Календарь

Ноябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

V. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ҚАҚНУС ОРДЕНИ

ЎН БИРИНЧИ БОБ. САРАЛОВЧИ ШЛЯПАНИНГ ЯНГИ ҚЎШИҒИ

Луна иккаласининг галлюцинацияси, агар бу чиндан ҳам галлюцинация бўлса, албатта, бир хилда кечаётганига иқрор бўлишни Гарри истамади. Араванинг эшигини ёпиб, ўриндиққа жойлашиб олгач, анави ғалати отлар ҳақида бошқа бирон оғиз сўз айтмаса-да, эшик деразасидан кўринаётган ваҳимали махлуқлардан кўзини узмай кетди.
- Гниллер-Планкни кўрдингиз-ми? - сўраб қолди Жинна, - Нима учун бу аёл яна пайдо бўлиб қолди? Хагрид ишдан бўшаб кетмагандир ахир, а?
- Агар бўшаб кетган бўлса, хурсанд бўлар эдим, - фикр билдирди Луна, - Уни яхши ўқитувчи деб бўлмайди, шундай эмасми?
- Жуда яхши ўқитувчи! - баралла жавоб қайтаришди Гарри, Рон ва Жинна, дарғазаб оҳангда.
Гарри нафрат тўла нигоҳини Гермионага қаратди.
- Э-м-м-м... ҳа, жуда яхши ўқитувчи, - деди Гермиона, томоғини қириб қўйиб.
- «Равенкло»мизда эса уни, ўқитувчи эмас, аллақандай кулгили киши сифатида эътироф этишади, - жавоб қайтарди Луна, мутлақо ҳайрон бўлмай.
- Демак «Равенкло»нгизда кулги масаласига ғалати қаралар экан, - ўшқириб берди Рон.
Бу пайтда арава ғилдираги ғарчиллаб, ҳаракат бошлади. Афтидан, Роннинг қўполлиги Лунага кор қилмади, аксинча, худди қизиқ телекўрсатув томоша қилаётган каби, Ронга хотиржам тикилиб ўтирди.
Қатор-қатор аравалар гурсиллаб тебранганча, йўл бўйлаб юқорига кўтарилмоқда. Кўп ўтмай икки ёнида тепа қисмини қанотли тўнғизлар безаб турган тош устунлар қад кўтарган данғиллама чўян дарвоза орқали мактаб ҳудудига кириб борилди. Гарри Хагриднинг Ман этилган ўрмон четидаги кулбасида чироқ ёнаётган-ёнмаётганини кўриш илинжида юзини арава деразасига босди. Афсуски, ҳовлида тим қоронғилик ҳукм сурмоқда. «Хогварц» қасри эса худди деворлари арава устига яқинлашаётган каби, қад кўтариб турибди. Тунги осмон тусида девори кўмирдай қоп-қора, деразалари худди сочилиб кетган олмослар каби, нур таратиб турган йирик миноралар болалар боши узра муаллақ осилиб тургандай гўё.
Аравалар рессораларини ғичирлатиб қасрнинг баҳайбат эман эшигига олиб чиқадиган тош зинапоя ёнида кескин тўхтади. Биринчи бўлиб сакраб тушган Гарри Хагриднинг ёритилган кулбасини кўриш ниятида Ман этилган ўрмон томон боз қаради. Таассуфки, кулбада бирон-бир ҳаёт аломати кўринмаяпти. Шунда у, йўл давомида рўй берган бирор кор-ҳол сабабли кўзга кўринмай қолганига умид қилиб, ёқимсиз, скелетсимон ҳайвон томон ўгирилди. Аммо оппоқ кўзи нигоҳсиз пирпираётган махлуқ тун совуғида қилт этмай турибди.
Бир вақтлар ҳам шундай ҳолат рўй берган, яъни Рон кўра олмаган нарсалар Гаррининг кўзига кўринган. Бироқ ўшанда, Кўнгилдаги орзулар кўзгусида хаёлийлик ҳолати саналадиган акс кўринган холос. Бугун эса гап реал одамлар ўтирган реал араваларни тортиб келишга қодир, юзга яқин, фақат Гаррининг кўзига кўринаётган ҳайвонлар ҳақида бормоқда. Агар Лунанинг гапи рост бўлса, ушбу отлар доимо айнан мана шу араваларни тортиб юради, лекин улар... шунча вақтдан буён кўзга кўринмаган. Нима бўлди? Қандай ҳолат содир бўлдики, энди махлуқлар Роннинг кўзига ҳамон кўринмайди-ю, Гаррига кўринадиган бўлиб қолди?
- Юрасанми-йўқми? - сўради ёнида турган Рон.
- А... ҳа... - хаёлини йиғиб олди Гарри.
Ёрқин, дабдабали ёритилган вестибюлда болаларнинг овози акс садо бўлиб янграмоқда. Ўқувчилар пошналарини тош плиталардан ётқизилган полда тақиллатиб, вестибюлнинг ўнг томонидаги, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан байрам зиёфати уюштириладиган Катта Залга олиб кирадиган икки тавақали эшик томон ошиқмоқда.
Баланд деразалардан кўриниб турган қаср устидаги осмоннинг аниқ нусхаси бўлмиш – ситораларсиз қоп-қора шифт остидаги Катта Залга ўрнатилган тўртта узун стол атрофига йиғилаётган одам сони жуда тез ошиб бормоқда. Сеҳрланган шифт билан столлар орасида эса минглаб шамлар сузиб юрибди. Шам нурлари арвоҳларнинг пирпираётган кумуш тусли шарпалари, жонли суҳбат қурганча, ёзги таассуротлари билан ўртоқлашаётган, бошқа коллежда таҳсил кўраётган дўстлари билан баланд овозда саломлашаётган болалар, бир-бирининг янги кийими-ю, соч турмагига индамай баҳо бераётган ўқувчи қизларнинг юзларини ёритмоқда. Ўқувчилар орасидан ўтаётган Гарри, одамлар уни кўриши билан пичирлашиб қолаётганига эътибор бермай қўймади. Тишини тишига босиб, ўзини гўё ҳеч нарсани сезмаётган, бефарқ кўйга солиб олди.
Ҳамроҳларидан ажралган Луна «Равенкло» столи томон равона бўлди. «Гриффиндор» столига ҳали етиб бормаган Жиннани синфдошлари айюҳаннос ила кутиб олиб, қувноқ даврага тортишди. Гарри, Рон, Гермиона, Невилль эса стол ўртасида, Деярли Бошсиз Ник билан Лаванда Браун орасидаги тўртта бўш ўринга жойлашиб олишди. Арвоҳ билан Лаванда Гаррини ҳаддан ортиқ илтифот ва самимийлик ила кутиб олишганидан, бир сония олдин иккаласи Гарри ҳақида ғийбат қилиб ўтиргани аён сезилди. Умуман айтганда, иккаласининг ғийбатчилиги ҳозир Гаррини у қадар қизиқтирмайди. Негаки, айни пайтда одамлар боши орасидан, олд девор ёнига ўрнатилган Мўътабар Стол томон қараб ўтирган Гарри учун ташвиш тортадиган бошқа жиддийроқ сабаб бор. 
