Календарь

Апрель 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

САККИЗИНЧИ БОБ. ИНТИЗОМИЙ ЖИҲАТДАН МУҲОКАМА

Зал ниҳоятда таниш кўринаётганини англаган Гаррининг оғзи ҳайратдан очилиб қолди. Хона Гаррига нафақат таниш, балки илгари бу ерга келган ҳам. Дамблдорнинг хонасидаги дамблхотира чиғаноғига қараб, айнан шу залга тушган ва эр-хотин Лестранглар айнан шу залда Азкабанга умрбод қамалган.
Суд мажлислари залининг қорамтир тош деворлари машъалалар воситасида хира ёритилган. Иккала томонда юқорига кўтарилиб кетган курсилар қатори ҳозир бўм-бўш. Юқорида, болохона айвонида эса ўзаро суҳбат қурган, ярим қоронғиликда яхши кўринмаётган одамлар гуруҳи ўтирибди. Гаррининг ортидаги эшик тарақлаб ёпилгач, мажлислар залида мудҳиш сукунат қарор топди. Хаёл ўтмай муздай овоз янгради:
- Сиз кечикдингиз.
- Маъзур сананг, - узр сўради Гарри, асабий оҳангда, - Мен... мен... муҳокама вақти ўзгартирилганидан бехабар эдим.
- Оқил Суднинг айби йўқ бунда, - жавоб берди ўша овоз, - Бугун тонгда сизга бойқуш йўлланган. Ўтиринг.
Гаррининг нигоҳи зал ўртасида танҳо турган, тирсакқўйгичларидан занжирлар осилиб тушган қора курсига тушди. Ушбу занжирлар жонланиб, курсига ўтирган кишини кишанлашга қодир эканлигини бола яхши билади. Гарри курси томон одимлар экан, тош полга босаётган қадам товуши акс садо бериб эшитилди. Бола қўрқиб-писиб курси четига ўтиргач, занжирлар таҳдидли жаранглаб қўйди-ю, Гаррини кишанламади. Бола бошини юқорига кўтариб, болохонада ўтирган одамларга қаради.
Айвонда тахминан эллик киши ўтирибди. Бари эгнига пишиб етилган олхўри рангидаги, кўкракнинг чап томонида кашта қилиб кумуш тусли «ОС» ҳарфлари тикилган бир хил коржома кийган. Уларнинг баъзилари Гаррига қатъий қараб ўтирган бўлса, айримлари қизиқсиниб бақрайган. 
Биринчи қаторнинг қоқ ўртасида тўладан келган, одатда, жўка рангли қозон шляпа кийиб юрадиган, бироқ бугун ўша шляпасини афтидан, хонасига, худди ҳар гал Гаррини кўрганида юзида пайдо бўладиган табассумини қаёққадир ташлаб келган каби, қолдирган сеҳргарлик вазири Корнелиус Фуж ўтирибди. Унинг чап томонига оқ оралаган сочини қисқа олдирган, бош суяги квадрат шаклига ўхшаш, танаси ҳажмдор, бир кўзига монокль таққан, юзи ниҳоятда жиддий қиёфа касб этган афсунгар аёл жойлашган.
- Жуда яхши, - деди Фуж, - Ниҳоят айбланувчи топилиб келди. Келинглар, бошлайлик бўлмаса. Сиз тайёрмисиз? - сўради у, қатор охирида ўтирган кишидан.
- Тайёрман, сэр, - шайлик-ла, жавоб қайтарди Гаррига таниш эшитилган овоз.
Олд қаторнинг бир четида Роннинг акаси Перси ўтирибди. Гарри эътибор қаратилиш илинжида Персига юзланди-ю, умиди пучга чиқди. Кўзини мугуз гардишли кўзойнак билан бекитиб олган Перси қўлига пат-қалам тутиб, олдида ётган пергаментга қараб ўтирибди.
- Демак, - жарангдор овоз-ла гап бошлади Фуж, - Сюррей графлиги, Литтл Уингинг шаҳарчаси, Одамовилар кўчаси, 4- уйда истиқомат қиладиган Гарри Жеймс Поттер 1875 йили қабул қилинган «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет» ҳамда Сеҳргарлик фаолиятини сир тутиш тўғрисидаги халқаро битим талабларини қўпол равишда бузганликда айбланиб, иши, жорий йилнинг ўн иккинчи август куни интизомий жиҳатдан муҳокама қилинаётган суд мажлиси. 
Персининг ёзиб бораётганига қараб қўйган Фуж давом этди:
- Дастлабки тергов тадбирларини ўтказганлар: сеҳргарлик вазири Корнелиус Освальд Фуж, Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Амелия Сьюзан Боунс ва вазирнинг катта ўринбосари Долорес Жейн Амбриж. Суд мажлисининг мирзаси Перси Игнациус Уэсли.
- Ҳимоя томонидан гувоҳ Альбус Персиваль Ульфрик Брайан Дамблдор, «Хогварц» мактаби директори, - паст эшитилди Гаррининг ортида овоз.
