Календарь

Апрель 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 4

rss Синдикация

VI. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ЧАЛА ЗОТ ШАҲЗОДА

БИРИНЧИ БОБ. ЯНГИ ВАЗИР 

Тун яқинлашмоқда. Буюк Британия бош вазири ўз хизмат хонасида танҳо ўзи, узундан-узоқ меморандумни ўқиб ўтирибди-ю, олис давлат президентининг қўнғироқ қилишини кутаётгани боис, мияси бирон-бир маъно уқмаяпти. Айни вақтда у, ниҳоятда чўзилиб, чарчатиб юборган нохуш ҳафта давомида рўй берган ҳодисалар билан боғлиқ, миясида бошқа нарсаларга жой қолдирмаган хотиралардан халос бўлишга уринмоқда.
- Қачон қўнғироқ қилишни лозим топар экан, анави жин ургур жаноб.
Фикрини меморандум матнига жамлашга қанчалик ҳаракат қилса, кўз ўнгида сиёсий мухолифларидан бирининг қабиҳ башараси шу қадар аён гавдаланмоқда. Ўша ярамас бугунги янгиликларда пайдо бўлиб, ҳафта давомида юз берган ҳалокатларни, худди эслатиш шартдай санаб ўтиб, бу ҳам камлик қилгандай, ушбу бахтсизликларнинг барига амалдаги ҳукуматнинг айбдорлигини батафсил изоҳлаб ўтди.
Ўша айбловлар ҳақидаги ўйнинг ўзи Бош вазирнинг юрак уришини тезлатиб юборди.
- Ёлғон ва ноҳақлик! Қандай қилиб ҳукумат, шаҳар кўпригининг кўприк вайрон бўлишига йўл қўймаслиги, бундай ҳолатнинг олдини олиши мумкин эди? - ўзига ўзи савол берди у, - Кўприк сақлаш тадбирлари охиригача молиялаштирилмаганлигига оид фитна солувчи шамаларини қаранг-а?! Фойдаланишга топширилганига ўн йил ҳам бўлгани йўқ-ку ҳали! Энг сара мутахассис-экспертларнинг боши қотиб қолди. Нега энди туппа-тузук турган кўприк ўнлаб автомобилларни дарё тубига йўллаганча, дабдурустдан икки бўлиниб кетади? Оғиздан-оғизга ўтиб кетган сўнгги иккита қотиллик полициячилар сони етишмаётганлиги сабабли содир этилди дегани-чи?! У ҳам майли, Ғарбий графликда юз бериб, катта моддий зарар келтирган, одамлар орасида кўплаб талафот ила якун топган ғалати довулни қай тарзда олдиндан кўра билиш мумкин? Маҳкамада фаолият юритаётган кичик вазирлардан бири Герберт Чортли айнан шу ҳафтада тутуриқсиз баёнот қилган бўлса, менинг айбим нима? Оиласига кўпроқ вақт ажратиши керак эди эмиш.
Бош вазир бироз ўйга толди.
- Мамнун иржайишини яширишга истар-истамас уринган бўлса-да, мамлакат аҳолиси орасида нохуш кайфият қарор топди, дегани, афсуски рост, - хаёлдан ўтказди у, - Буни ўзим ҳам кўриб турибман. Одамларни одатдагидан кўра кўпроқ ғам-ғусса босган. Об-ҳаво ҳам киши нафратини қўзғатади. Июль ойининг қоқ ўртасида бундай совуқ туман тушиши... Ҳамма нарса ғайритабиий, бари нотўғри...
Меморандумнинг иккинчи саҳифасини варақлаб, яна қанча ўқиш кераклигини кўрган Бош вазир таслим бўлиб, ҳужжатни четга суриб қўйди.
- Ўқиб, уқмагач, нима фойдаси бор.
У қўлини кўтариб, керишиб олди-да, хонага ғамгин нигоҳ-ла кўз югуртириб чиқди. Хона чиройли. Ажойиб мармар камин ва унинг қаршисидаги, тавақалари икки ёққа сурилиб очиладиган, бироқ ёз мавсумига хос бўлмаган ғайритабиий совуқ туфайли ёпиб қўйилган дераза хонага янада кўрк бермоқда. Эти жунжикиб кетган Бош вазир ўрнидан туриб, деразага яқин борди-да, ойнага ёпишиб қолган қалин туманга бақрайиб қолди. Хонага орқа ўгириб турар экан, кимнингдир аста йўталиб қўйганини эшитди.
Муқаддам эшитган бўлиб, ким йўталганини англаган Бош вазир чўчиб кетган аксига қараганча, серрайиб қолди. Хонада ҳеч ким йўқ.
- Ким у? - иккиланиб сўради у, сохта дадил овозда.
Саволга жавоб эшитмасликка қисқа фурсат умид қилишга журъат этган Бош вазир, таассуфки, олдиндан тайёрланган баёнот ўқиб эшиттирилаётган каби, овоз соҳибининг қатъий оҳангда янграган узуқ-юлуқ сўзларини эшитди. Ушбу овоз бошига кумуш тусли парик ташлаб олган бўлиб, башараси бақага ўхшаб кетадиган киши тасвирланган кичик ўлчамли, бироз кир портретдан чиқаётганини Бош вазир илк фурсатда идрок этиб бўлган.