- У йўқ.
Рон билан Гермиона ҳам, гарчи Хагриддай улкан одам ҳар қандай халойиқ орасида кўзга яққол ташланиб турса-да, Мўътабар Столни диққат билан кўздан кечириб чиқишди.
- Ишдан бўшаб кетиши мумкин эмас-ку, ахир, - хавотирлана бошлади Рон.
- Мумкин эмас, албатта, - тасдиқлади Гарри, қатъий оҳангда.
- Нима деб ўйлайсиз... яраланмаганмикан? - чўчиб сўради Гермиона.
- Йўқ, - қисқа қилди Гарри.
- Ундай бўлса, қани у?
Дўстлар индамай қолишди. Бироздан сўнг, Гарри, Невиллга ҳам, Патил билан Лавандага ҳам эшиттирмай, паст овозда пичирлади:
- Балким ҳали қайтмаган бўлса керак, а? Дамблдор унга... эсингизда бўлса, топшириқ берган эди...
- Тўғри... тўппа-тўғри, - деди Рон, енгил тортган оҳангда, - Ҳали қайтмаган.
Гермиона эса лабини қимтиб олиб, худди Хагриднинг йўқлигига дурустроқ талқин топишга урингандай, Мўътабар Столнинг у бошидан, бу бошига разм солишни давом эттирмоқда.
- Анави ким? - кутилмаганда сўраб қолди у, ўқитувчилар қаторининг ўртасига имо қилиб.
Гарри столнинг Гермиона эътибор қаратган қисмига юзланди.
Мўътабар Стол марказидаги креслода эгнига муҳташам, ситоралар-у, янги чиққан ойларнинг кашта қилиб солинган тасвири билан безатилган тўқ бинафша ранг коржома, бошига ҳам худди шундай ранг ва безак берилган шляпа кийган мактаб директори профессор Альбус Дамблдор ўтирибди. Унинг боши ёнидаги, қулоғига ниманидир пичирлаб ўтирган, бўйи пастаккина, танаси миқти, бўйни деярли кўринмайдиган аёл томонга эгилган. Аёл қисқа олинган кул ранг сочини жингалак қилиб, сеҳргарлар коржомаси устидан кийган момиқ кофтасининг рангига мос танлаган пушти лента билан боғлаб олган. Гаррининг кўзига ушбу аёл ҳамманинг аммасига айланган қари қиздай кўринди. Аёл юзини, назокат-ла кўтариб, бир хўплаб қўйган қадаҳи томон сал буриб қўйди. Рангида қони йўқ, энли юзининг мушаклари шалвираган, узун оғзининг бурчаклари пастга тушган, қовоқлари керкиб қолган, йирик юмалоқ кўзи эса чақчайиб тургани боис башараси бақага ўхшаб кетадиган ушбу аёлни Гарри шу заҳоти таниди.
- Бу ўша! Амбриж!
- Ким? - ҳайрон бўлди Гермиона.
- Ишим интизомий жиҳатдан муҳокама қилинаётган суд мажлисида иштирок этган аёл. У Фуж ҳузурида ишлайди.
- Кофтаси ёмон эмас, - кулиб қўйди Рон.
- Фуж ҳузурида ишлайди? - қошини чимирди Гермиона, - Бу ерда нимасини йўқотиб қўйибди?
- Тасаввур ҳам қила олмайман...
Кўзини қисиб олган Гермиона яна бир бор ўқитувчилар столига разм солди.
- Йўқ, - ғудуллади у, - Йўқ, албатта йўқ...
Қиз нимани назарда тутганини Гарри фаҳмламади. Унинг эътиборини ҳозиргина ўқитувчилар ортида пайдо бўлиб, столнинг нариги бошига ўтганча, Хагриднинг жойини эгаллаган профессор Гниллер-Планк ўзига жалб этган. Бу фақат бир нарсани, у ҳам бўлса, биринчи синф ўқувчилари кўл орқали сузиб ўтиб, қасрга етиб келганини англатади. Чиндан ҳам, бир неча сониядан сўнг, вестибюль томондаги эшик тавақалари ланг очилиб, Катта Залга бир қўлига курси, иккинчисига эса ҳаддан ташқари кир, бир чети тешилган, аъзойи-бадани ямоқ бўлиб, роса эскириб кетган, чўққидор шляпани ушлаган профессор Макгонагалл бошчилигидаги биринчи синф ўқувчилари кириб келди.
Катта Залдаги овозлар тинди. Биринчи синф ўқувчилари қолган ўқувчиларга юзланганча, Мўътабар Стол қаршисида саф тортишди. Профессор Макгонагалл индамай келиб, болачалар қаршисига тўрт оёқли курси, курси устига эса қўлидаги шляпани қўйиб, нари кетди.
Болачаларнинг юзлари шам шуъласида хира товланмоқда. Саф ўртасида турган кичкина бола қўрқувдан дағ-дағ титрамоқда. Гарри бир вақтлар ўша сафда, қайси коллежда таҳсил кўриши ҳал этиладиган номаълум синовни кутиб, қўрқиб турганини ёдга олди.
Катта Залга йиғилган жамики одамлар жим бўлиб, диққат билан шляпага қараб қолишди. Бироздан сўнг, жойидан қўзғалган шляпанинг четида оғизга ўхшаш тешик ҳосил бўлгач, қўшиқ янгради:

Аччиқ тақдир совғасидан ҳали бехабар,
Иштиёқ-ла мактаб қурди тўртта сеҳргар.
Бирлашди улар, дўст бўлишга аҳд қилиб,
Мураббийликни олижаноб касб билиб.
Муштарак ният холис: афсунгар болаларга 
Сеҳр-жоду, тилсим сирин ўргатиш.
Ишлар унди, кайфият ҳам бўлди соз,
Шу тариқа «Хогварц»га солинди асос. 
Мен ҳам шунда янги тикилган эдим
Буюк зотлар ёнида бўлдим.
Слизерин ва Гриффиндорнинг дўстлиги гўё битмас,
Хуффльпуфф ва Равенкло ҳам йигитлардан қолишмас,
Йиллар оша ижод қайнаб, бироз тиним бўлмади,
Тўртовлон орасидан қил ҳам бўлсин, ўтмади.
Таълимотга талаблар тафовутга бой бўлди,
Шогирдларга алоҳида таълим жорий этилди.
Слизерин асилзот болаларни ўқитди,
Гриффиндорга мард шогирдлар хуш келди.
Равенкло азалдан заковатни тан олган,
Хуффльпуфф эса ҳаммани теппа-тенг кўрган.
Оҳ, дўстлар, не бўлди-ю, назаримда кўз тегди. 
Ихтилофлар зўр келиб, иттифоқ путур кетди...
Отди тонглар қувончсиз, ўтди кунлар кўнгилсиз
Баслашди катта-кичик, бу даргоҳда қисқаси 
Дўст дўстга душман бўлиб, юрди улар кулгисиз.
Кунлардан бир кун келиб, ўз фикрин маъқул билиб
Бу ердан кетди секин, инжиқ ўғлон Слизерин.
