Календарь

Январь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

ЎНИНЧИ БОБ. ЛУНА ЛАВГУД

Кечаси ёмон ухлаган Гаррининг тушига лом-мим демай пайдо бўлиб, чурқ этмай ғойиб бўлган ота-онаси ва бошларига тож кийган Рон билан Гермионанинг кузатуви остида Тараққоснинг жасади устида ҳўнграб ўтирган миссис Уэсли кирди. Тонгга яқин эса ўзини яна вазирлик биносининг йўлагида, ёпиқ эшик томон одимлаб бораётганини кўрди. Пешонасидаги чандиқ кутилмаганда санчиб оғриганидан уйғонгач, ёнида тўла-тўкис кийиниб олганча, нималардир вайсаётган Рон турганини англади.
- ... яхшиси шошилганинг маъқул, акс ҳолда поездга кечикишимиз мумкинлигидан хавотирланаётган ойим ёрилиб кетади...
Уйнинг тўс-тўполони чиқиб кетибди. Гарри апил-тапил кийинар экан Фред билан Жоржнинг қилмиши ҳақида хабар топди. Эгизаклар ортиқча куч сарфламаслик учун сандиқларини зина узра даҳлизга тушириш мақсадида сеҳр қўллабди. Оқибатда сандиқлар Жиннага борилиб урилиб, бечора қиз зинапоянинг иккита оралиғидан копток сингари думбалоқ ошиб тушибди. Шу боис, миссис Блэкнинг тасвири билан миссис Уэсли иккаласи уйни бошга кўтариб, овозлари борича айюҳаннос солишмоқда:
- АҲМОҚЛАР, СИНГЛИНГИЗГА ЖИДДИЙ ЖАРОҲАТ ЕТИШИ МУМКИН ЭДИ-КУ...
- АЖДОДЛАРИМ ХОНАДОНИНИ ҲАРОМ ҚИЛГАН НАСЛИ БУЗУҚ ИФЛОСЛАР...
Гарри кедасининг боғичини боғлаётган пайтда, хонага, елкасида базўр мувозанат сақлаётган Хедвиг ўтирган, қўлида йўлбарснинг боласидай келадиган Маймоқоёқ типирчилаётган, юзи эса телбанамо қиёфа касб этиб қолган Гермиона отилиб кирди.
- Ойим билан дадам Хедвигни дарҳол ортга қайтаришибди. Сизлар тайёрмисиз сафарга?
Фаросатли бойқуш Гермионанинг елкасидан кўтарилиб, қафас устига қўнди.
- Деярли. Жиннанинг аҳволи қалай? - сўради Гарри, кўзойнагини тақар экан.
- Миссис Уэсли унинг бошидан оёғигача малҳам мато ёпиштириб чиқди, - жавоб берди Гермиона, - Бироқ энди бошқа муаммо чиқиб қолди. Стуржис Подмор етиб келмас экан, Ўйноқкўз йўлга чиқишдан бош тортяпти. Унинг фикрича, қўриқлаш гуруҳининг таркиби бир кишига бўлсин, кам бўлмаслиги шарт эмиш.
- Қўриқлаш гуруҳи? - ҳайрон бўлди Гарри, - Биз энди ҳатто темир йўл вокзалига ҳам қўриқлаш гуруҳи кузатувида борадиган бўлдик-ми?
- Биз эмас сен, - тузатиш киритди Гермиона.
- Нега энди? - аччиқ қилди Гарри, - Билишимча, Вольдеморт айни дамда сувга ботгандай писиб олган, деб эътироф этилган-ку! Фикрингча у, кўча йўлакларидаги бирон-бир чиқинди бакидан шартта чиқиб менга ташланиб қоладими?
- Менинг нима алоқам бор бу ишга? Ўйноқкўзнинг гапини етказдим холос, - деди Гермиона хаёли қочганча, соатига қараб, - Нима қилганда ҳам, тез орада уйдан чиқмасак, поездга кечикишимиз муқаррар...
- ҲАММА ПАСТГА ТУШИШИНИ ИЛТИМОС ҚИЛАМАН! - янгради пастда турган миссис Уэслининг овози.
Гермиона худди ларзага келгандай сесканиб кетиб, хонадан ўқдай учиб чиқди. Хедвигни чангаллаб, қафасга шартта тиқиб ташлаган Гарри ҳам, сандиғини тортганча, Гермионанинг кетидан пастга ошиқди.
Миссис Блэкнинг тасвири бақиравериб хириллаб қолган бўлса ҳам, ҳеч ким унинг унини ўчириш, портрет пардасини ёпиб қўйишга урингани йўқ. Даҳлизда шу қадар кучли шовқин кўтарилганки, тасвир бари-бир боз уйғониб кетган бўлар эди.
- Мен ва Бомс билан бирга юрасан, Гарри. Сандиғинг-у, бойқушингни қолдир. Юк билан Аластор шуғулланади... О, Муқаддас фалак ҳақи, Сириус! Дамблдор «йўқ» деди-ку, сенга! - чинқирди миссис Уэсли, миссис Блэк тасвирининг қайта ва қайта: «МАГЛВАЧЧАЛАР! ИФЛОСЛАР! ЗИНО ҲОСИЛАЛАРИ!» деган бақириқларини босиб.
Сандиқлар орасидан миссис Уэсли томон базўр ўтиб бораётган Гаррининг ёнида айиққа ўхшаб кетадиган улкан ит пайдо бўлди.
- Нима қилса бўлади сени, а?... - иложсиз вайсади миссис Уэсли, - Хўп, майли... Лекин жавобгарлик ўз зиммангда қолади! - деди у, эшикнинг барча қулфларини осонгина уддалаб.
Гарри ит билан бирга миссис Уэслига эргашиб, сентябрь қуёшининг хира нурлари ёритган кўчага чиқди. Ортда қолган уй эшиги қарсиллаб ёпилиб, миссис Блэкнинг айюҳанноси бир зумда тинди. Учаласи пиёдалар йўлагига оёқ қўйишлари ҳамоно, зинапоя ҳавода гум бўлди.
- Бомс қани? - сўради Гарри, атрофга аланглаб.
- У бизни ҳў анави ерда кутяпти, - зўриқиб жавоб берди миссис Уэсли, домангир нигоҳини Гаррининг ёнида бамайлихотир лўкиллаб бораётган итдан узиб.
Муюлишга етганда, тепа қисми юмалоқ ясси, четлари тепага қайрилган бинафша ранг шляпа кийган, зич ўсган гажакларига оқ оралаган кекса аёл салом берди.
- Салом, Гарри, - кўзини қисиб қўйди кампир ва соатига қараб қўшиб қўйди: - Молли, шошилмасак бўлмайди.
- Биламан, биламан, - ингради миссис Уэсли, - Шу топда Ўйноқкўзнинг инжиқлиги тутиб қолиб, Стуржиснинг келишини кутиш керак, деб туриб олди... Қани энди Артур вазирлик тасарруфидаги машиналардан бир-иккитасини олишга муваффақ бўлганда... Фақат Фуж, бундан буён эримга, машина нарида турсин, ишлатилмай ётган бўш сиёҳдонини ҳам бермаса керак... Магллар керакли жойга сеҳр-жодусиз қандай етиб олишади, ҳайронман... 
