Календарь

Октябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

ТЎРТИНЧИ БОБ. ПИНҲОНИЙЛИК МАЙДОНИ, 12- УЙ

- Орден дегани нима? - сўради Гарри.
- Жим, йигитча, сабр қил! Бу ерда эмас! - ириллади Хмури, - Уйга кирайлик, ёғдираверасан саволларингни!
У боланинг қўлидан пергамент бўлагини тортиб олиб, сеҳрли таёқча воситасида ёқиб юборди. Олов тиллари тез бужмайтириб юборган қоғоз бўлаги ерга учиб тушди. Гарри майдон атрофидаги уйларга разм солди. Ҳозир улар 11- уй рўпарасида турибди. Чап томондаги уй деворида «10» рақами, ўнг томондаги уй деворида эса «13» рақамини кўрди.
- Тушунмадим, қани?...
- Ҳозиргина сенга кўрсатилган манзил ҳақида ўйла, - боланинг саволини бўлди Люпин, паст овозда.
Гарри манзил матнидаги «Пинҳонийлик майдони, 12- уй» сўзларини ичида талаффуз этгани ҳамоно, ўн биринчи ва ўн учинчи уйлар орасида ниҳоятда кўримсиз эшик, унинг ортида эса кир девор-у, ойналари анчадан буён артилмаган дераза ғойибдан пайдо бўла бошланди. Янги уй худди ҳаво шари сингари шишиб, қўшни уйларни нари сурганча, боланинг кўз ўнгида катталаша борди. Ҳайрон қолган Гаррининг кўзи катта очилиб кетди. Бироқ 11- уйдаги мусиқий стереотизимнинг бўғиқ товуши қандай янграётган бўлса, шундай эшитилмоқда. Афтидан, ўша хонадонда истиқомат қиладиган магллар ҳеч нарсани пайқагани йўқ.
- Бўл тез, лаллайма, - шоширди Хмури, Гаррининг белидан туртиб.
Гарри ҳозиргина пайдо бўлган нақшинкор эшикни томоша қилганча, йўнилган тош зинапоя бўйлаб кўтарилди. Кумушдан кулала тушиб ётган илон шаклида ясалган эшик болғасига эга кириш эшиги эскириб, сиртидаги қора бўёқ чатнаб кетибди. На калит солинадиган тешик ва на хат ташланадиган тирқиш бор бу эшикда.
Люпин сеҳрли таёқчаси билан астагина эшик қоқди. Металлнинг бир неча бор шақиллагани, занжирнинг жаранглагани эшитилиб, эшик ғичирлаб очилди.
- Гарри, ичкарига, тезроқ, - пичирлади Люпин, - Фақат узоқ кириб кетма ва энг асосийси ҳеч нарсага қўл теккизма.
Остона ҳатлаган Гарри зим-зиё даҳлизга кириб қолиб, чанг, чиринди, зах ва ибтидоий, одам яшамайдиган хонадон ҳидини сезди. У елка узра ортга қараб, қолганлар ҳам кириб келаётганини кўрди. Люпин билан Бомс Гаррининг сандиғи билан Хедвигнинг бўш қафасини олиб киришмоқда. Хмури зинапоянинг устки поғонасига чиқиб олиб, кумуш зажигалкадан кўча фонусларининг колбалари томон шиддат билан учиб кетаётган ёруғлик шарларини чиқармоқда. Пинҳонийлик майдонини оч сариқ нур яна ёритди. Хмури каловланганча уйга кириб, эшикни ёпиши билан даҳлизни зулмат батамом қамраб олди.
- Қани, йигитча...
Қоронғида ҳам яхши кўрадиган Хмури сеҳрли таёқчаси билан Гаррининг бошига бир туширди. Боланинг белидан илиқ оқим ўтиб, Тиндириш афсунининг таъсири барҳам топди.
- Ана энди, токи мен чироқни ёқмас эканман, қилт этмай туринглар, - пичирлади Хмури.
Ҳамма пичирлаб гапиришидан, Гарри, худди ўлим тўшагида ётган кишининг уйига келиб қолгандай ҳис этди ўзини. Бўғиқ вишиллаган товуш эшитилиб, девордан кўчаётган гулқоғоз-у, узун, қоронғи даҳлизнинг куя еб, илма-тешик бўлиб кетган гиламига хира, милтиллаган нур сочган қадимий газ фонуслари ёнди. Шифт остида ўргимчак уяси чирмаб олган йирик чилчироқ, деворларда эса илгакларга илиниб, вақт қорайтириб юборган портретлар кўринди. Чилчироқ ҳам, лиқиллаб қолган столча устидаги шамдон ҳам, худди эшик болғаси каби, илон шаклига эга.
Илдам босилаётган қадам товуши эшитилиб, даҳлизнинг нариги томонидаги эшикдан Роннинг онаси миссис Уэсли чиқиб келди. У қувончдан яшнаб, хонадонга ташриф буюрганлар томон ошиқди. Сўнгги учрашувларидан кейин, миссис Уэсли рангидан қон қочиб, жуда озиб кетибди.
- О, Гарри, сени кўрганимдан бирам хурсандман, - пичирлади у, болани маҳкам қучоқлаб.
У Гаррини ўзидан нари олиб, диққат билан қарагач, давом этди:
- Озиб кетибсан. Сени яхшилаб боқиш керак. Фақат кечки овқат кечга суриладиган кўринади.
Сўнг, Гаррининг ортида турган сеҳргарларга юзланиб, ҳаяжон-ла пичирлади:
- У эндигина етиб келиб, мажлис бошлади.
Боланинг ортида ҳаяжонли хитоблар эшитилиб, ҳамма ҳозиргина миссис Уэсли чиқиб келган эшик томон йўл олди. Гарри ҳам улар кетидан кирмоқчи бўлди-ю, миссис Уэсли уни тўхтатди.
- Йўқ, Гарри, мажлис фақат Орден аъзолари учун. Сен юқорига чиқ. У ерда сени Рон билан Гермиона кутмоқда. Дўстларинг билан бирга ўтириб, мажлис тугашини кутасан. Сўнг, ҳаммамиз биргаликда овқатланамиз. Даҳлизда пичирлаб гапиргин, хўпми? - қўшиб қўйди у, қатъий шивирлаб.
- Нима учун?
- Бирон нарсани уйғотиб юбормаслик учун.
- Нарсани ҳам уйғотиб бўлар эканми?
- Ҳозир мавриди эмас, кейин тушунтириб бераман. Мен ҳам мажлисга киришим керак. Дастлаб қаерда ётишингни кўрсатиб қўяман.
Кўрсаткич бармоғини лабига босган миссис Уэсли оёқ учида юрганча, Гаррини иккита узун, куя еб тугатган ва тахминга кўра орқасида эшик бўлган парда ёнидан олиб ўтди. Шундан сўнг, троллнинг чопиб олинган оёғига ўхшайдиган соябон таглигини айланиб ўтиб, панжарасининг устига қуритилган бошлар ўрнатилган безак ликоплари терилган зинапоя бўйлаб юқорига етаклади. Яқинроқ қараган Гарри, ушбу бошлар бир-бирига жуда ўхшаб кетадиган, бурни чўчқанинг тумшуғини эслатадиган уй эльфларининг боши эканлигини англади. Зинапоя поғоналарига кўтарилган сари боланинг таажжуби ҳам ошиб борди. Нега энди ҳамма аллақандай ёвуз сеҳргар уйига тўпланиб олган?