Бола шу қадар тез ўгирилдики, бўйнини қайириб олишига сал қолди. Зал бўйлаб беташвиш, юзи мутлақо вазмин қиёфа касб этган, эгнига тўқ кўк рангли коржома кийган, машъала оловининг шуъласи кумуш тусли узун соч-соқолида ялтираётган, илмоқсимон қайрилма бурни устига ярим ой шаклига эга шиша кўзойнагини тушириб олган Дамблдор юриб келиб, мовий кўзини Фужга тикиб турди.
Оқил Суд аъзолари орасида шу заҳоти ҳаяжонли кайфият қарор топди. Энди уларнинг ҳаммаси Дамблдорга тикилиб қолди. Айримлари ранжиган бўлса, бошқалари бироз чўчиб кетган кўринди. Орқа қаторда ўтирган икки нафар кекса аёл эса Дамблдорга қўл силтади. 
Мактаб директорини кўрган Гарри бир вақтлар қақнус хонишини эшитиб, ўзини енгил ҳис этгандай, энди ишончли ҳимоя остида эканлигини англади. Бола Дамблдорнинг юзига қаради-ю, бироқ директор юқорига, ўзини йўқотиб қўйган Фужга қараб тургани боис, кўзини кўришга эриша олмади.
- А, - деди Фуж, нима қилишни билмай қолиб, - Дамблдор. Ҳа. Демак, сиз... м-м-м... муҳокама жойи ва вақти ўзгаргани ҳақидаги... м-м-м... хабаримизни олибсиз-да, а?
- Йўқ, бундай хабар менга етиб бормади, - қувноқ оҳангда жавоб берди Дамблдор, - Аммо, бахтли англашилмовчилик туфайли вазирликка уч соат олдин келиб олибман. Шундай экан, бу масалада ташвиш тортмасангиз ҳам бўлаверади.
- Ҳа... м-м-м... билишимча, бизга яна битта курси керак бўлади... Мен... Уэсли, курси олиб келмайсиз-ми?
- Қўйинг, овора бўлманг. Ўзим, - хушмуомалалик-ла тўхтатди Дамблдор.
У қўлига сеҳрли таёқчасини олиб, сал силтаган бўлди-да, Гаррининг ёнида сиртига чит сирилган кресло пайдо қилди. Астойдил жойлашган Дамблдор қовуштириб олган узун бармоқлари узра Фужга боадаб тикилди. Ҳеч тинчлана олмаган Оқил Суд аъзолари ўтирган жойларида типирчилаб, Фуж боз гапира бошлаганидан сўнггина, жим бўлишди.
- Шундай қилиб, - деди Фуж, қоғоз титиб, - Бошлаймиз. Хўш. Айблов. Ундай бўлса...
У қаршисида ётган қоғоз дастаси орасидан пергамент варағини чиқариб, чуқур нафас олди-да, ўқишга киришди:
- ... ақли-ҳуши жойида, хотираси ҳам яхши бўла туриб, хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний эканлигини тўла-тўкис англаб, бир вақтлар сеҳргарлик вазирлиги томонидан ўхшаш қилмишларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида ёзма равишда расман огоҳлантирилганига қарамай, жорий йилнинг иккинчи август куни, соат йигирма бирдан йигирма уч дақиқа ўтганида, магллар турадиган ҳудуд ва улардан бирининг гувоҳлигида 1875 йили қабул қилинган «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет»нинг «С» банди ҳамда Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерацияси Махфийлик Мақомининг 13- бўлимида баён этилган талабларни қўпол равишда бузган ҳолда Ҳимоячи афсунини ғайриқонуний тарзда қўллаган.
Фуж кўзини қоғоздан узиб, Гаррига мурожаат қилди:
- Қани айтинг-чи, айбланувчи, Сюррей графлиги, Литтл Уингинг шаҳарчаси, Одамовилар кўчаси, 4- уйда истиқомат қиладиган Гарри Жеймс Поттер сизми?
- Ҳа, мен, - жавоб берди Гарри.
- Уч йил муқаддам сеҳргарлик қобилиятингизни ғайриқонуний қўллаганингиз ҳақида сеҳргарлик вазирлиги томонидан расман огоҳлантирилгансиз, шундайми?
- Ҳа, бироқ ўшанда...
- Шунга қарамай, жорий йилнинг иккинчи август куни сеҳр қўллаб, Ҳимоячи яратдингиз, шундайми? - давом этди Фуж.
- Ҳа, бироқ...
- Ўн етти ёшга тўлмаган экансиз, ўқув муассасасидан ташқари ҳар қандай жойда сеҳр қўллаш ҳуқуқига эга эмаслигингизни яхши била туриб, шу ишни қилдингиз, шундайми?
- Ҳа, бироқ...
- Ўша фурсатда магллар турадиган ҳудудда эканлигингизни идрок этгансиз, шундайми?
- Ҳа, бироқ...
- Магллардан бири ёнингизда турганини ҳам идрок этиб тургансиз, шундайми?
- Ҳа, - аччиқланди Гарри, - Бироқ бу ишни иккаламиз...
Монокль таққан аёл кутилмаганда жарангдор овози ила сўроққа тутиб қолди:
- Сиз тўлақонли Ҳимоячи яратдингиз-ми?
- Ҳа, - яна бир бор тасдиқлади Гарри, - Чунки...
- Яъни моддий тус олган Ҳимоячи ярата олдингиз, шундайми?
- Э-э... нима олган? - тушунмади Гарри.