- Маглларнинг Бош вазирига. Шошилинч учрашув уюштириш лозим. Зудлик билан жавоб беришингизни сўрайман. Яхши тилаклар ила, Фуж.
Портретда тасвирланган киши Бош вазирга савол назарида қараб қолди.
- Э-э-м... қулоқ солинг... - ғудуллади Бош вазир, - Ҳозир мавриди эмас... Мен ўта муҳим қўнғироқ кутяпман... президент... э-э-м...
- Қўнғироқни кечиктириш мумкин, - гапни кесди портрет.
Айнан шундай жавоб эшитишдан чўчиган Бош вазирнинг юраги орқага тортиб кетди.
- Бироқ бу қўнғироқ чиндан ҳам...
- Президент қўнғироқ қилиш кераклигини унутиб, эртага кечқурун эслайди. Биз буни уюштирамиз, - маълум қилди портретда тасвирланган киши, - Илтимос қиламан, мистер Фужга зудлик билан жавоб беринг.
- А-а... э-э-м... яхши, - бўшашган овоз-ла, пўнғиллади Бош вазир, - Учрашганим бўлсин, Фуж билан.
У юрган йўлида бўйинбоғ тўғрилаганча, ёзув столига яқинлашди. Эндигина ўтириб, юзига бепарво қиёфа берган бўлди ҳам-ки, каминнинг мармар токчаси остидаги бўм-бўш ўчоқда яшил тусли ёрқин олов ярқиради. Қўрқув ҳиссини базўр идора қилиб ўтирган Бош вазир олов тили орасида пайдо бўлган аллақандай буралувчан каноп бир зумда тўладан келган, басавлат кишига айланиб қолганини кўрди. Яна икки сония ўтгач, қўлига сарғиш яшил қозон шляпа ушлаб, узун, йўл-йўл ридосининг енгидаги кулни қоқаётган меҳмон антиқий камин гиламчасига оёқ қўйди.
- О, Бош вазир жаноблари, - хитоб қилди Корнелиус Фуж, қўлини олдинга узатганча, мезбон томон қатъий одимлаб, - Сизни боз кўрганимдан бағоят хурсандман.
Самимий жавоб қайтара олмаган Бош вазир индамасликни афзал кўрди. Фужнинг ташрифидан у мутлақо хурсанд эмас. Зеро, ҳар замонда қўрқинчли тарзда пайдо бўладиган ушбу шахс навбатдаги нохушликдан дарак бергани келади холос. Бунинг устига, кўзлари киртайиб, оқарган сочи сийраклашган, ҳорғин юзи ташвиш қиёфасини касб этган Фужнинг соғлиги яхши эмасга ўхшайди. Сиёсатчиларнинг бундай юзларини кўп кўрган Бош вазир, кишининг ушбу аҳволи хушхабар аломати эмаслигини яхши билади.
- Хўш, хизмат? - сўради у, меҳмоннинг қўлини қисиб қўяр экан, ёзув столининг қаршисидаги қаттиқ курсига имо қилиб.
- Нимадан бошлашни ҳам билмай қолдим, - ғудуллади, курсига ўтириб, яшил тусли қозон шляпасини тиззасига қўйган Фуж, - Бунақанги ҳафтани ҳали кўрмаганман...
- Сизда ҳам шу аҳволми, дейман? - қуруқ қизиқди Бош вазир, бошқа бировнинг муаммоларисиз ҳам, ташвиши етарлидан ортиқ эканлигига шама қила олганига умид қилиб.
- Албатта, - жавоб қайтарди кўзини ҳорғин ишқалаб, суҳбатдошига бақрайган Фуж, - Сизни қийнаётган муаммолар бизни ҳам ташвишга солади, муҳтарам Бош вазир. Ўша Брокдейл кўприги... Боунс билан Вансни ўлдириб кетишгани... Ғарбий графликда кўтарилган даҳшат ҳақида-ю, гапирмаса ҳам бўлаверади...
- Сиз... э-э-м... сизлар... айтмоқчиман-ки, ораларингдан кимдир дахлдорми... бўлиб ўтган ҳодисаларга?
- Албатта, - жавоб берди Фуж, Бош вазирга қатъий нигоҳ ташлаб, - Нима гап эканлигини тушуниб етгансиз, деган умидда эдим. Ёки ундай эмасми?
- Мен... - эсанкираб қолди Бош вазир.
Айнан шунинг учун ҳам Фужнинг ташрифини ёқтирмайди у. Бу қанақаси ахир? Бош вазир-ку, у, ҳар қалай. Нега энди у, ўзини, худди уйга берилган вазифани бажармай келган ўқувчидай ҳис этиши керак. Афсуски, илк бор учрашгандан буён шу аҳвол. Ҳаётининг сўнгги соатигача унутиши амри маҳол бўлган ўша учрашувни худди кеча ўтгандай яхши эслайди.
Эндигина сайланган Бош вазир ўшанда ҳам, ушбу хонада танҳо ўзи, кўп йиллик кураш ва қийинчиликлардан сўнг, қўлга киритилган ғалабадан мириқиб турган эди. Худди бугунгидай, дафъатан эшитилган йўтал чўчитиб юборган, ортга ўгирилиб, анави гапирувчи бадбашарадан, қаранг-ки, аллақандай сеҳргарлик вазири танишиш учун ташриф буюрмоқчи бўлганини билган эди.