- Миссис Уэсли, нима учун?...
- Қадрдоним, Рон билан Гермиона бор гапни сенга тушунтириб беришади. Мен эса чиндан ҳам, шошилишим даркор, - пичирлади хаёли қочган миссис Уэсли, - Мана, - деди у, иккинчи қаватнинг зина майдонига етиб келишгач, - Ўнг томондаги эшик, хонангга кириш эшиги. Мажлис тугаши билан келаман.
Миссис Уэсли пастга югуриб кетди.
Гарри зинанинг кир майдонини кесиб ўтиб, илон бошига ўхшаш дастани айлантирганча, кўрсатилган хона эшигини очди.
Бола шифти баланд хонага кириб, иккита бир хил каравотни кўришга базўр улгурди ҳам-ки, баланд қирқираган товуш ва янада баланд айюҳанносни эшитди. Хаёл ўтмай кўз олдини қўнғироқ сочларнинг қалин тутами тўсиб қўйди. Қучоқ очиб қарши олган Гермиона Гаррини йиқитиб юборишига бир бахя қолди. Роннинг миттигина бойқуши Чўчринстель эса қутуриб кетгандай иккаласининг боши узра гир айланмоқда.
- ГАРРИ! Рон, у келди, Гарри келди! Уйга кириб келганингизни эшитмабмиз! О-о, Гарри қалайсан? Соғлигинг яхшими? Роса аччиқланаётган бўлсанг керак биздан, а? Биламан аччиқланяпсан. Хатларимизнинг мазмуни ҳам бемаъни эди... Дамблдор биздан сенга ҳеч нарса ёзмасликни талаб қилиб, туриб олди. Шу боис, сенга бамаъни хат ёза олмадик... О-о, биз сенга жуда кўп нарсаларни айтиб беришимиз керак. Сен ҳам бизга... Дементорлар! Бу ҳақда хабар топиб... Устига устак ишинг интизомий жиҳатдан кўрилиши... Ўтакетган расвогарчиликдан бошқа нарса эмас, бу... Қисқаси, мен амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳаммасини кўриб чиқдим. Сени ўқувчилар рўйхатидан четлаштира олишмайди. Бунга ҳақлари йўқ. «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет»да вояга етмаган сеҳргарлар ҳаёт учун хавф туғилган фавқулодда ҳолатларда сеҳр қўллашлари мумкин дейилган...
- Гермиона, бўғиб қўясан уни, - деди табассуми ёйилиб кетган Рон, Гаррининг ортидан эшик ёпиб.
Бир ой ичида у кам деганда яна бир неча дюймга ўсиб, баттар найнов бўлиб қолибди. Узун бурни, малла сочи, сепкиллари эса ўзгаришсиз қолибди.
Қувончдан яшнаб кетган Гермиона Гаррини қўйиб юборди. Бироқ қиз яна бир оғиз сўз айтишга улгурмай қуш қанотининг ҳилпираши эшитилиб, кийим жавони устидан қандайдир қордай оппоқ нарса учиб тушганча, Гаррининг елкасига қўниб олди.
- Хедвиг!
Қутб бойқуши тумшуғини қарсиллатиб, соҳибининг қулоғини аста чимдий бошлади. Гарри қушнинг зийнатли пат қопламасини силаб қўйди.
- Бойқушинг шунақанги томоша кўрсатдики, қўяверасан, - деди Рон, - Сўнгги хатингни етказгач, бизни ўларча чўқиб ташлади, мана, ўзинг кўр...
У Гаррига ўнг қўлининг у қадар жиддий бўлмаган, битиб кетишига оз қолган кўрсаткич бармоғини кўтарди.
- Қаранг-а, қандай нохушлик, - пичинг қилди Гарри, - Кечирасан-у, мен Хедвигдан бамаъни жавоб олиб келишни талаб қилган эдим.
- Биз ёзмоқчи эдик, чин сўзим, - ишонтира кетди Рон, - Агар сен бамаъни хат-хабар олмайдиган бўлсанг бирон-бир аҳмоқлик қилиб қўйишинг мумкинлигингни ўйлаб, Гермиона роса бўғилди, лекин Дамблдор...
- ... менга ҳеч нарса ёзмасликни талаб қилиб, туриб олди, - Роннинг ўрнига гапни тугатди Гарри, - Эслаб қолдим.
Энг яқин дўстларини кўрган Гаррининг юрагидаги илиқлик бирдан барҳам топиб, ўрнини муздай ғазаб эгаллади. Шу бугунга қадар улар билан юз кўришишни жуда орзу қилган эди, энди-чи... хонадан чиқиб кетишларини, танҳо ўзи, ҳоли қолишни истаяпти.
Орага оғир сукунат чўкди. Гарри ҳеч кимга қарамасдан, Хедвигнинг патини титиб ўтирибди.
- Шундай қилинса яхши бўлади, деб ўйлаган, - деярли унсиз фикр билдирди Гермиона, - Мен Дамблдорни назарда тутмоқдаман.
- Ҳа, албатта, яхши бўлади, - деди Гарри, Гермионанинг бармоғидаги Хедвиг етказган жароҳатга оз бўлса-да, ачинмай қараб.
- Назаримда у, ўша маглларнинг уйида хавфсизроқ бўласан, деб билади... - гап бошлади Рон.
- Йўғ-е? - қошини кўтарди Гарри, - Шу ёз давомида бирортангизга бирорта дементор ҳамла қилди-ми?
- Йўқ, лекин... шунинг учун ҳам сени мунтазам кузатиб, муҳофаза қилиб боришлари учун Орден аъзоларидан бир неча нафарини тайинлаган...
Гаррининг ичидаги борки нарса, худди зинапоя поғонасини ўтказиб юборгандай, шув этиб кетди. Демак, кимлардир кузатиб юрганини ҳамма билади-ю, фақат Гаррининг ўзи билмайди
- Бироқ фойдаси бўлмади, - баёнот қилди Гарри, бақириб юбормасликка уриниб, - Охир-пировардида ўзимни ўзим ҳимоя қилишимга тўғри келди, шундайми?
- Мундугнус муддатидан олдин қоровуллик сменасини ташлаб кетганини эшитган Дамблдорнинг роса жаҳли чиқди, - деди Гермиона, иззат-ҳурматни ифодалайдиган ваҳима оҳангида, - Ўзимиз кўрдик. Жуда қўрқинчли бўлиб кетар экан.
- Мундугнуснинг кетиб қолгани бир томондан яхши бўлди, - совуққина жавоб қилди Гарри, - Акс ҳолда менга сеҳр-жоду билан шуғулланишга тўғри келмас эди. Демакки, Дамблдор мени ёз фаслининг охиригача Одамовилар хиёбонига қамаб қўйганидан хурсанд бўлиб юраверарди.
- Сен... ишинг интизомий жиҳатдан кўрилишидан қўрқмайсан-ми? - аста сўради Гермиона.
- Йўқ, - гердайганча алдади Гарри.