- Сиз яратган Ҳимоячи аниқ шаклга эга бўлганми? Айтмоқчиман-ки, у, шунчаки булутча бўлмаган-ми? 
- Йўқ, - жавоб қайтарди тоқати тоқ бўлаётган Гарри, вужудини умидсизлик қамраб олаётганини ҳис этиб, - Буғу. Менинг Ҳимоячим доимо буғу қиёфасини касб этиб келган.
- Доимо? - гурсиллади сўроқ қилаётган аёл, - Демак сиз илгари ҳам ўз Ҳимоячингизни яратиб келгансиз, шундайми?
- Ҳа, - деди Гарри, - Ушбу афсун ижросини ўзлаштирганимга бир йилдан ошди.
- Ёшингиз ўн бешда-ми?
- Ҳа...
- Ушбу афсун ижросини сизга мактабда ўргатишганми?
- Ҳа. Уни менга профессор Люпин ўргатган. Учинчи синфда ўқиб...
- Ажойиб маҳорат, - деди аёл, болага юқоридан диққат билан тикилиб, - Бундай ёшда тўлақонли Ҳимоячини ярата билиш... Ниҳоятда зўр, фавқулодда кам учрайдиган қобилият.
Аёлнинг ёнида ўтирганлар ғовур-ғувур қила бошлади. Уларнинг айримлари бош ирғиди. Бошқа бирлари эса қовоқ солиб, бош чайқади.
- Ҳозир гап унинг маҳорати тўғрисида бораётгани йўқ, Боунс хоним, - эътироз билдирди Фуж, - Ушбу маҳоратни маглнинг кўз ўнгида намоён этгани хусусида боряпти!
Қовоғидан қор ёғилаётган айрим сеҳргарлар Фужнинг гапини маъқуллаб ғудуллашди. Перси эса бошини тавфиқли ирғиб қўйди. Унинг айни шу қилиғи Гаррини гапиришга мажбур қилди.
- Мен бу ишни, ўша тор кўчада дементорлар пайдо бўлгани боисгина қилдим! - қичқирди у, биров гапини бўлиб юбормасдан олдин.
Гарри яна ғовур-ғувур кўтарилишини кутди. Бироқ аксинча, залга кутилмаган сукунат чўкди.
- Дементорлар? - сўради қоши кўтарилиб, монокли тушиб кетишига сал қолган Боунс хоним, - Бу билан нима демоқчисан, йигитча?
- Айтмоқчиман-ки, ўша жойда иккита дементор пайдо бўлиб, мен билан холаваччамга ҳамла қилишга уринди!
- А, - деди Фуж, ҳаммани мириқиб кулишга таклиф қилгандай, атрофга қараб, - Ҳа, албатта. Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим.
- Литтл Уингинг шаҳарчасида дементор нима қилади? - ҳайрон бўлди Боунс хоним, - Мен ҳеч нарсани тушунмай қолдим...
- Наҳотки, Амалия? - деди иршайишини қўймаган Фуж, - Ундай бўлса, ижозатингиз билан ўзим тушунтириб ўтаман. Боланинг ихтиёрида қилган қилмишини оқлаш учун етарлидан ортиқ вақт бўлган. Дементорларни рўкач қилиш ва бу билан ўзига яхшигина важ-баҳона топишга аҳд қилган. Магллар дементорларни кўриш қобилиятига эга бўлмаслигини бола яхши билади, шундайми, йигитча? Бу эса унга жуда қўл келади. Ҳеч қандай гувоҳ йўқ, фақат унинг сўзлари...
- Мен ёлғон гапираётганим йўқ!
Гаррининг баланд янграган овози ҳакамларнинг ғулдирашни босиб юборди. 
- Тор кўчанинг икки томонидан биттадан, иккита дементор пайдо бўлди. Ҳамма жой қоронғилашиб, ҳаво совиб кетди. Холаваччам уларни ҳис этиб, қочишга уринди...
- Бас, етар! - деди Фуж, такаббур оҳангда, - Астойдил тўқиб келган ҳикоянгни бўлиш ачинарли албатта, аммо...
Дамблдор томоқ қириб қўйди. Оқил Суд аъзолари жим бўлишди.
- Тасодифни қаранг-ки, Дудли Дурслдан ташқари, ўша тор кўчада дементорларнинг пайдо бўлганини кўрган гувоҳ бор экан, - маълум қилди Дамблдор.
Шу заҳоти, худди биров дамини чиқариб юборгандай, Фужнинг лўппи юзи сўлжайиб қолиб, бир-икки сония лом-мим демай ўтирди.
- Дамблдор, - деди вазир ниҳоят, башараси маҳкум қилинган маҳбус қиёфасини касб этганча, ҳиссиётини идора қилишга мажбур бўлиб, - Ёлғон-яшиқ гапларни эшитиб ўтиришга вақт йўқ. Ушбу ишни имкон қадар тезроқ охирига етказмоқчиман.
