Календарь

Январь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 3

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ


ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ. МИССИС УЭСЛИНИНГ ТАШВИШИ

Гарри Дамблдорнинг суд залидан мана шундай, шартта чиқиб кетишини ҳеч кутмаган эди. Қаттиқ ҳаяжонланиб кетган ва айни вақтда мисли кўрилмаган енгиллик ҳис этаётган бола бақувват занжирлар осилиб турган қора курсида ўтирар экан, вужудини айқириб, батамом қамраб олган ҳис-туйғуларни идора қилиб олишга уринмоқда. Ўзаро суҳбат қураётган Оқил Суд аъзолари ўринларидан туриб, қоғозларини йиғишмоқда. Гарри ҳам ўрнидан турди. Дамблдорга қандай ўқрайган бўлса, энди Гаррига ҳам шундай бақрайиб турган анави бақа-аёлдан ташқари, бошқа ҳеч ким болага эътибор қаратаётгани йўқ. Бақа-аёлга хаёлан тупурган Гарри кетишга ижозат сўраш учун Фуж ёки Боунс хонимнинг нигоҳини тутиб олишга уринди. Бироқ Фуж, афтидан, Гаррини шу бугундан эътиборан назар-писанд қилмасликка аҳд қилган кўринади, бола томон қиё ҳам боқмади. Боунс хоним эса ўзининг портфели билан овора. Бола чиқиш эшиги томон аста одимлаб кўрди. Ҳеч ким уни тўхтатишга ҳаракат қилмаганини англагач, қадамини тезлатди.
Сўнгги икки фут масофани югуриб ўтган Гарри чиқиш эшигини ланг очиб, ранги оқариб кетган мистер Уэслига рўбару бўлди.
- Дамблдор менга ҳеч нима демай...
- Оқландим, - эълон қилди Гарри, эшикни ёпар экан, - Барча моддалар бўйича оқландим!
Мистер Уэсли яшнаб кетиб, Гаррининг елкасидан ушлаб олди.
- Зўр-ку, Гарри! Улар сени айбдор деб топа олишмас эди, албатта. Бунинг учун уларнинг ҳеч қандай асоси бўлмаган. Бироқ шундай бўлса ҳам, бекитмайман, мен бироз...
Шу ерга келганда, мистер Уэслининг гапи бўлинди. Эшик очилиб, ичкаридан Оқил Суд аъзолари чиқа бошлашди.
- О, Мерлин соқоли! - ҳайратланди мистер Уэсли, Гаррини йўлдан четга тортиб, - Улар сени тўлиқ таркибда суд қилишди-ми?
- Шунга ўхшайди, - аста жавоб берди Гарри.
Бир-икки нафар сеҳргар Гаррининг ёнидан ўтар экан, бош ирғиб қўйди. Боунс хоним эса мистер Уэсли билан саломлашиб ўтди. Лекин ҳакамларнинг аксарияти кўзини олиб қочди. Корнелиус Фуж билан бақа-аёл суд мажлислари залидан деярли охирги бўлиб чиқишди. Фуж учун Гарри билан мистер Уэсли афтидан, деворнинг бир қисмидай кўринди. Аёл эса аксинча, Гаррига диққат билан разм солиб ўтди. Зални охирги бўлиб қўлига бир қучоқ пергамент ўрами-ю, пат-қаламлар захирасини ушлаган Перси тарк этди. У ҳам Фуж каби, на отаси ва на Гаррига қиё боқмай, қаддини виқор-ла ростлаб, бурнини баланд кўтарганча, нари кетди. Мистер Уэслининг оғзи атрофидаги ажинлар яққол кўзга ташланганлиги эътиборга олинмаса, ҳозир у, ўз фарзандларидан бирини кўргани билинмади. Тўққизинчи қаватга кўтарила бошлаган Персининг товони кўринмай қолиши билан мистер Уэсли Гаррига мурожаат қилиб, ортидан юришни имо қилди:
- Энди уйга кетамиз. Зўр янгилик билан ўртоқлашишга ошиқаётган бўлсанг керак, ахир. Хабаринг бор, мен зудлик билан Бетнель Гринга етиб боришим керак. Йўл-йўлакай сени ташлаб ўтаман. Кетдик...
- Анави унитазни нима қиласиз энди? - қизиқди Гарри.
Боланинг оғзи қулоғига етган. Кутилмаганда унга ҳамма нарса одатдагидан беш карра кулгили ва қувноқ кўриниб кетди. Оқлангани, энди «Хогварц»га қайтиб боришини аста-секин идрок эта бошлади.
- Арзимаган иш, - жавоб қайтарди мистер Уэсли зинага етгач, - Буюм бузилишига қарши оддий афсун қўлланилади. Гап уни тузатишда эмас жоҳилликнинг асл сабабларини ойдинлаштиришда. Баъзи сеҳргарларга бундай қилиқлар беғараз ҳазилдай кўринади. Бироқ назаримда, маглларни хўрлашга қаратилган ўхшаш хатти-ҳаракатлар замирида қандайдир чуқур маъно, жирканч мақсад бор. Фикримни билмоқчи бўлсанг...
Тўққизинчи қаватга етганда мистер Уэслининг гапи бўлинди. Йўлакда, зина майдонидан бир неча фут нарида Корнелиус Фуж новча бўйли, узун оқ сариқ сочи силлиқ, юзи рангпар аллақандай киши билан паст овозда гаплашмоқда.
Қадам товушини эшитган киши ҳам гапини бўлиб, муздай нигоҳини Гаррига қаратганча, кул ранг кўзини қисиб ўгирилди.
- Хўш-хўш-хўш... Ҳимоячи яратувчи Поттер, - деди Люциус Малфой таҳқир оҳангида.
Гарри худди катта тезликда югуриб келиб, қандайдир йирик, қаттиқ нарсага урилиб кетгандай нафас олишга қийналиб қолди. Ушбу пўлат тусли бир жуфт кўз сўнгги бор Гаррига Ўлимдан мириқувчининг қайтарма қалпоғидаги кўз учун кесиб очилган тирқиш орқали қараган эди. Айнан маша шу киборли овоз Лорд Вольдеморт томонидан қийноққа солинаётган Гаррини хўрлаган, мазах қилиб кулган эди. Гарри бир нарсани ҳеч ақлига сиғдира олмаяпти, қандай қилиб Люциус Малфой боланинг кўзига қарагани журъат эта олади? Атиги бир неча ҳафта олдин Гарри Малфойнинг Ўлимдан мириқувчи эканлигини Фужга айтган эди. Қандай қилиб вазир мана бу Малфой билан хотиржам гаплашиб туриши мумкин?
- Вазир яна қутулиб қолганингни айтди, Поттер, - тишлари орасидан вишиллади Малфой, - Қизиқ, қандай қилиб доимо жазодан қочиб қутулишга эриша оласан, а?... Бирам силлиқсан-ки, Поттер! Илоннинг ўзгинасисан-а!
Мистер Уэсли Гаррининг елкасини огоҳлантирган бўлиб, маҳкам сиқиб қўйди.
- Ҳа. Мен шунақаман. Силлиқман. Қочиб ҳам қутула оламан, керакли жойга ўтиб ҳам оламан, - яширин маъноли жавоб қайтарди Гарри, пинагини бузмай.
Люциус Малфой нигоҳини мистер Уэслига олиб ўтди.
- Артур Уэсли ҳам шу ерда! Сен нимангни йўқотиб қўйдинг бу ерда, Уэсли?
- Мен шу ерда ишлайман, - узуқ-юлуқ ўшқирди мистер Уэсли.
- Шу ерда? - қошини кўтарди Малфой, мистер Уэслининг ортидаги эшикка қараб, - Мен эса иккинчи қаватда ишлайсан деб ўйлаган эдим. Фаолиятинг мазмунан нимадан иборат, эслатиб ўтмайсан-ми менга, Уэсли? Маглларнинг рўзғор буюмларини уйингга ташиб, устахонангда сеҳрлайсан чоғи, шундайми?
- Янглишяпсан, - жавоб қайтарди мистер Уэсли Гаррининг елкасини дарғазаб сиқиб.
- Сиз-чи, ўзингиз нима қилиб юрибсиз бу ерда? - сўроқ қилди Гарри.
- Бу менга ва сеҳргарлик вазирига тааллуқли, Поттер, сенга эмас, - деди Малфой, қўлини кийими устидан югуртирганча, киссаларидаги тилла тангаларни жаранглатиб, - Дамблдорнинг эрка ўқувчиси бўлганинг, кўнглинг тусаган хулқ-атвор намоён этишинг мумкинлигини англатмайди... Эҳтимол юқорига, хизмат хонангизга чиқармиз, вазир?
- Албатта, - деди Фуж, Гарри билан мистер Уэслига орқа ўгириб, - Марҳамат, Люциус, бу ёққа юрамиз.
Суҳбатни паст овозда давом этишган Фуж билан Малфой нари кетишди. Улар лифт кабинасига кириб кетгунга қадар мистер Уэсли Гаррининг елкасини қўйиб юбормади.
- Модомики, Фужда иши бор экан, нега унинг хизмат хонаси ёнида кутиб турмади? - нафрат-ла, сўради Гарри, - Бу ерда, пастда нима иши бор экан унинг?
- Суд залига кирмоқчи бўлган чоғи, - фикр билдирди мистер Уэсли, худди биров уларнинг суҳбатини эшитиб қолиши мумкиндай, атрофга ҳаяжон-ла аланглаб, - Сени мактабдан ҳайдашган-ҳайдашмаганини шахсан билмоқчи бўлган шекилли. Уйга етиб борсак, бу ҳақда Дамблдор учун хабар қолдириш кераклигини унутиб қўймаслик лозим. Фуж Малфой билан боз учрашиб юрганини Дамблдор билиб қўйиши шарт.