Қайтди шодлик, қайтди қувонч ушбу мактаб қасрига,
Гарчи алам, дард чандиғи қолди дўстлар қалбида
Тонглар ёруғ, кунлар яхши, ишлар тушди изига
Лек бирдамлик кетди абад, энди қайтмас аслига.
Алҳосил бир маслаҳат, сўзимга қулоқ тутинг
Мен бурчимни бажарай, сиз курсига ўтиринг,
Пироварди жаҳолатдир саралаш анъанаси,
Болаларни тўртта уйга бўлиб ташлаш тантанаси.
Олинг сабоқ ўша қадим, нохуш тарих дарсидан 
Бехабар қолманг куннинг хавфли аломатидан.
Унутманг ташқи таҳдид, ёмон ният касларни
Бирдам бўлинг, жипслаштиринг, ушбу заиф сафларни.
Акс йўл тутиб, тўрт томон агар тарқаб кетсангиз
Мангу кетар бахт, омад, эҳтиёт қилмасангиз.
Билдирдим ўз фикримни, ҳаммани огоҳ қилдим
Саралаш вақти етди, ўз ишимга шай бўлдим.

Шляпа унини ўчириб, тек қотди. Ғўнғир-ғўнғир ва пичир-пичир ила урилган қарсаклар янграб, ўқувчилар ўз таассуротлари билан ўртоқлаша бошлади. Эл қатори қарсак урган Гарри мактабдошлари нималар ҳақида гаплашаётганини фаҳмлаб турибди.
- Бу сафар қандайдир пурмаъно бўлди-ми? - таъкидлаб қўйди қоши кўтарилган Рон.
- Жуда, - тасдиқлади Гарри.
Одатда, Сараловчи шляпа «Хогварц»нинг у ёки бу коллежида таҳсил кўриш учун талаб этиладиган сифатларни тавсифлаб, уларнинг аниқланишида ўзининг ўрни ва аҳамиятини ёдга солиб ўтиш билан чекланади. Лекин шляпа ўқувчиларига аллақандай панд-насиҳатлар берганини Гарри эслай олмади.
- Қизиқ, илгари ҳам у бирон нарса ҳақида огоҳлантирганми? - хавотирланди Гермиона. 
- Умуман айтганда, ҳа, огоҳлантирган, - жавоб берди воқифлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган Деярли Бошсиз Ник, Невилль орқали энгашиб.
Танасидан арвоҳ ўтган Невилль башарасини буриштириб қўйди.
- Агар шляпа бирон нохушликни сезиб қолгудай бўлса, шу йили «Хогварц»ни огоҳ қилиб ўтишни ўзининг бурчи деб билади...
Шу пайтда биринчи синф ўқувчиларини саралаш таомили бошланиши учун Катта Залда жимлик қарор топишини кутиб турган профессор Макгонагалл пичирлашаётган болалар томон шундай ўқрайиб қўйди-ки, Деярли Бошсиз Ник ўзининг шаффоф бармоғини лабига босиб, тўғри ўтириб олди.
Профессор Макгонагалл яна бир бор тўртта столга бирма-бир қараб чиққач, қўлидаги пергаментнинг узун ўрамини ёзиб, биринчи исмни талаффуз этди:
- Аберкромби, Эван
Гарри эътибор қаратган болача бир қадам олдинга ташлаб, Сараловчи шляпани бошига кийди. Эван қулоқдор бўлгани учунгина, шляпа унинг елкасига қадар тушмади.
- «Гриффиндор»! - эълон қилди, бироз ўйланиб қолган шляпа, оғизга ўхшаш тешигини катта очиб.
Гарри қолган гриффиндорчиларга жўр бўлиб, Эван Аберкромбини қутлаб қарсак урди. Қоқилиб-суқилиб столга яқин келган бола курси четига ўтирди. Унинг юзидан қани энди пол ёрилса-ю, кириб кетса ва ҳеч кимнинг кўзига кўринмай, ўша ерда қолса, деган маънони уқиб олиш қийин эмас.
Саралаш таомили давом этиб, сафда турган биринчи синф ўқувчиларининг сони аста-секин камайиб борди. Шляпа бирон-бир қарорга келиши кутилаётган сукунат давомида Роннинг қорни ғулдираётгани эшитилиб турди. Ниҳоят Роза Целлер исмли қизалоқ «Хуффльпуфф»га тайинланиб, профессор Макгонагалл курси билан шляпани олиб кетгач, профессор Дамблдор ўрнидан турди.
Гарчи Гарри Дамблдордан хафа бўлса-да, директорни кўриб, анча тинчланди. Кўпдан буён интизорлик билан кутилган «Хогварц»га қайтиш куни учун Хагриднинг йўқлиги-ю, кўзга кўринган калтакесак-от – ёқимли куйда дафъатан янграган сохта аккорд каби, нохуш янгилик бўлди. Ана энди ишлар ўз изига тушди: мактаб директори янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўқувчиларни табриклаш учун ўрнидан турди. 
- Янги келган ўқувчилар, - жарангдор овоз-ла гап бошлади Дамблдор, севиниб кулганча, қўлларини икки томон узатиб, - Муқаддас даргоҳимизга хуш келибсиз! Эски қадрдонлар, сизлар ҳам, хуш келибсиз! Шундай вазият бўладики, узундан-узоқ ўқиладиган нутқ ўринли саналади. Ҳозир эса бунинг мавриди эмас. Бинобарин, астойдил жойлашиб ўтиринг-да, ёпирилинг!
Маъқулловчи кулги ва гулдурос қарсаклар янгради. Дамблдор савлат-ла жойига ўтириб, тановул қилишга халал бермаслиги учун узун соқолини елка орқали орқасига ташлаб олди. Зеро, дастурхонда турли-туман егулик: қовурдоқлар, ҳар хил пирог, сабзавот, нон, қайла турлари пайдо бўлиб, кўзалар ошқовоқ шарбатига тўлиб қолди.
- Зўр, - йиртқичларча ингради Рон, лаганлардан бирини чангаллаб, Деярли Бошсиз Никнинг маъюс кузатуви остида ликопига котлет солар экан.
- Айтгандай, саралаш таомили ҳақида бир нарса деб турган эдинг шекилли, а, Ник? - сўради Гермиона арвоҳдан, - Шляпа илгари ҳам нималардир ҳақида огоҳлантирганми?
- Ҳа-я, - деди Ник, афтидан, қовурилган картошкани очкўзлик-ла ямлаб ютаётган Роннинг ношоён ҳаракатидан кўз узишга баҳона топилганидан хурсанд бўлиб, - Унинг огоҳлантиришларини бир неча бор ўзим эшитганман. Мактабга нисбатан бирон-бир хавф-хатар юзага келиши билан шляпа ўхшаш қўшиқ айтади. Берадиган ўгит ва панд-насиҳатларининг мазмуни доимо бир хил – бирдам бўлиб, заиф сафларни жипслаштириш.
- Шлабўл туримактаб нисбхавф хатюзг келгақаер лади? - сўради Рон.