Йирик қора ит ўйноқлаб акиллади-да, Гаррининг кулгисини қистаганча, дам каптарларни ҳуркитиб, дам ўзининг думини қувиб, югура кетди. Уйда анчадан буён қамалиб ўтирган Сириус яйрамоқда. Унинг хулқини кўриб, жаҳли чиққан миссис Уэсли лабларини маҳкам қимтиб олди.
Кингс-Кросс темир йўл вокзалига етиб бориш учун йигирма дақиқа пиёда юришга тўғри келди. Бу вақт ичида Гаррини кулдириб борган Сириус бир жуфт мушукни ўтакаси ёрилиб кетадиган даражада қўрқитиб юборгани ҳисобга олинмаса, диққатга сазовор бирон-бир ҳолат рўй бермади. Вокзал биносига киргач, улар, тўққизинчи ва ўнинчи платформалар орасидаги тўсиқ ёнида, киши ўзидан ўзи ғойиб бўлганлигини маглларга сездирмаслик талаб этиладиган, қурумга аралашиб булғанган буғ пуркаётган «Хогварц-Экспресс» ёнида мактаб ўқувчилари-ю, уларни кузатаётган қавм-қариндошларга тўлиб-тошган тўққиз бутун тўртдан учинчи платформага навбат билан ўтиб олиш учун қулай фурсат келишини кутиб, сандироқлаб юришга мажбур бўлишди. Таниш ҳидни сезган Гарри, руҳланиб кетди...
- Умид қиламан-ки, ҳеч ким кечикмайди, - хавотирланиб вайсади миссис Уэсли, йўловчилар платформага чиқадиган бурама чўян аркага қараб.
- Зўр итинг бор экан, Гарри, - бақириб ўтди сочи африкаликларга хос ўрилган новча бўйли йигитча.
- Мақтов учун ташаккур, Ли, - кулиб жавоб қайтарди Гарри, думини ликиллатаётган Сириусга қараб.
- Худога шукур, - енгил тортди миссис Уэсли, - Ана, Аластор ҳам юкларимиз билан етиб келди...
Арка остида ҳаммол фурашкасининг соябони билан бир кўзини тўсиб олган, каловланганча, бир нечта сандиқ ортилган аравани итариб келаётган Хмури пайдо бўлди.
- Атроф тоза, - тез айтиш тарзида билдирув берди у, миссис Уэсли билан Бомсга, - Ортимиздан ҳеч қандай дум эргашмади чоғи...
Бир неча сония ўтгач, мистер Уэсли ҳамроҳлигида Рон билан Гермиона пайдо бўлишди. Арава юкдан халос этилган эди ҳам-ки, платформага Люпин ҳамроҳлигидаги Фред, Жорж ва Жинна кириб келишди.
- Муаммо бўлмади-ми? - гурсиллади Хмури.
- Йўқ, - жавоб қайтарди Люпин.
- Нима қилганда ҳам, Стуржис ҳақида Дамблдорга билдирув бериб қўйишга тўғри келади, - деди Хмури, - Шу билан иккинчи маротаба навбатчиликка келмаслиги. Мундугнусдан кўп фарқ қилмай, ишончни йўқотиб бормоқда.
- Хўп, майли, ўзингизни эҳтиёт қилинг, - хайрлаша бошлади Люпин, болалар билан қўл сиқишиб, - Сен ҳам, Гарри, эҳтиёт бўл, - деди у, Гаррининг елкасини маҳкам сиқиб.
- Тўғри, лаллайиб юрмасдан зийрак бўл, - қўшиб қўйди Хмури, Гаррининг қўлини сиқиб, - Ҳаммангизнинг ёдингизда бўлсин, гап экан деб, тўғри келган нарсани хатда ёзиб юрманг. Иккиландингиз-ми, демак ёзманг.
- Ҳаммангиз билан танишиш менга ўларча қувонч бағишлади, - деди Бомс, Жинна билан Гермионани қучар экан, - Тез орада учрашгунча.
Дастлабки ҳуштак янгради. Ҳанузгача платформада турган ўқувчилар шошиб қолиб, ўзини поездга урди.
- Тезроқ, тезроқ, - шошилтирди миссис Уэсли, болаларни бир четдан ўпиб чиқиб (кўпчилик ичида Гарри икки маротаба ўпич олди), - Ёзинглар... хушахлоқ тутинг ўзингизни... Ким-ки бирон нарсасини унутган бўлса, ташвиш тортманг, ортингиздан юборамиз... Бўлинг, шошилинг...
Айиқдай келадиган қоп-қора ит шартта орқа оёққа туриб, олд панжаларини Гаррининг елкасига қўйиб олди.
- Сириус, ўзингни итга ўхшаб тутсанг-чи! - вишиллади миссис Уэсли, Гаррини вагон эшиги томон туртиб.
- Кўришгунча хайр! - қичқирди Гарри, вагоннинг очиқ деразасидан.
Поезд ҳаракат бошлади. Гаррининг ёнида турган Рон, Гермиона ва Жинна қўл силтади. Мистер ва миссис Уэсли, Бомс, Люпин ва Хмури катта тезлик олаётган поезд ортида қолиб кетишди. Қора ит эса думини ликиллатганча, поезд ёнида узоқ югуриб борди. Платформада қолиб, қиёфалари хиралашиб бораётган одамлар поездни таъқиб қилаётган итга қараб, кулишди. Кўп ўтмай, поезд муюлиш ортига ўтиб, Сириус ҳам кўздан ғойиб бўлди.
- Вокзалга келиши шарт эмас эди, - ташвиш тортди Гермиона.
- Қўйсанг-чи, - қўл силтади Рон, - Бечора кўп ойлардан буён энди чиқди кўчага.
- Хўш, - деди Фред, қарс уриб, - Сизлар билан лақиллашиб тургани вақтимиз йўқ. Биз Ли билан баъзи нарсаларни муҳокама қилиб олишимиз керак. Кейин учрашамиз.
Эгизаклар вагон йўлаги бўйлаб нари кетишди. Поезд тезлик олиб, турган жойларида тебранаётган болаларга деразадан лип-лип ўтаётган уйлар кўринди.
- Хўш, бўш купе қидириб кўрамиз-ми? - таклиф киритди Гарри.
Рон билан Гермиона бир-бирига қараб қўйишди.
- Э-м-м-м... - чўзди Рон.
- Биз... бизга... Қисқаси, Рон иккаламиз синфбошилар вагонига боришимиз керак, - ўнғайсиз ғудуллади Гермиона.
- А. Ундай бўлса, майли, - деди Гарри.
- Манзилга етгунга қадар ўша ерда ўтиришимиз шарт, деб ўйламайман, - тез қўшиб қўйди Гермиона, - Хатда ёзилишича, энг ибратли ўқувчи йигит билан қизнинг ҳузурига бориб, тегишли йўл-йўриқ олиш, поезд вагонларининг йўлакларида навбатчилик хизматини ўташ кераклиги ёзилган. Навбатчилик ҳам узлуксиз эмас.