- Фуж иккаласини қандай иш боғлаши мумкин?
- Тахминимча, молиявий ишлар, - деди мистер Уэсли дарғазаб оҳангда, - Малфой кўп йиллардан буён ҳар хил хайриялар қилиб келмоқда... Шу тариқа ўзига керакли мансабдор шахслар билан зарурий муносабатлар ўрнатади... Келгусида эса уларга у ёки бу ноқулай қонуннинг қабул қилинишини вақтинча тўхтатиб туриш каби, ҳар хил илтимослар билан мурожаат қилади... Эҳ, нимасини айтасан. Люциус Малфойнинг танишлари саналадиган каслар доираси анча кенг.
Агар идора ичида йўлланадиган хабарлар галаси бош узра гир айлангани ҳисобга олинмаса, бўм-бўш лифт келди. Мистер Уэсли «Атриум» тугмасини босиб, қўл силтаганча, хабарларни юзидан нари ҳайдади.
- Мистер Уэсли. Модомики, Фуж, анави Малфойга ўхшаш Ўлимдан мириқувчилар билан муносабат ўрнатиб, яккама-якка суҳбатлашар экан, - аста фикр билдирди Гарри, - Қарам қилиш қарғиши таъсирига дучор бўлмаганига қандай қилиб ишонч билдиришимиз мумкин?
- Бундай хаёлга борган ёлғиз сен эмассан, Гарри, - оғир хўрсинди мистер Уэсли, - Бироқ Дамблдорнинг фикрича, айни дамда Фуж, ўз ақли-ҳуши билан иш тутаётган эмиш. Аммо ўзинг кўриб турибсан, бу ҳам таскин берадиган ҳолат эмас. Фақат, Гарри... бундай нарсалар ҳақида вазирликда гаплашиш мумкин эмас.
Кабина эшиги очилиб, икковлон кенг, кимсасиз қолган, фақат хавфсизлик хизмати ходими Эрик юзини газета билан тўсиб олган Атриумга чиқди. Кутилмаганда фаввора ёнидан ўтаётган Гарри ўз ниятини эсига олди.
- Шошмай туринг... - тўхтатди у мистер Уэслини, йўл-йўлакай ҳамёнини чиқарганча, ортга, фаввора ёнига қайтар экан.
Сеҳргарнинг чиройли қиёфасига разм солиб, яқиндан қараганда, ушбу ҳайкалнинг юзи Гаррининг кўзига қандайдир иродасиз, ноқис кишининг юзидай кўринди. Афсунгар аёл ҳайкалининг лабларида эса гўзаллик конкурси иштирокчисининг бирор-бир маъно ифодаламаган табассуми қотиб қолган. Маънавий сифатларидан қатъи назар, сўлаклари оқиб турган гоблин билан кентавр сеҳргар одамларга ҳеч қачон бундай хушомадомуз қарамаган бўлар эди. Фақат қулларча бош эгиб, ялтоқлик қилаётган уй эльфининг сермулозамат қиёфаси ишончли чиқибди. Эльфнинг бундай қиёфасини кўрган Гермиона нима деган фикр билдиришини тасаввур қилган Гарри ҳамёнининг тасмасини ечиб, фаввора бассейнига ният қилгандай ўн галлеон эмас, бор пулини онтариб ташлади.

***
- Шундай бўлишини билар эдим! - қичқирди Рон, стол муштлаб, - Сени одатдагидай, Худо сақлади.
- Нима ҳам қила олишар эди. Ахир сенга қарши ҳеч нима бўлмаган уларда, - деди Гермиона йиғламсираб.
Гарри ошхонага кириб келганида бечора қиз ҳушидан кетар даражага келиб қолган экан. Ҳозир эса титраётган қўли билан кўзини бекитиб ўтирибди.
- Худо сақлашига ишончингиз шунчалик комил бўлган экан, нега бўлмасам бунчалик енгил тортиб қараяпсиз? - кулиб қўйди Гарри.
Миссис Уэсли юзини фартук билан артиб олди. Фред билан Жорж эса ўрниларидан ирғиб туриб, оҳанг берилган овозда бақиришди:
- Худо сақлади, Худо сақлади, Худо сақлади...
- Жим! Тинчланинг! - овоз кўтарди мистер Уэсли, ўзи иршайиб турган бўлса ҳам, - Айтгандай, Сириус, вазирликда биз Люциус Малфойга рўбару келдик...
- Нима?! - қошини кўтарди Сириус.
- Худо сақлади, Худо сақлади, Худо сақлади...
- Ҳой, учовинг, гапни гапга қўшасанми, йўқ-ми! Уни тўққизинчи қаватда, Фуж билан сирлашиб турганини кўриб қолдик. Биз билан «салом-алик» қилгач, иккаласи Корнелиуснинг хизмат хонасига кириб кетди. Дамблдор бу ҳақда билиши керак.
- Ҳа, тўғри айтасан, - деди Сириус, - Биз унга етказиб қўямиз, ташвиш тортма.
- Яхши. Мен борай. Бетнель Гринда қайт қилавериб қийналиб кетган унитаз кутяпти мени. Молли, мен кеч қайтаман. Бомснинг ўрнига навбатчилик қиламан. Кечки овқатга Кинсли келиши мумкин...
- Худо сақлади, Худо сақлади, Худо сақлади...
- Фред, Жорж, Жинна! Жим бўлинглар! - қичқирди миссис Уэсли эрини ошхонадан кузатиб қўйиб, - Гарри, ёқимтойгинам, ўтир тезроқ, овқатланиб ол. Ахир сен нонушта қилмадинг, деярли.
Рон билан Гермиона Гаррининг рўпарасига ўтириб олишган. Гарри Пинҳонийлик майдонига келганидан буён иккаласи бу қадар бахтиёр қиёфа касб этишмаган эди. Люциус Малфой билан учрашганидан сўнг, деярли сўниб қолган қувонч Гаррининг вужудини боз қамраб олди. Ваҳимали Блэклар хонадони кўзига илиқ кўринди. Ҳатто ошхонага ўзининг чўчқа тумшуғини суқиб кетган, ҳар ерда ҳозир-нозир Тараққос ҳам, у қадар хунук эмаслигини хаёлан таъкидлаб ўтди.
- Дамблдор тарафдоринг эканини кўришлари билан сени айблашга журъат этиша олмаган, - хулоса қилди Рон, ликопига картошка бўтқасидан аямай солиб.
- Ҳа, қутқариб қолди у мени, - тасдиқлади Гарри.
«Агар мен билан гаплашганида ёки лоақал қиё боқиб кетганида янада яхши бўлармиди», деб қўшиб қўймоқчи бўлди-ю, бироқ бу гап ношукурлик бўлиши ёхуд бундан-да баттар, ёш болаларча мулоҳазадай эшитилишини ўйлаб, индамай қўя қолди.
Ушбу фикр хаёлидан ўтиши билан пешонасидаги чандиққа кучли оғриқ кириб, қўли беихтиёр пешонасига югурди.
- Нима қилди? - хавотирланди Гермиона.
- Чандиқ, - базўр жавоб бера олди Гарри, - Ҳеч қиси йўқ... ўтиб кетади... Бу энди тез-тез бўлиб турибди...
Қолганлар Гаррининг чандиғи оғриганини пайқашмади. Ҳамма овқатланиш ёки Гаррининг муаммоси ижобий ҳал бўлгани шарофатига хурсандчилик қилиш билан овора. Фред, Жорж ва Жинна хиргойини ҳеч қўйишмади. Гермиона ташвиш тортиб, оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, Рон бахтиёр овози ила хитоб қилгани боис, сўз айтгани улгурмади.
- Бас боғлашамизми, Дамблдор бугун пайдо бўлиб келади! Бугунги кунни биз билан нишонлаши керак-ку, у, ахир!
- Йўқ, Рон, у вақт ажрата олмайди, деб қўрқаман, - эътироз билдирди миссис Уэсли, Гаррининг олдига каттагина қовурилган товуқ гўштини қўйиб, - Дамблдор ҳозир ниҳоятда банд.
- ХУДО САҚЛАДИ, ХУДО САҚЛАДИ, ХУДО САҚЛАДИ...
- Ҳой, жим бўласизлар-ми, бугун, йўқ-ми?! - бақириб берди миссис Уэсли.

***
Пинҳонийлик майдони, 12- уйда ўтган кейинги бир неча кун ичида, Гаррининг «Хогварц»га қайтишидан у қадар хурсанд бўлмаган одам ҳам борлиги аста-секин билина бошланди. Қувончли хабарни илк фурсатда эшитган Сириус ўз хурсандчилигини зўр ифода эта олди, албатта. Боланинг қўлини узоқ вақт сиқиб, юзи яшнаганча, эл қатори кулиб турди. Бироқ вақт ўтган сари унинг хурсандчилиги барҳам топди, кун сайин кайфияти тушиб, ҳеч ким, ҳатто Гарри билан ҳам гаплашмай қўйди. Ойисининг юқори қаватдаги ётоқхонасига қамаб қўйилган Отбургутнинг ёнига кириб, ўша ерда кун ўтказадиган бўлиб олди.
Гарри бу борадаги кечинмаларини дўстлари Рон ва Гермиона билан ўртоқлашди. Гаррининг иши интизомий жиҳатдан муҳокама қилинган кундан эътиборан бир ҳафта ўтган бўлиб, ҳозир улар учинчи қаватдаги жавонни тозалаш билан овора.