Табиийки, ўшанда у, қути ўчиб, томи бироз жилиб қолган, деган хаёлга борди. Ҳазилакам гапми ахир, узоқ давом этган сайловолди тадбирлари, тарғибот-ташвиқот ишлари, хусусан сайлов... Буларнинг бари ҳар қандай кишини руҳан ва жисмонан зўриқтириб, толиқтиради, албатта. Портрет кутилмаганда тилга кириб, ўларча қўрқитиб юборгани, каминдан сакраб чиқиб, қўл сиқишга ошиққан сеҳргар олдида ҳеч гап эмас. Жони чиқиб кетишига сал қолган Бош вазир тили калимага келмай ўтирар экан, Фуж, мамлакат ҳудудида сеҳргарлар элатининг кўплаб вакиллари азалдан яшаб келаётгани, бироқ улар борасида қайғуриш шарт эмаслиги, негаки Буюк Британия Сеҳргарлик вазирлиги бундай ҳолатни сеҳргар бўлмаган жамиятдан сир тутиш масаласини ўз зиммасига олганини, аммо супургидан фойдаланиш қоидаларини жорий этишдан тортиб, токи аждар сонини назорат қилиб боришга қадар сир тутишни таъминлашга доир ниҳоятда кенг қамровли тадбирлар ижроси осон кечмаслигини хушмуомалалик-ла тушунтириб ўтирди.
- Хавотир олманг, - қўшиб қўйди Фуж, аждарлар ҳақида эшитиб, столга қапишиб қолганча, ўзига кела олмай ўтирган Бош вазирнинг елкасига оталарча уриб қўйиб, - Биз қайта кўришмаслигимиз ҳам мумкин, агар сеҳргарлар дунёсида бирон-бир ўта жиддий, маглларнинг, яъни айтмоқчиман-ки, сеҳргар бўлмаган жамиятнинг ҳаётий фаолияти ва фаровонлигига нисбатан хавф туғдирадиган ҳодисалар юз бермаса, албатта. Умуман айтганда, биз: «Ўзинг ҳам яша, бошқаларга ҳам тинчлик бер» тамойилига амал қиламиз. Таъкидлаб ўтишим жоизки, Сиз, эски Бош вазирга нисбатан ўзингизни анча вазмин тутмоқдасиз. У мени қарши кучлар томонидан юборилган ғаламис сифатида эътироф этиб, деразадан улоқтириб юбормоқчи бўлган эди.
- Демак сиз... ғаламис эмассиз? - умид-ла сўради, ниҳоят тилга кирган Бош вазир.
- Йўқ, - мулойим оҳангда жавоб берди Фуж, - Ўйлайман-ки, йўқ. Мана қаранг.
Фуж Бош вазирнинг ёзув столи устида турган чашкасини оғмахонга айлантирди.
- Бироқ, - аста пичирлади Бош вазир, собиқ чашкаси илк нутқининг матни битилган қоғоз бурчагини кемиришга киришганини кўриб, - Нима учун... нима учун менга ҳеч ким ҳеч нима демади бу ҳақда...
- Сеҳргарлик вазири маглларнинг фақат амалдаги Бош вазирига таништириб ўтади ўзини, - деди Фуж, сеҳрли таёқчасини киссасига жойлаб, - Махфийликка амал қилиш масаласига жиддий қараймиз.
- Ундай бўлса, - маъраган овоз чиқарди Бош вазир, - Нима учун эски Бош вазир менга ҳеч нима демади?
Фуж хандон отиб юборди.
- Муҳтарам Бош вазир жаноблари, ўзингиз-чи, мен ҳақимда бирор-бир кишига айтиб берган бўлармидингиз?
Кулишдан тўхтамаган Фуж каминга аллақандай кукун ташлаб, гуриллаб ёнган зумрад рангли оловга қадам ташлади-да, шитирлаган товуш чиқарганча, кўздан ғойиб бўлди. Ерга қоқилган қозиқ сингари турган жойида қотиб қолган Бош вазир, ушбу учрашув ҳақида ҳеч қачон, ҳеч кимга чурқ этмаслик борасида ўзига ўзи сўз берди. Айтган тақдирда ҳам, қайси аҳмоқ ишонади унинг гапига?