- Майли, - боз такрорлади Гарри, - Ундай бўлса, кейинроқ учрашар эканмиз, шундайми?
- Ҳа, албатта, - деди Рон, Гаррига аста қараб, - Умуман айтганда, ўша ерга боргим йўқ... лекин мажбурмиз... Айтмоқчиман-ки, бундан ҳузур қилаётганим йўқ, ахир мен Перси эмасман-ку, - гапини тугатди у, хижолат тортиб.
- Биламан, - тинчлантирди Гарри.
Ниҳоят Роннинг юзига кулги югурди. Бироқ Рон билан Гермиона ўз сандиқлари, Маймоқоёқ, Чўчринстелнинг қафасини олиб, поезднинг бош томонига қараб йўл олишлари ҳамоно, Гарри, кутилмаганда ёлғизликни ҳис этди. У ҳали бирон маротаба бўлсин, «Хогварц-Экспресс»да Ронсиз йўл юрмаган.
- Кетдик, - деди Жинна, - Тезроқ ҳаракат қилсак, уларга ҳам жой эгаллашимиз мумкин.
- Тўғри, - хаёлини йиғиб олди Гарри, бир қўлига Хедвиг қамалган қафас, иккинчисига сандиғининг дастасини ушлаб. 
Улар эшик ойналари орқали ҳар бир купе ичига қараганча, вагон йўлаги бўйлаб олға илгарилаб кетишди. Купелар банд. Гаррини кўриб қолганлар унга очиқдан-очиқ қизиқсиниб қарар, айримлар эса ҳатто тирсаги билан қўшнисини туртиб, эътиборини Гаррига қаратар эди. Бешта купеда аҳвол шундай бўлганидан сўнггина, Гарри, «Башорат-у, каромат газетаси» бутун ёз бўйи Гарри Поттернинг муттаҳам ёлғончи эканлиги ҳақида жар солганини эсга олди. Қизиқ, хаёлдан ўтказди у, наҳотки кўзини олайтириб, бетакаллуф қараётганлар ўша гапларга ишонади?
Энг охирги вагонда Жинна иккаласи Гаррининг синфдоши Невилль Лонгботтом билан учрашиб қолишди. Кулча юзи жиққа терга ботган Невилль бир қўли билан оғир сандиғини тортиб, иккинчисида қўлдан чиқиб кетишга уринаётган Тревор лақабли қурбақасини базўр тутиб келмоқда.
- Салом, Гарри, - ҳансиради у, - Салом Жинна... Ҳамма ёқ банд... Жой топа олмаяпман...
- Нега энди топа олмайсан? - ҳайрон бўлди Жинна, Невиллнинг ёнидан сиқилиб ўтганча, орқасидаги купелардан бирига қараб, - Мана бор экан-ку. Луна-Психунадан бошқа ҳеч ким йўқ... 
Невиллнинг алланима деб ғудуллаган сўзларидан ҳеч кимни безовта қилишни истамагани базўр тушунарли бўлди.
- Тентаклик қилма, - кулди Жинна, - Умуман олганда у ёмон қиз эмас.
Жинна эшикни очиб, сандиғини купега киритди. Унинг ортидан Гарри билан Невилль ҳам эргашди.
- Салом, Луна, - кўришишди Жинна, - Сенга ҳамроҳ бўлишимизга эътироз билдирмайсан-ми? 
Невилль нима сабабдан купега киришни истамаганини Гарри дарҳол фаҳмлади. Болаларга дераза ёнида астойдил жойлашиб ўтирган, қоши хира, белигача тушган кир оқ сариқ сочи кўпдан буён тароқ кўрмаган, уккикўз нигоҳи юзига доимий таажжуб қиёфасини бериб қўйган, сеҳрли таёқчасини қулоғига қистириб олган, бўйнига ҳузур-лаззат ичимлиги шишаларининг тиқинларидан терилган шода таққан, қўлидаги журнални тескари ушлаб ўқиётган, қисқаси, ғирт жиннига ўхшайдиган қиз қаради. Луна укки кўзини дастлаб Невиллга тикиб сўнг, Гаррида тўхтатгач, бош ирғиб қўйди.
- Раҳмат, - кулиб қўйди Жинна. 
Гарри билан Невилль сандиқлар ва Хедвиг қамалган қафасни юк токчасига жойлаб, ўтиришди. Луна иккала йигитнинг ҳаракатини тескари ушлаб олган «Ҳақиқатгўй» журнали узра кузатиб турди. Кўзини афтидан, бошқа ҳар қандай одам зотига нисбатан кам пирпиратадиган Луна рўпарасига жойлашган, энди эса ушбу жойни танлагани учун афсус қилаётган Гаррига қараб қолди.
- Ёзни қалай ўтказдинг, Луна? - хушмуомала оҳангда қизиқди Жинна.
- Яхши, - хаёлчан жавоб қайтарди Луна, Гарридан кўзини узмай, - Умуман айтганда, жуда яхши ўтказдим. Сен Гарри Поттер, - қўшиб қўйди у.
- Хабарим бор, - деди Гарри.
Невилль ҳиринглаб қўйди.
- Сени эса танимайман, - фикр билдирди хира нигоҳини Невиллга ўтказган Луна.
- Ҳеч ким эмасман, - тез жавоб қайтарди Невилль.
- Нималар деяпсан? - эътироз билдирди Жинна, - Танишинглар, Невилль Лонгботтом – Луна Лавгуд. Луна худди мен каби, тўртинчи синфда ўқийди. Фақат у «Равенкло»да таҳсил кўради.
- Ақл ва талант – асосий брильянт, - хиргойи оҳангида таъкидлаб қўйди Луна ва тескари ушлаб олган журнални баландроқ кўтариб, юзини бекитганча, унини ўчирди.
Ҳайрон бўлиб, қоши кўтарилган Гарри билан Невилль бир-бирига қараб қўйишди. Жинна эса кулгисини базўр тийиб олди.
Ғилдиракларини тарақлатган поезд тобора тезлашиб, болаларни аҳоли пунктлари жойлашган ҳудуддан узоқларга олиб кетмоқда. Ташқарида қандайдир ғалати, беқарор об-ҳаво қарор топган: купе дам қуёш нурларидан ёришиб кетади, дам осмон-у фалакни кул ранг булут қамраб олади.
- Туғилган кунимга нима совға қилишганини топа оласизми? - сўради Невилль.
- Янги Эсга ол-ми? - сўради Гарри.
Бир вақтлар Невиллнинг бувиси доимо ниманидир эсдан чиқариб юрадиган набирасининг хотирасини яхшилаш мақсадини кўзлаб беҳуда уринганча, бойқуш почтаси орқали каттагина, ичига оқ тутунга ўхшаш модда тўлатилган шиша шар йўллаган эди. Қўлга маҳкам ушлаб олинган Эсга олнинг ранги қизариб, унутиб қолдирилган буюм ёки бирон-бир ишни дарҳол киши ёдига солади.
- Йўқ, - деди Невилль, - Умуман айтганда, янги Эсга ол менга халал бермаган бўлар эди. Олдинги Эсга олим йўқолиб қолганига анча бўлди... Йўқ, мана қаранг...