- Фақат ўзингни айблашни хаёлингга ҳам келтира кўрма! - деди Гермиона қатъий оҳангда, - Сенинг ўрнинг «Хогварц»да. Буни жуда яхши биладиган Сириус, назаримда, ўз худбинлигини намоён этмоқда.
- Ошириб юбординг, Гермиона, - эътироз билдирди Рон, бармоғига ёпишиб қолган пўпанакдан халос бўлишга уриниб, - Бу уйда ёлғиз қолиш ўзингга ҳам ёқмаган бўлар эди.
- Қанақанги ёлғизлик ҳақида гапиряпсан, Рон? Қақнус ордени-чи? - хитоб қилди Гермиона, - Гарри ҳам шу ерда яшаб қолишига умид қилган холос. Умиди эса пучга чиқди.
- Бўлиши мумкин эмас, - деди Гарри, қўлидаги латтанинг сувини сиқиб, - Мабодо ишлар чаппасидан кетса, шу ерда яшаб қолишим мумкинлигини сўраган эдим. Маънили жавоб бермади.
- Чунки сени умидвор қилишни истамаган, - доно ҳикмат билдирган бўлди Гермиона, - Бундан ташқари, сени ўқувчилар рўйхатидан четлатишларини ич-ичдан орзу қилгани учун ўзини айбдор ҳис қилаётган бўлса керак. Негаки, мактабдан ҳайдалганингда иккалангиз ҳам радди маърака одамга айланиб қолган бўлар...
- Бас қил! - баралла гапни бўлишди Гарри билан Рон.
- Марҳамат, - елка қисди Гермиона, - Фақат мен, Рон, баъзан, онанг ҳақ эканлиги ҳақида ўйланиб қоляпман. Сириус вақти-вақти билан чалғиб кетяпти чоғи. Чиндан ҳам у Гаррини аслида Гарри сифатида эмас, унинг отаси сифатида қабул қиляпти.
- Томи сал силжиб қолган, демоқчисан, шундайми? - тутай бошлади Гарри.
- Йўқ, ундай демоқчи эмасман. У узоқ вақт танҳо ўзи, ёлғиз қолган, демоқчиман, - ифодасиз жавоб берди Гермиона.
Шу пайт хонага миссис Уэсли кириб, тартибга келтирилаётган жавон ичига бош суқиб кўрди.
- Ҳанузгача мана шу билан овора бўлиб ўтирибсиз-ми? - деди у.
- Бироз дам олишни таклиф қиласиз, деб умид қилган эдим! - аччиқ қилди Рон, - Шунча вақтдан буён неча тонна чиқинди чиқариб ташлаганимизни биласизми?
- Орденга яқиндан ёрдам беришни ўзингиз орзу қилган эдингиз, шекилли, - елка қисди миссис Уэсли, - Шундай экан, унинг қароргоҳини тартибга келтиришдек шарафли иш насиб қилганидан фахрланишингиз даркор.
- Ўзимни уй эльфидек ҳис этяпман, - ғудуллади Рон.
- Ана энди билиб олдинг-ми, эльф ҳаёти қанчалик машаққатли кечишини? - умид-ла овоз кўтарди Гермиона, миссис Уэсли хонани тарк этиши билан, - САССИҚ фаолиятида янада фаол иштирок этишинг кераклигига амин бўлдинг, шундайми? «Гриффиндор» коллежининг умумий меҳмонхонасида хайрия ҳашари уюштирилиб, олинган фойда САССИҚ жамиятининг ҳисобига ўтказилса, ёмон бўлмас эди. Шундай қилинса, жамият бюджетини тўлатиб, фуқароларнинг воқифлигини оширамиз...
- САССИҚ жамияти ҳақида ҳеч нарса эшитмаслик учунгина ўзимнинг жамики даромадларимни садақа қиламан, - дарғазаб ғудуллади Рон фақат Гаррига эшиттириб.

***
Таътилнинг сўнгги куни яқинлашмоқда. Гарри «Хогварц» ҳақидаги хаёлларга тез-тез бериладиган, Хагрид билан боз учрашиш, квидиш ўйнаш, экинзорлар орқали иссиқхоналарда ўтадиган гербология дарсига бориш фурсати етиб келишини интизорлик билан кутадиган бўлиб қолди. Гарчи Гарри бундай орзулари ҳақида Сириуснинг олдида гапирмаса-да, чанг босган мана бу кир уйдан, охиригача тозаланмаган жавонлар-у, Тараққоснинг лаънатларидан нари кетишнинг ўзи катта бахт!...
Орден аъзолари уйга мунтазам ташриф буюриб туришига қарамай, Вольдемортга қарши ҳаракат штабининг қароргоҳида яшаш у қадар қизиқ кечмаяпти. Меҳмонлар баъзан биргаликда овқатлангани қолса, баъзан атиги беш дақиқага, пичирлашганча ўзаро ахборот алмашиниб, тез кетиш учун кириб ўтади. Бироқ миссис Уэсли, ушбу ахборот алмашинувининг бирон оғиз сўзи Гарри ва унинг атрофидаги болаларнинг қулоғига бевосита ҳам, пинҳонқулоқ воситасида ҳам, чалиниб қолмаслиги учун қўлдан келганча уринмоқда. Энди ҳеч ким, ҳатто Сириус ҳам, Гаррига, биринчи оқшомда айтиб берилган гаплардан ортиқ маълумотлардан воқиф бўлиши кераклиги ҳақида фикр билдирмади.
Мактабга қайтишдан бир кун олдин Гарри курси устига чиқиб олиб, жавон устини Хедвигнинг гўнгидан тозалаётган фурсатда хонага иккита конверт ушлаган Рон кириб келди.
- Китоблар рўйхати, - деди у, конвертлардан бирини Гаррининг қўлига тутқазиб, - Унутиб қўйишди деб ўйлаган эдим. Одатда, ушбу рўйхат эртароқ йўлланар эди...
Гарри гўнг қолдиқларини чиқинди ташлаш қопига супуриб, Роннинг боши узра ётоқхонанинг бурчагида турган сават ичига улоқтирди. Сават қопни ютиб юбориб, қорни тўйган кишидай кекириб қўйди. Гарри конвертни очиб, ичидан иккита пергамент бўлагини чиқарди. Улардан бири ўқув йили биринчи сентябрда бошланиши ҳақидаги одатий эслатма бўлса, иккинчиси, ушбу ўқув йилида зарур бўладиган дарсликлар рўйхати.
- Иккита янги дарслик қўшилибди холос, - деди Гарри рўйхатга кўз югуртириб, - Миранда Гошок «Афсунлар тўплами (бешинчи қисм)» ва Уилберт Уиляйл «Муҳофаза қилувчи сеҳр-жоду назарияси»
Қарс.
Рон билан Гаррининг ёнида Фред ва Жорж пайдо бўлишди. Эгизакларнинг дафъатан пайдо бўлиб, йўқолиб қолишларига Гарри шу қадар кўникиб қолди-ки, ҳатто курсидан қулаб тушмади.
- Манави Уиляйл деганларининг китоби қаердан пайдо бўлиб қолгани ҳақида ўйланиб қолдик, - деди Фред, худди аллақачон бошланган суҳбатни давом этаётган бўлиб.
- Дамблдор ёвузлик кучидан ҳимоя фанининг янги ўқитувчисини топганини англатади бу, - тушунтириш берган бўлди Жорж.
- Улгурибди-да, демак, - деди Фред.
- Қайси маънода? - сўради Гарри, курсидан сакраб тушиб.
- Пинҳонқулоқ воситасида ота-онамизнинг суҳбатини эшитиб қолган эдик, - жавоб берди Фред, - Уларнинг сўзларига қараганда, Дамблдор, ушбу лавозимга одам топа олмай юрган эди.
- Ушбу фаннинг сўнгги тўрт нафар ўқитувчисини эсга оладиган бўлсак, бунинг ҳайрон бўладиган жойи йўқ, - таъкидлаб ўтди Жорж.
- Бири ҳалок бўлди, иккинчиси хотирасини йўқотиб қўйди, учинчисини ишдан бўшатишди, тўртинчиси эса тўққиз ой сандиқда қамалиб ётди, - бармоқ букиб, санаб ўтди Гарри, - Ҳа, бундай қисматларга ҳавас қилиб бўлмайди.
- Сенга нима қилди, Рон? - кутилмаганда сўраб қолди Фред.
Рон жавоб қайтара олмади. Гарри ўгирилиб, оғзини катта очган, Рон «Хогварц»дан келган хатга бақрайиб қолганини кўрди.
- Нима гап, тинчликми? - овоз кўтарди бетоқат бўлиб бораётган Фред.
У Роннинг ёнига келиб, елкаси узра хатга қаради.
- Синфбоши? - ишонқирамай сўради у, хатдан кўзини уза олмай, - Синфбоши?!
Иккаласининг олдига сакраб келган Жорж Роннинг қўлидаги конвертни юлқиб олиб, онтарди. Конверт ичидан Жоржнинг қўлига тўқ қизил-тилла тусли кўкрак нишони тушди.
- Бўлиши мумкин эмас, - хириллаб пичирлади Жорж.
- Қандайдир англашилмовчилик рўй берган кўринади, - деди Роннинг қўлидаги хатни тортиб олиб, юқорига кўтарган Фред, худди ёруққа тутганда кўринадиган белгини кўрмоқчи бўлгандай, қоғоз таркибини ўрганишга уриниб, - Кишининг фикри соғлом бўлса, Ронни ҳеч қачон синфбоши этиб тайинламайди.
Эгизаклар Гаррига юзланди.
