Календарь

Май 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031 

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 2

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

ЕТТИНЧИ БОБ. СЕҲРГАРЛИК ВАЗИРЛИГИ

Эрталаб, соат беш яримда Гарри, худди биров қулоғига овози борича қичқиргандай, уйғониб кетиб, кўзини катта очганча, бир неча сония қилт этмай ётди. Шу қисқа вақт давомида ишининг интизомий жиҳатдан кўрилиши ҳақидаги фикр-хаёллар миясининг жамики катакларини эгаллаб олишга улгурди. Вужудини зўриқтириб юборган ўйларга бардош бера олмаган Гарри, кўп ўтмай ўрнидан шартта туриб, юмалоқ кўзойнагини тақиб олди. Адёлининг оёқ томонида миссис Уэсли ювиб дазмоллаган футболка билан жинси шим ётибди. Девордаги расмнинг бўм-бўш матосидан ҳиринглаган овоз эшитилди.
Белида ётиб, оёқ-қўлини ҳар томон ташлаб олган Рон оғзини катта очиб олганча, тарашадай қотиб ётибди. Гарри хонадан зина майдонига чиқиб, эшикни ёпар экан, дўсти қилт этмай ётганини кўрди. Ронни янаги сафар кўрганида иккаласи бир-бирини синфдош дея олмаслиги мумкинлиги ҳақида ўйламасликка уринган Гарри Тараққос аждодларининг кесилган бошлари ёнидан бориб, зинапоядан даҳлизга тушди, у ердан эса ошхонага йўл олди.
Айни маҳалда кимсасиз бўлса керак, деган хаёлга борган Гарри ошхонадан чиқаётган одам овозини эшитиб, эшикни очди. Ичкарида мистер ва миссис Уэсли, Сириус, Люпин ва Бомс ўтирибди. Эгнига бинафша рангли қавима халат кийиб олган миссис Уэслидан ташқари ҳамма тўлиқ кийиниб олган. Гаррини кўрган миссис Уэсли ўрнидан ирғиб турди.
- Нонушта, - деди у, сеҳрли таёқчасини қўлига олар экан, жиддий оҳангда.
- Ҳа... ҳа... хайрли тонг, Гарри, - эснади, оқ-сариқ сочи фатила қиз қиёфасига кириб олган Бомс, - Яхши ухлаб турдинг-ми?
- Ҳм, - бош ирғиб қўйди Гарри.
- Мен эса туни билан ухла-а-а-ама-а-ай, юриб чиқдим, - арз қилди Бомс, боз узуқ-юлуқ эснаб, - Кел, ўтир...
У стол остидаги курсилардан бирини тортиб чиқариб, табиийки, иккинчисини онтариб юборди.
- Гарри, нима ейсан? - қичқирди ўчоқ бошида ивирсиётган миссис Уэсли, - Сули бўтқами? Оладья-ми? Сур балиқми? Тухум билан бекон-ми? Тостми? (Оладья – товада, ун билан тухум сув ёки сутда аралаштирилиб тайёрланган суюқ хамир қовурилиб пиширилган қалин нон. Оладьянинг қуймоқдан (блиндан) фарқи таркибига сода ёхуд хамиртуруш солингани боис сўлқиллаб туришидир. Тост (инг. toast) – ғовак оқ ноннинг ингичка, одатда, квадрат шаклида кесилиб, икки томони қизартириб қовурилган бўлаклари).
- Мен... менга тостнинг ўзини берсангиз, етади, раҳмат, - жавоб қайтарди Гарри.
Люпин Гаррига қараб қўйиб, Бомсга мурожаат қилди.
- Скримж тўғрисида нима деб турган эдинг?
- А... ҳа... у билан эҳтиёт бўлиб муомала қилган маъқул. Кинсли иккаламизга ғалати-ғалати саволлар бериб юрибди...
Гарри суҳбатда иштирок этишга мажбур бўлмаганидан хурсанд. Ҳозир унинг ички аъзолари қўрқувдан тугилиб қолган. Миссис Уэсли унинг олдига мармелад билан бир жуфт тост қўйди. Бола нонуштага киришди-ю, овқат еяпти-ми, гилам кавшаяпти-ми, билмайди. Миссис Уэсли Гаррининг ёнига жойлашиб, футболкасининг ғижимланиб қолган жойини текислаб қўйгандай ўтирибди. Гарри эса ҳозир унга ҳеч ким тегмаслигини афзал кўрмоқда.
- ... эртага тунги навбатчиликка чиқа олмаслигимни Дамблдорга айтиб қўйишга тўғри келади. Мен жуда... жуда.. то-о-олиқиб кетдим, - деди Бомс, оғзини ниҳоятда катта очганча, эснаб.
- Йўқлигингни билдирмайман, - деди мистер Уэсли, - Мен ҳали чарчаганим йўқ. Шундоқ ҳам ҳисоботимни якунига етказиш билан овора бўламан...
Мистер Уэсли эгнига маглларнинг нафис йўл-йўл шими билан эскириб кетган ёзги нимчасини кийиб олган. У Гаррига юзланиб, сўради:
- Ўзингни яхши ҳис этяпсан-ми?
Гарри елка қисиб қўйди.
- Ҳадемай барча ташвишлар ортда қолади, - тинчлантирган бўлди мистер Уэсли, - Бир неча соатдан сўнг, оқланасан.
Гарри индамай қўя қолди.
- Муҳокама мен ишлайдиган қаватда, Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти бошлиғи Амелия Боунснинг хизмат хонасида бўлиб ўтади. Сен билан савол-жавобни ўша аёл ўтказади.
- Яхши аёл у, Гарри, - деди Бомс, жиддий қиёфа касб этиб, - Адолатли. Муҳими, жавобларинг, фикр-мулоҳазаларингни охиригача эшитади.
