорликка ўқиб юрган кезларимда бекиниш ва ниқобланиш тайёргарликлари бўйича, гарчи мутлақо шуғулланмаган бўлсам-да, олий балларга эга бўлганман! Зўр эди. (Метаморфоза сўзидан олинган бўлиб, ривожланиш натижасида бошқа кўринишга ўтиш, бошқа тусга кириш, айланиш маъноларини англатади).
- Сиз аврормисиз? - сўради кучли таъсирланган Гарри.
Аврор, яъни ёвуз сеҳргарларга қарши курашадиган агент касби болани қизиқтирган ягона касб эди.
- Ҳа, - жавоб берди Бомс, мағрур қиёфа ила, - Кинсли ҳам аврор. У мендан олдин эгаллаган ушбу касбни. Менга бундай малака берилганига атиги бир йил бўлди. Рақибни таъқиб қилиш ва ҳийла-найранг ишлатиш тайёргарликлари бўйича имтиҳонлардан йиқилишимга сал қолди, тасаввур қиляпсан-ми? Жа бесўнақайман-да. Уйга кириб келганимизда ликоп синдириб қўйганимни эшитгандирсан?
- Метаморфоафсунгарликни ўзлаштириб олса бўладими? - сўради Гарри.
Бола қизиқ суҳбатга берилиб, лаш-лушларини йиғиштириш кераклигини аллақачон эсидан чиқариб бўлди. Саволни эшитган Бомс ҳиринглаб қўйди.
- Чандиқ жонга тегди-ми дейман? Баъзан ундан халос бўлгинг келса керак, а?
Бомснинг кўзи Гаррининг пешонасидаги яшин зигзаги шаклидаги чандиқда тўхтаб қолди.
- Ниҳоятда, - деди чандиғига тикилишларини ёқтирмаган Гарри, тескари ўгирилиб.
- Ўзлаштириб олишнинг иложи бўлган тақдирда ҳам, жуда қийин кечса керак, - саволга жавоб берди Бомс, - Метаморфоафсунгарлар фавқулодда кам учрайди. Бундай афсунгар бўлиб шаклланиш эмас, туғилиш керак. Аксарият сеҳргарлар ўз қиёфаларини сеҳрли таёқча ёки сирка воситасида ўзгартирадилар. Ҳой, Гарри, нима қилиб турибмиз? - деди қиз, полда ётган нарсаларга қараб, - Нарсаларингни йиғиштирмаймиз-ми?!.
- Ҳа-я, кетишимиз керак-ку, - шошиб қолди Гарри, яна бир нечта рисола териб.
- Кел, бемаъни иш билан шуғулланмайлик. Нари тур. Мен, ҳозир... Жойлан! - овоз кўтарди Бомс, сеҳрли таёқчасини хона бўйлаб узун айлантирганча, сандиққа ўқтаб.
Кийим-кечак, китоб-дафтар, телескоп, тарози хуллас, Гаррининг барча буюмлари ҳавога бирдан кўтарилди-да, тўғри сандиққа бориб тушди
- Жа батартиб бўлмаса ҳам, ҳар қалай... - деди сандиқ ёнига бориб, ичига назар солган Бомс, - Бу ишни ойим эшиб қўяди-да. Ҳамма нарсани жой-жойига, ҳатто пайпоқларни пойини пойига ажратганча, тахлаб қўяди. Мен эса ҳеч эплай олмаяпман. Ойим мундоқ қилади-да...
Бомс таёқчасини яна силтади. Пайпоқларнинг бири аранг юқорига чиқди.
- Йўқ, бўлмади, - сандиқ қопқоғини ёпди Бомс, - Нима қилганда ҳам, нарсаларингни йиғиштирдик-ку. Айтгандай, тозалаш ишлари ҳам ортиқчалик қилмас экан, - деди у, таёқчасини қафасга ўқтаб, - Скоблифай! - қафас ичига тўпланиб қолган пат ва гўнг йўқ бўлди, - Ана энди нисбатан яхши бўлди. Рўзғор афсунларини яхши уддалай олмайман... Хўш, ҳеч нарса эсдан чиққани йўқми? Қозонми? Супургиними? Ўҳў!... «Чақмоқ»ку, а?!