Елкасида бахтиёр Хедвиг ўтирган Гарри Рон билан Гермионадан нари кетиб, хонани кўздан кечиришга киришди. Таассуфки, қоронғи ва зах хонадаги ҳолат боланинг кайфиятини кўтариши даргумон. Бўёғи кўчиб бораётган деворни биттагина ўймакор ҳошияга олинган бўш расм безаб турибди холос. Гарри унинг ёнидан ўтар экан қулоғига расм қаъридан эшитилган ҳиринглаш чалинди.
- Нима учун Дамблдор, мени, дунёбехабар ҳолатда қолдиришни афзал топди? - сўради Гарри, овози одатдагидай эшитилишига уриниб, - Бу масалада... қизиқиб кўриш... сизларга малол келмади-ми, мабодо?
У нигоҳини Рон билан Гермионага айни зарурий фурсатда кўтарган экан. Иккаласи бир-бирига қараб, Гаррининг хулқи айнан ўзлари кутгандай кечаётганидан чўчиб туришибди.
- Сенга бор гапни ёзиб юбормоқчи эканлигимизни Дамблдорга айтган эдик, чин сўзим, - ўзини оқлашга уринди Рон, - Аммо у ҳозир жуда банд. Бу ерга келганимиздан буён уни атиги икки маротаба кўрдик холос. Шунда ҳам биз билан гаплашишга етарлича вақт ажрата олмади. Фақат хат орқали сенга бирон-бир хабар етказмаслигимизни талаб қилиб, бу масалада онт ичишга мажбур қилди. Почта бойқушлари йўлда тутиб олиниши мумкин экан.
- Мен билан боғланиш учун бойқуш почтасидан бошқа усул йўқ эди, деб ишонтиришга уринманг, илтимос, - кесатди Гарри, - Мулоқот қиламан деса, бойқушларсиз ҳам мулоқот қилиши мумкин эди у.
- Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим, - деди Гермиона Ронга қараб қўйиб, - Аммо у, бирон нарсадан бохабар бўлишингни истамади.
- Балки менга ишонмай қўйгандир? - сўради Гарри, ўртоқларининг қиёфасига синчковлик билан қараб.
- Эсингни еб қўйдинг-ми, нима бало? - довдираб қолди Рон.
- Демак, мен ўзимни ўзим ҳимоя қилишга қодир эмасман, деб ўйлаган.
- Йўқ, у бундай деб ўйламайди! - овоз кўтарди Гермиона.
- Нега бўлмаса сизларга ҳамма ишларда иштирок этиш мумкин-у, мен Дурсллар билан ўтиришим керак? - тутилиб гапира бошлади Гарри, ҳар бир кейинги сўзида оҳанги кўтарилиб, - Нима учун сизларга ҳамма нарсадан бохабар бўлиш мумкин-у, мен эса яккамоховга ўхшаб, дунёбехабар юришим керак?
- Ундай эмас! - гапни бўлди Рон, - Ойим бизни мажлисга яқин йўлатмаяпти. Айтишича, биз ҳали ёшлик қила...
Бироқ ўзини идора қила олмай қолган Гарри ўкира бошлади:
- ШУНАҚА-МИ, МАЖЛИСГА ЯҚИН ЙЎЛАТМАЯПТИ, ДЕНГ?! ҚАНДАЙ ҚАЙҒУЛИ ҲОЛАТ-А! ЛЕКИН СИЗЛАР ШУ ЕРДАСИЗ! БИРГАСИЗ! МЕН ЭСА БУТУН БОШЛИ ЁЗ ОЙИНИ АНАВИ ЛАЪНАТИ ДУРСЛЛАР БИЛАН ЎТКАЗИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ! ҚЎЛИМДАН, ҲАР ҚАЛАЙ, НИСБАТАН КЎПРОҚ ИШ КЕЛСА КЕРАК! ДАМБЛДОР ҲАМ БУНИ ЖУДА ЯХШИ БИЛАДИ! ФАЛСАФИЙ ТОШНИ КИМ БАЛОДАН САҚЛАБ ҚОЛДИ? РЕДДЛНИ ЙЎҚ ҚИЛГАН КИМ? ИККАЛАНГИЗНИ ДЕМЕНТОРЛАРДАН КИМ САҚЛАБ ҚОЛДИ? 
Гаррининг ичидан ой давомида тўпланиб қолган барча аламлар, хусусан, янгиликсиз юриб, ташвишга тушган кунларидан, иккала дўсти биргаликда вақтичоғлик қилишганидан, ўзи бехабар-у, бироқ уни кимлардир кузатиб юришганидан алам қилгани отилиб чиқа бошлади. Ўзи тортиниб юрган ички ҳиссиётлар кутилмаганда назорат остидан чиқиб кетди. Гаррининг қичқириқларидан ҳуркиб кетган Хедвиг юқорига кўтарилиб, яна ўша кийим жавонига қўниб олди. Бечора Чўчринстель эса қаерга қочишни билмай янада баланд чириллаб, шифт остида гир айлана кетди.
- КИМ АЖДАР, СФИНКС ВА ШУ каби, БОШҚА ҚАБОҲАТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШДИ? КИМ ВОЛЬДЕМОРТНИНГ ҲАЁТГА ҚАЙТИШИГА ШОҲИД БЎЛДИ? КИМ УНДАН ҚОЧИБ ҚУТУЛИШГА МУВАФФАҚ БЎЛДИ? МЕН! МЕН! МЕН!
Ўзини йўқотиб қўйган Рон оғзи ланг очилганча, нима дейишни билмай донг қотиб қолди. Гермионанинг кўзи бир зумда ёшга тўлди.
- ШУНДАЙ ЭКАН, МЕНДАН ХАВОТИР ОЛИШГА, НИМАЛАРНИДИР ЁЗИБ ЮБОРИШГА НЕ ҲОЖАТ?
- Гарри, биз сени бохабар қилиб бормоқчи эдик, рост... - гап бошлади Гермиона.
- ДЕМАК ИСТАКЛАРИНГ У ҚАДАР ЗЎР БЎЛМАГАН! АКС ҲОЛДА БИРОН НИМА ЙЎЛЛАГАН БЎЛАР ЭДИНГИЗ! ҲА-Я ДАМБЛДОР СИЗЛАРНИ ОНТ ИЧИШГА МАЖБУР ҚИЛГАН ЭДИ-КУ...
- Бироқ у, чиндан ҳам...
- ОДАМОВИЛАР ХИЁБОНИДА ТЎРТ ҲАФТА ИЗҒИБ ЮРДИМ! ДУНЁДА НИМА ГАП БЎЛАЁТГАНИНИ БИЛИШ УЧУН ОДАМЛАР АХЛАТДОНГА ТАШЛАБ ЮБОРГАН ГАЗЕТАЛАРНИ ОЛИБ ЎҚИШГА МАЖБУР БЎЛДИМ!...
- Биз...
- ҲА, СИЗ! МЕНСИЗ ВАҚТНИ ЧОҒ ЎТКАЗИБ, МАЗА ҚИЛГАН БЎЛСАНГИЗ КЕРАК?
- Гапимизга ишон...
- Гарри, биз жуда, жуда ачинамиз! - ҳўнграб юборди Гермиона, кўзидан шашқатор ёш оқиб, - Агар шундай муносабат билдиришганида мен ҳам қутуриб кетган бўлар эдим, бироқ минг афсус...