Рон, оғзи овқатга тўла бўла туриб, овоз чиқара олганини Гарри катта ютуқ сифатида баҳолади. Роннинг бундай хулқидан жирканиб кетган Гермиона эса юзини буриштириб олди.
- Маъзур санайсан, сўзларингни илғай олмадим, нима дединг? - боадаб сўради Деярли Бошсиз Ник.
- Шляпа бўла туриб, мактабга нисбатан хавф-хатар юзага келганини қаердан билади? - саволини такрорлади Рон, оғзидаги овқатни янгроқ ютиб.
- Тасаввур ҳам қила олмайман, - жавоб берди Ник, - Умуман айтганда, шляпа Дамблдорнинг хизмат хонасида яшайди ва тахмин қилишга журъат этаман-ки, кўп қизиқ гапларни эшитиб ётади.
- Шунга қарамай, жамики коллежлар дўст тутинишини истайди-ми? - фикр билдирди Гарри, слизеринчилар дастурхони атрофидаги вазиятга ҳокимлик қилиб ўтирган Драко Малфойга қараб, - Осмон узилиб, ерга тушадики, «Слизерин» билан иноқлик қарор топадиган кун ҳеч қачон келмайди.
- Йўқ, дўстлар, бундай муносабат билдиришларинг нотўғри, - ўпка-гина қилди Ник, - Муваффақият сари етакловчи омил – тинчликка асосланган ҳамкорликдир. Биз арвоҳлар, гарчи ҳар хил коллежларга қарашли бўлсак-да, дўстона муносабатларни атрофлича сақлаб боришга интиламиз. Айтайлик, мен, «Гриффиндор» билан «Слизерин» орасида рақобат қарор топган бўлишига қарамай, Қонхўр Барон билан баслашишни ҳеч қачон ўзимга эп кўрмайман.
- Чунки сен ундан қўрқасан, - таъкидлаб қўйди Рон.
Деярли Бошсиз Ник хафа бўлди.
- Қўрқаман? Мен-а? Сэр Николас де Мимси-Порпиньон бўла туриб-а? Ҳали ҳеч ким ва ҳеч қачон мени қўрқоқликда айбламаган эди! Томирларимда оқаётган асилзотлар қони... 
- Қанақа қон? - кўзини чақчайтирди Рон, - Ҳали ҳам борми...
- Шундай ибора бор! - дарғазаб бўлди, чала чопилган боши ёнбошига тушиб кетишига бир бахя етмаган даражада титрай бошлаган Ник, - Мен овқатланиш, ичимлик ичиш имкониятидан маҳрум бўлганман, албатта, бироқ умид қиламан-ки, сўз эркинлигидан маҳрум қилмайсиз мени? Шунингдек, муайян хислатларим етишмагани учун айрим беақл болаларнинг заҳарханда пичинглари, ишонинг, иззат-нафсимга тегмай қўймайди!
- Ник, у устингдан кулишни ният қилмаган! - ишонтиришга уринди Гермиона, Ронга нафрат-ла ўқрайиб.
Бахтга қарши Роннинг оғзи яна, лунжлари тарс ёрилиб кетадиган даражада овқатга тўлган бўлиб, «Хфа қлиш нитим йди» дея олди холос. Афтидан, Ник, ушбу ғўнғиллашни узр сифатида қабул қила олмади шекилли, кескин юқорига кўтарилиб, патли шляпасини тўғрилаб олди-да, столнинг нариги боши томон учиб, ака-ука Колин ва Деннис Кривилар ўртасига бориб ўтирди.
- Баракалла, Рон! - ўшқириб берди Гермиона.
- Нима? - эътироз билдирди Рон, оғзидаги овқатни базўр ютиб олгач, - Оддий савол бериб бўлмайди-ми энди?
- Бундай савол бергандан кўра, индамай овқат еб, нафсингни қондириб ўтирганинг маъқул, - жиғибийрон бўлди Гермиона, қўлини силтаб.
Иккаласи зиёфатнинг қолган қисмини тумсайиб олиб, домангир сукут сақлаганча ўтказди. Гарри бундай машмашаларга аллақачон кўникиб қолган. Иккаласини яраштириб қўйишга урингандан кўра, бироздан сўнг, энг яхши кўрган дессерти – қуюқ шиннили торт узатилгунга қадар буйракдан тайёрланган мана бу пирогни бир ёқли қилган маъқуллигини ҳаётий тажрибаси кўп бор исбот қилган.
Болалар тўйиб, Катта Зал яна ғувиллай бошлагач, Дамблдор ўрнидан турди. Шу заҳоти суҳбат тиниб, ҳамманинг боши Дамблдор томон ўгирилди. Гаррини ёқимли, тўқ уйқу босиб, кўз олдига юқори қаватдаги ётоқхонасига ўрнатилган, бахмалдан тайёрланган гулдор чодир остидаги юмшоққина, илиқ каравоти кела бошлади...
- Ижозатингиз билан эътиборингизни ушбу ажойиб базмимиздан бир неча дақиқага чалғитиб, ўқув йили бошида айтадиган сўзларимни яна бир бор такрорлаб ўтаман, - гап бошлади Дамблдор, - Биринчидан, биринчи синф ўқувчилари шуни билиши лозимки, қаср атрофидаги ўрмон жамики ўқувчилар учун ташриф буюриш ман этилган ҳудуд саналади. Умид қилишга журъат этаман-ки, ушбу тақиқ айрим юқори синф ўқувчиларининг онгига ниҳоят етиб борган.
Гарри, Рон ва Гермиона бир-бирига кулиб қараб қўйишди.
- Иккинчидан, - давом этди Дамблдор, - Назоратчимиз мистер Филч, машғулотлар орасидаги танаффуслар давомида сеҳр-жоду билан шуғулланиш ман этилганлигини эслатиб ўтишимни мендан тўрт юз олтмиш иккинчи маротаба илтимос қилди. Яна бир қатор хатти-ҳаракатлар ман этилган бўлиб, улар билан мистер Филчнинг хизмат хонаси эшигига маҳкамланган рўйхатни ўқиб, танишиб чиқишингиз мумкин. Бундан ташқари, жорий йили ўқитувчиларимиз таркибида айрим ўзгаришлар рўй берди. Сафимизга янгитдан қўшилган, сеҳрли ҳайвонларни парвариш қилиш фанидан дарс ўтадиган профессор Гниллер-Планкни яна бир бор қутлаш менга мамнуният бахш этади. Ёвузлик кучидан ҳимоя фанининг янги ўқитувчиси профессор Амбрижни сизларга таништириб ўтишдан ҳам ниҳоятда бахтиёрман.
Боадаб, бироқ у қадар жўшқин бўлмаган қарсаклар янгради. Гарри, Рон ва Гермиона бир-бирига ваҳимали қараб қўйди. Профессор Гниллер-Планк қанча вақт дарс ўтишини Дамблдор таъкидлаб ўтмади.
- Квидиш жамоаларига ўйинчиларни саралаш тадбирлари...