Қизнинг кўзи Гаррининг ўнг қўлидаги супургига қараганча, катта очилиб кетди. Сириус совға қилган ушбу суперзамонавий супурги боланинг энг асосий қувончи-ю, фахри саналади.
- Мен эса «Комета-260» русумли супургида ўрмалаб юраман, - ҳасад-ла ҳасратланди қиз, - Хўп яхши... Таёқ орқангдами? Думбанг жойидами? Иккала ярми ҳам-ми? Жуда соз... ундай бўлса, кетдик. Локомотор сандиқ!
Сандиқ ҳавога кўтарилди. Чап қўлига Хедвигнинг қафасини олган Бомс таёқчасини сандиққа ўқтаганча, ит етаклаб кетаётган каби, хонадан чиқариб, пастга туширди. Супургисини кўтарган Гарри эса қиз кетидан эргашди.
Ошхонада сеҳрли кўзини тақиб олган Хмури ўтирибди. Техник хизмат кўрсатилган кўз шу қадар тез айланмоқдаки, буни кўрган Гаррининг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Кинсли Кандальер билан Стуржис Подмор микротўлқин печкасини зўр қизиқиш билан ўрганиб чиқишмоқда, Хестия Жонс эса яшиклардан бирининг ичидан топилган картошка тозалаш машинкаси устидан кулавериб, қорнини ушлаб қолган. Люпин Дурслларга битилган хатни конвертга жойлаб, елимламоқда.
- Жуда соз, - деди у, ошхонага кириб келган Гарри билан Бомсга юзланиб, - Назаримда, ихтиёримизда яна бир дақиқа бор. Ҳамма сафарга шай. Шундай экан, аста боққа чиқсак ҳам бўлаверади. Гарри, қариндошларинг ташвиш тортишмасин деб, уларга икки энли хат ёзиб...
- Улар ташвиш тортишмайди, - гапни бўлди Гарри.
- ... ишларинг жойида эканлигини...
- Айнан мана шу гап уларни ранжитади.
- ... келаси ёзда қайтиб келишингни ёздим.
- Қайтишим шартми?
Люпин кулиб юборди-ю, жавоб бермади.
- Ёнимга кел, йигитча, - хириллади Хмури, сеҳрли таёқчаси билан имлаб, - Сени тиндириб қўйишим керак.
- Тинчитиб қўйишингиз керак? - қўрқиб кетди Гарри.
- Тиндириш афсунини қўллайман, - тушунтирди Хмури, таёқчасини кўтариб, - Люпиннинг айтишича, кўринмас плашинг бор эмиш. Бироқ парвоз давомида плаш ҳилпираб, очилиб кетади. Афсун таъсири ишончлироқ... Мана бундай...
Хмури таёқчаси билан боланинг бошига тарс этиб қўйиб юборди. Гарри худди бошида тухум синдирилиб, зарб берилган жойдан бутун танаси бўйлаб муздай нарса оқиб кетгандай ғалати ҳис этди ўзини.
- Зўр, - маъқуллади Бомс, Гаррининг қорин соҳасига қараб.
Гарри пастга, танасига, аниқроқ айтиладиган бўлса, бир неча сония олдин тана бўлган жойга қаради. Унинг танаси кўринмас бўлиб қолмади-ю, орқасида турган ошхона асбобининг ранги ва сиртини касб этди. Қисқаси бола буқаламун одамга айланиб қолди.
- Кетдик, - буюрди Хмури, сеҳрли таёқча воситасида орқа эшикни очиб.
Жамики гуруҳ Вернон амакининг беназир парвариш қилинган ҳовли майсазорига чиқди.
- Кеча ойдин. Булут бўлса халал қилмас эди, - вайсади Хмури, сеҳрли кўзи билан осмон ҳолатини ўрганиб чиқиб, - Гапимга қулоқ сол бола, - хириллади у Гаррига мурожаат қилиб, - Парвоз сафи қуйидагича тизилади: Бомс олдингда боради, ундан узоқлашма. Мен ортингда учиб бораман. Люпин пастдан ҳимоя қилади. Қолганлар атрофимизда гир айланиб учади. Вазият қай тарзда ўзгариб кетишидан қатъи назар, саф бузилмасин. Агар бирортамизни ўлдиришган тақдирда ҳам...