Гарри Гермионага маълум вақт баджаҳл қараб турди-да, орқа ўгирилиб, хона бўйлаб юра бошлади. Орага узоқ давом этган жимжитлик чўкди. Фақат кийим жавони устидаги Хедвигнинг маъюс гурсиллаши-ю, Гаррининг оёғи остидаги пол тахтасининг нохуш ғичир-ғичири эшитилмоқда.
- Қанақа жой бу? - узуқ-юлуқ сўради у, Рон билан Гермионадан.
- Қақнус орденининг қароргоҳи, - шоша-пиша жавоб берди Рон.
- Бирортангиз ушбу Орден ҳақида тушунтириш берасизми ёки буни ҳам билишим шарт эмасми?...
- Дамблдор бошчилигидаги, ўзи таъсис этган яширин жамият, - ҳовлиқиб тушунтириш бера бошлади Гермиона, - Орден таркибига ўтган сафар Ўзинг-Биласан-Кимга қарши жанг олиб борган шахслар киради.
- Ким улар? - сўради хонанинг ўртасида, қўлини чўнтакка солиб олганча, тўхтаган Гарри.
- Уларнинг сони анчагина...
- Биз тахминан йигирма кишини биламиз, - деди Рон, - Лекин аслида Орден аъзолари кўпчиликдан ташкил топганлигига шубҳа йўқ.
Гарри ўртоқларига ҳамон баджаҳл қараб турибди.
- Хўш? - талаб оҳангида сўради у, нигоҳини бирининг юзидан иккинчисининг юзига олиб ўтиб.
- Э-м-м, - латта чайнади Рон, - Н-нима, хўш?
- Вольдемортни сўраяпман! - бақирди Гарри иккаласини чўчитиб юбориб, - У ҳақда нима гап бор? Ҳозир қаерда у? Нима... еяпти? Хатти-ҳаракатларининг оқибатларини зарарсизлантириш учун қандай чоралар кўриляпти?
- Айтдик-ку, сенга, Орден аъзоларининг мажлисига яқин йўлатишмаяпти бизни, деб, - ҳаяжон-ла, тушунтириш бера кетди Гермиона, - Бинобарин, кўрилаётган чора-тадбирлар тафсилотлари бизга қоронғи... лекин умумий тасаввурга эгамиз, - тез қўшиб қўйди у, Гаррининг юзида шаклланаётган важоҳатни кўриб.
- Гап шундаки, Фред билан Жорж пинҳонқулоқ ихтиро қилишган, - маълумот берди Рон, - Жуда фойдали буюм.
- Пинҳонқулоқ?
- Одамлар орасида ўтаётган суҳбатни пинҳона эшитиб бориш учун мўлжалланган махсус қулоқ. Фақат ундан фойдаланишни бас қилишга тўғри келди. Ойим кўриб қолиб, қутуриб кетди. Ҳаммасини чиқиндига улоқтирди. Бироқ эгизаклар айрим қулоқларни сақлаб қолишга муваффақ бўлишди. Лекин пинҳонқулоқ ишлатилишига қадар ҳам, баъзи маълумотларни истиҳборот қилишга улгурдик. Орден аъзоларининг айримлари Ўлимдан мириқувчиларнинг фаолиятларини кузатиб, тегишли маълумотларни йиғиб, умумлаштириб бораётганидан хабар топдик...
- Яна баъзилари Орденга янги аъзоларни жалб этишмоқда, - давом этди Гермиона.
- Айримлари эса ниманидир қўриқлашмоқда, - сўзини якунлади Рон, - Навбатчилик ҳақида кўп гап боради.
- Ниманидир эмас, кимнидир бўлса керак? - истеҳзо оҳангида сўради Гарри, - Улар мени қўриқлашган.
- Чиндан ҳам, - чўзди Рон, ваҳий келгандай қиёфа ясаб.
Гарри кинояли пишқириб қўйди-да, Рон билан Гермионага қарамасликка уриниб, атрофга аланглаганча, хона бўйлаб боз изғий бошлади.
- Модомики, иккалангизни Орден аъзоларининг мажлисига яқин йўлатишмаган экан, нима билан машғул бўлдингиз? - сўради Гарри жанжалкашлик оҳангида, - Ҳозир ҳаммамиз бандмиз, бироқ бу ҳақда батафсил баён эта олмаймиз... деб ёзар эдингиз-ку, ҳар хатингизда?
- Чиндан ҳам шундай, - шоша-пиша жавоб қайтарди Гермиона, - Уй тозаладик. Бу уй кўп йиллардан буён эгасиз, бўш қолган. Шу боис, кимсасиз хоналарида ҳар хил қабоҳатлар қўним топган. Ошхонага ва деярли барча ётоқхоналарга ишлов бердик. Энди ўйлашимча, меҳмонхона билан шуғуллансак керак... А-А-А-А!
Икки маротаба баланд янграган қарс эшитилиб, хонанинг ўртасида Роннинг эгизак акалари Фред билан Жорж пайдо бўлишди. Ўтакаси ёрилиб кетган Чўчринстель қулоқни битказиб юборгудай чириллаб, Хедвиг томон ўқдай учиб ўтди.
- Бас қилинг одам қўрқитишни! - деди овози бўшашиб қолган Гермиона, худди Рон каби, малла соч, лекин у қадар новча бўлмаган бақувват эгизакларга.
- Салом, Гарри, - қувонч-ла кўришди Жорж, - Ширали овоз кимга тегишли экан, деб ҳайрон бўлибмиз. Сен экансан-да, бақирган?
- Тўғри қиласан, Гарри, - фикр билдирди яшнаб кетган Фред, - Ғазабни ичингда сақлаб юрмай, ташқарига чиқариб юбор. Теварак-атрофнинг эллик миля келадиган радиусида яшайдиган одамлар орасида сени эшитмай қолган бир-икки нафар кар қолган бўлса керак.
- Ҳавода даф бўлиб, пайдо бўлиш имтиҳонини топширдингиз-ми? - вайсақи оҳангда сўради Гарри.
- Аъло баҳога, - бош ирғиди қўлида тана рангли ғалати арқон тутган Фред.
- Зинапоядан тушсангиз, атиги ярим дақиқа кўпроқ вақт сарф этасиз холос, - эътироз билдирди Рон, норози қараб.
- Вақт – галлеондир, укагинам, - деди Фред, оқил қиёфа ясаб, - Ўкириб, қабул сигналларини сўндириб юбординг, Гарри. Мана буни пинҳонқулоқ, дейдилар, - эшикдан чиқиб кетган арқонни силтаганча, тушунтириш берди у, Гаррининг қоши кўтарилганини кўриб, - Улар нима ҳақда гапиришаётганини билиб олмоқчи бўлиб турган эдик.
- Эҳтиёт бўлинг, - огоҳлантирган бўлди Рон, пинҳонқулоққа қараб, - Ойим яна кўриб қолгудай бўлса борми... 
Эшик очилиб, узун малла соч кўринди.
- Вой, салом, Гарри! Сенинг овозинг бўлса керак, деб ўйлаган эдим, адашмабман, - кўришди Роннинг синглиси Жинна ва эгизак акаларига юзланди, - Пинҳонқулоқ кор бермайди энди. Тасаввур қиляпсиз-ми, ойим шартта олибди-да, ошхона эшигига Товуш ўтказмаслик афсунини қўллабди-қўйибди.