У анча вақтгача ўзига кела олмай юрди. Дастлаб, Фуж чиндан ҳам, сайловолди кунларида кечган уйқусизлик туфайли рўй берган галлюцинация эканлигига ўзини ишонтиришга уринди. Ноқулай хотирадан халос бўлишга уринганча, оғмахонни жиянига совға қилиб, бахтиёр айлади. Шахсий котибига эса Фужнинг ташрифини маълум қилган анави бадбашаранинг портретини ечиб, хонадан олиб чиқишни амр этди. Энг ёмони, ушбу портретни ечиб олишнинг иложи бўлмади. Бир неча дурадгор, икки нафар қурувчи, санъатшунос ва ғазначилик канцлери минг чиранмасин, деворга маҳкамланган лаънати портретни ечиб олишга муваффақ бўлишмади. Тақдирга тан берган Бош вазир бадбашара тасвирини ўз ҳолига қўйиб, токи ҳукумат бошида бўлар экан, портрет қайта тилга кирмаслигига умид боғлади. Бироқ онт ичишга тайёрки, баъзан у, кўз қири билан, бадбашаранинг эснагани, бурнини қашлагани, бир-икки бор эса кир матони бўм-бўш қолдирганча, қаёққадир ғойиб бўлганини кўрди. Шундай бўлса ҳам, Бош вазир, зарурат бўлмаса, портрет томон қарамасликка одатланди. Агар ғалати ҳолатни пайқаб қолса ҳам, уни кўз алданиши сифатида қабул қиладиган бўлди.
Орадан уч йил ўтгач, Бош вазир худди бугунгидай оқшом маҳал танҳо ўзи ўтирган пайтда портрет боз тилга кириб, сеҳргарлик вазирининг қутулиб бўлмайдиган ташрифи ҳақида маълум қилди. Хаёл ўтмай, уст кийимининг шалаббоси чиққан Фуж камин ичидан ваҳима ила сакраб чиқди. Хона соҳиби қадимий камин гиламчасини ҳўл қилиш шарт эмаслиги ҳақида фикр билдирмоқчи бўлиб, эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, Фуж, энтикиб-энтикиб Бош вазир ҳаётда эшитмаган Азкабан қамоқхонаси, Сири Ус Блэк исмли аллақандай даҳшатли маҳбус, қандайдир «Хогварц» мактаби ва Гарри Поттер исмли ўқувчи бола ҳақида, умуман айтганда, тушунарсиз бемаъниликлар тўғрисида гапира кетди.
- ... ҳузурингизга тўғри Ўрта денгизнинг қоқ ўртасида жойлашган Азкабандан келяпман, - ҳансиради Фуж, қозон шляпасига тўлган бир челак сувни полга тўкиб, - Қандай парвоз эканлигини тасаввур қилинг... Дементорлар исён кўтарган... - деди у, ўз гапидан ўзи сесканиб, - Белгиланган сарҳадлардан муқаддам чиқмаган улар... Илож қанча, тўғри шу ерга, ҳузурингизга келишга тўғри келди. Ўша Блэк кўплаб маглларнинг ёстиғини қуритгани боис, донғи кетган қотил саналиб, Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши тарафдорларининг сафига қўшилиш эҳтимоли бор... айтгандай сиз, Ўзингиз-Биласиз-Кимнинг ким эканлигини билмайсиз-ку, а?! - сўради Фуж, Бош вазирга умидсиз бақрайиб, - Ўтиринг, ўтириб олсангиз-чи... вискидан ичинг... мен ҳозир сизга бор гапни айтиб бераман...
Ажойиб, Бош вазирга ўз хонасида ўтириш, ҳатто ўз вискисини ичишга ижозат берилди! Кайфияти эътирозли бўлса-да, креслосига ўтириб олди. Фуж эса сеҳрли таёқчасини чиқариб, ҳавода, каҳрабо тусли суюқлик тўлдирилган иккита катта стакан яратди-да, биттасини ҳайратдан оғзи очилиб қолган Бош вазирнинг қўлига тутқазди, курсини яқинроқ тортиб, ўзи ҳам астойдил жойлашиб олди.
Фуж бир соатдан ортиқ гапирди, исмлардан бирини эса талаффуз этишдан бош тортиб, пергамент парчасига ёзди-да, Бош вазирнинг бўш қўлига тутқазди. Ниҳоят, гапи тугаб, ўрнидан турди-да, кетишга тараддудланди. Бош вазир ҳам ўрнидан турди.
- Демак, сизнингча... - деди у, кўзини қисиб, пергамент бўлагига қарар экан, - Лорд Воль...
- Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши! - бақириб юборди Фуж.
- Маъзур сананг... ҳа, Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши ҳали тирик эканда, а?
- Дамблдорнинг сўзларига қараганда, ҳа, тирик, - жавоб берди Фуж, йўл-йўл ридонинг ияги остидаги тугмасини қадаб, - Фақат биз уни топа олмадик. Агар менинг фикрим қизиқтирадиган бўлса, биров кўмак бермас экан, у ҳеч қандай хавф солмайди. Лекин Блэк ташвиш келтириши мумкин. Демак, жамоатчиликни, ушбу жиноятчи ҳақида воқиф қиласиз, шундайми? Жуда соз. Хўп, майли. Умид қиламан-ки, қайта кўришмаймиз. Хайрли тун.
Бироқ иккаласи боз кўришди. Бир йил ўтар-ўтмас, Фуж, худди ҳаводан тўқилгандай пайдо бўлиб, Квидиш бўйича жаҳон чемпионатида «тўқнашув» рўй бергани ва ушбу можарога магллар ҳам «аралашиб» қолгани ҳақида маълум қилди.