Гарри ҳалигача нима деб жавоб беришни билмай, бошини ирғиб қўя қолди.
- Энг асосийси, қизишмасдан, ўзингни идора қилиб ўтир, - насиҳат қилган бўлди Сириус, - Одоб сақлаб, бўлган ишни бир четдан, рўйи-рост гапириб бер.
Гарри боз бош ирғиб қўйди.
- Қонун сен томонда, - аста фикр билдирди Люпин, - Ҳаёт учун хавфли вазият юзага келган фурсатда сеҳргарга, балоғатга етмаган бўлса ҳам, сеҳр-жоду воситасида ҳимояланишга йўл қўйилади.
Гаррининг бошига қандайдир совуқ нарса тегиб ўтиб, унга нисбатан яна Тиндириш афсуни қўлланиляпти, деган хаёлга борди. Кейин билса, миссис уэсли ҳўл тароқ билан саркаш сочини тарашга уринмоқда экан. У Гаррининг сочини маҳкам босиб, иложсиз сўради:
- Сочинг ҳеч текис ётадими?
Гарри бошини силтаб қўйди.
Мистер Уэсли соатига қараб, нигоҳини Гаррига қаратди.
- Ўйлашимча, вақт бўлди, - эълон қилди у, - Ҳали эрта, албатта, бироқ бу ерда ўтиргандан кўра вазирликда кутган маъқул.
- Яхши, - деди Гарри ғайриихтиёрий равишда, қўлидаги тостни қўйиб.
- Гарри, ишлар жойида бўлади, - деди Бомс, боланинг қўлига уриб қўйиб.
- Омад ёр бўлсин, - тилак билдирди Люпин, - Ишончим комилки, ҳаммаси яхшилик билан тугайди.
- Агар яхшилик билан тугамайдиган бўлса, - деди Сириус таҳдидли оҳангда, - Ўша Амелия Боунснинг ҳузурига ўзим ташриф буюраман...
Гаррининг юзига кулги югургандай бўлди. Миссис Уэсли эса болани маҳкам қучиб олди.
- Ҳақингга дуо қилиб, бармоқларимизни чалиштириб ўтирамиз, - деди у.
- Яхши, - деди Гарри, - Хўп, майли... Кўришгунча.
Мистер Уэслига эргашган Гарри зинапоя бўйлаб юқорига кўтарилиб, даҳлизга чиқди. Парда ортида Сириуснинг онаси уйқусираб, тўнғиллаётгани эшитилмоқда. Мистер Уэсли чиқиш эшигини очгач, муздай, кул ранг тонг ҳавоси уларни қарши олди. Иккаласи майдон бўйлаб юрганча, йўлга чиқишди.
- Ишга пиёда бормайсиз-ку, одатда, шундайми? - сўради Гарри.
- Ҳа, ҳавода даф бўлиб, ишхонада пайдо бўламан, - жавоб қайтарди мистер Уэсли, - Сенга ҳавода даф бўлиш мумкин эмаслиги учун бугун ишхонага сеҳр-жоду қўлламай, маглчасига етиб борамиз. Муҳокамага чақирилганинг сабаблари инобатга олинадиган бўлса, бундай амал сен тўғрингда ижобий фикр шаклланишига омил бўлади...
Йўл давомида мистер Уэсли қўлини нимчасининг остидан чиқармай юрди. У сеҳрли таёқчасини ушлаб кетаётгани тушунарли, албатта. Ғарибона кўчалар деярли кимсасиз, бўм-бўш. Лекин эскириб, таъмир талаб бўлиб қолган метро станцияси гавжум экан. Мистер Уэсли, одатига кўра, кундалик ҳаёт ташвишлари билан банд юрган маглларни кўриб, завқини бекита олмади.
- Ажойиб, - пичирлади у, чипта сотиш автоматига бармоқ ўқтаб, - Ақлни шоширадиган нарса экан. Зўр истеъдоди бор-да, маглларнинг.
- Бузилиб қолибди, - деди Гарри, «Ишламайди» ёзуви битилган эълонни кўрсатиб.
- Шундайми... бари-бир ажойиб, - деди мистер Уэсли, кўзини автоматдан уза олмай.
Мистер Уэсли маглларнинг пулини яхши фарқлай олмагани боис, уйқусираб ўтирган чиптачининг олдига Гаррининг ўзи борди. Беш дақиқадан сўнг, иккаласи, гулдураганча, тебраниб кетаётган поездда Лондон маркази томон йўл олди. Мистер Уэсли вагон деразасининг устига маҳкамланган йўналиш чизмасидан кўзини узмай борди.
- Яна тўртта бекат бор, Гарри... Энди учта бекат қолди... Иккита қолди, Гарри...
Бекат Лондоннинг қоқ марказида. Иккаласини костюм кийган эркаклар-у, портфель тутган ишбилармон аёлларнинг оқими вагондан туртиб чиқарди. Улар эскалатор воситасида юқорига кўтарилиб, назорат жойидан ўтишди. Қўлидаги чиптасини турникет сўриб олганини кўрган мистер Уэсли завқланиб кетди. Икковлон ташқарига, серҳашам, улуғвор бинолар кўтарилган кенг кўчага чиқди. Ҳали эрта бўлишига қарамай, кўча ниҳоятда гавжум.
- Қаерга келиб қолдик? - аланглади мистер Уэсли, бошини ҳар томон айлантириб.
Наҳотки чизмага қараб келган бўлишимизга қарамай, нотўғри жойга чиқдик, хаёлдан ўтказди Гарри, вужудини ваҳима қамраб. Хайриятки, мистер Уэсли кейинги фурсатда мўлжал ола билди.