- Сен қаердан биласан? - ҳайрон бўлди Фред.
- Текшириш усулини Бомс ўргатган эди менга, - деди Жинна, - Бирон нарсани олиб, эшик томон улоқтириш керак. Агар жисм эшикка қадар етиб бормаса, демак унга Товуш ўтказмаслик афсуни қўлланилган. Амалда синаб кўриш учун гўнг бомбаларини улоқтириб кўрдим. Эшикка етиб бормай, ҳар томон сапчиб кетди. Демак, пинҳонқулоқ ҳам эшик остига кириб бора олмайди. 
Фред оғир хўрсиниб қўйди.
- Бемаънигарчилик бўлибди. Мен эса Снеггчамиз нимани ният қилганини билиш иштиёғида эдим.
- Снегг! - овоз кўтарди Гарри, - У ҳам шу ердами?
- Аҳа. Ўта махфий маълумот келтирган, албатта, - деди Жорж, эшикни қия очиқ қолдирганча, каравотга ўтириб.
Фред билан Жинна ҳам унинг ёнига жойлашиб олишди.
- Серка, - эринчоқ оҳангда чўзди Фред.
- У биз томонда-ку, - ўпка-гина қилди Гермиона.
- Нима энди, бу билан у серка бўлмай қоладими? Бизга ўқрайиб қарашларини кўрсанг эди!
- У Биллга ҳам ёқмас эди, - маълум қилди Жинна, худди унинг сўзи ҳамма нарсани узил-кесил ҳал қиладигандек.
Гаррининг вужудини қамраб олган ғазаб ҳали тўла-тўкис босилгани йўқ. Аммо бирон-бир аниқ ва тушунарли маълумотга эга бўлиш истаги жанжалкашликдан устун келди чоғи, у ҳам болаларнинг рўпарасидаги каравотга жойлашиб олди.
- Билл ҳам шу ердами? - сўради Гарри, - Мен уни Мисрда бўлса керак, деб ўйлаган эдим.
- Уйда яшаб, Орден манфаатларида фаолият юритиш учун идора ишига ўтиб олди, - деди Фред, - Турбатларни соғинибди эмиш-у, - истеҳзоли кулиб қўйди у, - Бироқ бу ерда ўзига хос афзалликлар бор экан.
- Қанақанги афзалликлар?
- Флёр эсингдами? Флёр Делакёр-чи? - сўради Жорж, - Ўша кампир инглиз тилида сўзлашишини такомиллаштиғиш мақсадида юғтимизга ташғиф буюғиб, ўзига иш қидиғиб топибди. Тасаввуғ қил, ҳозиғ у «Гғинготтс»да ишлаяпти, - деди у, Флёрга тақлид қилиб.
- Билл эса унга инглиз тилидан якка тартибда ва тез-тез дарс бериб турибди, - кишнаб юборди Фред.
- Чарли ҳам Орден аъзоси, - маълум қилди Жорж, - Фақат у ҳозирча Руминияда. Дамблдор сафларимизга хорижлик сеҳргарларни кўпроқ ёлламоқчи. Бинобарин Чарли ўзининг дам олиш кунларини маҳаллий сеҳргарлар билан алоқа боғлашга сарф этмоқда.
- Бу масалада Персининг нафи кўпроқ тегмайди-ми? - сўради Гарри.
Гарри билишича, Уэслиларнинг учинчи акаси Перси Буюк Британия Сеҳргарлик вазирлигининг Халқаро сеҳргарлик ҳамкорлиги департаментида ишлайди. Лекин Гаррининг саволини эшитган Уэслилар бир-бирига маънодор қараб қўйишди.
- Энг асосийси, Гарри, ота-онамиз олдида Персини тилга олмасанг бўлди, хўпми? - ийманиб илтимос қилди Рон.
- Ие, нима учун?
- Чунки унинг номини тилга оладиган бўлсанг, дадам албатта қўлидаги нарсани пачақ қилиб юборади. Ойим эса кўз ёш тўкади, - тушунтирган бўлди Жорж.
- Даҳшат, - деди Жинна маъюс оҳангда.
- Тушунтириб гапирсангиз-чи, тинчликми? - сўради Гарри.
- Перси дадам билан аразлашиб қолди, - тушунтира бошлади Фред, - Дадам бирон-бир киши билан бу даражада сўкишишини ҳали ҳеч кўрмаган эдим. Бақириш-у, ўкиришни ойимизга қўйиб бериш керак, деб юрган эканман... 
- Ўқув йили тугаши билан нохушлик рўй берди, - давом этди Рон, - Оиламиз Орден қароргоҳи томон йўлга чиқишга ҳозирланиб бўлган эди. Перси уйга келиб, мансаб поғонаси бўйича кўтарилганини маълум қилди...
- Ҳазиллашяпсан-ми? - хитоб қилди Гарри.
Перси иззати нафсини ниҳоятда юқори қўядиган кишилар тоифасига киришини, бироқ иш жойида ниҳоятда фаросатсиз эканлигини намоён этган тарзда ўзини фақат салбий томондан кўрсатганлигини Гарри билади, албатта. Гарчи вазирлик реал воқеликка бовар қилмай, мистер Сгорбсни ақлдан озиб қолган, деб эътироф этган бўлса-да, Персининг қобилияти ўз бошлиғи мистер Сгорбснинг хатти-ҳаракатлари Лорд Вольдеморт томонидан идора қилиб борилганини идрок этишга етмаган. 
- Хабарини эшитиб биз ҳам худди сен каби, таажжубландик, - бош ирғиди Жорж, - Негаки акам Сгорбснинг дастидан кўп нохушликлар, шу жумладан, тергов тадбирларини бошдан кечирди. Перси бошлиғининг томи жилиб қолганини дарҳол пайқаши ва бу ҳақда юқори поғонага мансуб идораларга зудлик билан билдирув бериши кераклигини вазирликда анча гапириб юришди. Персини биласан-ку! Сгорбс унга раҳбарлик юганини топширган, бу эса ўз навбатида, Персига жуда ёққан.
- Хўп, мансаб поғонаси бўйича қандай кўтарилиб қолди у?
- Ушбу масала бизга ҳам қизиқ туюлди, - деди Рон, Гаррининг қичқирмай қўйгани ва у билан одамга ўхшаб, бемалол суҳбатлашиш мумкинлигидан хурсанд бўлиб, - Ўша куни Перси уйга ўзидан ўзи фавқулодда мамнун бўлиб қайтиб, дадамга, шахсан Фуж ҳузуридаги мансабга, хусусан, сеҳргарлик вазирининг кичик ёрдамчиси лавозимига тайинланганини маълум қилди. Мактабни тамомлаганига эндигина бир йил бўлган йигит учун бу супермавқе-ку! Перси, афтидан, хушхабарни эшитган дадам қувончдан беҳуш йиқилишини кутган кўринади.
- Лекин дадам хурсанд бўлмади, беҳуш йиқилмади, - ғудуллади Фред.
- Сабаб? - сўради Гарри.
- Гап шундаки, сўнгги вақтларда Фуж, вазирликнинг бирон-бир ходими Дамблдор билан мулоқот қилишига йўл қўймаслик учун оёғи куйган товуқдай хонама-хона югуриб юрибди, - деди Жорж.