- Хавотирга ўрин йўқ, - деди ўшанда Фуж, - Ўзингиз-Биласиз-Кимга қарашли Ажал белгиси яна пайдо бўлгани, ҳали ҳеч нимани англатмайди. Ишончим комилки, бу якка бир ҳолат холос. Магллар билан алоқа департаменти эса жабрланган магллар хотирасини ўзгартириш ишларини айни фурсатда якунига етказмоқда. Ҳа, айтгандай, унутиб қўйишимга сал қолибди, - қўшимча қилди Фуж, - Уч сеҳргар беллашувини ўтказиш манфаатларида хориждан учта аждар ва битта сфинкс келтирилган. Бу оддий тадбир, бироқ вазирликнинг Сеҳрли махлуқлар устидан назорат бўлими, жорий қоидаларга асосан, мамлакат ҳудудига ўта хавфли махлуқ олиб келинган ҳар бир ҳолат ҳақида сизни хабардор қилишимиз шарт эканлигини таъкидлаб, мендан ўз мажбуриятимни бажаришни талаб қилиб туриб олди.
- Мен... нима... аждар? - чийиллади Бош вазир.
- Ҳа, учта, - бош ирғиди Фуж, - Сфинкс ҳам бор. Хўп, майли, омон бўлинг.
Бош вазир аждарлар-у, сфинксдан баттар нарса бўлиши мумкин эмаслигига жуда умид қилган эди. Афсуски, янглишган экан. Орадан икки йил ўтмай, Фуж яна каминдан сакраб чиқиб, Азкабан маҳбусларининг оммавий равишда қочиб қолганини маълум қилди.
- Оммавий равишда қочишибди? - хириллаб сўради Бош вазир.
- Ташвиш тортманг, бунинг қўрқинчли ери йўқ! - бидирлади бир оёғи билан оловга кириб олган Фуж, - Биз ўша аблаҳларни тез орада қўлга оламиз! Маълумингиз учун хабар бергани келдим холос!
Бош вазир «Йўқ, шошманг!» дея қичқирмоқчи бўлди-ю, улгурмади. Яшил учқунлар фавворасини сачратган Фуж кўздан ғойиб бўлди.
Матбуот-у, мухолифлар нима демасин, Бош вазир калтафаҳм киши эмас. Илк бор учрашганда қайта кўришмасликка ишонтирган, бироқ тез-тез ташриф буюриб турган Фужнинг юзи тобора ташвишли қиёфа касб этиб бораётганини кўриб турибди. Гарчи, магллар ҳукуматининг раҳбари, ўз таъбири ила айтганда, ўзга дунёнинг Бош вазири ҳақидаги ўйлардан ўзини ўзи тийишга уринса-да, янги, янада қайғули хабарлардан хавфсирамай қолмади. Айнан шу боис ҳам, Фужнинг бугунги тўзғиган, асабийлашган ва ташрифининг боисини Бош вазир билмагани учун бироз ҳайратланган ҳолатда пайдо бўлгани – мисли кўрилмаган даражада оғир кечган ҳафтанинг энг мудҳиш ҳодисаси бўлди.
- Нега энди мен... э-э-м... сеҳргарлар дунёсида нима бўлаётганини билишим керак? - аччиқланди Бош вазир, - Мен ўз давлатимни бошқармоқдаман. Сизларсиз ҳам, ташвишим бошдан ошиб ётибди...
- Ташвишимиз умумий, муҳтарам Бош вазир, - гапни бўлди Фуж, - Брокдейл кўпригининг вайрон бўлиш сабаби кўприкнинг эскирганида эмас. Довул ҳам, аслида довул эмас. Қотилликлар магллар томонидан содир этилмаган. Герберт Чортлининг оиласи эса ҳозирча ўз боқувчисини кўрмагани маъқул. Айни фурсатда, Чортлини Муқаддас Резги касалхонаси – ғалати жароҳат ва патологиялар институтига олиб ўтиш чоралари кўрилмоқда.
- Нималар деяпсиз... мен тушуна олмаяпман... нима?! - ўшқирди Бош вазир.
- Бош вазир жаноблари, - оғир хўрсинди Фуж, - Афсус ва надомат-ла маълум қилишим керакки, у, яъни Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши ҳаётга қайтди.
- Қайтди? «Ҳаётга қайтди», деганингизни қандай тушуниш керак?... Тирилди-ми? Яъни...
Бош вазир хотирасига зўр бериб, сеҳргарлар элатининг кўплаб мудҳиш жиноятлар содир этган, ўн беш йил муқаддам ғойиб бўлган анави даҳшатли вакили ҳақидаги уч йил олдин ўтган суҳбатни безовталаниб эслади.
- Ҳа, тирилди, - тасдиқлади Фуж, - Гарчи... билмадим... ўлдириб бўлмайдиган шахсга нисбатан бундай тушунчани... Тўғрисини айтсам, ушбу масалаларни мен у қадар теран англай олмайман, Дамблдор эса тушунтириш бермаяпти... Нима қилган тақдирда ҳам, унинг танаси бор, оёқда юради, гапиради, одам ўлдиради... Шундай экан, суҳбатимиз мавзусига боғлайдиган бўлсак, яна тирилди десак ҳам, бўлаверади.
Бош вазир нима деб жавоб беришни билмай қолди-ю, пухта воқифлик қиёфасига эга бўлишдек, азалий истакка итоат қилганча, муқаддам ўтган суҳбатлардан эслаб қолган айрим маълумотларга аниқликлар киритиб олишга аҳд қилди.