Дамблдор кутилмаганда гапини бўлиб, савол назари билан профессор Амбриж томон юзланди. Ушбу аёлнинг ўтиргани ёки оёқда турганини бўйига қараб фаҳмлаш қийин кечгани боис, муайян вақт давомида нима учун Дамблдор гапини тўхтатганини ҳеч ким англай олмади. Профессор Амбрижнинг «ўхў-ўхў» томоқ қиргани эшитилгач, сўз олиш ниятида оёққа тургани маълум бўлди. Бир фурсат саросимага тушиб қолган Дамблдор ўзини идора қилиб, креслосига ўтирди-да, профессор Амбрижга шундай иштиёқ-ла қарадики, худди ҳаётида, ушбу аёлнинг нутқини эшитишга эришган фурсатдан ҳам бахтлироқ онлари бўлмаган. Ўқитувчилар таркиби эса ўзининг таажжубли қиёфасини бу қадар маҳорат ила яшира олмади. Профессор Сарсабил хонимнинг қоши кўтарилиб, ҳар томон тарқаган сочи остига кириб кетди. Профессор Макгонагаллнинг оғзи эса шу қадар қимтилиб кетдики, лаб ўрнига ингичка чизиқ ҳосил бўлди. Ҳали ҳеч қачон янги ўқитувчи мактаб директорининг нутқини бўлмаган. Анави аёл «Хогварц»да жорий этилган тартибдан бехабар эканлиги аён бўлганидан, ўқувчиларнинг аксарияти истеҳзоли кулиб қўйди.
- Илиқ сўзларингиз учун бағоят миннатдорман, директор, - қийшанглаб иржайди Амбриж.
Сўзларини нафас товуши билан талаффуз қиладиган аёлнинг овози ёш қизчанинг овози каби, ингичка эшитилди. Гарри сабабини ўзига ўзи тушунтира олмаса-да, профессор Амбрижга зидлик ила қаради. Лекин ушбу аёлнинг аҳмоқона овозидан тортиб эгнидаги пушти тусли момиқ кофтасига қадар ёмон кўришини аниқ билади. Аёл бир-икки бор «ўхў-ўхў» деганча, томоқ қириб қўйди-да, гапини давом этди:
- «Хогварц»га қайтганимдан ниҳоятда хурсанд эканлигимни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман! - иршайди у, майда ва жуда ўткир тишларини яланғочлатиб, - Ёқимли, бахтиёр чеҳраларингизни кўришдан ҳам жуда мамнунман.
Атрофга назар солган Гаррининг кўзига бирон-бир бахтиёр чеҳра кўринмади. Аксинча, ёш боладай эътироф этилаётганидан кўпчилик домангир ўтирибди.
- Мен ҳар бирингиз билан яқиндан танишиб чиқиш орзусида эканлигим, ўзаро қалин ва меҳрибон дўст бўлишимизга умид қилиб қолишимни айтмоқчиман. 
Унинг сўзларини эшитган кўплаб ўқувчилар бир-бирига маънодор қараб, баъзилари ўзини кулгидан базўр тийиб олди.
- Дўст бўлишимизга? Фақат битта шарт билан, - пичирлади Лаванда ёнида ўтирган Патилга, - Агар анави даҳшатли кофта билан ўзаро алмашиниб, кийиб юрмайдиган бўлсак.
Иккала қиз унсиз кулиб юборди.
Профессор Амбриж яна бир бор «ўхў-ўхў» деганча, томоқ қириб, сўзларини нафас товуши билан талаффуз қилиш оҳанги деярли барҳам топганча, афтидан, ўзига ёд бўлиб кетган фикрни зерикарли овозда баён эта бошлади.
- Сеҳргарлик вазирлиги сеҳргар ўсмирлар ва афсунгар қизларга таълим бериш масаласига илгари ҳам, ҳозир ҳам ҳаётий муҳим масалага аҳамият берган каби, катта эътибор қаратиб келмоқда. Ҳар бирингизнинг табиатингизда шаклланган ноёб туғма истеъдод тегишли тарзда ўқитиш ва ўгитлар бериш йўли ила тарбияланиб борилмас экан, беҳуда барҳам топиши муқаррар. Сеҳргарлар жамиятининг ижтимоий бойлиги саналадиган қадимий қобилият мангу йўқ бўлиб кетишига йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Шундай экан, афсунгарликнинг бизга қадар етиб келган азалий сир-асрорларини ёш авлодга ардоқлаб топшириш – ҳам қарз, ҳам фарз саналади. Аждодлар томонидан йиғиб келинган сеҳргарлик билимларининг бебаҳо хазинасини кўз қорачиғидай муҳофаза қилиб, янада бойитиб бориш – зиммамизга юкланган олижаноб бурч эканлигини биз, ўқитувчилар, бошқалардан кўра тўла-тўкис ҳис этамиз. 
Профессор Амбриж гапини бўлиб, ҳамкасбларига енгил таъзим қилиб қўйди. Бироқ уларнинг бирортаси жавобан бош ирғиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмади. Қаншарига йиғилиб қолган қоп-қора қоши профессор Макгонагаллнинг юзига қирғий қиёфасини бериб қўйган. Томоқ навбатдаги бор «ўхў-ўхў» дейилганча, қириб олинганида профессор Макгонагалл билан профессор Сарсабил хоним бир-бирига пурмаъно қараб қўйгани, Гаррининг эътиборидан четда қолмади. Профессор Амбриж эса нутқини давом этди.
- «Хогварц»нинг ҳар бир директори, ушбу ажойиб, кўп асрли, ниҳоятда бой тарихга эга мактабга осон кечмайдиган раҳбарлик ишига азалдан ижодий ёндашиб келган ва жуда тўғри қилган. Зеро, тараққиёт бўлмаган жойда касодлик, завол, қолаверса таназзул қарор топади. Бироқ фақат тараққиёт учунгина олиб бориладиган тараққиёт тадбирларини рағбатлантириш ҳам ярамайди. Негаки, йиллар синовидан ўтиб келган қадимий анъаналаримиз аксарият ҳолларда ислоҳ қилинишига эҳтиёж сезмайди. Демакки, эски ва янги, ўзгармаслик ва ўзгарувчанлик, анъана ва янгиланиш каби, тушунчалар орасидаги мувозанатни сақлаш...
Гарри аёлнинг нутқини ортиқ эшита олмаслигини ҳис этди. Унинг хаёли қаёққадир қочгани-қочган. Дамблдор сўз айтадиган бўлса, Катта Залда эҳтиромли сукут қарор топади. Ҳозир эса жимлик аста-секин бузилмоқда. Ўқувчилар бошларини бир-бирига яқин оғдирганча пичирлаб, ҳиринглашмоқда. «Равенкло» столи ортида ўтирган Чу Чэнг дугоналари билан жонли суҳбат олиб бормоқда. Ундан сал нарида ўтирган Луна Лавгуд юк халтасидан «Ҳақиқатгўй» журналини чиқариб, ўқиб ўтирибди. Кўкрагида янгигина синфбошилик кўкрак нишони ярқираб турган хуффльпуффчи Эрни Макмиллан кўзини профессор Амбриждан узмай ўтирибди. Бироқ унинг кўзи музлаткич музхонасидан чиқарилган балиқ кўзига ўхшаб қолган. У нутқни эшитмаётгани, фақат ўзини эшитаётган кўйга солиб, синфбошилик обрўсини йўқотишни истамаётганига Гарри шубҳа қилмади.