- Энди вазирликда Дамблдор билан мулоқот қилиш у ёқда турсин, унинг исмини ҳам тилга олиш мумкин бўлмай қолди, - деди Фред, - Эмишки Дамблдор, Ўзинг-Биласан-Кимнинг ҳаётга қайтганлиги тўғрисидаги гаплари билан тинч кечаётган ҳаёт тарзини издан чиқариб, одамларнинг кўнглига ғул-ғула соляпти.
- Дадамнинг сўзларига қараганда, Фуж, ким-ки Дамблдор билан якдил экан, тугун-терсагини кўтариб, вазирликдан даф бўлсин, деб баёнот қилибди, - қўшимча қилди Жорж.
- Ҳамма бало Фужнинг дадамдан гумонсирашида, - давом этди Фред, - Дадам Дамблдор билан азалдан яхши муносабатда бўлганини Фуж билади, албатта. Устига устак дадамнинг маглларга бўлган ҳурматини Фуж руҳий носоғлик сифатида қабул қилади.
- Бу гапларнинг Персига нима дахли бор? - сўради Гарри ҳеч нарсани тушунмай.
- Мен гапни шунга тақаб келяпман, - деди Фред, - Дадамнинг фикрича, Фуж Персини ўз ҳузуридаги лавозимга айнан бизнинг оиламизни, оиламиз орқали эса табиийки, Дамблдорнинг фаолиятини кузатиб бориш ва бу масалада акамдан жосус сифатида фойдаланиш ниятини кўзлаб тайинлаган. 
Гарри аста ҳуштак чалиб қўйди.
- Ҳа, бундай лавозимга тайинланганидан Перси ниҳоятда мамнун бўлиб, ғурурланса керак.
Рон ҳасрат-ла кулиб қўйди.
- Бахтиёрлигидан ақлини йўқотиб қўйишига сал қолди, - деди у, - Лекин Перси... қисқаси унинг оғзидан ҳар хил бемаъни гаплар чиқди. Эмишки у, дадам ёмон отлиқ бўлгани боис вазирликка ишга кирганидан буён азият чекар экан. Персининг фикрича дадамда зиғирдай бўлсин, иззати нафс йўқ ва айнан шу боис оиламиз доимо... нима десам экан... қисқаси пулимиз кам бўлиб келган экан...
- Нима?! - ўз қулоғига ўзи ишонмади Гарри.
Жинна эса аччиқланган мушук каби, вишиллаб қўйди.
- Ҳа, - тасдиқлади Рон, - Бу ҳам майли, бироқ Персининг баёнотига қараганда, дадам Дамблдорнинг кетидан нодон каби, эргашиб юрар экан. Тез орада Дамблдор, унинг кетидан эса дадам ҳам чирпирак бўлиб тушар эмиш. Демак Перси, вазирликка нисбатан холисона иш тутмоғи даркор бўлиб, модомики, ойим билан дадам хоинлик йўлини танлашган экан, бундай оила билан алоқани батамом узганини ҳамма билиб қўйиши керак эмиш. У ўша куни тугун-терсагини кўтариб, уйни тарк этди. Ҳозир у шу ерда, Лондонда яшамоқда.
Гарри паст овозда сўкиниб қўйди. У ҳеч қачон Персини хуш кўрмаган, лекин мистер Уэслига бундай аҳмоқона сўзларни гапиришини ҳеч қачон кутмаган.
- Ойим қайғурмоқдан жуда эзилиб кетди, - ифодасиз давом этди Рон, - Ўзинг тушунасан, она... йиғлагани-йиғлаган. Лондонга келиб, Перси билан бафуржа гаплашиб кўришга уриниб ҳам кўрди. Аммо акам ойимни уйга киритмай, эшикни ичкаридан ёпиб қўйибди. Вазирликда дадам билан рўбару бўлиб қолганда нима қиляпти, билмайман... Кўрмаган кўйга солиб, тескари ўгирилиб кетаётган бўлса керак...
- Перси у қадар аҳмоқ эмас-ку, ахир. Вольдеморт чиндан ҳам ҳаётга қайтганини яхши тушуниши керак, - аста фикр билдирди Гарри, - Ота-онаси жамики топганини ўртага қўйиб, исбот-далилларсиз кўр-кўрона таваккалчилик қилмаслигини билар.
- Ҳа, айтгандай. Гап орасида сен ҳам тилга олиндинг, - деди Рон, Гаррига кўз қири билан қараб, - Персининг айтишича, сенинг сўзларингдан ташқари, бошқа ҳеч қандай исбот-далил йўқ экан. Умуман айтганда... м-м-м... нима десам бўлар экан... қисқаси сенинг сўзларинг етарли эмас экан.
- Перси кўпроқ «Башорат-у, каромат газетаси»га ишонади, - пичинг қилди Гермиона, заҳарлигина оҳангда.
Ҳамма бош ирғиб, тасдиқлаб қўйди.
- Бу билан нима демоқчисиз? - сўради Гарри, ҳаммага бир бошдан қараб чиқиб.
Хонада ўтирганлар бир-бирига ташвишли қараб қўйди.
- Сен... «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқиб бормадинг-ми? – хавотир оҳангида сўради Гермиона.
- Нега энди, ўқиб бордим, - деди Гарри.
- Сен уни... м-м-м... диққат билан ўқидинг-ми? - янада хавотири ошиб сўради Гермиона.
- Бошидан охиригача ўқимас эдим-у, - муҳмал жавоб қайтарди Гарри, - Агар гап Вольдеморт тўғрисида борадиган бўлса, бу ҳақда биринчи саҳифадаги бош мақолада ёзилади-ку, шундай эмасми?
Даҳшатли исмни эшитганларнинг барчаси сесканиб кетди. Гермиона шоша-пиша фикрини давом эттирди:
- Шундайликка шундай-куя, лекин ҳозир гап нима ҳақида бораётганлигини тушуниш учун газетанинг барча сонларини бошидан охиригача ўқиб боришинг керак эди. Исминг... м-м-м... газета сонларида ҳафтада кам деганда икки маротаба тилга олиб борилди.
- Мен буни пайқамадим...
- Агар фақат биринчи саҳифани ўқиган бўлсанг, пайқамагансан, албатта, - деди Гермиона, бош чайқаб, - Ҳозир мен бош мақолаларни назарда тутаётганим йўқ. Мақола муаллифлари исмингни у ер, бу ерда, қистирилган гап ёки кундалик ҳазил сифатида қўллашган.
- Бу нима деганинг?...
- Айтмоқчиман-ки, буларнинг бари Рита Вритернинг қаламига мансуб мақолаларнинг давоми сифатида эътироф этилиши лозим бўлган жирканчликдан бошқа нарса эмас, - деди Гермиона атайин хотиржам ясалган оҳангда.
- Ахир у, ўзининг мурдор табиатига хос мақолаларни ёзмай қўйган-ку, шундай эмасми?
- Ҳа, тўғри, ёзмай қўйган. У ўз ваъдасига вафо қилиб юрибди... бошқа чораси ҳам йўқ, - кулиб қўйди Гермиона, ўзидан ўзи мамнун бўлиб, - Бироқ Рита матбуотда юзага келган бугунги бемаъниликнинг пойдеворига ўз вақтида асос солиб қўйган.