- Мен янглишаётган бўлишим мумкин, албатта, - мулойим оҳангда эътироз билдирди Дамблдор, - Бироқ назаримда, Оқил Суд томонидан қабул қилинган Ҳақ-ҳуқуқ тўғрисидаги хартияда «Айбланувчи ўз ишига тааллуқли гувоҳларнинг кўрсатмаларини суд ҳукмига ҳавола этишга ҳақли», дейилган, шундай эмасми? Боунс хоним, наҳотки ўша ҳужжат қабул қилинишидан олдин, унинг лойиҳаси Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти билан мувофиқлаштирилма бўлса? - мурожаат қилди у, монокль таққан афсунгар аёлга.
- Сиз ҳақсиз, - жавоб берди Боунс хоним, - Мутлақо ҳақсиз.
- Хўп, яхши, яхши, - ўшқирди Фуж, - Қани ўша киши?
- Аёл, - аниқлик киритди Дамблдор, - Уни ўзим билан бошлаб келдим. Эшик ортида кутиб турибди. Таклиф қилай-ми?...
- Йўқ... Уэсли, боринг, сиз бошлаб келинг, - акиллади Фуж.
Перси шу заҳоти ўрнидан ирғиб туриб, болохонанинг зинапоясидан ўқдай учиб тушганча, Гарри билан Дамблдорнинг ёнидан қиё ҳам боқмай, ўтиб кетди.
Бир-икки сония ўтар-ўтмас, Перси қайтиб келди. Унинг ортидан эса чўчиган, ақли одатдагидан баттар ноқис бўлиб қолгандай кўринаётган миссис Фигг судралиб кирди. Оёғидаги бошмоғини дурустроқ пойафзалга алмаштиришга фаросати етмабди, хаёлдан ўтказди Гарри.
Дамблдор ўрнидан туриб, кекса аёлга жой бўшатди-да, бир зумда ўзига бошқа кресло яратиб олди.
- Тўлиқ исмингизни айтинг, - баланд овозда талаб қилди Фуж, миссис Фигг креслонинг четига қўрқиб-писиб ўтиргач. 
- Арабелла Дорин Фигг, - жавоб берди миссис Фигг, кексаларга хос титроқ овози билан.
- Хўш, ким бўласиз? - эринчоқ такаббурлик ила сўради Фуж.
- Мен Литтл Уингинг шаҳарчасида истиқомат қиламан. Гарри Поттернинг қўшниси бўламан.
- Ихтиёримизда мавжуд маълумотларга кўра Литтл Уингинг шаҳарчасида Гарри Поттердан ташқари ҳеч қандай бошқа сеҳргар эркак ёки афсунгар аёл яшамайди, - гапга аралашди Боунс хоним, - Бу масалани биз диққат билан кузатиб борамиз... маълум вазиятни инобатга олган ҳолда.
- Мен швахман, - тушунтириш берди миссис Фигг, - Бинобарин, сизнинг рўйхатингиздан ўтмаганман.
- Ах, демак, швахман денг? - диққат билан назар солди Фуж, - Буни текшириб кўрамиз. Ота-онангиз ҳақидаги маълумотларни ёрдамчим Уэслига тақдим этишингиз керак бўлади. Айтгандай, швахлар дементорларни кўриш қобилиятига эга бўладими? - сўради у, атрофда ўтирганларга мурожаат қилиб.
- Албатта кўра олади! - эътироз-ла хитоб қилди миссис Фигг.
Қоши кўтарилиб кетган Фуж боз пастга, кекса аёлга қаради.
- Яхши бўпти, - ўшқирди у, - Хўш, бизга нималарни айтиб бермоқчисиз?
- Иккинчи август куни, кечқурун, тахминан соат тўққизда мушукларимга егулик харид қилгани Печакгул кўчасидаги дўконга бордим, - ёд олгандай ғудуллай кетди миссис Фигг, - Кутилмаганда, Печакгул кўчаси билан Магнолия кўчасининг орасида аллақандай шовқин эшитилди. Овоз томон бориб, ўша ерда югуриб юрган дементорни кўриб қолдим...
- Югуриб юрган? - тешиб юборгудай ўқрайди Боунс хоним, - Дементорлар югурмайди, сирпанади.
- Ҳа, мен айнан шундай демоқчи эдим, - тез гапини ўнглаб олди, ажин босган юзида пушти доғ кўринган миссис Фигг, - Тор кўчада икки нафар ўспирин томон сирпаниб бораётганини кўрдим.
- Кўриниши қандай эди уларнинг? - сўради кўзини қаттиқ қисиб олганидан, бир кўзидаги монокль қовоғининг қатлари орасида деярли кўринмай қолган Боунс хоним.
- Бири жуда семиз, иккинчиси эса аксинча, ниҳоятда озғин...
- Йўқ, йўқ, мен ўспиринларни сўраётганим йўқ. Дементорларни сўраяпман. Кўринишини тасвирлаб беринг бизга.
- А, - деди ёқаларининг остида ҳам пушти доғ кўрина бошлаган миссис Фигг, - Йирик, жуда йирик. Эгнига плаш кийиб олган.
Гаррининг ичи жуда ғалати бўлиб кетди. Миссис Фигг кўрган бўлса, дементорнинг расмини кўрган. Бироқ ҳеч қандай расм нариги дунё вакиллари саналадиган ўша даҳшатли махлуқлар ер устида бир неча дюйм баландликда сирпанганча, ҳаво сўриб яқинлашишини ҳақиқий дементорга рўбару бўлган, оғзининг бадбўй ҳидини сезган кишининг ҳис-туйғусини етказа олмайди...