Профессор Амбриж буларнинг барини сезмаяпти. Тепса-тебранмас аёл, агар бурни остида қўзғолон кўтарилиб кетганда ҳам, пўнғиллашини қўймаслиги Гаррига аён бўлди. Лекин ўқитувчилар янги ўқитувчининг нутқни диққат билан тинглашмоқда. Гермиона ҳам, профессор Амбрижнинг ҳар бир сўзини ўзига сув сингдираётган қум каби, эшитиб ўтирибди. Аммо юзи касб этган қиёфадан фаҳмлаб олса бўладики, баён этилаётган фикр-мулоҳазалар унга ёқмаяпти.
- ... зеро, азалдан шаклланган анъаналаримизни янада такомиллаштириш мақсадида, уларга киритилган ўзгартиришларнинг фақат баъзилари ижобий самара берса, аксарияти, вақт ўтиб ноўрин жорий этилгани маълум бўлади, - нутқини давом эттирмоқда профессор Амбриж, - Қадимий анъаналарнинг баъзи бирларини асл ҳолатида сақлаб қолишимиз шарт. Бу табиий. Бироқ ўз умрини ўтаб, маънан эскирган айрим урф-одатларга амал қилмай, уларни унутишимиз даркор. Мухтасар қилиб айтганда, келинглар, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, сақланиши керак бўлган нарсаларни сақлаш, такомиллаштирилишига эҳтиёж сезилаётган нарсаларни такомиллаштириш, фикримизча, бартараф этилиши лозим бўлган нарсаларни бартараф этишга шайланганча, янги милод, яъни очиқ-ойдинлик, самарадорлик ва масъулиятлилик милоди томон олға одимлайлик.
Нутқи ниҳоясига етган профессор Амбриж жойига ўтирди. Дамблдор қарсак урди. Ўқитувчилар таркиби унга жўр бўлди. Лекин Гаррининг кузатишича, улардан айримлари бир-икки боргина кафтини кафтига теккизиб қўйди. Қарсакларга мактаб ўқувчиларининг маълум қисми жўр бўлди. Умуман айтганда, уларнинг аксарияти нутқни тинглагани йўқ. Шу боис, нутқ ниҳоясига етганини фаҳмлашга улгурмай туриб, ҳар эҳтимолга қарши қарсак уриб қўйишди. Дамблдор боз ўрнидан турди.
- Катта раҳмат, профессор Амбриж, нутқингиз билим орттиришга хизмат қиладиган даражада мазмунли чиқди, - деди у, бироз таъзим айлаб, - Шундай қилиб, квидиш жамоаларига ўйинчиларни саралаш тадбирлари...
- Ҳа, - аста фикр билдирди Гермиона, - Чиндан ҳам билим орттиришга хизмат қиладиган даражада чиқди.
- Фақат, нутқ ёқди, дема, илтимос, - хитоб қилди Рон, хиралашиб қолган нигоҳини Гермионага қаратиб, - Бундай зерикарли нутқни ҳаётимда эшитганим йўқ. Ваҳоланки, мен, агар ёдингда бўлса, Перси билан ўсганман!
- Мен «нутқ қизиқ чиқди» демадим, «билим орттиришга хизмат қиладиган даражада чиқди» дедим. Бу нутқ кўп нарсаларга ойдинлик киритади.
- Ростданми? - ҳайрон бўлди Гарри, - Мен эса алаҳлаш, деб ўйлабман.
- Ўша алаҳлаш орасида баъзи бир муҳим гаплар ҳам бор эди, - афтини буриштирди Гермиона.
- Ростданми? - талмовсиради ҳеч нарсани тушунмаган Рон.
- «Фақат тараққиёт учунгина олиб бориладиган тараққиёт тадбирларини рағбатлантириш ҳам ярамайди» ёки «Фикримизча, бартараф этилиши лозим бўлган нарсаларни бартараф этиш» деган сўзларнинг замирида нима бор экан, а, нима деб ўйлайсиз?
- Хўш, нима бор экан? - бетоқат бўла бошлади Рон.
- Нима бўлар эди, - вишиллади Гермиона тишлари орасидан, - Вазирликнинг «Хогварц»даги ички ишларга аралашиш режаси бор, дегани бу.
Атрофда шовқин ва тақир-туқур эшитилди. Афтидан, Дамблдор тарқалишни амр этган шекилли, ҳамма оёққа туриб, Катта Зални тарк этишга шайланди. Чўчиб кетган Гермиона оёққа қалқиб турди.
- Рон, ахир биз биринчи синф ўқувчиларига йўл кўрсатиб боришимиз керак-ку!
- Ҳа-я, - деди Рон, хаёлини йиғиб олиб, - Ҳой! Ҳой, сиз! Лилипутлар!
- Рон!
- Нима қилибди? Ҳаммаси бирдай митти-ку...
- Бари-бир уларни лилипут дейиш мумкин эмас!... Диққат! Биринчи синф ўқувчилари! - командирлик овози ила қичқирди Гермиона, - Ортимдан юринг, илтимос!
Янги ўқувчилар «Гриффиндор» ва «Хуффльпуфф» столлари орасида журъатсиз, ҳар бири имкон қадар олдинда бормасликка уринганча, Гермионага эргашди. Гарри ёнидан ўтаётган болачаларга табассум-ла назар солиб, уларнинг бўйига эътибор қаратар экан, чиндан ҳам митти одамларга ўхшаб кетишаётгани ҳақида ўйлаб, биринчи синфга келганида ўзининг бўйи бу қадар паст бўлмаганини ўзига ўзи таъкидлаб қўйди. Эван Аберкромбининг ёнида бораётган оқ-сариқ сочли болакай Гаррини кўриб, серрайиб қолди, хаёлини йиғиб олгач эса Эваннинг биқинига туртиб, қулоғига алланарса пичирлади. Ҳамроҳи каби, чўчиб кетган Эван ҳам Гаррига ўғринча қараб қўйди. 
- Учрашгунча, - деди юзидаги табассум поездда бетига сачраган қўланса шарбат каби, оқиб кетаётганини ҳис этган Гарри Рон билан Гермионага.
Тикка олдинга қараганча, Катта Зални тарк этаётган Гарри имкон қадар атрофда пичирлашиб, унга диққат билан тикилаётган, бармоқ ўқтаётган одамларга эътибор бермасликка уриниб борди. Мармар зинапоядан тез кўтарилиб, иккита яширин йўлакдан ўтганча, йўлни анча қисқартирди ва шу тариқа халойиқдан илгарилаб кетди.
Нимани ҳам кутиш мумкин одамлардан, хаёлдан ўтказди у, кимсасиз йўлакда дарғазаб юриб. Ҳамма унга олазарак қараши табиий. Ахир бутун мактабнинг кўз ўнгида Уч сеҳргар беллашувининг сўнгги мусобақаси ўтказилган, Лорд Вольдеморт ҳаётга қайтган лабиринтдан Седрикнинг жасади билан чиққан кундан эътиборан атиги икки ой энди ўтди-ку. Мусобақа ўтиши билан ўқувчилар ёзги таътилга чиқарилди. Оқибатда, агар Гаррининг ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам, мактабдошларга ўша даҳшатли ҳодиса ҳақида ҳисобот беришга улгурмади.