- Сири Ус Блэк-чи, анави... э-э-м... Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши тарафдорларининг сафига қўшилди-ми?
- Блэк? - сўради, хаёли қочган Фуж, бармоқлари билан қозон шляпасининг четларини чертиб, - А, Сириус Блэкни сўраяпсиз-ми? Йўқ, Мерлин соқоли. Блэк ўлди. Аниқланишича, биз, Блэк масаласида бироз... э-э-м... янглишган эканмиз. У айбдор эмас экан. Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишининг тарафдори ҳам бўлмаган, яъни... - ўзини оқлаган оҳангда қўшимча қилди Фуж, шляпасининг четини янада кучли эгиб, - Барча далиллар унга қарши эди... эллик нафарча гувоҳлар томонидан берилган шоҳидлик... майли, энди буларнинг аҳамияти йўқ. Блэк ўлди, аниқроқ айтиладиган бўлса, ўлдирилди. Вазирлик биносида. Айтгандай, ушбу ҳолат юзасидан тергов тадбирлари тайинланган...
Бош вазир суҳбатдошига ачинаётганини ҳис этиб ўзидан ўзи бироз ҳайратланди-ю, бироқ каминма-камин сакраб юриш ҳавосини олмаган бўлса-да, у бошчилик қилаётган вазирлик биносида қотиллик, ҳар қалай бугунги кунга қадар, содир этилмаганидан ғурурланиб, ирим қилганча, бармоғи билан ёғоч столни сездирмай чертиб қўйди.
- Хўп, майли. Блэк масаласини четга қўя турайлик. Гап шундаки, сеҳргарлар дунёсида уруш бошланди. Тегишли чора-тадбирлар кўриш лозим.
- Уруш? - чўчиб кетди Бош вазир, - Бу, муболаға, албатта, шундайми?
- Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишининг январь ойида Азкабандан оммавий равишда қочиб кетган малайлари ўз соҳибига қайта қўшилиб олишди, - шоша-пиша маълум қилди Фуж, қўлидаги қозон шляпасини ниҳоятда тез айлантириб, - Энди улар очиқдан-очиқ чиқишмоқда, мисли кўрилмаган даҳшат бошланди. Брокдейл кўприги... муҳтарам Бош вазир, бу ўшанинг иши. Агар ён бермайдиган бўлсам, маглларни оммавий равишда қира бошлаши ила дўқ-пўписа қилмоқда.
- О Худо, одамлар ўлимига сиз айбдор экансиз-да! Мен эса кўприк конструкциясининг занг босгани, бир-биридан ажраб кетган ҳарорат чоклари ва яна аллақандай жин билмас нарсалар учун ўзимни ўзим оқлашга мажбур бўлиб юрибман?! - эътироз билдирди Бош вазир.
- Мен айбдорман?! - жавобан эътироз билдирди Фуж, - Айтмоқчисиз-ки, менинг ўрнимда бўлганингизда дўқ-пўписага ён берган бўлар эдингиз, шундайми?
- Эҳтимол ён бермаган бўлар эдим, - деди ўрнидан турганча, хона бўйлаб у ёқ, бу ёқ юра бошлаган Бош вазир, - Бироқ пўписа қилган ўша шахсни ёвузлик содир этишига йўл қўймай, қўлга олиш борасида саъй-ҳаракат қилган бўлар эдим!
- Фикрингиз-ча, қўл қовуштириб ўтирибман-да, мен, а? - қизишиб кетди Фуж, - Уни, малайлари билан биргаликда, вазирликнинг жамики аврорлари қидиришди, ҳозир ҳам қидиришмоқда! Гап, жамики жаҳоннинг сеҳргар элати орасидаги, ўтган замонларда бўлмаган энг қудратли афсунгари, мана ўттиз йилдир-ки, одил жазодан қочиб қутулишга муваффақ бўлаётган сеҳргар тўғрисида бормоқда! Ҳамма бало шунда!
- Мабодо, Ғарбий графликда бўлиб ўтган довулни ҳам, ўша шахснинг қилмиши, демоқчи эмасмисиз? - дарғазаб оҳангда сўради Бош вазир, ҳар дақиқа ўтган сари қизишиб.
Нақадар бемазагарчилик! Мана ниҳоят, барча бахтсизликлар сабаби ойдинлашди. Бироқ буларнинг барини кенг омма эътиборига ҳавола этиб бўлмайди! Давлат ҳукуматининг айбдорлигидан ҳам беш баттар-ку, бу!
- Ҳеч қандай довул бўлмаган, - аста маълум қилди Фуж.
- Шошманг, бир дақиқа! - ўкириб юборди Бош вазир, Фуж томон шахдам қадам-ла, яқин бориб, - Илдизи билан қўпорилган дарахтлар, учириб юборилган бино томлари, мудҳиш жароҳатлар...
- Ўлимдан мириқувчиларнинг қилган иши бу, - деди Фуж, - Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишининг малайлари ўзларига шундай ном берган. Бундан ташқари... гигантларнинг изи ҳам яққол кўзга ташланмоқда.
- Нималарнинг излари? - сўради Бош вазир, худди кўринмас деворга урилгандай, юришдан кескин тўхтаб.