Орқа қаторда ўтирган аллақандай бақувват, шоп мўйловли киши олдида ўтирган афсунгар аёлнинг қулоғига бир нима деди. Қўнғироқ сочли аёл истеҳзоли кулиб, бош ирғиди.
- Эгнига плаш кийган, йирик, денг? - ҳовриқмай такрорлади Боунс хоним, - Тушундим. Хўш, иннайкейин-чи?
- Ҳа, - бош ирғиди миссис Фигг, - Мен уларни ҳис этдим. Бирдан, ёз фаслининг оқшоми илиқ бўлса ҳам, атроф совиб кетди ва назаримда... назаримда... жамики яхши, қалбларга қувон бахш этадиган туйғулар дунёмизни мангу тарк этгандай бўлди... Мен эса фақат ҳаётимда кечган энг даҳшатли фурсатларимни эсладим...
Кампирнинг овози титраб, жим бўлиб қолди.
Боунс хонимнинг кўзи катта очилиб кетди. Қовоғининг монокль ботган қатларида қизил из қолгани кўринди.
- Дементорлар нима қилишди? - сўради Боунс хоним.
Ушбу савол Гаррининг қалбига умид бағишлади.
- Иккаласи болаларга ҳамла қилди, - жавоб берди юзидаги қизил доғ барҳам топа бошлаган миссис Фигг, баланд, дадил оҳангда, - Улардан бири ерга йиқилди. Иккинчиси эса мен Гаррини назарда тутяпман, дементорни қувиб юборишга икки бор уриниб кўрди. Иккала сафар ҳам кумуш тусли булутча ҳосил қила олди холос. Учинчи уринишида у ҳақиқий Ҳимоячини яратди. Ўша Ҳимоячи биринчи дементорни қувиб солди. Сўнг, Гаррининг амри ила иккинчисига ташланди. Ҳа, воқеа шундай кечди... - ҳикоясини тугатди миссис Фигг.
Боунс хоним лом-лим демай гувоҳга қараб қолди. Фуж эса аксинча, кампирга эътибор қаратмай, қоғоз титиб ўтирди. Ниҳоят у кўзини қоғоздан узиб, таҳдидли оҳангда сўради:
- Демак кўрганингиз шу бўлган?
- Воқеа шундай кечган, - деди миссис Фигг.
- Яхши, - деди Фуж, - Бўлди. Сизни ортиқ ушлаб қолмаймиз. Кетишингиз мумкин.
Мисс Фигг чўчиган нигоҳини Фуждан Дамблдорга олиб ўтди-да, ўрнидан туриб, чиқиш эшиги томон йўл олди. Кампир чиқиб кетган эшик даранғлаганча ёпилди.
- У қадар ишонарли бўлмаган шоҳидлик, - менсимай хулоса чиқарди Фуж. 
- Билмадим, - жарангли овозда эътироз билдирди Боунс хоним, - Гувоҳ аёл дементор пайдо бўлган жойда ҳис этиладиган туйғуларни ниҳоятда аниқ баён этди. Агар дементорлар пайдо бўлишмаган бўлса, аксини айтиб, нима наф кўришини билмайман.
- Тўғри... бироқ магллар шаҳарчасида изғиб юрган дементорлар тўғри сеҳргарга дуч келиши? - пишқириб қўйди Фуж, - Бундай эҳтимоллик даражаси фавқулодда паст. Ҳатто Шульман ҳам бу масалада гаров ўйнамаган бўлар эди...
- Наҳотки ораларингда дементорлар ўша кўчага тасодифан кириб қолган, деган хаёлга борадиганлар топилса? - гап қистирди Дамблдор.
Фужнинг ўнг томонида, юзи ним қоронғиликда қолган афсунгар аёл ўтирган ўрнида қўзғалиб қўйди. Қолганлар эса сўз айтмай, тек қотди.
- Нимани назарда тутяпсиз? - сўради Фуж муздай оҳангда.
- Ўша ерга боришни уларга кимдир буюрган, демоқчиман.
- Агар кимдир бир жуфт дементорга Литтл Уингинг шаҳарчасига бориб, сайр қилиб келишни буюрганида, бу ҳақда тегишли ёзувлар бўлар эди! - вакиллади Фуж.
- Агар дементорлар яна бошқа бировнинг амрини бажарадиган бўлса, бундай ёзувлар бўлиши амри маҳол, - хотиржам эътироз билдирди Дамблдор, - Бу масалада мен ўз фикр-мулоҳазаларимни айтганман, Корнелиус.
- Ҳа, айтгансиз, - жавоб қайтарди Фуж, - Фақат ўша мулоҳазаларингизга ишониш учун менда, зиғирдай бўлсин, асос йўқ. Буларнинг бари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас, Дамблдор. Дементорлар илгаригидек Азкабанда бўлиб, фақат бизга итоат қилади.
- Ундай бўлса, - деди Дамблдор паст, лекин аниқ эшитилган овозда, - Ўзимизга ўзимиз: вазирликнинг қайси бир ходими жорий йилнинг иккинчи август куни дементорларга ўша тор кўчага боришни буюрган, деган савол бериб, жавоб излашимизга тўғри келади.