У Тревордан бўш қўлини мактабда тутиладиган юк халтасига киритиб, кичкинагина, кул ранг, танасини тикан ўрнига қандайдир ғалати майда ғуддалар қоплаган қуманжир экилган тувак чиқарди.
- Мимбулюс мимблетония, - ғурур-ла, эълон қилди Невилль.
Гарри аста тепиб турган ва нимаси биландир аллақандай касалликка дучор бўлган ички аъзони эсга соладиган ўсимликка бақрайиб қолди.
- Бу фавқулодда ноёб ўсимлик, - завқланиб давом этди Невилль, - Бунақаси «Хогварц»да ҳам бўлмаса керак. Бувамнинг акаси Алги бобом Ассуриядан олиб келди. Уни профессор Сарсабил хонимга кўрсатадиган фурсат келишини орзиқиб кутмоқдаман. Қизиқ, кўпайтирса бўладими-йўқ-ми, уни? (Ассурия – бугунги Ироқ ҳудудида милоддан аввалги 3 мингинчи йилдан VII аср охиригача мавжуд бўлган Буюк Осиёнинг қадимий давлати).
Невилль гербологияга қизиқишини Гарри яхши билади, албатта. Бироқ ушбу миттигина, қўрқинчли кўринаётган тўнгакнинг нимаси қизиқ кўриняпти унга, ҳеч тушуна олмади.
- У... м-м-м... бирон-бир каромат кўрсата оладими? - қизиқди Гарри.
- Албатта! Ҳар хил ҳунар кўрсатади! - хитоб қилди Невилль, - Айниқса, организмининг ҳимоя механизми жуда яхши ривожланган! Ҳозир намойиш этаман. Мана қара... Треворни ушлаб турасанми?...
У қурбақасини Гаррининг тиззасига қўйиб, юк халтасидан пат-қалам чиқарди. Афтидан, Невиллнинг қиладиган иши қизиқ туюлди шекилли, тўнтариб тутилган журнал устидан Луна Лавгуднинг чақчайган бўртма кўзи кўринди. Ишга берилган Невилль тилини чиқариб олганча, мимбулюс мимблетония тувагини кўзи баробар кўтарди-да, ўсимлик танасининг зарурий нуқтасини танлаб, пат-қалам учини шартта санчиб олди.
Шу заҳоти қуманжирнинг жамики ғуддаларидан ҳар томон қуюқ, бадбўй, тўқ яшил шарбат отилиб чиқиб, купенинг шифти, деразаси ва Луна Лавгуднинг журналини расво қилди. Юзини кафти билан тўсиб олишга улгурган Жиннанинг бошига яшил шляпага ўхшаш нарса кийилиб қолди. Қўли Тревор билан банд бўлган Гаррининг башарасига эса шарбатнинг яхшигина дозаси келиб урилди. Суюқликдан анқиётган гўнг чириндисининг ўткир ҳиди Гаррининг бўғзини тўлдириб қўйди.
- Маъз... маъзур сананг, - ҳансиради афти-ангорини шарбат булғаган Невилль, бошини силтаганча, кўзини сал бўлса ҳам, очишга уриниб, - Бунчалик бўлишини билганим йўқ... Биринчи маротаба бундай қилишим... Қўрқманг, қўланса шарбат заҳарли эмас, - асабий қўшиб қўйди у, Гаррининг полга тупураётганини кўриб.
Ўчакишгандай айни шу фурсатда купе эшиги очилди.
- О... салом, Гарри! - эшитилди чўчиган овоз, - Э-м-м-м... бемаврид келганга ўхшайман, а?
Гарри бир қўли билан кўзойнагини артиб, купе остонасида узун қора сочи ялтираётган, «Равенкло» квидиш жамоасининг Сайёди, чиройликкина қиз Чу Чэнгни кўрди.
- Вой... салом, - жавоб берди Гарри ифодасиз оҳангда.
- Э-м-м-м... Мен шунчаки... саломлашиб ўтмоқчи эдим... Хўп, майли, кўришгунча.
Юзи қизариб кетган Чу, эшикни ёпиб, нари кетди. Гарри ўзини суянчиққа ташлаб, инграб юборди. Унинг ҳазилларидан зўр йигитлар қорнини ушлаб кулаётган маҳалда келиб қолганда, бошқа гап... Невилль билан Луна-Психуна даврасида, қўлида қурбақа, башарасидан қўланса шарбат оқаётган фурсатда келиб қолгани эса... Чиндан ҳам бемаврид бўлди...
- Кўнглингга олма, - тинчлантирган бўлди Жинна, - Ҳозир ҳамма ёқни ўз ҳолатига қайтарамиз. Скоблифай! - деди у, сеҳрли таёқчасини силтаб.
Қўланса шарбат гум бўлди.
- Кечиринглар мени, - боз узр сўради Невилль.
Бир соат ўтибдики, Рон билан Гермионадан дарак йўқ. Егулик сотувчи аёл ҳам аравасини итариб, ўтиб кетди. Гарри, Жинна ва Невилль қовоқ печеньени бир ёқли қилиб, шокобақа очиб ўтиришган пайтда купенинг эшиги очилиб, қўлида Чўчринстель қамалган қафас ва Маймоқоёқни кўтариб олган икки нафар янги синфбоши кириб келди.
- Очимдан ўляпман, - деди Чўчринстелни Хедвигнинг ёнига жойлаган Рон, Гаррининг қўлидаги шокобақани тортиб олиб.
У бўш курсига ўзини ташлаб, эрта тонгдан ниҳоятда машаққатли меҳнат билан шуғулланган киши каби, ўриндиққа суянганча, кўзини юмиб олди.
- Ҳар бир коллежнинг бешинчи синф ўқувчилари орасидан бир нафар ўғил ва бир нафар қиз бола синфбоши этиб тайинланган, - гап бошлади домангир қиёфа ясаган Гермиона, бўш ўринга жойлашиб.
- «Слизерин»дан ким тайинланганини топа оласизми? - сўради Рон, кўзини очмай.
- Малфой, - жавоб берди ҳадиги тасдиқ топишига ишончи комил Гарри.
- Тўппа-тўғри, - ғамгин бош ирғиб қўйди Рон, шокобақа бўлагини оғзига тиққанча, кейингисига қўл узатиб.
- Ва табиийки, анави ғунажин Панси Паркинсон, - жаҳл-ла қўшиб қўйди Гермиона, - Ақл-фаросати троллдан фарқ қилмайдиган одам қандай қилиб синфбоши бўлиши мумкин? Кичик урғочи тролль.
- «Хуффльпуфф»дан-чи, ким тайинланибди? - сўради Гарри.
- Эрни Макмиллан ва Ханна Аббот, - ғўнғирлади Рон.
- «Равенкло»дан эса Энтони Голдштейн ва Парватти Пэтил, - давом этди Гермиона.
- Парватти Пэтил билан сен Рождество балига боргансан, - эшитилди сирли овоз.