Фужнинг юзи заҳмат чекаётган кишининг юзидай буришиб кетди.
- Илгари у, алоҳида ҳолатларда, одамлар орасида ваҳима кўтариш мақсадида, ўз жиноий қилмишларига гигантларни ҳам шерик қилган. Вазирликнинг Ёлғон хабарлар тарқатиш департаменти аслида нима бўлганини кўрган маглларнинг хотирасини ўзгартириш борасида кун-у, тун тиним билмай меҳнат қилмоқда. Ҳодиса жойига хотира ўчирувчилар йўлланган. Сомерсет графлигига эса Сеҳрли махлуқлар устидан назорат бўлимининг жамики ходимлари ташланган. Бироқ бугунги кунга қадар гигантларни қидириб топишга эришилмади... даҳшат.
- Йўғе! - кесатди Бош вазир, дарғазаб оҳангда.
- Яширмайман, вазирлик ходимлари орасида руҳий тушкунлик қарор топган, - иқрор бўлди Фуж, - Бўлиб ўтган ишларнинг бари... Бунинг устига, Амалия Боунсни йўқотганимиз...
- Кимни?
- Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаментининг раҳбари Амалия Боунсни. Ҳеч ким бас кела олмайдиган, ниҳоятда кучли афсунгар аёл эди, раҳматли. Фикримизча, уни Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишининг шахсан ўзи ўлдирган... Бечора аёл сўнгги кучи қолгунга қадар жанг қилгани яққол билиниб турибди, - деди Фуж, зўриқиб йўталганча, қозон шляпасини тек қўйиб.
- Бу ҳақда газеталаримизда ёзишган эди, - эслади Бош вазир, ғазабини унутиб, - Амалия Боунс... Ҳа, тўғри, ёлғиз яшаган кекса аёл. Қандайдир... жуда мудҳиш қотиллик содир этилган, шундайми? Бизнинг дунёмизда қаттиқ шов-шув кўтарилган, полициянинг боши қотиб қолган эди ўшанда.
- Бу табиий, - оғир хўрсиниб қўйди Фуж, - Уни ичкаридан қулфланган хонада ўлдиришган. Биз-ку, қотил кимлигини жуда яхши биламиз, бироқ воқифлигимиз, қотилни қўлга олишимизга ёрдам бермайди-да... Эммелина Ванс ҳам... У ҳақда сиз эшитмаган бўлишингиз мумкин...
- Нега энди эшитмас эканман! - хитоб қилди Бош вазир, - Қотиллик шу яқин ўртада, кўча муюлишида содир этилди. Газета ходимлари учун ҳақиқий байрам бўлди: «Бош вазирнинг бурни остида қонунийлик ва тартибнинг оёқости қилиниши»...
- Бу ҳам камлик қилгандай, - давом этди Фуж, Бош вазирнинг сўзларига деярли қулоқ тутмай, - Ҳамма жойда дементорлар ғиж-ғиж қайнамоқда! Одамларга ҳар томондан ҳамла қилишмоқда.
Илгариги бахтиёр кезларда Фужнинг ушбу сўзлари Бош вазирга соғлом одам ўзлаштириши ниҳоятда қийин кечадиган, ўта мураккаб хитой хат-саводидай туюлган бўлар эди. Лекин бугунги кунга келиб у, анча нарсани тушуниб етадиган бўлиб қолди.
- Дементорлар Азкабанни қўриқлашади, деб ўйлар эдим, ё ундай эмасми?- аста сўради у.
- Қўриқлашар эди, - толиққан овозда жавоб берди Фуж, - Энди эса йўқ. Улар қамоқхонани тарк этиб, Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши томон ўтиб кетишди. Тўғрисини айтсам, бундай ҳолат биз учун кутилмаган зарба бўлди.
- Ўзингиз айтган эдингиз-ку, ўша махлуқлар одамлар қалбидан қувонч-у, умидни сўриб, озиқланади, деб? - сўради, вужудини даҳшат қамраб олган Бош вазир.
- Худди шундай. Бунинг устига, улар кўпайишмоқда. Атрофни туман қоплаганининг сабаби ҳам, айнан шунда.
Тиззаси бўшашиб кетган Бош вазир креслолардан бирига ўтириб олди. Шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб сузганча, сайловчиларини ғам-ғуссага ботириб, умидсизлик кайфиятини уйғотадиган кўзга кўринмас махлуқлар ҳақидаги ўйдан хушини йўқотиб қўйиш даражасига етди.
- Қулоқ солинг, Фуж... бирон чорасини кўрсангиз-чи, ахир! Сеҳргарлик вазири сифатида сиз бунга мажбурсиз!
- Қадрли дўстим, шунча ишдан сўнг, наҳотки мен ўз ўрнимни сақлаб қолсам? Уч кун муқаддам лавозимдан четлаштирилганман! Дарғазаб сеҳргарлар жамияти икки ҳафта давомида истеъфога чиқишимни талаб қилиб, туриб олди. Ҳокимият тепасида шунча йил турар эканман, улар бирор маротаба бўлсин, бундай якдилликни намоён этишмаган! - хитоб қилди Фуж, кулишга мардонавор уриниб.