- Айнан сен синфбоши бўлишингга юз фоиз ишонган эдик! - овоз кўтарди Фред, худди Гарри аллақандай йўсинда ҳаммага фириб бергани учун сўкаётган оҳангда.
- Дамблдор сени танлайди, деб ўйлаган эдик! - эътироз-ла қичқирди Жорж.
- Уч сеҳргар беллашуви-ю, шунга ўхшаш нарсаларни инобатга олган ҳолда, - қўшимча қилди Фред.
- Афтидан, телбалиги ҳақидаги гап-сўзлар ўз таъсирини кўрсатган кўринади, - фикр билдирди Жорж.
- Тўғри, - чўзди Фред, - Сен бола, ҳақиқатан ҳам кўп ташвиш келтирасан. Нима ҳам дердим, ҳеч йўқ, биттангиз ўз ор-номусингизни сақлаб қолишга эришибсиз-ку.
У Гаррининг ёнига келиб, белига уриб қўйди-да, Ронга еб юборгудек ўқрайди.
- Синфбоши... Ажабо, сичқонча Лонни энди кимсан, синфбоши бўлди-ми!
- Уҳ, ойим хабар топса борми, нима бўлишини тасаввур қиляпман, - ингради Жорж, худди юқимли касаллик вируси теккан нарсадан ҳазар қилгандек, Роннинг қўлига кўкрак нишонини ушлатиб қўйиб.
Ҳанузгача лом-мим дея олмаган Рон қўлидаги кўкрак нишонига муайян вақт қараб турди-да, унинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлаб бериши учун бўлса керак, индамай Гаррига узатди. «Гриффиндор» шери устига битилган «С» ҳарфли ялтироқ кўкрак нишонини, Гарри, «Хогварц»га келган илк куни, Персининг кўкрагида кўрган эди.
Шу фурсатда хона эшиги ланг очилиб, қўлида конверт ушлаган, сочи ёзилиб, юзи қизариб кетган Гермиона отилиб кирди.
- Сизлар... сизлар ҳам олдиларингми?...
У Гаррининг қўлидаги нишонини кўриб қолиб, айюҳаннос солди.
- Ўзим ҳам шундай бўлади, деб ўйлаган эдим! - ҳаяжон-ла бақирди у, қўлидаги хатни силтаб, - Мен ҳам, Гарри, мен ҳам!
- Йўқ, - деди Гарри, нишонни Роннинг қўлига тез ушлатиб қўйиб, - Бу меники эмас, Роннинг нишони.
- Кимнинг... нишони?
- Синфбоши мен эмас, Рон, - такрорлади Гарри.
- Рон? - сўради Гермиона, оғзи очилиб қолиб, - Аммо... Ишончинг комилми? Яъни... айтмоқчи эдим-ки...
- Конвертга менинг исмим ёзилган, - хўмрайиб қўйди Рон Гермионага юзланиб.
- Мен... менга... - гангиб қолди Гермиона, - Яъни... Умуман айтганда, зўр бўпти! Баракалла, Рон! Бу шунчалик...
- Кутилмаган ҳолат, - Гермионанинг фикрини якунлади Жорж, маъқуллаганча бош ирғиб.
- Йўқ, - баттар қизариб кетди Гермиона, - Мен ундай демоқчи эмас эдим... Рон кўп яхши ишлар қилди... у чиндан ҳам...
Унинг ортидаги эшик кенг очилиб, хонага бир қулоч дазмолланган кийим кўтарган миссис Уэсли кириб келди.
- Ҳозиргина Жинна китоблар рўйхати келганини айтиб турган эди менга, - деди у, кийимларни тўп-тўп қилиб тақсимлаб чиқар экан, болаларнинг қўлларидаги конвертларга кўзи тушиб, - Уларни менга йиғиб беринг. Сизлар сафарга ҳозирлик кўриб тургунларингга қадар, Диагон хиёбонига зинғиллаб бориб келаман. Рон, сенга, китоблардан ташқари, янги пижама ҳам олиш керак. Мана буниси кам деганда олти дюймга калта бўлиб қолибди. Кун эмас, соат сайин ўсяпсан-ми, нима бало. Қанақа ранглисини олай?
- Кўкрак нишонининг рангига монанд бўлиши учун қизил-тилла тусли пижама олиб беринг унга, - истеҳзо қилди Жорж.
- Ниманинг рангига монанд бўлиши учун? - тушунмай сўради миссис Уэсли, бир жуфт тўқ қизил пайпоқни Ронга тегишли буюмлар тўпига қўшар экан.
- Синфбошининг янгигина, ялтироқ кўкрак нишони рангига, - такрорлади Фред, нохуш гапни тезроқ айтиб қутулмоқчи бўлгандай.
Фреднинг сўзлари миссис Уэслининг пижама ҳақидаги хаёлларга берилган онгига етиб боргунга қадар муайян вақт ўтди.
- Унинг?... Бироқ... Рон, ахир сен?...
Рон қўлидаги кўкрак нишонини кўтариб кўрсатди. Миссис Уэсли худди Гермионага ўхшаб, шу заҳоти айюҳаннос солди.
- Бўлиши мумкин эмас! Бўлиши мумкин эмас! О, Рон, қандай ажойиб! Синфбоши! Қолган барча оила аъзолари каби, синфбоши!
- Фред иккаламиз-чи? Оила аъзоси бўлмай, қўшнининг боласимиз-ми? - эътироз билдирди Жорж.
Бироқ она унинг кўкрагидан итариб, кенжа ўғлини қучиб олди.
- Даданг эшитса, роса суюнади! Рон, мен сен билан фахрланаман! Ажойиб янгилик! Яна бироз ҳаракат қилсанг, Билл билан Перси каби, энг ибратли ўқувчи номига сазовор бўласан. Ахир бу илк қадам-ку! Шунча ташвишларимиз орасида ажойиб совға бўлибди-да! Мен ниҳоятда бахтиёрман, о, Ронни...
Онасининг ортида турган эгизаклар қайт қилаётган қилиқ қилишди. Бироқ ҳеч нарсага эътибор қаратмаган миссис Уэсли Ронни маҳкам қучиб олганча, синфбошининг кўкрак нишонидан ҳам баттар тўқ қизил тус олган юзини ўпа кетди.
- Ойи... бўлди... ойи, тинчланинг... - ғудуллади у, онасининг қучоғидан халос бўлишга уриниб.
Ҳансираб қолган миссис Уэсли боласини ниҳоят қўйиб юборди.
- Хўш, нима қиламиз? - сўради у, - Персига биз бойқуш совға қилган эдик. Сенинг бойқушинг бор...
- Ним-ма де-демоқчисиз, ойи? - тутилиб сўради Рон, қулоқларига ишонмай.
- Сен мукофотга сазовор бўлдинг! - хитоб қилди миссис Уэсли, ўғлига меҳр ила қараб, - Янги парад коржома олиб берайлик-ми?
- Биз олиб берганмиз унга, - фожиали оҳангда маълум қилди Фред, худди кетини ўйламай қилган сахийлигидан ачинаётган каби, қиёфа ясаб.
- Ундай бўлса, янги қозон олиб берамиз. Қозонинг эскириб, занглаб кетган. Уни бир вақтлар Чарли тутган ахир... Ёки янги каламуш олиб берайлик-ми? Қасмоқни жуда яхши кўрар эдинг-ку...
- Ойи, - тортиниб гап бошлади Рон, - Янги супурги олиб бера оласизми?
Супургиларнинг нархи жуда қиммат бўлгани учун миссис Уэслининг юзи бироз хира тортди.
- Зўр супурги олиб беришингизни сўраётганим йўқ! - шоша-пиша қўшиб қўйди Рон, - Шунчаки... шунчаки, янгисини... ҳар хил бўлсин учун...
Миссис Уэсли бироз иккиланиб турди-да, табассум қилди.
- Олиб бераман, албатта... Хўш, супургига ҳам киришим керак экан, демак шошишим керак экан. Учрашгунча... қаранг-а, кичкинтой Ронни синфбоши!... Сандиқларингни сафарга тайёрлаш ёдларингдан кўтарилмасин... Синфбоши... ҳозир ўлиб қоламан!...
У яна бир бор ўғлини ўпиб, кулиб қўйди-да, хонадан югурганча чиқиб кетди.
- Рон, агар сени ўпиб қўймасак, хафа бўлмайсан-ми? - сохта хижолат-ла сўради Фред.
- Агар истасанг, чуқур таъзим қиламиз, - таклиф киритди Жорж.
- Овозларингни ўчирсаларинг, шунинг ўзи кифоя, - дарғазаб ўқрайди Рон.
- Ўчирмасак-чи, жазога тортасанми? - мудҳиш иржайди Фред.
- Жазога тортишини бир томоша қилар эдим-да, - истеҳзоли кулиб қўйди Жорж.
- Хулқ-атворингиз шундай кечадиган бўлса, тортиши ҳам мумкин, - домангир қиёфа ясади Гермиона.
Фред билан Жорж хандон отиб юборишди.
- Қўй, Гермиона, шулар билан тенг бўлма, - ғудуллади Рон.
- Бундан буён ҳар бир қадамимизни ўйлаб босишимиз керак, Жорж, - ғўлдиради Фред, ўзини қўрқувдан қалтираётган кўйга солиб, - Негаки, энди, бир эмас икки нафар золим синфбоши бизни алоҳида назорат остига олади...
- Ҳа, олтин дамларимизга чек қўйиладиган бўлди, - ифодали дилабгор қиёфа ясади Жорж.
Эгизаклар қаттиқ қарс чиқариб, ҳавода даф бўлишди.