Ҳамма «Ҳақиқатгўй» узра кўзини пирпиратмай Ронга қараб турган Луна Лавгуд томон юзланди. Роннинг афти буришиб кетиб, оғзидаги борки нарсани ютиб юборди.
- Тўғри, - деди у, бироз ҳайрон бўлиб.
- Ўшанда у, сендан мамнун бўлгани йўқ, - маълумот берди Луна, - Айтишига қараганда, у билан рақс тушмай, беадаблик қилибсан. Менга эса фарқи бўлмас эди, - ўйчан қўшиб қўйди у, - Мен рақс тушишни хуш кўрмайман.
Фикрини билдирган Луна боз «Ҳақиқатгўй» ортига бекинди. Оғзи ланг очилиб қолган Рон бир неча сония журнал муқовасига қараб турди-да, тушунтириш олиш учун бўлса керак, Жиннага юзланди. Лекин синглиси тушунтириш бериш у ёқда турсин, хандон отиб юбормаслик учун бармоғининг бўғинини оғзига солиб, маҳкам тишлаб олди. Ҳеч нарсани тушунмаган Рон бош чайқаб, соатига қаради.
- Биз вақти-вақти билан поезд йўлаклари бўйлаб юришимиз керак, - деди у Гарри билан Невиллга қараб, - Агар бирон киши хулқбузарлик қиладиган бўлса, таъзир чорасини кўришга ҳақлимиз. Бу масалада Краббе билан Гойлни тутиб олиш орзусида юрибман...
- Рон, биз ўз мавқеимизни суиистеъмол қилмаслигимиз керак! - хитоб қилди Гермиона.
- Ҳа, албатта! Энг асосийси, Малфой суиистеъмол қилмайди, - истеҳзо-ла жавоб қайтарди Рон.
- Сен ўша даражада тубанлашиб кетмоқчимисан?
- Йўқ, дўстларимни қўлга туширишидан олдин, унинг улфатларини илинтирмоқчиман.
- Муқаддас фалак ҳақи, Рон...
- Гойлни тилхат ёзишга мажбур қиламан. Бундай чора эса уни ўлдиради, чунки ўша чаласавод ёзишни ниҳоятда ёмон кўради, - деди илҳомланиб кетган Рон.
У овози билан паст оҳангда тортилган наърага тақлид қилганча, ҳавода ёза бошлади:
- Менинг... ташқи... кўринишим... бабуин... думбасига... ўхшамаслиги... керак... (Бабуин – иттумшуқ маймунлар туркумига мансуб, қуймучининг туси ёрқин, танасининг узунлиги тахминан 75 см, думининг узунлиги тахминан 60 см келадиган, асосан Марказий ва Шимолий Африкада яшайдиган маймун).
Ҳамма кулиб юборди-ю, бироқ ҳеч ким Луна Лавгуд каби, юракдан хандон отмади. Қизалоқ шу қадар бахтиёр, қулоқни тешиб юборгудай чийилладики, ҳатто Хедвиг ҳам уйғониб, қанотларини патирлатиб юборди. Чўчиб кетган Маймоқоёқ эса вишиллаганча юк токчасига сакраб чиқди. Берилиб кулаётган Лунанинг қўлидан чиқиб кетган журнал оёғи бўйлаб сирпанганча, полга тушди.
- Жуда кулгили бўлди!
Базўр нафас олаётган қизнинг Рондан узилмаган йирик кўзи ёшга тўлди. Таҳайюр Рон бошқаларга бирма-бир қараб чиқди. Бошқалар эса энди унинг башараси касб этган телбанамо қиёфа-ю, ўзини ўзи қучиб олганча, олд-орқага тебранаётган Лунанинг узоқ чўзилган ғалати кулгиси устидан кулишмоқда.
- Сенга нима қилди, чекиб олганмисан? - қовоғини солиб олди Рон, Лунага қараб.
- Бабуин... бабуин думбаси! - тиқилиб қолишига сал қолди қовурғасини ушлаб олган Луна.
Ҳамманинг эътибори Лунада. Тасодифан пастга қараган Гарри эгилиб, полда ётган журнални чангаллаб олди. Луна уни тескари ушлаб ўқир экан, муқовасида нима акс эттирилганини англаб олиш қийин кечган эди. Мана энди Гарри ушбу расм аслида бир қўлига бир қоп олтин ушлаган, иккинчиси билан троллни бўғаётган Корнелиус Фужнинг беўхшов ҳажвий тасвири эканлигини англади. Вазирни сарғиш яшил тусли шляпасидан таниб олди. Расм остида: «Фуж «Гринготтс»ни қўлга киритиш учун нималарга тайёр демайсиз?» изоҳи битилган.
Пастда эса, журналнинг ушбу сонида чоп этилган мақолалар рўйхати келтирилган:
«Торнадос» жамоаси ўз ҳукмини ўтказишга қай йўсинда муваффақ бўлган; 
Қадимий руналар сири очилди;
Сириус Блэк: жиноятчими ёки жафокаш? 

- Кўриб чиқсам майлими? - ҳаяжонлан-ла изн сўради Гарри Лунадан.
Бирон оғиз сўз айтишга ҳоли қолмаган Луна ҳанузгача Рондан кўзини узмай, бош ирғиб қўйди.
Гарри журнал мундарижасига кўз югуртирди. Шу вақтга қадар у, Кинсли Сириусга мистер Уэсли орқали бериб юборган журнални эсламаган экан. Афтидан, бу «Ҳақиқатгўй»нинг ўша сонига ўхшайди.
Мундарижада зарурий саҳифа рақамини кўрган Гарри журнални тез варақлаб, керакли мақолани топди.
Мақолага жуда сифатсиз расм келтирилган. Агар изоҳи бўлмаганида, одам суяклари устида қўлига сеҳрли таёқча ушлаб олган Сириус тасвирланганини англаб олиш қийин бўлар эди.

СИРИУС БЛЭК – ЧИНДАН ҲАМ ЁВУЗМИ?
Ким у: номи чиққан савдойи қотилми ёки газетанинг ёлғон хабарими?

Гарри мазмунни тўғри англади-ми, йўқми, ишонч ҳосил қилиш учун жумлани бир неча бор такрор ўқиди. Қачондан буён Сириус газетанинг ёлғон хабари бўлиб қолди?

Ўн тўрт йилдир-ки, Сириус Блэк ўн икки нафар бегуноҳ магл ва бир нафар сеҳргарнинг ўлимида айбдор, деб топилмоқда. Икки йил муқаддам Блэк Азкабандан қочиб кетгач, сеҳргарлик вазирлиги унинг пайига тушиб, мисли кўрилмаган одам овини ташкиллаштирди. Натижада Блэк қўлга олиниб, дементорлар ихтиёрига топширилиши шарт эканлигига бугун ҳеч ким шубҳа қилмай қўйди.
АСЛИДА-ЧИ?
Яқинда биз шов-шув кўтарадиган баёнотдан хабар топдик. Маълум бўлишича, Сириус Блэк, аслида, бўйнига қўйилган жиноятни содир этмаган экан. Литл Нортоннинг Акас хиёбонидаги 18- уйида истиқомат қилувчи Дорис Муркисснинг сўзларига қараганда, Блэк, ўша машъум жиноят содир этилган жойда бўлмаган экан.