Ушбу сўзлардан кейин қарор топган мутлақ сукунатда Фужнинг ўнг томонида ўтирган афсунгар аёл олдинга энгашди. 
Танаси миқти, бўйни Вернон амакининг бўйни каби, кўринмайдиган, рангида қони йўқ, энли юзининг мушаклари шалвираган, ниҳоятда узун оғзининг бурчаклари пастга тушган, йирик, юмалоқ кўзи чақчайиб тургани боис башараси бақага ўхшаб кетадиган ушбу аёлни Гарри аниқ кўрди. Ҳатто қисқа олинган, зиғирпоянинг титилган толасига ўхшаш сочининг устига қадалган миттигина, қора бахмалдан тайёрланган бант ҳам, Гаррининг кўзига мана бу бақа-аёл беўхшов оғзидан узун, ёпишқоқ тилини чиқариб ялаб ютиб юбориши керак бўлган қора пашшадай кўринди.
- Мажлис иштирокчиларига сеҳргарлик вазирининг катта ўринбосари Долорес Жейн Амбрижни таништираман, - деди Фуж.
Бақанинг қуриллашини эшитишга шай бўлиб ўтирган Гарри афсунгар аёлнинг ёш қизга хос ингичка, ҳаяжонли овозини эшитди:
- Фикрингизни яхши уқмадим чоғи, профессор Дамблдор, - деди Амбриж, йирик, юмалоқ ва ниҳоятда совуқ кўзида оз бўлса ҳам, ўз аксини топмаган ноз-истиғно оҳангида, - Эҳтимол бу, ақлсизлигим бўлса керак, бироқ қисқагина сония давомида сиз, назаримда, мана бу болага ҳамла қилишни дементорларга сеҳргарлик вазирлиги буюрган, деган фикрни илгари сургандай бўлдингиз!
Амбриж шу қадар жарангдор кулдики, Гаррининг сочи қимирлаб кетгандай бўлди. Оқил Суднинг бир неча нафар аъзолари ҳам унинг кулгисига жўр бўлди. Бироқ улардан бирига Амбрижнинг ҳазили аслида кулгили эмаслиги аён кўриниб турибди.
- Агар дементорлар фақат вазирлик амрига итоат қилиши чин бўлса, икки ҳафта олдин ўша махлуқлар Гарри билан унинг холаваччасига ҳамла қилгани ҳам рост бўлса, демак дементорлар ўз хатти-ҳаракатларини вазирлик ходимларидан бири томонидан берилган буйруққа асосан бажарган, деган хулоса – мантиқан тўғри чиқарилган хулоса саналади, - хушмуомала оҳангда жавоб қайтарди Дамблдор, - Табиийки, мулоҳаза юритилаётган ҳолатнинг ўзгача талқини ҳам бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, ўша иккита дементор вазирликка итоат этишдан бош тортган... 
- Вазирликка итоат этишдан бош тортган дементорлар йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! - қичқирди юзи пишган ғишт тусини касб этган Фуж.
Дамблдор енгил таъзим қилгандай, бош ирғиди.
- Ундай бўлса, умид қиламан-ки, дементорлар Азкабандан ниҳоятда олис ҳудудда пайдо бўлиши, шу жумладан, уларнинг одамларга ижозатсиз ҳамла қилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни ойдинлаштириш мақсадида тергов тадбирлари ўтказилиши учун вазирлик томонидан барча зарурий чоралар кўрилади. 
- Вазирлик қандай чора кўриши ёки кўрмаслигини сиз ҳал қилмайсиз, Дамблдор! - ириллади Фуж.
Агар Вернон амаки Фужнинг кўкимтир-бинафша тус олган юзини кўрганда борми, ранг ўзгартириш масаласида роса ҳасад қилган бўлар эди, хаёлдан ўтказди Гарри.
- Йўқ, албатта, - хушмуомала жавоб қайтарди Дамблдор, - Мен фақат, ушбу жиноят очилмай қолмайди, деган умид билдирдим холос.
Дамблдор Боунс хонимга қараб қўйди. Моноклини тўғрилаб олган хоним ҳам қошини чимирганча, Дамблдорга қараб қолди.
- Бугун биз дементорларнинг, агар улар мана бу йигитча тасаввурининг ҳосиласи бўлмаган тақдирда ҳам, хулқини муҳокама қилгани йиғилмаганимизни, мажлис иштирокчиларига яна бир карра эслатиб ўтмоқчиман! - баёнот қилди Фуж, - Биз бу ерга «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет» талабларини қўпол равишда бузганликда айбланаётган Гарри Жеймс Поттернинг ишини интизомий жиҳатдан муҳокама қилгани йиғилганмиз!
- Албатта, - тасдиқлади Дамблдор, - Аммо, дементорларнинг ўша тор кўчада изғиб юргани, кўрилаётган ишнинг ниҳоятда жиддий жиҳати саналади. Сиз тилга олган декретнинг 7- моддасида: «Фавқулодда вазият юзага келган бўлиб, тегишли чора кўрилиши зарур бўлган жойда магллар бўлса ҳам, сеҳр-жоду қўлланилишига йўл қўйилади» дейилган. «Фавқулодда вазият» тушунчаси остида эса сеҳргар эркак ёки афсунгар аёл ҳаёти, шу жумладан, сеҳр-жоду қўлланилган жойда ҳозир бўлган бошқа сеҳргар эркак, афсунгар аёл ёхуд маглнинг ҳаётига таҳдид солинган вазият...