- Тушундим, Гарри, бу томон юрамиз, - деди у, болани тор кўча томон бошлаб, - Маъзур санайсан мени, Гарри, - давом этди мистер Уэсли, - Ишга ҳеч қачон метрода келмаганман. Магллар дунёси томонидан яқинлашганда, кўча батамом бошқача кўринар экан. Умуман айтганда, вазирлик биносига, меҳмонлар учун очилган кириш эшигидан ҳеч кирмаган эдим.
Тор кўча бўйлаб қанчалик узоқ юришса, биноларнинг бўйи ҳам шу қадар пасайиб, кўримсиз бўлиб бормоқда. Ниҳоят, бир жуфт ҳеч қандай кўрки йўқ идора билан аллақандай паб биноси ва чиқинди ташлаш бакларига тўлган кичик тор кўчага етгач, тўхташди. Гарри ҳайрон. Унинг тасаввурида сеҳргарлик вазирлигининг биноси сал бўлса ҳам, нуфузлироқ жойда бўлиши керак эди.
- Етиб келдик, - қувонч-ла эълон қилди мистер Уэсли, турли-туман расмлар солинган девор ёнидаги, ойнаси синган қизил телефон будкасини кўрсатиб, - Марҳамат, Гарри.
Будка ичида афтидан, аллақандай жоҳил девордан юлиб олишга урингани боис қинғайиб кетган телефон аппарати кўринди. Ҳеч нарсани тушунмай, ҳайрон бўлган Гарри будкага кирди. Унинг кетидан мистер Уэсли кириб, эшикни ичкаридан зич ёпди. Жуда ноқулай аҳволга тушган Гарри телефон аппаратига ёпишиб қолди.
- Мистер Уэсли, назаримда ушбу аппарат ҳам ишдан чиққан кўринади, - фикр билдирди Гарри.
- Йўқ, йўқ, Гарри, ишлар жойида. Қани тер-чи, - деди мистер Уэсли телефон аппаратининг гўшагини Гаррининг боши устида тутиб, - Олти... икки... тўрт... яна тўрт... ва яна бир бор икки... 
Телефон аппаратининг рақам териш тўгараги паст тириллаганча айланиб, ўз жойига қайтгач, будка ичида аёл кишининг бир маромда гапираётган овози эшитилди. Лекин унинг овози гўшакдан эмас ҳамма жойдан, худди кўзга кўринмас аёл ҳам будка ичида турган сингари баланд ва аниқ эшитилди.
- Сеҳргарлик вазирлигига хуш келибсиз. Илтимос, исмингиз ва ташриф буюришдан кўзлаётган мақсадингизни айтинг.
- Э-м-м-м... - тутилиб қолди мистер Уэсли, гўшак микрофонига гапириш керакми-йўқми, билмай. 
Ниҳоят у гўшакнинг микрофонини қулоғига босиб олганча гапиришга аҳд қилди.
- Артур Уэсли, Маглларнинг рўзғор буюмларидан нотўғри фойдаланиш бўлими. Бугун иши интизомий жиҳатдан кўрилиши тайинланган Гарри Поттерга ҳамроҳ бўлиб келдим...
- Раҳмат, - ташаккур билдирди аёл овози, - Меҳмон, илтимос, вазирликка ташриф буюрган меҳмонлар учун жорий этилган кўкрак нишонини олиб, коржомангизга қадаб олинг.
Дастлаб чертки, сўнг гумбурлаган товуш эшитилиб, телефон аппаратининг танга қайтариш тарновидан кумушдан тайёрланган тўғри бурчак шаклидаги, сиртига «Гарри Поттер, интизомий жиҳатдан муҳокама» сўзлари битилган кўкрак нишони отилиб чиқди. Гарри уни қўлига олиб, футболкасининг кўкрак соҳасига қадаб олди.
- Муҳтарам меҳмон, - боз янгради аёл овози, - Сиз Атриум бурчагида турган стол ёнига бориб, хавфсизлик хизматининг текширувидан ўтишингиз ва ихтиёрингиздаги сеҳрли таёқчани рўйхатдан ўтказишингиз керак бўлади. (Атриум ёки атрий (лат. ater сўзидан олинган atrium – «дуд босган», «қорайиб кетган», яъни қурум таъсиридан қорайиб кетган хона маъносини англатади) каведиум – қадимий Рим ва қадимий Италия истиқоматгоҳларининг марказий қисмини англатади. Бундай жой табиий ёруғлик воситасида ёритилган бўлиб, деворларида бинонинг бошқа хоналарига олиб кирадиган эшиклар очилган ички ҳовли кўринишига эга бўлган. Бугунги меъморчиликда ҳам атриум деб, жамоат биносининг марказий, одатда, табиий ёруғлик воситасида яхши ёритилган, тақсимлаш бўшлиғига айтилади).
Хаёл ўтмай оёқ тагидаги пол титраб, телефон будкаси аста-секин ер остига туша бошлади. Гарри қўрқиб-писиб тўхтовсиз кўтарилаётган тош йўл сатҳига қараб қолди. Бир неча сониядан сўнг, ер, уларнинг боши устида туташганча ёпилиб, атрофни зулмат қоплади. Гарри бир текис янграётган гумбур-гумбур товушни эшитиб, ер қаърига пастлаб боришаётганини ҳис этди. Гўё бир соатдай чўзилган бир дақиқа ўтгач, Гаррининг оёғига тилла тусли ингичка ёруғлик нури тушди. Нур тобора кенгайиб, қамашиб кетган кўзини қисиб олган Гаррининг танасини қамраб олганча, юзига қадар кўтарилди.
- Сеҳргарлик вазирлиги. Кунни дилкаш ўтказишингизни тилаймиз, - эшитилди сухандон аёл овози.
Мистер Уэсли эшиги ланг очилган телефон будкасидан чиқди. Ҳайратдан оғзи будканинг эшигидай очилиб қолган Гарри ҳам олға қадам ташлади.