- Аниқроқ гапирсанг-чи, нима гап? - бетоқат бўла бошлади Гарри.
- Эсингдами, ўша Вритер чандиғинг оғриганидан ҳушингни муттасил йўқотиб боришинг ва шу кабилар ҳақида ёзган эди.
- Эсимда, албатта.
Бундай жирканч паскивилларни унутиб бўлар эканми, хаёлдан ўтказди Гарри. (Пасквиль – ҳақоратнома, яъни ҳақорат ёки туҳмат қилиб ёзилган мақола, асар).
- Энди сени газета саҳифаларида худди ақли ноқис, ўзини фожиавий қаҳрамон деб билиб, шахсига кўпроқ эътибор қаратишга уринаётган бола сифатида кўрсатишмоқда, - деди Гермиона, худди сўзларининг нохушлиги Гаррига камроқ таъсир қиладигандек, жуда тез гапириб, - Гап келганда, у ёки бу мақолада сен назарда тутилган турли истеҳзо ва пичинглар қистириб ўтиладиган бўлиб қолди. Чунончи, агар ақлга тўғри келмайдиган бирон-бир мавзу ҳақида гап борса: «Гарри Поттерга оид миш-мишлар руҳидаги гаплар», деб ўтишади. Мабодо бирон кишига бирор кор-ҳол бўлиб, жароҳатлангани баён этилса: «Жароҳати чандиқсиз битиб кетишига умид билдирамиз. Акс ҳолда унга ҳам сажда қилишга мажбур бўлиб қоламиз», деб ёзишади.
- Менга биров сажда қилишини истамайман, - бақириб юборди Гарри, қони қайнаб.
- Биламан, - гапни бўлди чўчиб кетган Гермиона, - Биламан, Гарри. Мен шунчаки, матбуотда юзага келган ҳолат ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишинг учунгина айтиб беряпман холос. Уларнинг мақсади аён – сенга ҳеч ким ишонмаслиги керак. Бошимни кундага қўйиб айтаман-ки, бундай бемаъниликлар ортида Фуж турибди. Сени оддий одамларга ҳамманинг диққат-эътибор марказида, машҳур бўлиб юришни ёқтирадиган ва шу боис атайин сирли воқеалар тўқиб чиқараётган калтафаҳм, гўл бола сифатида кўрсатиш – вазирлик кўзлаётган асосий мақсаддир...
- Вольдеморт ота-онамни ўлдиришини истаганим йўқ... илтимос қилганим йўқ...! - нафратдан дудуқланиб бақирди Гарри, - Ўша қотил оиламни ўлдириб, мени ўлдира олмагани учунгина донгдор бўлганман! Кимга керак экан бундай машҳурлик? Ҳеч ўйлаб кўришмади-ми, мен бажонидил...
- Гарри, биз биламиз, - деди Жинна жиддий оҳангда.
- Сенга дементорлар ҳамла қилишгани ҳақида, табиийки, газета саҳифаларида бирон оғиз сўз айтилмади, - давом этди Гермиона, - Таҳририят бу ҳақда оғиз очмаслик борасида буйруқ олгани аниқ. Негаки, бу гап сеҳргарлик вазирлигига обрў келтирмайдиган ортиқча шов-шув кўтарилишига сабаб бўлади! Ўзинг ўйлаб кўр, назорат остидан чиқиб, вазирликка итоат қилмай қўйган дементорлар! Ишларнинг бундай ҳолати одамларнинг кўз ўнгида вазирлик нуфузига путур етказса етказади-ки, обрўйига обрў қўшмайди. Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерациясининг Махфийлик Мақомини бузганинг ҳақида ҳам лом-мим дейишмади. Савлатга зўр берганлар қиёфасига жуда мос келадиган ушбу ахборот эълон қилинишига ишончимиз комил эди. Таассуфки, чоп этилмади. Фикримизча, улар қулай фурсат кутишмоқда. Мактаб ўқувчилари рўйхатидан четлатилсанг, агар четлата олишса, демоқчи эдим, - шоша-пиша қўшиб қўйди у, - Табиийки, бу гаплар юзага чиқади. Бунга эса улар йўл қўя олишмайди, агар улар ўз қонунларига амал қилишса, албатта. Хуллас, сенга қарши ҳеч нарсалари йўқ, уларнинг.
Яна Гаррининг иши интизомий жиҳатдан кўриб чиқилишига оид мавзу очилди. Гарри эса бу ҳақда ўйлашни ҳам истамаяпти. Мавзуни алмаштиришни энди ўйланган эди ҳам-ки, зинапояда қадам товуши эшитилиб, бирон нарса ўйлаб топишга ҳожат бўлмади.
- Вой-вой-вой, - шошиб қолди Фред, пинҳонқулоқни тортиб.
Қаттиқ қарс янграб, эгизаклар ҳавода даф бўлишди. Яна икки сониядан сўнг, остонада миссис Уэсли кўринди.
- Мажлис тугади, юринглар овқатланамиз. Гарри, ҳамма сен билан дийдор кўришиш иштиёқида. Ҳа, айтгандай, ошхона яқинига гўнг бомбаларини ким улоқтирди?
- Маймоқоёқ, - деди Жинна, юзи қизармай, - Бирам яхши кўради ўша бомбалар билан ўйнашни.
- А, - деди миссис Уэсли, - Мен Тараққоснинг иши бўлса керак, деб ўйлабман. У доимо бирон-бир қилиқ кўрсатиб юради. Хўш. Даҳлизда баланд овозда гапириб бўлмаслигини унутманг. Жинна, қўлингнинг кирлигини қара-я! Қиз болага ярашадими шу аҳволда юриш? Овқатланишдан олдин яхшилаб ювиб тозала.
Жинна миссис Уэслига билдирмай башара ясади-да, онасининг кетидан бориб, хонани тарк этди. Гарри яна дўстлари Рон ва Гермиона билан қолди. Иккаласи Гаррига, афтидан, ҳамма чиқиб кетгач, боз қичқира бошлашидан хавфсираб қараб туришибди. Дўстларининг чўчиган юзига эътибор қаратган Гарри ўзини бироз ноқулай ҳис этди.
- Қулоқ солинг... - гап бошлади у, бироқ Рон бош силтаб, гапиргани қўймади.
- Жаҳлинг чиқишини билар эдик, Гарри, - деди Гермиона, паст овозда, - Биз сендан хафа эмасмиз. Лекин Дамблдорни кўндиришга уринганимизга ишонишинг шарт.
- Ишонаман, - қисқа қилди Гарри.
У бошқа мавзу қидира бошлади. Негаки, Дамблдор ҳақида ўйлаши билан Гаррининг вужуди боз ғазабдан ёна бошламоқда.
- Тараққос деганлари ким бўлди? - сўради у.
- Уй эльфи, - деди Рон, - Шунақанги васвос-ки, бунақасини кундуз куни чироқ ёқиб топа олмайсан.
Гермиона қовоқ солиб олди.
- Ҳеч қанақанги васвос эмас у, Рон.
- Зинапоя панжарасига терилган безак ликопларидан бирига қўйиб қўйилгани онасининг боши каби, боши кесилишини ҳаётий мақсад, деб билганидан кейин васвос демай, нима деб аташ керак уни?
- Тўғри... у сал ғалатироқ. Лекин бундай бўлишида уни айблаб бўлмайди.