- Миннатдорман, Дамблдор, - ириллади Фуж, - Еттинчи модда таҳрири ҳам, унга келтирилган шарҳлар ҳам, бизга яхши маълум!
- Албатта, - мисли йўқ хушмуомалалик-ла тасдиқлади Дамблдор, - Демак, Гаррининг хатти-ҳаракатларини, яъни шахсан ўзининг ва магл бўлмиш холаваччасининг ҳаётига нисбатан хавф туғилган вазиятда Ҳимоячи афсунини қўллаганини «Фавқулодда вазият юзага келган ҳолатда амалга оширилган хатти-ҳаракат» сифатида таснифланишини эътироф этамиз, шундайми?
- Ҳа, эътироф этамиз, агар чиндан ҳам ўша тор кўчада дементорлар пайдо бўлган бўлса. Бироқ бу масалага шахсан мен шубҳа ила қарайман...
- Сиз гувоҳ кўрсатмаларини тингладингиз, - гапни бўлди Дамблдор, - Агар берилган кўрсатмалар тўғри эканлигига шубҳаланаётган бўлсангиз, уни ортга қайтариб, қайтадан сўроқ қилинг. Ишончим комилки, кампир эътироз билдирмайди.
- Мен... нима... йўқ... - ўшқирди Фуж, қоғоз титиб, - Нима... мен... қисқаси, бу ишни шу бугун ниҳоясига етказмоқчиман, Дамблдор!
- Лекин сиз, адолат поймол бўлишига йўл қўймаслик ва ҳақиқатни аниқлаш мақсадида гувоҳлар шоҳидлигини неча маротаба керак бўлса, табиийки, шунча маротаба тинглашга тайёрсиз, шундай эмасми? - деярли тасдиқ оҳангида сўради Дамблдор.
- Адолатнинг поймол бўлиши! Э, шляпа илгагига осдим, ўша адолатингизни! - ўкирди Фуж, - Дамблдор, мана бу боланинг ўтакетган бадкирдорликларини муттасил хаспўшлаш ўрнига, қанчадан-қанча ақлга сиғмас уйдирмаларни тўқиб чиқарганини санаб кўришга сиз бирон маротаба бўлсин, уриниб кўрдингиз-ми? Унутмаган бўлсангиз керак, уч йил муқаддам, ушбу бола Вазнсизлик тилсимини қўллаб...
- Мен қўллаганим йўқ, ўша тилсимни! - қичқирди Гарри, - Уй эльфи қўллаган эди!
- КЎРДИНГИЗ-МИ? - ўдағайлади Фуж, - Уй эльфи эмиш! Магллар хонадонида-я! Бас қилинг, Дамблдор!
- Тилга олинган эльф бугунги кунда «Хогварц» мактаби хизматида, - эълон қилди Дамблдор, - Кўрсатма бериши учун мажлис иштирокчиларининг ихтиёрига ҳозироқ келтиришим мумкин.
- Мен... йўқ... аллақандай уй эльфини сўроқ қилиб ўтиргани вақтим йўқ! Қолаверса, бу ягона ҳолат бўлмаган... Эсингизда бўлса, бола ўз аммасини ишириб юборган эди! - ўкириб юборди Фуж, стол муштлаганча, сиёҳдонни онтариб юбориб.
- Ахир ўшанда шахсан ўзингиз боланинг аҳволини идрок этиб, агар тўғри тушунган бўлсам, киши қанчалик сара бўлмасин, баъзан ўз ҳиссиётларини идора эта олмаслигини эътироф этган эдингиз-ку, - хотиржам эслатиб ўтди Дамблдор, ёзувларига теккан сиёҳни бартараф этишга уриниб ўтирган Фужга қараб.
- Мактабда қилган қилмишларини санаб ўтирмадим...
- Таълим муассасасидаги интизом устидан назорат юритиш масъулияти вазирлик ваколатига кирмаслиги боис, Гаррининг мактаб ҳудудидаги хулқ-атвори суд мажлисининг иштирокчиларини қизиқтирмаслиги лозим, - одатдагидай мулойим, аммо бироз совуқ оҳангда эслатиб ўтди Дамблдор.
- Эҳ-ҳа! - хитоб қилди Фуж, - Демак, мактабда қарор топган аҳвол-у, йўл қўйилаётган ишлар устидан назорат ваколатимиз доирасига кирмайди? Шундай тушуниш керакми, сизни?
- Вазирлик ўқувчини «Хогварц» ўқувчилари рўйхатидан четлатишга ҳақли эмас. Буни жорий йилнинг иккинчи август куни оқшом маҳалида ёдингизга солиш бахтига муяссар бўлган эдим, - деди Дамблдор хотиржам, - Шунингдек, вазирлик, соҳибининг айби исбот қилингунга қадар ҳеч кимнинг сеҳрли таёқчасини мусодара қилишга ҳам ҳақли эмас. Буни ҳам жорий йилнинг иккинчи август куни оқшом маҳалида ёдингизга солишга журъат этганман. Қонунга амал қилишдек мақтовга муносиб интилишларингиз жараёнида шахсан ўзингиз ҳам айрим қонун ҳужжатларида баён этилган талабларнинг бузилишига йўл қўйгансиз. Ишончим комилки, буни қасддан қилмагансиз.