Гарри қорамтир паркет поли сайқал берилганидан ялтираб кетган, узун, ниҳоятда серҳашам вестибюлга кириб қолганини идрок этди. Товланаётган кўм-кўк шифтда қадама нақшли тилла рамзлар узлуксиз ўзгариб, ҳаракатланмоқда. Боланинг диққат-эътиборини ўзига жалб этган ушбу рамзлар ҳаракати бино шифтини ниҳоятда улкан самовий таблога ўхшатиб қўймоқда. Деворларига силлиқланган ёғоч қопланган вестибюлнинг иккала томонида тилла суви югуртирилган каминларнинг узундан-узоқ қатори жойлашган. Чап томондаги ҳар бир каминдан сония ўтар-ўтмас қандайдир сеҳргар эркак ёки афсунгар аёл учиб чиқаётган бўлса, ўнг томондаги каминлар олдида вазирлик биносини тарк этишга ошиқаётган одамлар навбати шаклланган.
Зал марказида думалоқ бассейн кўринишига эга фаввора бўлиб, унинг қоқ ўртасига табиий ўлчамлардан анча катта олтин ҳайкаллар гуруҳи ўрнатилган. Сеҳрли таёқчасини боши узра баланд кўтариб турган улуғсифат сеҳргар қомати, ушбу ҳайкалтарошлик ансамблида марказий ўрин тутган. Унинг атрофида ниҳоятда барно афсунгар аёл ҳайкали, эркак билан аёлга сидқидил-ла қараб турган кентавр, гоблин ва уй эльфининг ҳайкаллари қад кўтарган. Сеҳргар эркак билан афсунгар аёлнинг қўлидаги сеҳрли таёқчалар учидан, кентавр қўлидаги камон ўқи, гоблиннинг бошидаги шляпа чўққиси ва эльфнинг иккала қулоғидан шиддат-ла сув отилиб чиқиб, фаввора ҳосил қилган.
Атриумда ҳавода пайдо бўлаётган сеҳргарлар чиқараётган қарс товушлари-ю, юзлари эрталабки иш кайфиятини ифода этганча, вестибюлнинг нариги томонидаги олтин дарвоза томон одимлаб бораётган юзлаб вазирлик ходимларининг қадам товушлари сувнинг шилдираётган шовқинига жўр бўлиб, уйғунлашмоқда.
- Бу томонга юрамиз, Гарри, - йўл бошлади мистер Уэсли.
Бир дунё пергамент ўрамини маҳкам қучоқлаб олган ёки эски портфелини силтаб, хаёлга берилиб кетаётган ёхуд юрган йўлида «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқиб бораётган одамлардан иборат халойиқнинг зич оқимига сингиб кетганча, фаввора ёнидан ўтар экан, Гарри, сув тубида кумуш склатлар-у, бронза нутлар уюми ялтираб ётгани, бассейн четига эса эълон маҳкамланган бўлиб, унга: СЕҲРГАР ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ ФАВВОРАСИГА ТАШЛАНГАН ХАЙРИЯ ПУЛЛАРИ МУҚАДДАС РЕЗГИ КАСАЛХОНАСИ – ҒАЛАТИ ЖАРОҲАТ ВА ПАТОЛОГИЯЛАР ИНСТИТУТИГА ЙЎЛЛАНАДИ, сўзлари йирик бош ҳарфлар билан битилганини кўрди.
Агар мени «Хогварц»дан қувиб солишмаса, ният қилди Гарри, сувга ўн галлеон ташлайман.
- Энди бу томонга, Гарри, - такрорлади мистер Уэсли.
Иккаласи чапга бурилиб, олтин дарвоза томон одимлаб бораётган халойиқ орасидан чиқди-да, «Хавфсизлик хизмати» ёзуви остига ўрнатилган столга яқинлашди. Сочини тақир қилиб олдирган сеҳргар уларни кўриб қўлидаги «Башорат-у, каромат газетаси»ни туширди.
- Мен вазирлик меҳмонининг ҳамроҳиман, - деди мистер Уэсли Гаррига имо қилиб.
- Яқинроқ келинг, - деди посбон эринчоқ оҳангда.
Тақир бошли сеҳргар қўлига узун, автомобиль антеннасига ўхшаш ингичка, эгилувчан тилла хивич олиб, яқин борган Гаррининг иккала ёнидан бошдан-оёқ югуртирди.
- Сеҳрли таёқчангизни чиқаринг, - деди у, хивични четга қўйганча, қўлини узатиб.
Хавфсизлик хизматининг ходими Гаррининг таёқчасини олиб, бир паллали тарозига ўхшаш ғалати мис асбоб устига дағал ташлади. Асбоб бироз титраб тургач, асосидаги тирқишидан ингичка пергамент тасма чиқди. Қоғоз бўлагини йиртиб олган сеҳргар овоз чиқариб ўқиди:
- Найзабарг билан қақнус пати, ўн бир дюйм, тўрт йилдан буён муомала қилинмоқда. Тўғрими?
- Ҳа, - асабий бош ирғиди Гарри.
- Бу менда қолади, - деди қўриқчи, пергамент тасмани стол устига ўрнатилган мис найзачадан ўтказиб, - Бу эса сизга қайтариб берилади, - қўшиб қўйди у, сеҳрли таёқчани Гаррининг қўлига ушлатиб.
- Ташаккур.
- Шошманг... - деди қўриқчи чўзиб.
Унинг нигоҳи Гаррининг футболкасига қадалган кўкрак нишонидан пешонасидаги чандиққа сакраб ўтди.
- Раҳмат сенга, Эрик, - деди мистер Уэсли, Гаррининг елкасидан ушлаганча, олтин дарвоза томон шиддат-ла одимлаб бораётган одамлар оқими томон буриб.