- Оҳ, бу иккаласи! - аччиқланди Гермиона, хандон эшитилаётган шифтга қараб, - Эътибор қаратма, Рон, улар сенга ҳасад қилишяпти!
- Йўқ, ундай деб ўйламайман, - шубҳа ила бош чайқади Рон, шифтга қараб, - Улар доимо «Синфбоши этиб фақат чала жиннилар тайинланади» деб таъкидлаб келишган... Аммо улар, - қувноқ оҳангда қўшиб қўйди у, - Ҳеч қачон янги супургили бўлишмаган! Афсус, ойим билан бирга бориб, «Нимбус» танлай олмайман. «Нимбус»га қурби етмайди, лекин ҳозир «Соф ғалаба» русумининг янги модели чиққан... Ана ўшандан олиб беришса зўр иш бўлар эди... Ҳа... Мен бориб, шама қилиб келай...
У Гарри билан Гермионани ёлғиз қолдириб, хонадан югуриб чиқди.
Гарри негадир Гермионанинг кўзига қарашни истамай, каравотига юзланди. Миссис Уэсли олиб келган тоза кийим уюмини олиб, сандиғи томон одимлади.
- Гарри? - тортиниб чақирди Гермиона.
- Зўрсан, Гермиона, - деди ҳанузгача Гермионага қарамаган Гарри овозини ўзи танимаган хайрихоҳона оҳангда, - Зўр иш бўлди. Жуда зўр.
- Раҳмат, - миннатдорлик билдирди Гермиона, - Э-м-м-м... Гарри... Хедвигнинг хизматидан фойдалансам майлими? Ота-онамга хат йўллайман. Улар жуда хурсанд бўлишади... Синфбоши сўзини улар яхши тушунишади...
- Албатта, - ижозат берди Гарри, ўша оҳанги билан, - Ол!
У сандиқ устига энгашиб, тубига кийимларини жойлади-да, ўзини нимадир қидираётган кўйга солди. Гермиона жавон ёнига бориб, Хедвигни чақирди. Бир неча сониядан сўнг, Гарри, қаддини ростламай турган ҳолатида эшик ғирчиллаб ёпилаётганини эшитди. Хонада бўш расмнинг ҳиринглаётгани-ю, чиқинди ташлаш савати бойқушнинг гўнгини қайт қилаётгани эшитилди холос.
Шундагина Гарри қаддини ростлаб, орқага ўгирилди. Гермиона Хедвигни олиб, чиқиб кетибди. Гарри эшик ёнига тез бориб, ёпди-да, каравоти томон аста одимлаб, ўзини кўрпага ташлади. Нигоҳсиз кўзини оёқ томондаги каравот тахтасига тикди.
Ўз ташвишлари билан овора бўлиб, бешинчи синфга ўтган ўқувчилар орасидан синфбошилар танланишини мутлақо унутиб юборган экан. Мактабдан қувиб юборилишидан шундай қўрқиб юрган экан-ки, каллада аллақандай аҳмоқона кўкрак нишонлари ҳақидаги ўйларга жой қолмаган. Нишонлар эса аста-секин янги соҳиблар томон йўл очиб борган. Хўп, ўйлаганда-чи... нимани кутган бўлар эди?
- Бундай ҳолатни эмас, ҳар қалай, - деди мияда базўр эшитилган, ҳақиқатгўй овоз.
Гарри бефойда буришиб кетган юзига иккала кафтини босиб олди. Киши минг уринмасин, ўзини ўзи алдай олмайди. Агар кўкрак нишони иккаласидан бирига тегиши кераклигини билганда, Ронга эмас ўзига насиб қилишига ишончи комил бўлар эди. Наҳотки у Драко Малфойдан фарқ қилмаса? Наинки ўзини бошқалардан аъло кўрса? Наҳот у чиндан ҳам Рондан зўр эканлигига ишонса?
- Йўқ, - мудҳиш фикрни инкор этди мияда базўр эшитилаётган ҳақиқатгўй овоз.
- Ростданми? - ўзига ўзи савол берди Гарри, ўз ҳиссиётларини ҳайрат-ла титкилай бошлаб.
- Мен квидиш ўйинини яхши ўйнайман, - деди ҳақиқатгўй овоз, - Қолган масалаларда эса Рондан фарқли фазилатларим йўқ.
- Бу ҳақ гап, - хаёлдан ўтказди Гарри, - Ўқув материалини ўзлаштириш масаласида Рондан зўр эмасман. Бироқ... дарсдан ташқари масалалар-чи? Рон билан Гермиона учаламиз бошдан кечирган муаммолар-чи? Мактабдан ҳайдалишдан ҳам даҳшатлироқ кечган ҳодисалар-чи?
- Рон билан Гермиона деярли доимо ёнимда бўлган, - деди Гаррининг миясидаги ҳақгўй овоз.
- Ҳамма вақт эмас, - баҳслашди Гарри, ўзи билан ўзи, - Биринчи синфда Белкага қарши, иккинчи синфда Реддль билан Василискка қарши якка ўзим олишаётганимда ёнимда бўлишмаган. Сириус қочиб қутулган ўша тунда мен каби, дементорлардан қутулишга мажбур бўлишмаган. Вольдеморт ҳаётга қайтган тунда эса қабристондаги дахмага менинг ёнимда боғланган ҳолда туришмаган...
Гаррининг вужудини яна ўша, бу уйга келган биринчи оқшомда қамраб олган туйғулар, хусусан унинг қобилиятига ҳеч ким муносиб баҳо бермагани, унга нисбатан адолатсиз муносабат кўрсатилгани билан боғлиқ туйғулар қамраб олди.
- Мен кўрсатган хизматлар аслида анча кўпроқ, - ўзига ўзи эътироз билдирди Гарри, - Иккаласидан ҳар бирига нисбатан анча кўп иш кўрсатганман!
- Эҳтимол Дамблдор синфбошиларни аҳмоқлик туфайли бошдан кечирилган хавфли вазиятлар сонига қараб танламас? - адолат-ла, таъкидлади тўғрисўз овоз, - Балки мутлақо бошқа мезонларга бўйича танлар?... Балки Роннинг табиатида сенда йўқ фазилат бордир?...
Гарри кўзини очиб, бармоқлар орасидан жавоннинг ўткир тирноқли оёғига қараб, Фред айтган: «Кишининг фикри соғлом бўлса, Ронни ҳеч қачон синфбоши этиб тайинламайди» сўзларни эслаб, қисқа хандон отиб қўйди. Сония ўтмай, ўз қилиғидан ўзи жирканди.
Рон синфбошилик кўкрак нишонини Дамблдордан сўраб олмаган. Шундай экан, синфбоши этиб тайинлангани учун айблаб бўлмайди уни. Нега энди Гарри, Роннинг яқин дўсти бўла туриб, ҳасад қилиши, эгизакларга қўшилиб, Роннинг устидан кулганча, хурсандчилигига путур етказиши керак? Қайсидир жиҳати билан Гарридан яхшироқ бўлгани, устун келгани учунми?
Шу пайт ташқаридан Роннинг қадам товуши эшитилди. Гарри ўрнидан туриб, думалоқ кўзойнагини тўғрилаб олди-да, юзида табассум ясаши билан хонага Рон кириб келди.
- Улгуриб қолдим! - қувонч-ла маълум қилди у, - Қурби етса, «Соф ғалаба» олиб келадиган бўлди.
- Зўр иш бўлибди, - деди Гарри, ғайритабиий хайрихоҳона оҳанги ўз ўзидан йўқолганига эътибор қаратиб, - Биласанми, Рон... сен чиндан ҳам зўрсан.
Роннинг юзидаги табассум барҳам топди.
- Умуман айтганда, синфбоши этиб тайинланишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ, - деди у, бош чайқаб, - Айнан сен бўлишингга ишончим комил эди!
- Қўйсанг-чи, мен кўп ташвиш келтираман, - жавоб қайтарди Гарри Фреднинг таъбири билан.
- Ҳа... - чўзди Рон, - Эҳтимол шу сабаблидир... Хўп, майли. Нарсаларимизни йиғиштириш вақти етди чоғи, тўғрими?
Қизиқ, уларнинг нарсалари бутун уйга тарқалиб кетибди. Куннинг иккинчи ярми китоблар-у, бошқа бисотларни топиб, йиғиб, сандиқларга жойлашга кетди. Рон ўзининг кўкрак нишонини дам у ёққа, дам бу ёққа қўйиб борди. Дастлаб уни каравотининг ёнидаги жавонча устига ўрнатиб қўйди, сал ўтиб, жинси шимининг чўнтагига солиб юрди, яна чиқариб, қора тусда қандай кўринишига баҳо бериш учун бўлса керак, тахланган коржомасининг устига қўйди. Фред билан Жорж кўкрак нишонини Елим кўчмас афсуни воситасида Роннинг пешонасига ёпиштириб қўйишга уринишгандагина, Рон, ўз хазинасини тўқ қизил пайпоғига солиб, сандиқ ичига жойлаб қўйди.
Бир олам китоб-у, қалин жигар ранг қоғозга ўралган узун буюм кўтарган миссис Уэсли Диагон хиёбонидан кечқурун соат олтида қайтди. Бетоқат инграб юборган Рон бўхчани онасининг қўлидан тортиб олди.
- Уни ҳозир очишинг шарт эмас. Кечки овқатга меҳмонлар келади. Ҳаммангиз менга пастда керак бўласиз, - деди миссис Уэсли.
Бироқ у остона хатлаб чиқиб кетиши билан Рон қадоқни йиртиб, қаттиқ ҳаяжон-ла, янги супургисининг ҳар бир дюймини ўрганиб чиқди.