- Қонунларни ўзгартириш мумкин, - дарғазаб ўшқирди Фуж.
- Албатта, - бош ирғиб қўйди Дамблдор, - Ва сиз, Корнелиус, бу масалада ошиқаётганингиз яққол кўзга ташланмоқда. Қаранг, Оқил Судни тарк этганимга бир неча ҳафта бўлмай туриб, балоғатга етмаган сеҳргар боланинг оддий ишини муҳокама қилиш учун тўла миқёсли суд мажлисини ўтказиш – Оқил Суд амалиётининг одатий тусига кириб қолишига улгурибди-я!
Суднинг айрим аъзолари безовта бўлиб, қимирлаб қўйишди. Фужнинг юзи жигар ранг қизил тус касб этди. Бироқ унинг ўнг томонидаги бақага ўхшаш аёл Дамблдорга хотиржам, бирон-бир ифодасиз қараб ўтирибди.
- Билишимча, - давом эттирди Дамблдор, - Гаррини, унинг жамики гуноҳлари учун биратўла жазолашга имкон берадиган қонун ҳали қабул қилинмаган. Унга муайян айб қўйилган эди ва у, ўз ҳимояси учун исбот-далилларни ҳукмингизга ҳавола этди. Энди болага, ҳурматли суд мажлиси томонидан қабул қилинадиган қарорни итоаткорлик билан кутишдан бошқа чора қолмади.
Дамблдор фикрини якунлаб, узун бармоқларини боз қовуштириб олди. Ғазабдан тутаб кетаётган Фуж Дамблдорни нигоҳ-ла тешиб юборгудай бўлиб ўтирди. Гарри хотиржамлик топиш илинжида Дамблдорга юзланди. Оқил Судни ҳозирнинг ўзида қарор чиқаришга мажбур қилиб қўйган директорнинг хатти-ҳаракатлари тўғри эканлигига бола бироз иккиланди. Бироқ Дамблдор Гаррининг нигоҳини боз пайқамади. У юқорига, ҳакамлар қаторига, Оқил Суд аъзолари ўртасида кечаётган ниҳоятда қизғин, деярли эшитилмаётган муҳокама жараёнига тикилиб қолган.
Гарри кўзини оёғининг учига қаратиб олди. Унинг юраги мисли кўрилмаган ўлчамга қадар шишиб кетгандай бўлиб, қовурғасини оғритиб урмоқда. Суд аъзоларида яхши таассурот қолдиргани борасида шубҳа қилаётган бола муҳокама анча чўзилишини кутди. Жўяли мулоҳаза юритиладиган бўлса, у деярли ҳеч нима демади. Дементорлар ҳақида, ерга йиқилганим, махлуқлар сал бўлмаса Дудли иккаламиздан бўса олишлари хусусида батафсилроқ айтиб беришим керак эди, хаёлдан ўтказди у...
Бола бошини икки маротаба кўтариб, Фужга мурожаат қилиш учун оғиз жуфтлади-ю, пуфак сингари шишиб кетган юраги халал бериб, иккала сафар ҳам чуқур нафас олганча, кўзини ботинкасининг ипига боз тушириб олди.
Бирдан шивир-шивир тўхтади. Гарри ҳакамлар томон бир қараб қўйди-ю, ботинкага қараб ўтиришни маъқул топди.
- Айбланувчини айбсиз деб ҳисоблаганлар қўлини кўтарсин, - янгради Боунс хонимнинг овози. 
Гарри бошини кескин юқорига кўтарди. Ҳакамлар қўл кўтарди... кўп қўл кўтарилди... Ҳакамларнинг ярмидан кўпи қўл кўтарди! Нафас олиш жараёни тезлашиб кетган Гарри санашга уринди. Бироқ охиригача етишга улгурмай, яна Боунс хонимнинг овозини эшитди.
- Айбланувчини айбдор деб ҳисоблаганлар қўлини кўтарсин.
Фуж, унинг кетидан Оқил Суднинг тахминан ўн икки нафар аъзоси, шу жумладан, бақа-аёл, шоп мўйловли киши ва унинг рўпарасида ўтирган қўнғироқ сочли афсунгар аёл қўл кўтарди.
Рухсоридан бўғзига аллақандай нарсанинг каттагина бўлаги тиқилиб қолгандай бўлиб қолгани кўриниб турган Фуж, ҳаммага қараб чиққач, қўлини туширди. У икки маротаба чуқур нафас олиб, ғазабини базўр идора қилганча, Оқил Суд қарорини эшиттирди:
- Жуда яхши, жуда соз... Айбланувчи барча моддалар бўйича оқланди.
- Ажойиб, - деди ўрнидан енгилгина турган Дамблдор, таёқчасини чиқарганча, креслоларни гум қилиб, - Хўш, мен борай бўлмаса. Ҳаммага хайрли кун тилайман.
Гаррига қиё ҳам боқмаган директор суд мажлисларининг ерости залини тарк этди.
Admin · Просмотров: 753 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 16:55:56

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p108.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)