Рон Гаррига юзланди-да, кучаниб, кўзини чақчайтирди.
- Бошланди. Сассиқ. Анчадан буён эшитганимиз йўқ эди.
- Ўзинг сассиқсан! - чийиллади Гермиона, - Неча маротаба айтиш керак, сассиқ эмас САССИҚ! Яъни, Сабабсиз абгор-у, саргардон сеҳргарлар истибдодига қаршиман! Жамият номи, Уй эльфларини ҳурриятга чиқариш фронтининг шиори! Бунинг устига нафақат мен, Дамблдор ҳам Тараққоснинг қилиқларига чидамли бўлиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
- Ҳа, албатта. Дамблдор таъкидлаган бўлса, илож қанча, чидаймиз-да. Юринглар, қорним очиб, ичакларим умуртқамга ёпишиб қолди.
Рон биринчи бўлиб остона ҳатлаб чиқди-да, зина поғонасига ҳали оёқ қўймай, қўлини ён томонга узатиб, пичирлади.
- Жим! Улар даҳлизда экан. Келинглар, суҳбатларини эшитиб кўрамиз.
Учовлон зинапоя панжараси узра аста пастга боқди. Қоронғи даҳлизга алланима ҳақида ҳаяжон-ла шивирлашаётган.кўплаб сеҳргар эркаклар-у, афсунгар аёллар тўпланган. Улар орасида авангард ҳам тўла таркибда турибди. Ўртада Гарри ёмон кўрадиган ўқитувчи, сочи ёғли, бурни узун профессор Снеггнинг қора боши кўринди. Снегг Қақнус орденида нима иш қилиши билан қизиққан Гарри панжара орқали янада пастроқ эгилди.
Айни шу фурсатда тана рангли қандайдир арқон Гаррининг юзига тегиб-тегмай пастга тушди. Тепага қараган Гарри юқори қаватдаги зина майдонида даҳлизга тўпланган сеҳргарлар тўдаси томон пинҳонқулоқ тушираётган эгизакларни кўрди. Таассуфки, ушбу тўда кўп ушланиб қолмай, чиқиш эшиги томон ҳаракат бошлаб, хаёл ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
- Жин урсин, - эшитилди пинҳонқулоқни тортиб олаётган Фреднинг эътирозли овози.
Даҳлиздан чиқиш эшигининг очилиб, ёпилгани эшитилди.
- Снегг ҳеч қачон овқатланмайди бу уйда, - маълум қилди Рон Гаррига, - Худога шукур! Шуниси ҳам яхши. У билан бир дастурхонда овқатланаман деб қошим учиб тургани йўқ. Тушдик пастга.
- Гарри, шивирлаб гапириш кераклигини унутма, - пичирлаб эслатди Гермиона.
Учовлон эльф бошлари терилган безак ликоплари ёнидан аста юриб, чиқиш эшигини сеҳрли таёқча билан кўплаб қулф ва тамбалар воситасида қулфлаётган Люпин, миссис Уэсли ва Бомсни кўрди.
- Ошхонада овқатланамиз, - пичирлади миссис Уэсли, зинапоя бўсағасига етган болаларни кўриб, - Гарри, болагинам, оёқ учида юриб, анави эшикка кир...
ГУМБУР!
- Нима қилиб қўйдинг, Бомс! - қўлини умидсиз силкитиб юборди миссис Уэсли ортга ўгирилиб.
- Маъзур сананг! - ингради полда юз тубан чўзилиб ётган Нимфадора, - Аҳмоқона таглик! Иккинчи маротаба қоқилиб кетишим...
Бироқ қизнинг қолган сўзларини киши қонини музлатиб юборадиган даражада ваҳимали, ақлга тўғри келмайдиган дод-фарёд босиб юборди.
Даҳлиздаги иккита узун, куя еб тугатган ва Гаррининг тахминига кўра орқасида эшик бўлган парда икки томонга кескин очилиб кетди. Дастлабки сонияларда боланинг кўзига эшик эмас дераза, деразадан эса бошига қора чепец боғлаб, даҳлизга бош суққан кампир кўринди. Кампир шу қадар дод солдики, худди уни биров қийноққа солгандек. Сал ўтиб Гарри кўриб тургани дераза ҳам эмас, балки табиий ўлчамда солинган жонли, ҳаёти давомида кўрган портретлар ичида энг нохуш портрет эканлигини англади. (Чепец – европалик аёлларнинг енгил, иссиқ бош кийими).
Бақир-чақир қилиб, кўзи орқага тортилган, юзининг сарғиш тери қопламаси кучанмоқдан таранг тортилиб кетган кампирнинг оғзидан ҳар томон сўлак сачрамоқда. Унинг айюҳанносини эшитган бошқа портретлар ҳам уйғониб, қичқириққа жўр бўлганча, қий-чув кўтарди. Бечора Гарри кўзини қисиб олиб, қўлини қулоғига маҳкам босиб олишга мажбур бўлди.
Люпин билан миссис Уэсли пардани ёпишга уринишди-ю, аммо пардалар итоат қилмади. Иккаласининг ҳаракатини кўрган кампир баттар бақириб, даҳлизда турганларнинг юзини тимдалаб, кўзини ўйиб олмоқчи бўлгандай, ўткир тирноқли қўли билан ҳаво тирнай кетди. 
- Ифлослар! - ўкирди кампир, - Мурдорлар! Разолат ва қабоҳат ҳосилалари! Чала зотлар, ақли ноқис дурагайлар, йўқолинглар бу уйдан! Аждодларим хонадонининг остонасини ҳаром қилиб ҳатлаб ўтишга қандай журъат этдинглар...
Троллнинг чопиб олинган оёғига ўхшайдиган соябон таглигини жойига тиклаётган Бомс узр сўрашини қўймади. Миссис Уэсли парда ёпиш ҳаракатини қўйиб, сеҳрли таёқчаси билан бошқа портретларни тинчлантиришга уринганча, даҳлиз бўйлаб у ёқ, бу ёқ югурмоқда.
Бирдан даҳлизнинг нариги бошидаги эшик очилиб, қора сочи узун ўсган киши шиддат билан чиқди-да, миссис Уэсли уддалай олмаган пардани чангаллаб кампирнинг тасвирига бақира кетди:
- Ўчир унингни, қари алвасти! Ёп оғзингни, дедим сенга! 
Кутилмаганда кампирнинг ранги бўздай оқариб кетди.
- Се-е-е-ен! - чириллаб юборди у, кўзи чаноғидан чиқиб кетгудай бўлиб, - Оила анъаналарини таҳқирлаган, насл-насабимизга иснод келтириб, шарманда-ю шармисор қилган сен ҳам шу ердамисан! 
- Ўчир овозингни! - боз бақирди қорасоч киши, Люпиннинг ёрдами билан зўр берганча, пардани ёпишга базўр эришиб.
Бақир-чақир тиниб, даҳлизда мудҳиш жимлик қарор топди.
Сочининг пешонасига тушган тутамларини орқага олган Сириус ҳансираб, чўқинтирган ўғли билан саломлашиш учун Гаррига юзланди.
- Салом, Гарри, - деди у маъюс оҳангда, - Мана, ойим билан ҳам танишиб олдинг.
Admin · Просмотров: 1044 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 16:10:20

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p104.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)