- Сириус Блэк ҳақиқий исм эмаслигини ҳеч ким тушуниб етмаяпти, - деди миссис Муркисс, - Сириус Блэк деганлари аслида, тахминан ўн беш йил муқаддам Литл Нортон бутхонасида ўтаётган концерт давомида улоқтирилган каттагина шолғом қулоғига тегиб, деярли кар бўлиб қолганлиги туфайли қўшиқчилик фаолиятига чек қўйишга мажбур бўлган «Хобгоблинлар» гуруҳининг етакчиси, таниқли Сценни Тьянтер бўлади. Газетада чоп этилган фотосуратидан таниб қолдим уни. Ишонтириб айтаман-ки, ўша кеча Сценни жиноят содир этмаган. Негаки, мулоҳаза юритилаётган фурсатда Сценни иккаламиз шам остида романтик кечки овқат ўтказаётган эдик. Мен бу ҳақда сеҳргарлик вазирига хабар бердим. Умид қиламан-ки, вазир, тез орада Сценнини, яъни Сириусни сўзсиз ва тўла-тўкис афв этади.

Гарри мақолани ўқиб бўлганига қарамай, таажжубдан кўзини матндан уза олмай қолди. Бу қандайдир ҳазил бўлса керак, хаёлдан ўтказди у, афтидан, ушбу журналда ҳар хил ҳажвиялар чоп этилади шекилли. У журнал саҳифаларини ортга варақлаб, Фуж ҳақидаги мақолани топди.

Сеҳргарлик вазири Корнелиус Фуж «Гринготтс» банки бошқарувини ўз қўлига олиш ниятида юргани тўғрисидаги миш-миш гапларни кескин рад этиб, илгари ҳам, ҳозир ҳам олтинларимизни қўриқлаётганлар билан «тинч-тотув ҳамкорлик қилиш»ни ягона мақсад, деб билиб келгани ҳақида баёнот қилди.
АСЛИДА-ЧИ?
Ишончли манбалардан билишимизча, гоблинлар тасарруфидаги олтин захираларини қўлга киритиш Фужнинг биллур орзуси эканлиги вазирликка яқин доираларда яхши маълум. Яна шу нарса маълумки, кўзлаган мақсадига эришиш йўлида вазиримиз ҳар қандай усулдан, шу жумладан, куч қўллаш усулларидан ҳам тап тортмайди.
- Ҳа, нима? Куч қўллаш унинг табиатида шаклланган одат, - деди вазирликда ишлайдиган манбамиз, - Дўстлари уни «Корнелиус Фуж – гоблинлар тушига кириб турадиган даҳшат» дейишади. Бу бежиз эмас, албатта. Агар билсангиз, вазир, бегона қулоқ йўқ, деб ўйлаган пайтда дўстларига шундай гапларни айтиб берадики, кишининг юраги орқага тортиб кетади... Нечта гоблинни шахсан ўзи бир ёқли қилгани, сувга ғарқ қилгани, томдан итариб юборгани, гўштидан пирог тайёрлаганини санаб беради...

Гарри мақоланинг давомини ўқимай қўя қолди. Фуж шакар бола эмас, албатта. Бироқ гоблин гўштидан пирог тайёрлашни буюриши?!... Жа ошириб юборишибди. Гарри журнални варақлаб, ҳар бир неча саҳифадан кейин, шов-шув кўтарадиган навбатдаги янгиликка рўбару бўлиб борди:

Террорширнинг «Торнадос» жамоаси квидиш лигасидаги ғалабани одамларни қўрқитиб товлаш, қийноққа солиш ва супургилар билан боғлиқ ғайриқонуний, алдам-қалдам тадбирларни амалга ошириш йўли билан қўлга киритган! 
«Соф ғалаба» русумли супургининг 6- моделида Ойга қадар етиб, ашёвий далил тариқасида бир қоп ой бақаларини олиб келган сеҳргарнинг фақат бизнинг журналимизга берган интервьюси.

Шунингдек, Гаррига қадимий руналар ҳақидаги мақола учраб, нима сабабдан Луна «Ҳақиқатгўй»ни тескари ушлаб ўқиётганини англади. Журналда таъкидланишича: қадимий руналар тескари тутилса, рақибнинг қулоғини нокка айлантириб қўядиган тилсим сифатида ўқиш мумкин эмиш. Қисқаси, «Ҳақиқатгўй» журналининг бошқа мақолалари билан қиёсланадиган бўлса, Сириус, аслида Сириус эмас, «Хобгоблинлар» гуруҳининг етакчиси эканлиги ҳақидаги гипотеза нисбатан соғлом фикрга ўхшаб кетади.
- Бирон-бир қизиқ нарса борми? - қизиқди Рон, Гаррининг журнални ёпиб қўйганини кўриб. 
- Шу журналда-я? - деди жирканган Гермиона Гаррига жавоб бериш имконини бермай, - «Ҳақиқатгўй» яширин журнал эканлиги ҳаммага маълум!
- Маъзур сананг, - кескин оҳангда гапга аралашди Луна, - Менинг дадам ушбу журналнинг бош муҳаррири бўлади.
- Мен... О, - хижолат тортди Гермиона, - Унда баъзан қизиқ нарсалар ҳам бўлиб туради, албатта... у ўзига яраша...
- Мен уни оламан, эътирозинг йўқми? - совуқ оҳанг-ла сўради Луна.
У олдинга эгилиб, Гаррининг қўлидаги «Ҳақиқатгўй»ни чангаллаб олди-да, тез варақлаганча эллик еттинчи саҳифани очиб, кескин тўнтаргач, купе эшиги учинчи маротаба очилган фурсатда журнал ортига боз бекиниб олди.
Гарри эшик томон ўгирилди. Мурдор иршайган Драко Малфой билан унинг тан қўриқчилари Краббе ва Гойлнинг пайдо бўлиши ҳар доим кутилган ҳолат-у, хуш ёқадиган, деб бўлмайди.
- Нима керак сенга? - тажовузкорона оҳангда сўради Гарри, Малфойга оғиз очишга имкон бермай.
- Мулойимроқ бўл, Поттер, йўқса жазога тортаман, - эринчоқ овозини чўзиб жавоб қайтарди, отасидан силлиқ оқ-сариқ соч-у, чўзинчоқ жағини мерос олган Малфой, - Кўриб турибсанки, мен, сендан фарқли ўлароқ, синфбоши этиб тайинланганман. Демакки, мен, сендан фарқли ўлароқ, жазолаш чорасини кўриш ҳуқуқига эгаман.
- Тушунарли, - бош ирғиди Гарри, - Бироқ сен, мендан фарли ўлароқ, фавқулодда кам учрайдиган, ноёб нажас бўлганинг сабабли тезроқ эшикни ёпиб, нари кетгин-да, бу ерни саситма.
Рон, Гермиона, Жинна ва Невилль кулиб юборишди. Малфой ҳам тиржайиб, лабини қийшайтирди.
- Яхшиси айт-чи менга, Поттер, Уэслидан ҳам баттар бўлиш қандай бўлар экан? - тилёғламалик қилди Малфой.