Пастда, ошхонада, миссис Уэсли ноз-неъматларга тўлиб-тошган дастурхон УЗРА «ГРИФФИНДОР»НИНГ ЯНГИ СИНФБОШИЛАРИ РОН БИЛАН ГЕРМИОНАНИ ТАБРИКЛАЙМИЗ сўзлари битилган тўқ қизил плакат осиб қўйибди.
Гарри таътил давомида миссис Уэслини бундай яхши кайфиятда ҳали кўрмаган эди.
- Бугунги кечки овқат одатий эмас фуршет тарзида ўтгани маъқул, деган қарорга келдим, - эълон қилди миссис Уэсли болаларга, - Даданг билан Билл йўлга чиқишди, Рон. Иккаласига бойқуш йўллаган эдим. Улар роса суюнишибди, - қўшиб қўйди у, яшнаб. (Фуршет (франц. fourchette – санчқи) таклиф қилинган меҳмонлар ўзи истаган таом ва ичимликларни танлаб, ўзига ўзи хизмат кўрсатганча, тик туриб истеъмол қиладиган, овқатхона асбоби сифатида асосан санчқидан фойдаланиладиган, стол ва курсилар бирон киши учун атайин банд қилиниши кўзда тутилмайдиган биргаликда овқатланиш усули).
Фред кўзини тепага қаратиб олди.
Сириус, Люпин, Бомс, Кинсли уйда. Гарри эндигина ўзига ҳузур-лаззат ичимлигини қуйган эди ҳам-ки, ошхонага каловланиб Ўйноқкўз Хмури кириб келди.
- Аластор, келганингдан жуда хурсандман, - хитоб қилди миссис Уэсли, елкасини силтаб, плашини ечаётган Ўйноқкўз Хмурига, - Анчадан буён сендан бир нарсани илтимос қилмоқчи эдик... Меҳмонхонадаги ёзув столига қараб, ичига нима бекиниб олганини кўриб бера оласанми? Бошқа бирон-бир хавфлироқ махлуқ бўлмасин, деб ўзимиз очиб кўргани чўчияпмиз.
- Муаммо бўлиши мумкин эмас, Молли...
Хмури сеҳрли кўзини айлантириб, юқорига, шифтга қаради-да, диққат билан ўргана бошлади.
- Меҳмонхона... - ғудуллади Хмури, мовий кўзининг қорачиғини кичрайтириб, - Бурчакда турган столни айтяпсан-ми? Ҳа, кўряпман... тўғри... бу боггарт... Юқорига чиқиб, бир ёқли қилай-ми уни?
- Йўқ, овора бўлма, ўзим эплайман, фақат сал кейинроқ, - ўша қувончли оҳангида жавоб қайтарди миссис Уэсли, - Сен ҳозирча бирон нарса ичиб тур. Бугун хонадонимизда кичик байрам... - деди у, плакатга имо қилганча, Роннинг сочини тўзғитиб қўйиб, - Оиламизда тўртинчи синфбоши!
- Синфбоши, дегин? - гурсиллади Хмури, соғлом кўзини Ронга, сеҳрли кўзини ўзининг чаккасига қаратиб.
Гарри сеҳрли кўз ўзига қараб турганини пайқаб, сал нарига, Сириус билан Люпин томон чекинди.
- Нима ҳам дер эдим, табриклайман, - деди Хмури, соғлом кўзини Рондан узмай, - Ҳокимият абзалини қўлига тутган киши турли нохушликлар учун ҳақиқий миқнотисдир. Модомики, Дамблдор сени танлаган экан, демак сен ёмон афсунларнинг асосий турларига қарши тура олишингга ишонч билдирган...
Бундай талқин Ронни ҳайратда қолдиргани башарасидан яққол кўриниб турибди. Лекин, ушбу фурсатда ошхонага отаси билан катта акаси кириб келишгани боис, жавоб қайтариш учун оғиз жуфтлашга улгурмади. Миссис Уэсли шундай яхши кайфиятда эди-ки, улар Мундугнусни етаклаб келишганидан аччиқланмади. Мундугнус эгнидаги узун, у ер, бу ери бўртиб турган пальтони ечиб, Хмури ечган плаш ёнига осиб қўйиш таклифини қатъий рад этди. Ҳамма қўлига ичимлик олгач, мистер Уэсли қадаҳини кўтариб, сўз олди:
- Келинглар, «Гриффиндор»нинг янги синфбошилари Рон ва Гермиона учун қадаҳ кўтарайлик!
Рон билан Гермиона яшнаб кетишди. Ҳамма иккаласи учун қадаҳ кўтариб, қарсак ургач, стол атрофига тўпланиб, газакларга ёпирилди.
- Мен эса синфбоши бўла олмадим, - эшитилди Гаррининг ортида турган Бомснинг мамнун овози.
Бугун Бомс помидор-қизғиш сочини белигача ўстириб олибди. Уни танимаган киши Жиннанинг опаси, деб билиши аниқ.
- Коллежимиз мудирининг фикрича, айрим сифатлар менда етишмас эмиш.
- Масалан? - қизиқди Жинна, қўрда пиширилган картошкалардан бирини танлаб.
- Масалан, боадаб хулқ-атвор сифати, - жавоб берди Бомс.
Жинна кулиб юборди, Гермиона эса кулиш-кулмасликка иккиланиб, ҳузур-лаззат ичимлигидан ҳўплади-да, ўзини тиқилиб қолган кўйга солди.
- Сен-чи, Сириус? - сўради Жинна, Гермионанинг белига уриб.
Гаррининг ёнида турган Сириус ўзининг одатий, итнинг акиллашига ўхшаб кетадиган кулгиси билан қисқа хандон отиб қўйди.
- Мен, синфбоши? Нималар деяпсан! Мени синфбоши этиб тайинлаш бировнинг хаёлига ҳам келмаган! Жеймс иккаламиз доимо қандайдир жазо ўтаб юрганмиз. Орамизда Люпин эсли бола бўлган. Шу боис ҳам синфбошилик кўкрак нишони унга буюрилган.
- Фикримча, Дамблдор, агар мен синфбоши этиб тайинлансам, бебош дўстларимга ижобий таъсир ўтказа олишимга ич-ичдан умид қилган, - жавоб қайтарди Люпин, - Унинг умиди пучга чиққанини таъкидлаб ўтиш ортиқча бўлса керак.
Отаси ҳам синфбоши бўлмаганидан хабар топган Гаррининг кайфияти кескин кўтарилди! Ўтаётган кеча шу заҳоти кўзига қувноқ, йиғилган меҳмонлар эса икки чандон қадрли кўриниб, ликопини турли-туман мазали таомларга тўлдириб олди.
Рон, уни эшитишни истаган ҳар бир кишига ўзининг янги супургисини мақтаб, кўкларга кўтарди:
- ... ўн сония ичида соатига етмиш милягача тезлик олади! «Сизнинг янги супургингиз» каталогида ёзилишича, агар «Комета-290» русумли супургининг тезлиги кучли шамол дум томондан эсган ҳолатда нари борса, соатига олтмиш миляга етиши инобатга олинса, ёмон эмас, а?
Гермиона Люпин билан эльфларнинг ҳақ-ҳуқуқларини жиддий оҳангда муҳокама қиляпти.
- Ахир бу, махлуқ тусига кирадиган одамларни таҳқирлаш каби, ғирт аҳмоқлик-ку, шундай эмасми? Бундай мудҳиш ижтимоий ҳолат замирида эса сеҳргар одамлар ўзларини ҳар қандай мавжудотдан устун кўриши кузатилади...
Миссис Уэсли билан Билл поёни йўқ мавзуни, у ҳам бўлса, Биллнинг ихтилоф объекти саналадиган сочини муҳокама қилишиб, ҳанузгача ягона фикрга келиша олишмаяпти.
- ... сочинг ҳаддан ортиқ ўсиб кетган. Ўктам йигит бўлсанг, ўғлим, сал қисқартирсак, чиройли кўринади, тўғрими, Гарри?
- Э-м-м-м... билмадим.
Ушбу масалага оид муайян фикрга эга бўлмаган Гарри, кутилмаган саволдан эсанкираб қолиб, Мундугнус билан бир бурчакка биқиниб олганча, ниманидир муҳокама қилаётган эгизаклар томон астагина одимлаб кетди.
Яқинлашиб келаётган Гаррини кўрган Мундугнус унини ўчирди. Фред кўзини қисиб қўйиб, Гаррини имлади.
- Ташвиш тортма, Мундугнус, - тинчлантирди у, - Гаррига ишонса бўлади. У бизнинг молиявий ҳомийимиз.
- Қара, Мундугнус нима олиб келди бизга, - мақтанди Жорж, буришиб кетган қора нўхатга ўхшаш, мутлақо ҳаракатсиз бўлса ҳам, аллақандай овоз чиқараётган нарсага тўла кафтини Гаррига узатиб, - Бадният газаклар тайёрлаш учун керак бўладиган заҳарли пайпаслагич уруғи. Биз буни қўлга кирита олмай юрган эдик. Негаки, ушбу уруғ савдога чиқарилиши ман этилган, «С» тоифага мансуб моддалар сирасига киради.
- Демак, ҳаммасига ўн галлеон берамиз, келишдик-ми, Мундугнус? - савдосини давом эттирди Фред.
- Шунча қийинчилик билан топилган мол учун-а? - эътироз билдирди қизил кўзи торайиб кетган Мундугнус, - Йўқ йигитлар, бир нут ҳам кам бўлмаган йигирма галлеон тўлайсиз.