Халойиқ дам у томон, дам бу томон туртиб чиқарса ҳам, Гарри мистер Уэслидан орқада қолмай, етишиб юрди. Кўп ўтмай дарвозадан ўтиб, кам деганда йигирматача эшиги тилла панжарали лифт билан жиҳозланган, ўлчами нисбатан кичикроқ залга киришди. Гарри билан мистер Уэсли, лифтлардан бирининг олдида шаклланган навбатга бориб қўшилишди. Одамлар орасида қўлига каттагина, ичидан аллақандай хирилдоқ товуш эшитилаётган картон қути ушлаб олган соқолли сеҳргар турибди.
- Ишлар қалай, Артур? - кўришди соқолли киши мистер Уэслига бош ирғиб.
- Қўлингдаги нима, Боб? - қизиқди мистер Уэсли, қутига қараб.
- Ростини айтсам, ўзимиз ҳам дурустроқ англаб етмадик ҳали, - жавоб қайтарди Боб, ташвишли оҳангда, - Аввалига жўжа, деган хаёлга бордик. Кутилмаганда олов пуркаб қолса бўладими. Соқолим ёниб, қутим учиб кетди. Қисқаси, буни, ман этилган экспериментал селекция амалиёти, деб таснифлаш мумкин.
Жаранг-журунг, гулдур-гулдур қилганча, тепадан лифт тушиб, тилла панжара очилиши билан хаёлини йиғиб олишга улгурмаган Гарри лифт кабинасининг орқа деворига қапишиб қолганини идрок этди. Аксарият йўловчилар унга қизиқиб қарашаётганини кўрган Гарри пешанагажагини тушириб олиб, одамларнинг кўзига қарамаслик учун нигоҳини полга қаратиб олди. Панжара даранғлаб ёпилгач, занжирларини жаранглатган лифт аста юқорига кўтарила бошлади. Телефон будкасида эшитилган аёл овози шу ерда ҳам янгради.
- Еттинчи қават. Сеҳргарлик ўйинлари ва спорт департаменти, шу жумладан, Британия ва Ирландия квидиш лигасининг қароргоҳи, Шақилдоқлар клуби ҳакамларининг кенгаши ҳамда Эрмакбоп патентлар бюроси.
Лифт эшиги очилиб, Гаррининг кўзига турли квидиш жамоаларининг расмлари қинғир-қийшиқ осилган исқирт йўлак кўринди. Қўлига бир қулоч супурги ушлаган йўловчи қолганлар орасидан бир илож қилиб чиқиб, кўздан ғойиб бўлди. Эшик боз ёпилиб, лифт, зириллаганча, юқорига кўтарилишни давом эттирди. 
- Олтинчи қават, - эълон қилди аёл овози, - Сеҳрли йўллар департаменти, шу жумладан, Саёҳат йўллари бошқармаси, Супургиларни қайд этиш бўлинмаси, Портшлюслар бўлими ҳамда Ҳавода даф бўлиб, пайдо бўлиш бўйича имтиҳон комиссияси.
Эшик яна очилиб, тўрт-беш киши кабинадан чиқиб кетди. Айни вақтда, ичкарига оч бинафша ранг қоғоз самолётчалар галаси отилиб кирди. Гарри муҳр босилган митти қанотларини ҳилпиратаётган ушбу самолётчаларга ҳайрон бўлиб қараб қолди.
- Идора ичида йўлланадиган хабарлар, - паст овозда тушунтириш берди мистер Уэсли, - Илгари бойқушлар хизматидан фойдаланилган. Тасаввур қиляпсан-ми, ҳамма жой қуш гўнгидан расво бўлган.
Лифт гумбурлаб яна кўтарила бошлади. Идора ичида йўлланадиган хабарлар кичик қанотларини қоқиб, шифтдан осилиб тушган фонус атрофида гир айланишмоқда.
- Бешинчи қават. Халқаро сеҳргарлик ҳамкорлиги департаменти, шу жумладан, Халқаро савдо стандартлари бўлими, Халқаро сеҳр-жоду қонунлари бошқармаси ҳамда Халқаро сеҳргарлар конфедерациясининг Британия бўлинмаси.
Кабина эшиги очилиши билан бир неча нафар сеҳргар эркак ва афсунгар аёл билан бир вақтда иккита хабар ҳам чиқиб кетди. Уларнинг ўрнига яна икки-учта хабар отилиб кириб, пирпираб ёнган фонус атрофида айлана бошлади.
- Тўртинчи қават. Сеҳрли махлуқлар устидан назорат департаменти, сеҳрли мавжудот ва руҳлар бўлинмалари, Гоблинлар билан алоқалар идораси ҳамда Санитария жиҳатидан сеҳрли ишлов беришга доир маслаҳатлар маркази.
- Маъзур сананг, - ғудуллади олов пуркайдиган жўжа ушлаган соқолли киши, бир нечта хабарлар таъқиби остида кабинани тарк этиб чиқар экан.
Эшик қарсиллаб ёпилди.
- Учинчи қават. Сеҳрли ҳалокатлар ва бахтсиз ҳодисалар департаменти, шу жумладан, Фавқулодда ҳолатларда сеҳр-жодуга барҳам бериш отряди, Хотира ўзгартириш мутахассисларининг штаби ва Сеҳр жиҳатидан мақбул тушунтиришлар қўмитаси.
Ушбу қаватда мистер Уэсли, Гарри ва иккинчи учи кабина полига етган пергамент ўрамини диққат билан ўқиётган афсунгар аёлдан ташқари ҳамма чиқиб кетди. Қолган озгина хабарлар ҳам фонус атрофида гир айланмоқда. Лифт силтаниб юқорига кўтарилди. 
- Иккинчи қават, - эълон қилди аёл овози, кабина эшиги очилганида, - Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти, шу жумладан, Сеҳргарлик ва афсунгарлик фаолияти устидан назорат бўлими, Аврорлар қароргоҳи ва Оқил Суд котибияти.