- Шунақаси ҳам бўлиши мумкинми? - чўчиб кетди Гарри.
Бироқ Хмури ўзини эшитмаган кўйга солди.
- ... қолганлар ҳеч нима бўлмаган каби, парвоз сафини бузмай, ўз ҳаракатини давом эттираверади. Агар ҳамма ўлдирилиб, ёлғиз ўзинг тирик қолсанг, Гарри, ишга арьергард киришади. Шарқ томон учавер, улар сени қувиб етишади. (Арьергард – франц. аrrierе – орқа томондаги, ортдаги ва garde – қўриқлаш, маъноларини англатиб, асосий кучларнинг чекинишини ҳимоя қилиб бориш, таъқиб қилаётган душман йўлини тўсиб, асосий кучларнинг душмандан узоқлашишини таъминлаш вазифасини бажаради).
- Ҳаддан ортиқ қувноқ эмасмисан, мабодо, Хмури, - пичинг қилди Бомс, боланинг сандиғи ва Хедвигнинг бўш қафасини ўз супургисига боғланган тўр ичига жойлаб, - Сўзларингни эшитган Гарри нотўғри фикрга бориши, ўз ишимизга жиддий ёндашмаётганимиз ҳақида хулоса чиқариши мумкин, ахир.
- Йигитчага хатти-ҳаракатларимиз режасини тушунтириб ўтяпман, - ўшқирди Хмури, - Олдимизга болани штабга етказиш вазифаси қўйилган. Иттифоқо, операция давомида ҳалок бўлсак...
- Ҳеч ким ҳалок бўлмайди, - тинчлантирди Кинсли Кандальер, бўғиқ жаранглаган овози билан.
- Биринчи сигнални кўряпман! Супургиларни эгарланг, - қичқирди Люпин осмонни кўрсатиб.
Баланд осмондаги ситоралар орасида қизил учқунлар фаввораси кўринди. Ушбу учқунлар Гаррига яхши таниш. Уларни фақат сеҳрли таёқча воситасидагина яратиш мумкин. Бола оёғини «Чақмоқ» узра олиб ўтиб, бетоқатликдан титраётган сопни маҳкам ушлаб олди.
- Иккинчи сигнал узатилди! Учдик! - қичқирди Люпин осмонда яшил тусли учқунлар дастаси кўрингач.
Гарри куч билан ер депсинган эди ҳам-ки, туннинг салқин шабадаси сочини тўзғитиб юборди. Юқорига кўтарилар экан Одамовилар хиёбонидаги тўғрибурчак шаклига эга батартиб боғлар тобора кичрайиб, охири бир-бирига уланган қийқимлардан тайёрланган яхлит кўрпага ўхшаб қолди. Ишининг интизомий жиҳатдан кўрилиши борасидаги ваҳимали хаёллар худди қудратли ҳаво оқими учириб юборгандай Гаррининг миясидан бир зумда чиқиб кетди. Яна ҳавога кўтарилган, манфур Одамовилар хиёбонини тарк этиб кетаётган боланинг юраги ҳузур-лаззатдан ёрилиб кетаётгандай. Ушбу онни Гарри ёз бўйи кутди. У ўз уйига, қадрдон дунёсига учиб кетмоқда... Атиги бир неча сония давом этган бахт ҳозиргина вужудини қамраб олган қайғуларини мана бу ажойиб, бепоён тунги осмонга нисбатан арзимас қум заррасидек қилиб қўйди.
- Чапроқ ол, Бомс, чапроқ. Пастда аллақандай магл кечалар юлдуз санаб, осмонга анқайиб турибди! - янгради Хмурининг ўкириги.
Бомс парвоз йўналишини чап томон ўзгартирди. Қизнинг супургисида осиб қўйилган бўлиб, кучли тебранаётган сандиғидан кўзини узмаётган Гарри ҳам Бомснинг изидан бурилди.