Гарри хаёлга берилганча, йўлакда юриб, ўзи сезмаган ҳолда «Гриффиндор» коллежининг умумий меҳмонхонасига олиб кирадиган туйнукка келиб қолди. Туйнукни тўсиб турган Семиз Хола портретига айтиш лозим бўлган янги паролни билмаслигини англаб, оёғи ерга ёпишганча, тек қотди.
- Э-м-м... - ғудуллади у, Семиз Холага қовоқ солиб.
Семиз Хола ҳам, ўз навбатида, пушти кўйлагининг қатларини текислаб, болага бақрайди.
- Пароль айтилмас экан, ичкарига кириш ҳам йўқ, - маълум қилди Семиз Хола такаббурона.
- Мен биламан, Гарри! - пишиллади кимдир.
Гарри ортга ўгирилиб, йўлакда лўкиллаб келаётган Невиллни кўрди.
- Бунинг нима эканлигини биласанми, - силтади у қўлидаги митти қуманжирини, - Хотирамнинг давоси, ёдда сақлай билиш воситаси! Мимбулюс мимблетония!
- Тўғри, - тасдиқлади Семиз Хола, туйнукни очиб.
Гарри билан Невилль ичкарига киришди. Қадимий юмшоқ креслолар-у, эски столчалар билан жиҳозланган шинам, юмалоқ меҳмонхона иккаласини одатдагидай илиқ кутиб олди. Каминда тарс-турс ёнаётган олов ёнида бир неча киши ётоқхонага кириб ётишдан олдин қўл иситмоқда, Фред билан Жорж эса эълонлар тахтасига аллақандай эълонни маҳкамламоқда. Биров билан гаплашиб ўтириш кайфияти бўлмаган Гарри ҳаммага қўл силтаб, ётоқхонаси томон йўл олди. Невилль унинг ортидан эргашди.
Ётоқхонага биринчи бўлиб етиб келган Дин Томас билан Симус Финниган ўз каравотлари яқинига плакат-у, фотосурат осиш билан овора. Гарри эшик очган фурсатда суҳбатлашиб турган Дин билан Симус бирданига жим бўлиб қолишди. Гаррининг миясига кетма-кет иккита ўй келди: биринчиси, Дин билан Симус, афтидан, ҳозиргина у ҳақда гаплашиб туришган, иккинчиси эса чамаси унда параноя касаллиги шиддат билан авж олмоқда.
- Салом, - кўришди у, каравотининг ёнига келиб, сандиғини очар экан.
- Салом, Гарри, - жавоб қайтарди вестхэм ўйинчилари киядиган кийим рангидаги пижамасини кияётган Дин, - Таътил қалай ўтди?
- Ёмон эмас, - ғудуллади Гарри, таътил баёнига бир кеча камлик қилишини ўйлаб, - Ўзинг-чи, яхши ўтказдинг-ми?
- Яхши, - ҳиринглади Дин, - Ҳар қалай Симусга нисбатан тузукроқ ўтказган кўринаман.
- Тинчликми? - сўради Симусга мурожаат қилган Невилль мимбулюс мимблетонияни каравоти ёнидаги жавонча устига қўйиб.
Симус Невиллнинг саволига жавоб беришга шошилмади. У дастлаб «Зафарли куйкалар» плакати текис осилганига ишонч ҳосил қилиб, сўнг Гарри томон қиё боқмай тилга кирди (Куйка ёки миққий – қирғийлар оиласига кирадиган йиртқич қуш):
- Ойим мактабга қайтишимни истамади.
- Нима? - ҳайрон бўлиб, турган жойида қотиб қолди Гарри.
- «Хогварц»га қайтишимни истамади.
Симус плакатга орқа ўгириб, Гарри томон ҳанузгача қиё боқмай сандиғидан пижамасини чиқарди.
- Лекин... Нима сабабдан? - сўради лол қолган Гарри.
Ахир Симуснинг онаси афсунгар аёл-ку, хаёлдан ўтказди у, дурслеизмга қадар паст тушишига нима сабаб бўлиши мумкин?
Симус пижамасининг барча тугмаларини қадаб бўлгунга қадар сукут сақлади.
- Ўйлашимча, - ниҳоят жавоб берди у, бир маромли оҳангда, - Бунга... қисқаси, сен сабабли.
- Мен сабабли? - дағдаға оҳангида сўради, боши узра аллақандай даҳшат пайдо бўлаётганини ҳис этганча, юраги гупиллаб ура бошлаган Гарри.
- Қандай тушунтирсам экан, - чўзди Симус, кўзини Гаррининг нигоҳидан олиб қочиб, - Ойим... э-м-м-м... умуман айтганда бир сен эмас, Дамблдор сабабли ҳам...
- Тушунарли. Демак онанг «Башорат-у, каромат газетаси»га ишонар эканда? - фаҳмлади Гарри, - Мен ёлғончи-ю, Дамблдор қари эшаклигига ишонар эканда, а?
Симус ниҳоят Гаррининг кўзига тик қаради.
- Шунга ўхшашроқ.
Гарри индамади. Сеҳрли таёқчасини жавонча устига улоқтириб, коржомасини ечди-да, пижамасини кийди. Мана шу нигоҳлар-у, фисқи-фасод гаплар жонга тегди! Унинг ўрнига қўйиб кўришса эди, ўзларини!... Тушунишар эди... Йўқ, миссис Финниган тушуниб етиши қийин... Аҳмоқ аёл, ўзича хулоса чиқарди Гарри.
У кўрпасига кириб, бахмал чодир пардасини тортмоқчи бўлиб қўл узатган эди ҳам-ки, Симус сўраб қолди:
- Менга қара... Чиндан ҳам, нима бўлган эди ўшанда... Ўзинг тушунасан... Седрик Диггорига... умуман... а?
Симуснинг овози ҳадиксираган оҳангда эшитилди. Шиппагини қидириб топиш илинжида сандиқ титкилаётган Дин саволни эшитиб, ғайритабиий ҳолатда қотиб қолди. Ҳар бир сўзни диққат билан эшитаётгани аён сезилиб турибди.
- Нега энди мендан сўраяпсан буни? - жеркиб берди Гарри, - Ойинг каби, «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқи! У ерда сизлар билиб қўйишларинг керак бўлган гаплар батафсил ёзилган.
- Ойимни тинч қўй! - жаҳл қилди Симус.
- Мени ёлғончига чиқарганларни нега тинч қўйишим керак экан? - нафрат-ла жавоб қайтарди Гарри.
- Мен билан бундай оҳангда гаплашма!