- Бу томонга юрамиз, Гарри, - деди мистер Уэсли, аёл ортидан иккала томонида эшиклар қатори кўринган йўлакка чиқиб, - Хонам йўлакнинг нариги бошида.
Гарри қуёш нури чарақлаб турган дераза ёнидан ўтар экан, роса таажжубланди.
- Мистер Уэсли, - сўради у, - Биз ер остида эмасмиз-ми? 
- Ер остидамиз, - жавоб берди мистер Уэсли, - Деразалар сеҳрланган. Қандай об-ҳаво кўриниб туриши кераклиги хўжалик ишлари бўлими ходимлари томонидан ҳал қилинади. Улар ойлик маошлари кўтарилишини талаб қилишганида икки ой давомида шундай довуллар бўлдики, қўяверасан... Бу ёққа, Гарри.
Иккаласи муюлиш ортига ўтиб, салмоқдор эман эшикдан майда бўлмаларга бўлиб юборилган, ҳаддан ортиқ айқаш-уйқашлик ва кулги билан вати-кути уйғунлашиб, ғўнғиллаш қарор топган катта хонага киришди. Идора ичида йўлланадиган хабарлар бўлмаларга митти ракеталар каби, шиддат билан кириб-чиқиб турибди. Кириш эшигининг яқинидаги бўлма деворига «Аврорлар қароргоҳи» ёзуви битилган тахта қийшиқ осиб қўйилган.
Гарри бўлмалар ёнидан ўтар экан, тахта деворларга қидирилаётган сеҳргарларнинг портретлари, оилавий фотосуратлар, квидиш жамоаларининг тасвири туширилган плакатлар, «Башорат-у, каромат газетаси»дан қирқиб олинган парчалар шу каби, кўплаб бошқа нарсалар ёпиштириб юборилганини кўрди. Эгнига тўқ қизил коржома кийган, сочи Биллнинг сочидан ҳам узун аллақандай сеҳргар оёғини стол устига қўйиб олганча, пергамент юзасида шиддат-ла югуриб юрган пат-қаламига билдирув ўқиб ўтирибди. Сал нарида йўқотилган бир кўзини боғич билан боғлаб олган афсунгар аёл тўсиқ орқали Кинсли Кандальер билан суҳбат қурмоқда.
- Хайрли тонг, ҳой, Уэсли, - қўпол оҳангда кўришди Кинсли, яқинроқ борган Гарри билан мистер Уэслини кўриб қолиб, - Сиз билан гаплашиб олишим керак. Бир дақиқа ажрата оласизми?
- Чиндан ҳам фақат бир дақиқагина ажратишим мумкин, - деди мистер Уэсли, - Вақтим жуда танг.
Иккаласи бир-бири билан яхши таниш бўлмаган кўзошналардек гаплашмоқда. Гарри оғиз жуфтлаб, Кинсли билан саломлашмоқчи бўлган фурсатда эса мистер Уэсли боланинг оёғини босиб, гапиргани қўймади. Икковлон Кинслининг ортидан бориб, бўлмалар қаторидаги энг охирги ҳужрага киришди.
Ичкарига кирган Гарри ҳайратдан серрайиб қолди. Бўлма деворларини Сириуснинг юзи тасвирланган расмлар худди девор гулқоғози каби, айланасига эгаллаган. Газетадан қирқиб олинган Сириусга оид мақолалар, унинг эски фотосуратлари, шу жумладан, Поттерларнинг тўйида куёв жўра сифатида тушган фотосурати ҳам деворга ёпиштирилган. Сириуснинг тасвиридан ягона бўш жой дунё харитаси бўлиб, унда, кичкина тугмачалар лаъл каби, ярқирамоқда.
- Мана, - деди баланд овозда Кинсли, бир даста қоғозни мистер Уэслининг қўлига дағал тутқизиб, - Менга маглларнинг ўтган йил давомида учган ҳаракат воситаларига доир умумлаштирилган ахборот керак. Олинган маълумотларга қараганда, Блэк илгаригидек, ўзининг учар мотоциклидан фойдаланаётган эмиш.
Кинсли Гаррига кўз қисиб қўйиб, пичирлади:
- Унга даста ичига бекитилган журнални обориб бер. Бир дунё қизиқарли маълумотлардан бохабар бўлади, - сўнг баланд овозда давом этди: - Уэсли, ушбу ишни имкон қадар тезроқ бажаришингизни сўрайман. Чўғотар қурол борасидаги анави ҳисоботингиз тергов тадбирларини бир ойга чўзиб юборди.
- Агар ҳисобот билан чиндан ҳам танишиб чиққанингизда, қурол чўғотар эмас, ўқотар деб аталишини билар эдингиз, - баланд овозда эътироз билдирди мистер Уэсли, - Сўраётган ушбу маълумотларингизни ҳам, анча кутишингизга тўғри келади. Ўзимизнинг ташвишимиз бошдан ошиб ётибди, - сўнг овозини анча пасайтириб, қўшиб қўйди: - Соат еттигача кетишга уриниб кўр. Молли бугун фрикаделькали шўрва тайёрлайди. (Фрикаделька (итал. frittatella – қовурилган) – гўшт ёки балиқ қиймасидан тайёрланган соққалар ва ушбу маҳсулотдан иборат таом).
Мистер Уэсли Гаррини имлаб, ортидан эргаштириб кетди. Улар Кинслининг бўлмасини тарк этиб, залнинг нариги томонидаги эман эшикдан йўлакка, чапга бурилиб, бошқа йўлакка чиқишди. Сўнг ўнгга бурилиб, анчадан буён таъмирдан чиқарилмаган тор йўлак бўйлаб бориб, ниҳоят боши берк, икки томонида биттадан эшик билан якунланган жойга етиб келишди. Чап томондаги эшик қия очиқ бўлиб, ичида супурги ва челаклар сақланадиган қазноқ эканлиги маълум бўлди. Ўнг томондаги эшикка эса сиртига «Маглларнинг рўзғор буюмларидан нотўғри фойдаланиш бўлими» сўзлари битилган хира тортган мис тахта маҳкамланган.