- Яна чорак милга бўлса ҳам, юқорироқ кўтарилиш керак! - бақирди Хмури.
Юқоридаги ҳаво ҳарорати анча совуқ бўлгани боис, Гаррининг кўзи ёшланиб кетди. Пастда, афтидан, машиналарнинг фаралари ва кўча фонуслари бўлса керак, тўғноғич бошидек келадиган ёришувчи доғлардан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолди. Эҳтимол ўша машиналар орасида тарвузи қўлтиғидан тушган, хатда зикр этилган конкурс ҳаётда бўлмаганидан хабар топиб, қутурганча, кимсасиз қолган уй томон елиб бораётган Дурслларнинг машинаси ҳам бордир... Буни ўйлаган Гарри хандон отиб юборди. Лекин унинг қаҳҳаҳасини ҳеч ким эшитгани йўқ. Кучли эсаётган шамол учувчиларнинг коржомаларини қаттиқ қарсиллатмоқда, сандиқ билан қафас жойланган тўр ғирчилламоқда, чийиллаётган шамол эса боланинг қулоғини битказиб қўйган. Гарри анчадан буён ўзини бунчалик бахтиёр, бунчалик... серғайрат ҳис этмаган эди!
- Жануб томон бур! - бақирди Хмури, - Қаршимизда шаҳар!
Учувчилар гуруҳи чироқлардан ҳосил бўлган ўргамчик уяси каби, кўринаётган шаҳарни четлаб ўтиш учун ўнг томон бурилди.
- Жанубга бурилиб, юқорироқ, янада юқорироқ кўтариламиз, - ўкиришини давом этди Хмури, - Тепадаги пастқам булутлар орасида бекиниб учамиз.
- Кирмайман булутлар орасига! - баджаҳл ўкирди Бомс, - Эгнимиз шалаббо бўлади!
«Чақмоқ»нинг сопини маҳкам ушлаб олган қўли уюшиб қолган Гарри Бомснинг сўзларини эшитиб енгил тортди. Совуқдан дағ-дағ титраганча, нимчасини кийиб олмаганига афсусланди.
Ўйноқкўзнинг кўрсатмаларига амал қилаётган учувчилар гуруҳи парвоз йўналишини мунтазам ўзгартириб борди. Муздай эсаётган шамол кўзни қисиб олишга мажбур қилиб, қулоқни оғритмоқда. Гарри супургида учиб, фақат бир маротаба, учинчи синфда ўқиб юрган кезларида «Хуффльпуфф» жамоаси билан бўронда ўтган квидиш ўйини давомидагина бу қадар совқотган эди. Йирик йиртқич қушларни эслатаётган қўриқлаш хизмати лип-лип кўринганча, боланинг ён-атрофида учиб бормоқда. Гарри вақт ҳисобидан адашиб кетди. Қизиқ, қанча вақт учишмоқда улар. Парвоз кам деганда бир соат давом этгани аниқ.
- Жанубий-ғарб томон буриламиз! - бақирди Хмури, - Катта йўлни четлаб ўтиш керак!
Гарри шу қадар совқотиб кетдики, пастдаги автомобилларнинг шинам, қуруқ салонлари ҳақида, сал ўтиб, саёҳат уни ҳақида ўйлай бошлади. Бировларнинг каминлари ичида гир айланиб юриш у қадар қулай бўлмаса-да, ҳар қалай ўша усул осмон-у фалакка нисбатан анча илиқроқ кечади... Гаррининг ёнидан кал боши билан қулоғига тақиб олган тилла ҳалқасини ялтиратган Кинсли Кандальер ўтиб кетди... ўнг томонда таёқчасини шай тутганча, атрофга диққат билан разм солиб бораётган Эммелина Ванс кўринди... у юқорига кўтарилиши билан ўрнида Стуржис Подмор пайдо бўлди...
- Бироз ортга қайтиб, орқамизда дум бор-йўқлигини текшириб кўришимиз керак! - бақирди Хмури.