- Бас қил, Малфой, - ўшқириб берди Гермиона.
- Нозик жойдан олган кўринаман, - иржайди Малфой, - Майли, Поттер. Қисқаси, жуда, жуда эҳтиёт бўлиб юр энди. Негаки мен, бундан буён босган ҳар бир қадамингни итдай кузатиб юраман.
- Чиқ бу ердан! - овоз кўтарди Гермиона, ўрнидан туриб.
Мурдор кулгиси юзига ёпишиб қолган Малфой Гаррига сўнгги бор таҳдидли нигоҳ ташлаб қўйди-да, нари кетди. Краббе билан Гойл ҳам унинг ортидан эргашди. Эшикни қарсиллатиб ёпиб қўйган Гермиона Гаррига юзланди. Қизнинг юзи касб этган қиёфани кўрган Гарри Малфойнинг сўзларидан Гермиона ҳам ташвиш тортаётгани сезди.
- Шокобақадан яна битта от, - илтимос қилди ҳеч нарсани фаҳмламаган Рон.
Невилль билан Лунанинг ёнида гапириб бўлмаслигини билган Гарри Гермионанинг хавотирли кўзига яна бир қараб қўйди-да, деразага ўгирилиб олди.
Гарри атиги бир дақиқа олдин Сириуснинг вокзалга чиқиб кузатиб қўйганини ноўрин, деб билмаган бўлса, энди унинг қилган ишини ортиқча, жуда хавфли чираниш сифатида кўрмоқда... Гермиона ҳақ, хаёлдан ўтказди Гарри, Сириус эргашмаслиги керак эди. Мистер Малфой қора итни таниб қолиб, ўз фикрини Дракога айтган бўлса-чи? Уэслилар оиласи, Люпин, Бомс ва Хмури Сириуснинг бекиниб юрган жойидан бохабар эканлигини фаҳмлаган бўлса-чи? Балким, Малфойнинг «итдай кузатиб юраман» деган сўзлари тасодифий фикрдир?
Улар шимол томон илгарилаган сари, об-ҳаво ҳам беқарор қолмоқда. Дам ёмғирнинг эринчоқ томчилари купе деразасига келиб урилади, дам Қуёшнинг хира нурлари булутлар орасидан бир-икки дақиқа кўриниб, шу заҳоти кўздан ғойиб бўлади. Кўп ўтмай қоронғи тушиб, купе фонуслари ёнди. Луна «Ҳақиқатгўй» журналини қувур шаклида ўраб, юк халтасига авайлаб жойлади-да, ҳамроҳларига диққат билан разм солишга киришди.
Гарри ёмғир томчилари доғ-дуғ қилиб юборган ойнага пешонасини босиб олганча, узоқда кўриниш берадиган «Хогварц» минораларини кўришга уринмоқда. Лекин тун ойсиз бўлгани боис, ташқарида қалин зимистондан бошқа нарса кўринмайди.
- Кийим алмаштирадиган вақт бўлди, - деди ниҳоят Гермиона.
Ҳамма сандиғини очиб, мактаб кийимини чиқарди. Гермиона билан Рон кўкрак нишонларини ардоқлаб тақиб олишди. Рон худди кўзгуга қараган каби, қора деразада кўринаётган аксига қараб қўйгани Гаррининг эътиборидан четда қолмади.
Поезднинг ҳаракати секинлаб, эшик ортида одатий шовқин эшитилди. Йўловчилар ўринларидан сакраб туриб, буюмларини чиқариш, ҳайвонларини йиғиштириб олиш, қисқаси поезддан тушишга тараддуд кўра бошлашди. Тартиб сақланишини кузатиб бориш энди хизмат мажбурияти саналадиган Рон билан Гермиона Маймоқоёқ билан Чўчринстелни Гарри ва бошқалар масъулиятига қолдириб, купени тарк этишди.
- Истасанг, бойқушни мен олишим мумкин, - таклиф киритди Луна Гаррига, қўлини Чўчринстель томон узатиб.
Невилль ўзининг Треворини ички киссага жойлаш билан банд.
- Э... м-м-м... раҳмат, - деди Гарри, Хедвигнинг қафасини дурустроқ тутганча, бойқушчанинг қафасини Лунага узатиб.
Болалар купедан одамга тўла йўлакка чиқиб, туннинг совуқ ҳавосини ҳис этишди. Аста одимлаб, чиқиш эшиги томон йўл олишди. Гаррининг димоғига кўл томон олиб борадиган сўқмоқ бўйида ўсаётган қарағай ҳиди урилди. Платформага оёқ қўйиши билан кўпдан буён таниш бўлиб қолган: «Биринчи синф ўқувчилари! Қулоқ солинг! Диққат! Бу ёққа юрамиз!» сўзларини эшитиш илинжида атрофга қаради. Эшитмади. Бунинг ўрнига бегона, аёл кишининг қатъий овози эшитилди:
- Биринчи синф ўқувчилари мана бу ерда, бир чизиққа саф тортинг, илтимос! Биринчи синф ўқувчилари – олдимга!
Гаррига қараб ҳавода тебранганча, яқин сузиб келган фонуснинг хира пирпираётган нури остида ўтган ўқув йили Хагриднинг ўрнига сеҳрли ҳайвонларни парвариш қилиш фанидан вақтинча дарс ўтган, сочини қисқа олиб юрадиган профессор Гниллер-Планкнинг жағи олдинга туртиб чиққан юзи кўринди.
- Хагрид қани? - овоз чиқарди Гарри.
- Билмадим, - жавоб қайтарди Жинна, - Нима қилганда ҳам, биз нари боришимиз керак. Халал беряпмиз...
- Ҳа-я...
Платформа бўйлаб темир йўл станциясидан чиқиш томон ҳаракатланар экан, Гарри билан Жинна бошқа ўқувчилар галаси ичида йўқолиб қолишди. Бола Хагридни кўриш илинжида кўзини қисиб олиб, атрофга аланглаб юрди. У шу ерда бўлиши керак, ишонтирди Гарри ўзини ўзи. Ахир Хагрид билан учрашув – узоқ вақтдан буён сабрсиз кутилган ҳодисалар рўйхати орасида биринчи ўринлардан бирини эгаллайди-ку. Лекин Хагрид кўринмаяпти.
Ишдан бўшаб кетган бўлиши мумкин эмас, ўзи билан ўзи гаплашиб борди Гарри, катта йўлга олиб чиқадиган тор йўлка бўйлаб халойиқ орасида аста қадам босиб борар экан, касал бўлиб қолгандир ёки шунга ўхшаш бирон кор-ҳол рўй берган...
Гарри темир йўл станциясида профессор Гниллер-Планкнинг пайдо бўлгани борасидаги фикрини билиш учун Рон ёки Гермионани излаб, атрофга аланглади, бироқ улар ҳам кўринмади. Шундан сўнг, халойиқ оқими ичида Хогсмёд станциясидан нари кетадиган, қоронғи, ёмғир ювган йўлга чиқиб олди.