Гаррининг кўзига Мистер Уэслининг путурдан кетган хизмат хонаси супурги ва челаклар сақланадиган қазноқдан ҳам тор кўринди. Хонада иккита ёзув столи аранг жойлашган. Лекин хона ҳужжатлар жилдига лиқ тўлган китоб жавонлари билан айланасига жиҳозлангани боис, столларни айланиб ўтиш амри маҳол. Жавон токчаларига сиғмаган жилдлар жавонлар устига бетартиб уюб қўйилган. Деворнинг жавон тўсмай қолган озгинагина бўлаги мистер Уэслининг ишқибозликлари ҳақида яққол далолат бермоқда. У ерга ҳар хил машиналар, қисмларга ажратилган автомобиль двигателининг чизма кўринишидаги тасвири туширилган бир нечта кичик ўлчамли плакатлар, афтидан, маглларнинг болалар нашриётида чоп этилган китобдан қирқиб олинган ҳар хил почта қутиларининг расмлари ва штепсель йиғиш чизмаси ёпиштирилган.
Мистер Уэслининг столи устидаги кириш ҳужжатларига тўлиб-тошган қоғоз токчасида тинимсиз ҳиқиллаётган тостер турибди. Унинг ёнида эса бош бармоқларини айлантириб ўйнатаётган бир жуфт чарм қўлқоп ётибди. Қоғоз токчасининг ёнига оилавий фотосурат ўрнатилган. Фақат унда Персининг тасвири йўқ. Афтидан, у оила даврасида қолишни истамаган чоғи, фотосуратни тарк этибди.
- Афсуски, деразамиз йўқ, - деди эгнидаги ёзги нимчани курсининг суянчиғига осаётган мистер Уэсли, узр сўраган оҳангда, - Ўрнатиб берилишини сўрадик. Лекин хўжалик ишлари бўлимининг фикрича, хонамизда дераза бўлиши шарт эмас экан. Ўтир, Гарри, Перкинс ҳали келмаган кўринади. 
Гарри Перкинснинг столи ортига базўр ўтиб олди. Мистер Уэсли эса Кинсли Кандальердан ҳозиргина олган қоғоз дастасини кўздан кечириб чиқишга киришди.
- Аҳа, - мийиғида кулиб қўйди у, муқовасига «Ҳақиқатгўй» сўзи битилган журнални даста ичидан чиқариб, варақлаганча, - Хўш-хўш... Ҳа, тўғри айтибди, бу нарсалар Сириусга чиндан ҳам, жуда қизиқ кўринса керак... Эй, Худойим, буниси нима бўлди энди?
Очиқ қолган эшикдан идора ичида йўлланадиган хабар шиддат билан хонага отилиб кириб, қанотларини ҳилпиратганча ҳиқичоғи тўхтамаган тостер устига қўниб олди. Мистер Уэсли хабарни қўлига олди-да, овоз чиқариб ўқиди:
- «Бетнель Гриндаги умумий ҳожатхонада қайт қилаётган унитаз борлиги ҳақида хабар келди. Илтимос, тергов тадбирлари кечиктирилмай, зудлик билан ўтказилсин». Буниси энди ҳаддан ортиқ... (Бетнель Грин (Bethnel Green) – Лондон шаҳрининг Ист-Энд сайлов округидаги (borough) кўча номи).
- Қайт қилаётган унитаз?
- Маглларни таҳқирлашга қаратилган аҳмоқона қилиқлардан бири, - қовоқ солди мистер Уэсли, - Ўтган ҳафта иккита шунақа унитаз топилган эди. Улардан бири Уимблдонда, иккинчиси Элефант-энд-Каслда. Магллар унитаз сувини оқизишади-ю, бироқ ҳеч нарса оқиб кетмайди, аксинча... тасаввур қиляпсан-ми. Бечоралар қувур тузатиш устасини чақиравериб қийналиб кетишди. Ҳодиса жойига етиб келган уста ҳам, ҳеч нарсани тушунмай, боши қотади. Бундай ҳолатдан қутулишнинг ягона йўли ўша безориларни қўлга олишдир. (Уимблдон (Wimbledon) Буюк Британиядаги Суррей графлигининг собиқ шаҳри. 1963 йилдан эътиборан Уимблдон Катта Лондон таркибидаги Мертон округи тасарруфига киритилган. Уимблдонда ҳар йили норасмий жаҳон биринчилиги – теннис бўйича халқаро Уимблдон турнири ўтказилади. Элефант-энд-Каслда – Лондон метрополитенининг Шимолий Бакерлоо йўли бекатларидан бирининг номи. Ушбу бекат Лондон жанубидаги, Вестминстер ва Ситидан Темза дарёси билан ажралиб қолган Саутуарк (Саутварк; Southwark) ҳудудига олиб чиқади).
- Уларни аврорлар таъқиб қилишадими?
- Йўқ, албатта. Аврорлар жиддийроқ ишлар билан шуғулланади. Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш бригадасининг афсунгарлар батальони томонидан олиб бориладиган патруллик хизматининг ўзи етарли... Ана, Гарри, Перкинс келди.
Хонага қомати букчайган, кўринишидан журъатсиз, оқ сочи майин сеҳргар ҳансираб кирди.
- Артур! - хитоб қилди у, Гаррига эътибор қаратмай, - Худога шукур! Сени шу ерда кутишни ёки... хуллас нима қилишни билмай, бошим қотди. Уйдан чиқиб кетганинг аниқ бўлса ҳам, ҳар эҳтимолга қарши бойқуш йўллаган эдим... Қисқаси ўн дақиқа олдин шошилинч хабар келди...