- Мундугнус жуда ҳазилкаш-да, - деди Фред, Гаррига.
- Ҳа, унинг бугунги энг зўр ҳазили бир қоп қуш пати учун олти склат сўрагани бўлди, - қўшиб қўйди Жорж.
- Эҳтиёт бўлинг, - паст овозда огоҳлантирди Гарри.
- Ҳа, тинчликми? - ҳайрон бўлди Фред, - Ишлар жойида, ойим синфбошича Рон билан ғуриллаяпти.
- Аммо Хмурининг кўзи кўриб қолиши мумкин, - мантиқли эътироз билдирди Гарри.
- Тўғри, - ғудуллаб қўйди Мундугнус, ортга елкаси узра чўчиб қараб, - Майли, йигитлар, агар ҳаммасини оладиган бўлсангиз, беринг ўн галлеон.
- Яшасин Гарри! - хитоб қилди Фред, Мундугнус киссасидаги уруғларни эгизакларнинг кафтига бўшатиб, нари кетгач, - Буни тезроқ юқорига олиб чиқишимиз керак...
Эгизакларнинг ортидан қараб қолган Гарри бироз хижолат тортди. Мистер ва миссис Уэслилар эртами, кечми болалари очмоқчи бўлган кулгили моллар дўконидан хабар топиши, табиийки, Фред билан Жорж дўкон очиш учун пулни қаердан олишди, деган савол туғилиши ҳақидаги ўй унинг хаёлига энди келди. Ютуқ пулини эгизакларнинг қўлига ушлатиб қўйиш у қадар қийин кечмади, бироқ бу ёғи неча пулга тушади? Яна оилавий можаро ва яна бир юз ўгириш ҳолати юзага келса-чи? Фред билан Жоржга ўзларига ярашмайдиган иш билан шуғулланишга айнан Гарри имкон яратганини миссис Уэсли билиб қоладиган бўлса, Гаррини ўз ўғлидай кўришни давом этармикан?
Бурчакда танҳо ўзи виждон азобида турган Гарри кутилмаганда одамлар орасида ўз исмини эшитиб қолди. Ошхонада шовқин ҳукм сураётганига қарамай, Кинсли Кандальернинг жарангдор овози аниқ янгради.
- Нега Дамблдор синфбоши этиб Поттерни тайинламади?
- Асосли сабаблар бор, - жавоб қайтарди Люпин.
- Ҳа, лекин у, Поттерни синфбоши этиб тайинлаб, унга ишонишини ҳаммага кўрсатган бўлар эди, - фикрини маъқуллаб туриб олди Кинсли, - «Башорат-у, каромат газетаси» Поттерни ҳар куни бадном қилиб бориши инобатга олинадиган бўлса, мен айнан шундай қилган бўлар эдим...
Суҳбатлари эшитилиб қолганини Люпин билан Кинсли тушуниб қолмаслиги учун Гарри улар томон ўгирилмади. Иштаҳаси бўлмаса-да, Мундугнус каби, стол томон одимлади. Байрамона кайфияти қанчалик тез пайдо бўлган бўлса, шунчалик тез барҳам топди. Тезроқ юқорига кўтарилиб, кўрпага қулашни истади.
Стол ёнида Ўйноқкўз Хмури бурнининг омон қолган парчаси билан товуқ гўштини шубҳа ила обдан ҳидлаб чиқиб, заҳар аломатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилди чамаси, оёқ мушакларининг бир тилимини тишлаб юзди.
- ... дастаси испан эманидан тайёрланган бўлиб, афсунга қарши қоплама югуртирилган. Бундан ташқари, силтаниш даражасини назорат қилиб борадиган ички имкони мавжуд... - супурги мақташини қўймади Бомс билан суҳбатлашаётган Рон.
Миссис Уэсли чуқур эснади.
- Бўлди, юқорига чиқиб боггартни бир ёқли қиламан-да, уйқуга ташлайман!... Артур, ушбу жамоа узоқ қолиб кетмаслигини назорат остига ол, хўпми? Гарри, хайрли тун, болагинам.
Миссис Уэсли чиқиб кетгач, Гарри қўлидаги ликопни стол устига қўйиб, ҳеч кимнинг эътиборини ўзига жалб этмаган тарзда ошхонани тарк эта олишини билиш учун аста атрофга аланглади.
- Қалайсан, Поттер? Ишларинг жойидами? - вайсади Хмури.
- Жойида, - алдади Гарри.
Хмури сувдонидаги ичимлигидан симирар экан, сеҳрли кўзини ёнида турган Гаррига қаратди.
- Бу ёққа кел, - чақирди у, Гаррини, - Бир нарса кўрсатаман. Ўйлайман-ки, сенга қизиқ бўлади.
Хмури коржомасининг ички чўнтагига қўл солиб, сеҳргарларнинг эски фотосуратини чиқарди.
- Қақнус орденининг илк таркиби, - гурсиллади у, - Кеча оқшом захира кўринмас плашимни қидираётиб, топиб олдим. Виждонсиз Подмор энг яхши плашимни ҳанузгача қайтариб бергани йўқ. Ўйлайман-ки, бу ерга тўпланган аксарият одамларга, ушбу фотосуратни кўриш қизиқ бўлса керак.
Гарри суратни қўлига олди. Кам сонли одамлар гуруҳи. Кимдир қўл силтаса, кимдир қадаҳ кўтариб қўймоқда...
- Мана бу мен, - кўрсатди Хмури.
Бурни ҳали бутун, сочи оқармаган бўлса ҳам, танимасликнинг иложи йўқ.
- Ёнимда Дамблдор турибди. Бу ёнимдаги Дедал Диггл... Мана бу Марлена Маккиннон, ушбу аёл бир ҳафтадан сўнг, ўлдирилган эди, бутун оиласи билан бирга. Мана булар Фрэнк ва Алиса Лонгботтом...
Гаррининг кайфияти шундоқ ҳам бузилиб бўлган эди, Алиса Лонгботтомнинг суратини кўриб, баттар эзилди. Уни ҳеч қачон кўрмаган, лекин кулчаюз, очиқ чеҳрасидан боласи Невилль билан икки томчи сувдай ўхшаш экан.
- ... бечоралар, - ғудуллади Хмури, - Улар кечираётган ҳаётдан ўлим афзал... Мана бу Эммелина Ванс, кўргансан уни, мана бу Люпин, тушунарли... Бенжи Фенвик бу ҳам... бўлакларини қидириб, йиғиб-терганмиз. Ҳой, қани нари сурилинг-чи, - деди Хмури, суратдаги одамларнинг биринчи қаторига чертиб.
Одамлар тасвири нари силжиб, иккинчи қаторда турганлар олдинги қаторга ўтиб олишди.
- Эдгар Боунс, - давом этди Хмури, - Уни ҳам оиласи билан... Моҳир сеҳргар эди... Стуржис Подмор... ё тавба, ёшлигини қара уни!... Карадок Милород, ушбу санадан кейин ярим йил ўтгач, дараксиз кетди... топа олмадик... Хагрид... башараси ҳеч қачон ўзгармайди... Эльфиас Дож, уни ҳам кўргансан... бунақа аҳмоқона шляпаси борлигини унутиб юборибман... Гидеон Преветт... иккаласини ва Гидеоннинг укаси Фабианани ўлдириш учун беш нафар Ўлимдан мириқувчи роса овора бўлган. Ҳақиқий қаҳрамонлар... Хўп, майли, сизлар ҳам нари сурилинг...
Одамлар тасвири нари силжиб, учинчи қаторда турганлар олдинги қаторга ўтиб олишди.
- Мана бу Дамблдорнинг укаси Аберфорс, уни фақат бир маротаба кўрганман, ғалатироқ киши... Доркас Мидоуз, шахсан Вольдемортнинг ўзи ўлдирган... мана бу ҳали сочи ўсмаган Сириус... ҳа, мана, қара! Сенга мана булар қизиқ бўлиши керак!
Боланинг юраги мисли кўрилмаган сальто бажариб юборгандай бўлди. Фотосуратдан яшнаб, кулиб турган ойиси билан дадаси Гаррига қараб туришибди. Уларнинг ўртасида эса пакана бўйли, кўзи серсув киши турибди. Гарри уни дарҳол таниди. Бу ота-онаси бекиниб олган жойни Вольдемортга айтиб бериб, ўлимига сабабчи бўлган хоин Чувалчангдум.
- Хўш, қалай? - сўради Хмури.
Гарри Хмурининг чандиқ қамраб, буришиб кетган юзига қаради. Афтидан, Хмури, Гаррига шоҳона совға қилганига ишончи комилга ўхшайди.
- Ҳа, - Гарри юзида табассум ясашга уриниб кўрди, - Э-м-м-м... биласизми, нарсаларимни охиригача йиғиштириб улгурмаганим эсимга тушди...
Хайриятки, бошқа тушунтиришлар беришга тўғри келмади. Негаки, шу фурсатда Сириус келиб:
- Ўйноқкўз, қўлингдаги нима? - деб сўраб қолди.
Хмурининг эътибори Сириусга чалғигач, Гарри чиқиш эшиги томон аста чекиниб, ошхонани тарк этди. Биров уни чақириб, ортга қайтармаслиги учун шоша-пиша зинапоя бўйлаб юқорига кўтарила кетди.
Нега фотосурат бу қадар қаттиқ таъсир кўрсатганини Гарри тушунмади. Ахир у илгари ҳам ота-онасининг фотосуратларини кўрган, Чувалчангдум билан ҳатто учрашган ҳам... Бироқ бундай ҳолат ҳозиргидай, кутилмаганда рўй берса... Кимга ёқади бу, жаҳл-ла, хаёлдан ўтказди Гарри...