Йўл устида, одатда, биринчи синф ўқувчиларидан ташқари, қолган барча мактаб ўқувчиларини қасрга элтадиган юзга яқин отсиз аравалар туради. Араваларга кўзи тушган Гарри Рон билан Гермионани топиш учун орқа ўгирилди-ю, шу заҳоти аравалар томон боз юзланиб, бақрайиб қолди.
Аравалар бугун отсиз эмас. Ҳар бир арава қандайдир ғалати ҳайвонга қўшилган. Агар Гарридан ушбу махлуққа ном беришни сўрашса, ҳар қалай «От» деб ном берган бўлар эди-ю, лекин жонзод нимаси биландир калтакесакни ҳам ёдга солади. Боши аждар бошига ўхшаб кетадиган, катта очилган оппоқ кўзи қорачиқсиз, бел соҳасидан ўсиб чиққан бир жуфт кенг, қоп-қора, қалин қаноти билан ниҳоятда йирик кўршапалакни эслатадиган ҳайвон танадан деярли маҳрум бўлиб, қоп-қора тери қопламасига ўралган ҳар бир суяги аниқ ифодаланмоқда. Тобора қалинлашиб бораётган зулмат ичида қилт этмай турган унсиз махлуқ танасининг атрофида худди охират шуъласига ўхшаб кетадиган хира нур қобиғи кўрингандай бўлди. Аравалар шундоқ ҳам мустақил ҳаракатланиш қобилиятига эга бўлса-ю, уларни бу қадар хунук ҳайвонларга қўшишга на ҳожат, хаёлдан ўтказди Гарри.
- Чўчқа қани? - эшитилди Гаррининг ёнига келган Роннинг овози.
- Анави Лунада, - жавоб берди Гарри Хагриднинг йўқлигини муҳокама қилиш учун Рон томон тез юзланиб, - Нима деб ўйлайсан, қани...
- Хагрид-ми? Тасаввур ҳам қила олмайман, - деди Рон хавотир оҳангида, - Унга ҳеч нима қилмаган, деган умиддаман...
Сал нарида, арава эгаллаш мақсадида ўз мулозимлари Краббе, Гойл ва Панси Паркинсон даврасидаги Драко Малфой иккинчи синф ўқувчиларини ҳайиқтириб, туртиб юборди. Яна бир сония ўтгач, халойиқ орасидан Гермиона отилиб чиқиб, ҳансираганча эътироз билдирди.
- Малфой станцияда биринчи синф ўқувчиси билан ниҳоятда дағал муомала қилди. Мен буни шундоқ қолдирмайман, бундай хатти-ҳаракатлари ҳақида албатта билдирув бераман! Эндигина эга бўлган кўкрак нишонидан одамларга озор етказиш мақсадида фойдаланиши... Маймоқоёқ қани?
- Жиннада, - жавоб берди Гарри, - Ана келяпти...
Халойиқ орасидан ерга сапчиб тушишга уринаётган Маймоқоёқни маҳкам қучоқлаб олган Жинна чиқиб келди.
- Раҳмат, - миннатдорлик билдирди Гермиона Маймоқоёқни қўлига олиб, - Юринглар, араваларнинг ҳаммасини банд қилиб олишларидан олдин бирортасига биргаликда жойлашишга улгуриб қолайлик...
- Чўчқани топганим йўқ ҳали, - деди Рон, бўш аравалардан бири томон йўл олган Гермионанинг ортидан.
Гарри Рон билан қолди. Иккаласининг ёнидан аравалар томон ошиқаётган ўқувчилар югуриб ўтишмоқда.
- Анави қанақанги махлуқлар, билмайсан-ми? - сўради Гарри, отлардан бири томон имо қилиб.
- Қайси махлуқларни айтяпсан?
- Анави отларни...
Айни шу фурсатда қўлига қафас ушлаган Луна пайдо бўлди. Митти Чўчринстель одатига кўра баланд овозда, ҳаяжонлан-ла сайрамоқда.
- Мана бойқушчанг, - узатди Луна, - Жуда ёқимтой қушча экан, а?
- Э-э... ҳа... бироз, - вайсақи оҳангда жавоб берди Рон, - Хўш, аравага чиқамизми?... Нима деб турган эдинг, Гарри?
- Анави отлар жуда ғалати эканлигини айтаётган эдим, - такрорлади Гарри.
Учаласи Жинна билан Гермиона эгаллаган арава томон одимлаб кетишди.
- Қайси ғалати отлар ҳақида сўраяпсан?
- Арава қўшилган отлар ҳақида сўраяпман, - асабий тушунтирди Гарри.
Чиндан ҳам, Ронга нима қилган ўзи, хаёлдан ўтказди Гарри, нигоҳсиз, оппоқ кўзини бақрайтириб, уч фут нарида турган отларни ҳам кўрмайдиган бўлиб қолганми?! Рон эса Гаррига хавотир-ла қараб турибди.
- Нима деяпсан, Гарри?
- Мен-ми?... Анави ҳайвонлар ҳақида гапиряпман! Қара!
Гарри Роннинг қўлини ушлаб, юзини қанотли махлуқ томон бурди. Рон бир-икки сония отга қараб, Гаррига боз юзланди.
- Хўш, нимани кўришим керак?
- Нимани? Қаршингда, танасига арава шотиси маҳкамланган отни!...
Роннинг ҳанузгача хавотир-ла қараб турганини кўрган Гаррининг миясига ғалати ўй келди.
- Сен... уни кўрмаяпсан-ми?
- Нимани?
- Арава қўшилган ҳайвонни.
Энди Рон чинакамига хавотирланиб қолди.
- Гарри, ўзингни яхши ҳис этяпсан-ми?
- Мен-ми?... Ҳа...
Бироқ энди тери қопламаси темир йўл станцияси биносининг деразаларидан таралаётган хира нур остида ярқираб кўринаётган, бурун катакларидан буғ чиқаётган отга қараб қолган Гарри саросимага тушиб қолди. Наҳотки Рон кўрмаяпти?! Агар у, ўзини гўлликка солиб, ҳазиллашмаётган бўлмаса, албатта.
- Хўш, чиқамизми аравага? - иккиланиб сўради Рон, Гаррига хавотир-ла қарашини қўймай.
- Ҳа, - бош ирғиди Гарри, - Ҳа, чиқдик...
- Қўрқма, - қоронғиликда эшитилди хаёлчан овоз, - Сен ақлдан озганинг йўқ. Отни мен ҳам кўряпман.
- Ростданми? - чўчиб сўради Гарри, Лунага юзланиб.
Қанотли от акси уккикўз Лунанинг нигоҳида акс этиб кўринди.
- Рост, - тасдиқлади Луна, - Мактабга келган биринчи кунимдан эътиборан кўраман. Уларга доимо мана шу аравалар қўшилади. Хижолат чекма, сен худди мен каби, соппа-соғсан.
Кулиб қўйган Луна Рон сингари араванинг қоронғи бурчакларидан бирига кириб, кўздан ғойиб бўлди. Гарри ўзини у қадар тинчланган ҳисобламаса-да, Лунанинг ортидан арава ичига эргашди.
Admin · Просмотров: 747 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 17:12:39

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p110.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)