- Қандай истасам, шундай гаплашаман, - чўрт кесди, миясига қон югуриб, сеҳрли таёқчасини қўлига олганини ўзи сезмай қолган Гарри, - Агар мен билан бир хонада ётишга қўрқаётган бўлсанг, бор, Макгонагаллнинг ҳузурига боргин-да, бошқа хонага ўтказиб қўйишини илтимос қил... Ойинг хавотирланмаслиги учун...
- Сенга нима дедим, Поттер, ойимни тинч қўй!
- Тинчликми?
Ётоқхона остонасида пайдо бўлган Рон кўзини катта очиб, дам каравотда тиззасига ўтириб олганча, сеҳрли таёқча ўқтаётган Гаррига, дам таҳдид-ла мушт кўтариб олган Симусга қараб қолди.
- У ойимни таҳқирламоқда.
- Нима? - бовар қилмади Рон, - Гарри бундай қилмайди... Биз ойингни таниймиз, у бизга жуда ёққан...
- Фақат «Башорат-у, каромат газетаси» мен ҳақимда ёзаётган ифлос гапларга ишона бошлагунга қадар шундай бўлган, - овози борича бақирди Гарри.
- Ҳа-а, - Роннинг сепкил босган юзи гап мазмунини фаҳмлаш қиёфасини касб этди, - Ҳа... энди тушунарли.
- Биласизлар-ми, нима? - қичқирди қизишиб кетган Симус, Гаррига ўқрайиб, - Анави ҳақ! Мен у билан бир хонада яшашни истамайман, у савдойи!
- Мана шу гапинг, Симус, яхши бўлмади, - жавоб қайтарди қулоғи таҳдидли қизарган Рон.
- Яхши бўлмади? Шунақа дегин? - ўкирди Симус, ранги оқариб, - Сен-чи, ишонасанми унинг олди-қочди гаплари-ю, Ўзинг-Биласан-Ким тўғрисида ўйлаб топган уйдирмаларига? Бирорта бўлсин, сўзи рост деб ўйлайсан-ми?
- Ҳа, ишонаман! - нафрат-ла хитоб қилди Рон.
- Демак, сен ҳам савдойисан, - жирканди Симус.
- Шунақами? Хўп, майли, шундай бўлса, бўлсин. Бироқ мен, дўстим, - деди Рон, бармоғини кўксига ниқтаб, - Бундан ташқари, дилсиёҳлигинг учун маълум бўлсинки, синфбошиман! Агар меҳнат жазосига мубтало бўлмай десанг, бундан буён ҳар бир гапингни ўйлаб гапир, тушундинг-ми?
Симус турган жойида сукут сақлаб қолди. Унинг қиёфасида тил учида турган гапларнинг ҳаммасини айтиб, хумордан чиқиб олиш, шундан сўнг, майли, меҳнат жазосига тортилиш истаги яққол кўриниб турибди. Бироқ у обдан ўйлаб кўрди шекилли, жирканганча пишқириб қўйди-да, товонида айланганча ўзини кўрпага ташлаб, чодирининг пардасини ғазаб-ла тортди. Узилиб, чанг тўзғитган парда полга тушди. Симусга дарғазаб қараб турган Рон аста Дин билан Невилль томон ўгирилди.
- Хўш, яна кимнинг ота-онаси Гаррига нисбатан домангир юрибди? - сўради у жанговар оҳангда.
- Отам ҳам, онам ҳам магл, - елка қисди бироз ўйланиб турган Дин, - «Хогварц»да кимдир ҳалок бўлганини улар билишмайди, албатта. Бундай мудҳиш нарсаларни уларга айтиб бериш даражасига қадар миямни еб тугатганим йўқ.
- Сен менинг ойимни яхши билмайсан. У ҳар қандай кишининг хаёлидаги ўй-фикрларни суғуриб олишга қодир! - хитоб қилди Симус, - Ота-онанг «Башорат-у, каромат газетаси»ни ўқишмайди ва шу боис, сен таҳсил кўраётган мактаб директори кексайиб, ишбилармонлик қобилиятини йўқотиб қўйгани учун Оқил Суднинг Олий Қозиси лавозимидан ҳам, Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерациясининг раислигидан ҳам четлаштирилганини билишмайди.
- Бувимнинг фикрича, буларнинг бари ғирт бемаънилик экан, - овоз берди Невилль, - Сўзларига қараганда, Дамблдор эмас, «Башорат-у, каромат газетаси»нинг таҳририяти ўз ишбилармонлик сифатини йўқотиб қўйган. У ҳатто газетага обуна шартномасини ҳам ҳаракатдан тўхтатди. Биз Гаррига ишонамиз, - қўшиб қўйди Невилль, кўрпага киргач, адёлини жағига қадар тортиб олганча, Симусга бойқуш каби, бақрайиб, - Бир кун келиб Ўзингиз-Биласиз-Ким албатта ҳаётга қайтиб келишини бувим доимо ёдимизга солиб келган. У яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтди: Дамблдор айтди-ми, унинг ҳаётга қайтганини, демак у чиндан ҳам қайтган.
Бошини ёстиққа ташлаган Гаррининг вужудини Невиллга бўлган миннатдорлик ҳисси қамраб олди. Бошқа ҳеч ким ҳеч нима демади. Симус сеҳрли таёқчасини қўлига олиб, пардани жойига илди-да, чодир ичига бекиниб олди. Дин кўрпага кириб, ёнбошлади. Афтидан, билдирган фикрига қўшимча қиладиган гапи бўлмаган Невилль Ой нурида ёришиб турган қуманжирига завқ-ла тикилиб ётди.
Ўзининг буюмларини тахлаётган Рон қўшни каравот ёнида тимирскиланмоқда. Доимо ёқтириб юрган Симус билан ўтган жанжалдан Гарри ҳайратда. Қизиқ, яна қанча одамлар уни ёлғончи, савдойи, деб билар экан?
Бечора Дамблдор! Дастлаб Оқил Суддан, ҳеч қанча вақт ўтмай Бутун Жаҳон Сеҳр-жоду Конфедерациясидан қувиб солингани боис, у ҳам ёз бўйи ўхшаш ташвишларни бошдан кечирган бўлса керак. Афтидан, айнан шу сабабли директор Гарридан дарғазаб бўлиб, у билан мулоқот қилишни истамаяпти. Ушбу гаплар тарқалишига иккаласи ҳам дахлдор. Негаки, Дамблдор Гаррининг сўзларига ишониб, дастлаб бутун мактабга, сўнг, жамики сеҳргарлар жамиятига бўлиб ўтган ҳодисаларнинг айнан Гарри ҳикоя қилиб берган талқинини етказди. Демакки, ким Гаррини ёлғончи деб билса, табиийки, Дамблдорни ҳам ёлғончига ёки боланинг гапига инонган қари гўлга чиқаради...
Рон кўрпасига кириб, ётоқхонанинг сўнгги чироғини ўчирди. Вақти келиб ҳамма рост гапирганимизни тушуниб етади, хаёлдан ўтказди дарғазаб Гарри. Фақат ўша вақт етгунга қадар яна қанчадан-қанча таъна-маломатларни бошдан кечириш керак?
Admin · Просмотров: 1090 · Комментариев: 0
Категории: Первая категория
19 Дек 2012. 17:24:22

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p111.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)