Бундан ташқари, ота-онасини шунча бахтиёр кишилар даврасида кўриш!... Бўлакларга бурдалаб ташланган Бенжи Фенвик, қаҳрамонларча ҳалок бўлган Гидеон Преветт, ақл-ҳушини йўқотиб қўйишгунга қадар қийноққа солинган Лонгботтомлар... Уларнинг ҳаммаси ҳалокатга маҳкум этилганидан ғафлатда қолиб, бахтиёр қиёфалари ила, фотосуратдан қўл силтаб қолишаверади... Хмури учун чиндан ҳам қизиқ кўринар, бироқ Гарри буни даҳшатли манзара сифатида қабул қилди...
Ниҳоят ёлғиз ўзи қолганидан суюнган Гарри панжарасига уй эльфларининг чопилган бошлари терилган зинапоядан кўтарила бошлади. Бироқ биринчи қаватнинг зина майдончасига яқин борар экан, қулоғига аллақандай ғалати товушлар эшитилди. Меҳмонхонада кимдир жониқиб ҳиқилламоқда.
- Ким бор бу ерда? - сўради Гарри.
Жавоб эшитилмаса-да, ҳиқиллаш тинмади. Зинапоянинг ҳар икки поғонасидан сакраб югурган Гарри зина майдончасига етиб бориб, эшикни ланг очди.
Қўлига сеҳрли таёқча ушлаган аёлнинг букчайган қомати меҳмонхонанинг қорамтир деворига қапишиб олган. Аёлнинг танаси йиғламоқдан дағ-дағ титрамоқда. Чанг босган эски гилам устида оёқ-қўлини ҳар томон ёзганча, Роннинг, Ой нурида яққол кўринган жасади ётибди.
Гаррининг ўпкасида борки ҳаво бир зумда чиқиб кетди. Назарида оёғи остидаги пол тарс ёрилиб, ер қаърига кириб кетаётган, мияси музлаб қолгандай бўлди... Рон ўлди? Йўқ, бўлиши мумкин эмас... Йўқ, чиндан ҳам бўлиши мумкин эмас. Рон пастда, ошхонада қолди-ку...
- Миссис Уэсли? - хириллаб чақирди Гарри.
- Р… р... ридикулус! - ҳиқиллади миссис Уэсли, титраётган таёқчасини Роннинг жасадига ўқтаб.
Қарс.
Роннинг жасади Биллнинг, қўли бургут қаноти каби, икки томон ёзилган, нигоҳсиз очиқ кўзи шифтга қараган жасадига айланди... миссис Уэсли баттар ҳўнграб юборди.
- Р… р... ридикулус! - базўр талаффуз эта олди у.
Қарс.
Биллнинг жасади ўрнига мистер Уэслининг кўзойнаги кўзидан нари сурилиб қолган, лунжидан қон оқаётган жасадига айланди.
- Йўқ! - инграб юборди миссис Уэсли, - Йўқ... ридикулус! Ридикулус! РИДИКУЛУС!
Қарс. Эгизаклар жасади. Қарс. Персининг жасади. Қарс. Гаррининг жасади...
- Миссис Уэсли, тез чиқиб кетинг бу ердан! - қичқирди Гарри, ўзининг жасадига қараб, - Бошқа бировни чақириш керак...
- Тинчликми, нима бўляпти бу ерда?
Хонага Люпин, унинг кетидан Сириус, бир неча сония ўтиб каловланган Хмури кириб келди. Люпин дастлаб миссис Уэслига сўнг, Гаррининг полда ётган жасадига қараб, гап нимада эканлигини шу заҳоти фаҳмлади. Шундан сўнг, қўлига сеҳрли таёқчасини чиқариб, қатъий ва аниқ эшитилган оҳангда:
- Ридикулус! - сўзини талаффуз этди.
Гаррининг жасади гум бўлиб, ҳавода сут-кумуш тусли каттагина шар пайдо бўлди. Люпин таёқчасини боз силтагач, шарнинг дами чиқиб, кўздан ғойиб бўлди.
- О!... о!... о!... - уввос сола кетди юзини бекитиб олган миссис Уэсли.
- Молли, қўйсанг-чи, - саросимага тушиб қолди Люпин, миссис Уэсли томон одимлаб, - Молли...
- Мен... менинг... кўзимга доимо уларнинг жасади кўринаверади, - йиғлади миссис Уэсли, бошини Люпиннинг елкасига ташлаб, - Доимо-о-о-о... ҳатто тушимда ҳам кўраман ўлиб қолишганини!...
Сириус ҳозиргина боггарт ётган жойга, Хмури эса кўзини олиб қочаётган Гаррига қаради. Ошхонадан чиққан фурсатдан бошлаб сеҳрли кўз уни диққат билан кузатганига Гарри шубҳа қилмади.
- Ар... Ар... Артурга айта кўрманг, - илтимос қилди миссис Уэсли, кўз ёшини енгига артишга уринганча, нафаси қисилиб, - Қа... қа... қанақанги аҳмоқ хотин эканлигимни билишини истамайман...
Люпин узатган дастрўмолга бурун қоқиб олгач, титраётган товуши билан давом этди:
- Гарри, оддий боггартни уддалай олмай, сенинг олдингда уятда қоладиган бўлдим... мен ҳақимда қандай фикрга борасан энди?
- Қўйсангиз-чи, миссис Уэсли, - жавоб қайтарди Гарри, кулиб қўйишга уриниб.
- Мен ниҳоятда қат... қат... қаттиқ ташвишдаман. Оила аъзоларимизнинг яр... яр... ярми Орден аъзолари, - базўр гапира олди миссис Уэсли, кўзидан боз ёш оқиб, - Ҳам... ҳам... ҳаммамиз омон қолсак, мўъжизанинг ўзгинаси бўлади... П... П... Перси эса биз билан муносабатларини узган... Даҳшатли нарсалар юз... юз... юз берса-ю, биз ярашиб олишга улгурмай қолсак нима бўлади? Ар... Ар... Артур иккаламиз ҳалок бўлсак-чи? Р... Р... Рон билан Жиннага ким қарайди?
- Бўлди энди, Молли, бас қил бундай гапларни, - қатъий оҳангда гапни бўлди Люпин, - Бўлар-бўлмас сўзларни тўқиб чиқарма. Ҳозирги вазият илгаригидай эмас. Орден энди дурустгина ҳозирлик кўрган, ўтмишдан етарлича сабоқ олган. Вольдемортнинг ниятларидан бохабар...
Қўрқиб кетган миссис Уэсли инграб юборди.
- Бас қил, Молли, унинг исмига кўникиш вақти етди... Мен ҳеч ким жабр кўрмайди, деб ваъда бера олмайман, албатта. Бундай ваъдани ҳеч ким бера олмайди, бироқ ҳозирги вазият илгаригига қараганда биз учун анча қулай тарзда юзага келмоқда. Ўтган сафар сен Орденда бўлмагансан, шунинг учун ҳам билмайсан. Ўшанда ҳар бир Орден аъзосига кам деганда йигирма нафардан Ўлимдан мириқувчи тўғри келган. Шу боис улар бизни кетма-кет енгиб боришган...
Гарри яна ота-онасининг бахтиёр кайфиятда тушган фотосуратини эслаб, Хмурининг диққат билан кузатиб турган нигоҳини ҳис этиб турди.
- Перси масаласида эса ташвиш тортма, - тинчлантирган бўлди Сириус, - У ақлини йиғиб олади. Вақт ўтсин, Вольдеморт ўзини фош эттириб қўяди. Ана ўшанда тиз чўкиб, ҳаммамиздан узр сўрайди. Кечира олишимга ишончим комил бўлмаса ҳам.
- Артур иккалаларинг асфаласофилинга йўл олишга аҳд қилсаларинг-у, Рон билан Жинна кимга қолиши масаласига келсак, - қўшиб қўйди Люпин кулиб, - Нима учун биз жамоа сифатида йиғилганмиз, нима деб ўйлайсан? Наҳотки биз уларни очдан ўлиб кетишларига йўл қўйсак?
Миссис Уэсли бўшгина кулиб қўйди.
- Жуда аҳмоқ жувонман, а? - яна ғудуллади у, кўзини артиб.
Бироқ ўн дақиқадан сўнг, ётоқхонасининг эшигини ичкаридан ёпган Гарри миссис Уэслининг ушбу таъкидига хаёлан эътироз билдирди. Унинг кўз ўнгида эски фотосуратдан қараб турган ота-онасининг қувончли, бошқа кўплаб дўстлари каби, куни битганини хаёлга ҳам келтирмаган қиёфалари боз гавдаланди. Ички кўзига одамларнинг боггарт айланган жасадлари кўринди...
Дафъатан пешонасидаги чандиғига оғриқ кириб, қорин соҳаси сиқилиб қолди.
- Қани бас қил, - амр этди бола оғриққа мурожаат қилган бўлиб.
Оғриқ аста барҳам топди.
- Кишининг ўз калласи билан суҳбат қуриши – ақлдан оза бошлаётганининг илк аломатидир, - истеҳзоли ҳикмат қилди бўш расмдан чиққан овоз.
Гарри овозга эътибор қаратмади. Ҳозир у ўзини катта ёшли, деярли кекса кишидай ҳис этиб, атиги бир соат олдин кулгили моллар дўкони ва аллақандай кўкрак нишони кимга насиб қилди-ю, кимга буюрилмаганлиги ҳақида ташвиш тортганини эслаб, ўзини ўзи койиди.
Admin · Просмотров: 894 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 17:03:49

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p109.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)