- Миянг ҳам ўйнаб қолди-ми, Ўйноқкўз! - чийиллаб юборди Бомс, - Супургимгача музлаб бўлдим-ку! Бунақа жилпанглаб юрадиган бўлсак, бир ҳафтада ҳам учиб етмаймиз! Умуман айтганда, манзилга деярли етдик!
- Пастлаймиз! - янгради Люпиннинг овози, - Бомснинг кетидан пастла, Гарри!
Нимфадора тикка пастлаб кетди. Гарри ҳам худди шундай иш тутди. Парвоз давомида дуч келган энг йирик чироқлар тўплами, ҳар томон тарқаб кетган, у ер, бу ерида қоп-қора ямоқлар кўринаётган ёришувчи ўргимчак уя томон йўл олди. Пастлаб бораётган Гарри фара ва фонуслар, телевизор антенналарини фарқлай бошлади. Музлаб, ёпишиб қолган супургисининг сопидан ўзи мустақил туша олмаслигига шубҳа қилмаса-да, тезроқ ерга қўнишни истади.
- Етиб келдик! - қичқирди Бомс.
Дақиқа ўтар-ўтмас Гарри Бомс кетидан қаровсиз қолган майса майдончасига қўнди. Бомс сандиқни супургисидан ажратишга улгурибди. Дағ-дағ титраётган бола теварак-атрофга назар солди. Биноларнинг олд томонлари хунук кўринмоқда. Баъзи уйларнинг дераза ойналари синган. Қоронғи ойналарда кўча фонусларининг акси кўринмоқда. Кириш эшикларининг бўёғи кўчган. Асосий зинапояларнинг бўсағаларида эса чиқинди уюмлари қалашиб ётибди.
- Қаерга келиб қолдик? - сўради Гарри.
- Сабр қил, - деди Люпин паст овозда.
Хмури совуқдан уюшиб қолган қўли билан плашининг чўнтакларини титкиламоқда.
- Топдим, - ниҳоят ғудуллади у, ички чўнтакларидан бирининг ичидан боядан бери қидирган кумуш зажигалкага ўхшаш буюмни чиқарганча, шиқиллатиб.
Бироздан сўнг яқин орадаги кўча фонуси дарз кетгандай ўчиб қолди. У зажигалкасини яна бир бор чақди. Кейинги фонус ҳам бироз милтиллаб ўчди. Парда тортилган хонадондаги чироқ билан осмондаги Ой ягона ёруғлик манбаи бўлиб қолиб, жамики майдон зулмат қаърига чўккунга қадар зажигалкасини шиқиллатишни давом эттирди.
- Дамблдордан вақтинча олдим, - дўриллади Хмури фонус ўчиргични киссасига яшириб, - Ана энди ўткир кўзли магллар кўнглига сиққунча деразадан кўчага қарашлари мумкин. Бари-бир ҳеч нарсани кўра олишмайди. Хўш, энди ҳаракатни тезлаштирамиз.
У Гаррини қўлтиғидан тутиб, майдончадан катта йўлга, у ердан эса пиёдалар йўлагига олиб чиқди. Люпин билан Бомс Гаррининг сандиғини кўтариб олишган. Қўриқлаш хизматининг қолган қисми эса ярим доира ҳосил қилганча, сал нарида, сеҳрли таёқчаларини шай ҳолатда тутиб эргашди.
Яқин орадаги уйнинг юқори қаватидаги деразасидан мусиқий стереотизимнинг бўғиқ товуши эшитилмоқда. Бузуқ дарвоза ортида бадбўй ҳид таратаётган чиқиндига тўлдирилган қоплар уюми ётибди.
- Мана, - деди Хмури пичирлаб.
У Гаррининг тиндирилган қўлига пергамент бўлагини тутқазиб, ёритилган таёқча билан қоғозга битилган матнни ёритди.
- Тез ўқигин-да, ёд ол.
Бола қоғозга тикилиб, жуда таниш дастхат билан битилган матнни ўқиди:

Лондон шаҳри, Пинҳонийлик майдони, 12- уй. Қақнус ордени қароргоҳи.
Admin · Просмотров: 818 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 15:58:41

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p103.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)