- Қайт қиладиган унитаз ҳақида бўлса, хабарим бор.
- Йўқ, йўқ, унитаз ҳақида эмас, Поттернинг иши кўрилиши хусусида... Улар тадбир ўтказиладиган вақт ва жойни ўзгартирибди! Муҳокама эрталаб саккизда, пастда, суд мажлисларининг эски, ўнинчи залида бошланадиган бўлибди.
- Пастда, эски залда?... Бироқ мен ўйлаган эдим-ки... О, Мерлин соқоли!
Мистер Уэсли соатига қараб хитоб қилганча, курсидан ирғиб турди.
- Тезроқ, Гарри, беш дақиқа олдин ўша ерда бўлишимиз керак экан!
Перкинс жавонга қапишиб олгачгина, мистер Уэсли билан Гарри хонадан чиқишга муваффақ бўлишди.
- Нима сабабдан муҳокама вақти ўзгартирилди? - сўради Гарри йўлакда югуриб кетишар экан.
Икковлон аврорлар қароргоҳи орқали ҳаллослаб кетишди. Ҳайрон бўлган аврорлар бўлмалардан бошини чиқариб, югуриб кетаётганлар орқасидан қараб қолди. Гарри худди ички аъзолари Перкинснинг столи устида қолиб кетгандай, ўзини жуда ғалати ҳис этмоқда.
- Билмадим, Гарри! Нима қилганда ҳам эртароқ келганимиз яхши бўлибди. Акс ҳолда муҳокамани ўтказиб юборган бўлар эдик. Бу эса ҳақиқий фожиа бўлар эди! 
Мистер Уэсли лифт олдида кескин тўхтаб, бетоқат бўлганча «пастга» тугмасини босди.
- Бўлсанг-чи, ТЕЗРОҚ!
Жаранг-журунг қилган лифт етиб келиб, эшик очилгач, икковлон кабинага кирди. Лифт ҳар бир қаватда тўхталар экан, мистер Уэсли шайтон сўзи билан сўкиниб, «9» рақамини босиб борди.
- Суд мажлисларининг ўша заллари анча йиллардан буён очилмаган эди, - дарғазаб бўлди у, - Нима сабабдан муҳокама ўша ерга тайинланди, ҳеч ақлим етмаяпти... агар... йўқ, бўлиши мумкин эмас...
Шу фурсатда қўлига тутун чиқараётган аллақандай қадаҳ ушлаб олган ниҳоятда семиз афсунгар аёл кабинага кириб, мистер Уэслининг гапи оғзида қолиб кетди.
- Атриум, - эълон қилди бир маромда эшитиладиган сухандон аёл овози.
Тилла панжара очилиб, Гаррининг кўзига фаввора ўртасидаги олтин ҳайкал кўринди. Семиз аёл кабинани тарк этиб, унинг ўрнига касалманд юзи мотамсаро қиёфа касб этган сеҳргар эркак кириб келди.
- Хайрли тонг, Артур, - кўришди у, ер тагидан гапираётган каби, мудҳиш овози билан, - Сени пастда, бизнинг қаватимизда кўриш кўп насиб этавермайди. 
- Шошилинч иш, Бедоу, - деди мистер Уэсли.
У танасининг оғирлигини дам у, дам бу оёғига солиб турганча, Гаррига кўз қирини ташлаб бормоқда.
- Тушундим, - деди кўзини пирпиратмай, Гаррига бақрайиб қолган Бедоу, - Ҳа, ҳа, албатта.
Гаррининг ҳис-туйғуларга бериладиган мадори қолмаган бўлса-да, Бедоунинг нигоҳидан ўзини ноқулай ҳис этди.
- Сирли сеҳр бўлими, - эълон қилди овоз, бошқа ҳеч нарса айтмай.
- Гарри, тезроқ, - деди мистер Уэсли, лифт эшиги очилиши билан.
Иккаласи юқори қаватдаги йўлакларга мутлақо ўхшамайдиган йўлак бўйлаб югуриб кетишди. На эшик бор, бу ерда, на дераза. Яхлит девор. Йўлакнинг охирида оддий қора эшик кўринди. Мистер Уэсли ўша эшик томон ошиққан Гаррининг қўлидан ушлаб қолиб, чапга, зинапоя томон бурди.
- Пастга, пастга тушишимиз керак, Гарри, - ҳарсиллади мистер Уэсли, иккитадан поғона ошиб, - Лифт бу қадар пастга тушмайди... Нима жин тортди уларни бу ёққа, ақлим етмаяпти... 
Улар зинапоянинг охиригача тушиб, девори дағал тошдан кўтарилган, Снеггнинг «Хогварц»даги ерости хоналари жойлашган йўлак сингари, машъалалар воситасида ёритилган йўлак бўйлаб югуриб кетишди. Бу ердаги салмоқдор эшиклар негадир қулф ва темир тамбалар билан жиҳозланган.
- Мажлислар зали... ўнинчи... назаримда... биз деярли... ҳа...
Қоқилиб йиқилишига бир бахя қолган мистер Уэсли кўкрагига қўлини босиб, деворга бемадор суянганча, катта темир қулф ўрнатилган мудҳиш эшик олдида тўхтади.
- Кир, - деди у, базўр эшитилган овозда, бош бармоғини эшикка ўқтаб, - Ичкарига кир.
- Сиз-чи... сиз кирмайсиз-ми... 
- Йўқ-йўқ, менга мумкин эмас... Омад ёр бўлсин!
Гаррининг бўғзига қадар кўтарилиб олган юраги қутуриб кетгандай урмоқда. Бола бир ютиниб олди-да, эшикнинг вазмин темир дастасини буриб, суд мажлислари залининг остонасидан ҳатлаб ўтди.
Admin · Просмотров: 1174 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 16:45:52

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p107.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)