Бош вазир маълум вақт тилдан қолиб, аҳмоқона ҳолатга келтириб қўйилганига аччиқланмай, аксинча, рўпарасида ўтирган кишига бироз ачинган бўлди.
- Ҳамдардлигимни қабул қилинг, - деди у, ниҳоят, - Сизга қандай ёрдам беришим мумкин?
- Миннатдорман, Бош вазир жаноблари, аммо энди менга ёрдам бериб бўлмайди. Бугун менга ҳузурингизга келиб, сўнгги янгиликлардан сизни бохабар қилиш ва айни вақтда, янги вазир билан таништириб ўтиш вазифаси топширилди. Аллақачон етиб келиши керак эди, бироқ ўзингиз тушунасиз, ҳозир... шунча ҳодисалар бўлиб ўтаётган фурсатда у жуда банд.
Фуж бошига узун жингалак парик ташлаб олган, пакана бўйли, пат-қаламни қулоғига тиқиб, қашлаётган бадбашаранинг портретига қараб қўйди.
- Ҳа демай келиб қолади, - деди Фужнинг нигоҳини пайқаган портрет, - Дамблдорга хат битяпти, ҳозир тугатади.
- Фойдаси йўқ! - деди Фуж, аламли оҳангда, - Ўтган икки ҳафта давомида кунига иккитадан хат йўлладим. Дамблдор эса бирортасига бўлсин жавоб йўлламади. Агар Дамблдор болани кўндиришга рози бўлганда эди, мен ҳозир бўлса ҳам... майли, балким Скримжнинг омади чопиб қолар.
Фуж юраги эзилган ҳолатда чуқур ўйга чўмди-ю, бироқ кутилмаганда расмий оҳангда тилга кирган портрет хаёл суришига халал берди:
- Маглларнинг Бош вазирига. Шошилинч учрашув уюштириш лозим. Зудлик билан жавоб беришингизни сўрайман. Сеҳргарлик вазири Руфус Скримж.
- Ҳа, ҳа, яхши, - жавоб берди хаёли қочган Бош вазир.
Ўчоқдаги олов яна яшил тус олиб, баланд кўтарилган бўлса ҳам, чўчимади. Олов ўртасида гир айланаётган сеҳргар бир неча сония ўтар-ўтмас, антиқий камин гиламчасига сакраб тушди. Фуж ўрнидан турди. Гиламча устида рост туриб, атрофга аланглаганча, қора кийимидаги кулни қоқаётган янги меҳмондан кўзини узмаган Бош вазир ҳам, маълум фурсат иккиланиб, оёққа турди.
Руфус Скримж қаъри шерга жуда ўхшаб кетиши Бош вазирнинг хаёлига келган биринчи тутуриқсиз фикр бўлди. Скримжнинг қалин малла-жигар ранг сочи-ю, бароқ қошига оқ оралаган. Сим гардишли кўзойнаги ортидан сарғиш кўзи қараб турибди. Сезилар-сезилмас каловланиб қадам босиш ҳаракатида эса равон назокат кўзга ташланмоқда. Бир қарашдаёқ, ушбу киши ўткир ақл соҳиби ва айни вақтда, қаҳри қаттиқ эканлиги билиниб турибди. Сеҳргарлар элати қарор топган бугунги хавфли даврда ҳокимият абзалини Скримжга топширганини Бош вазир тўғри идрок этгандай бўлди.
- Хуш келибсиз, - хушмуомала кўришди Бош вазир, қўл узатиб.
Скримж хонага кўз югуртирганча, бош вазирнинг қўлини қисқа сиқиб қўйди-да, сеҳрли таёқчасини чиқариб, чиқиш эшиги томон одимлади.
- Фуж бор гапни айтиб берди-ми сизга? - сўради у, таёқчаси билан қулф тешигига уриб қўйиб.
- Э-э-м... Ҳа, - жавоб берди қулфнинг шиқиллаганини эшитган Бош вазир, - Агар қарши бўлмасангиз, эшик очиқ туришини афзал кўраман.
- Мен эса гапим бўлинмаслиги, мени мўралаб кузатмасликларини афзал кўраман, - қисқа қилди Скримж, таёқчасини деразалар томон ўқтаб, пардаларни тортор экан, - Жуда яхши. Ишим кўп, шу боис, гапнинг пўскалласига ўтиб қўя қоламан. Авваламбор, сизни муҳофаза қилиш масаласини ҳал этишимиз даркор.
Бош вазир қадини рост тутиб олди.
- Раҳмат, бироқ муҳофаза тадбирларига оид эътирозим...
- Бизда эса бор, - гапни бўлди Скримж, - Бош вазири Қарам қилиш қарғишининг таъсири остида бўлса, маглларнинг шўри қуриб қолиши муқаррар. Сизнинг янги котибингиз...
- Кинсли Кандальерни ҳеч қачон ишдан бўшатмайман, агар сиз шунга шама қилмоқчи бўлсангиз! - қизишиб бақирди Бош вазир, - Унинг ижрочилик савияси ўта юқори бўлиб, бошқаларга нисбатан икки чандон тез ва кўп иш қилади...
- Тўғри, чунки у сеҳргар, олий тоифали аврор, - жиддий қиёфа ила маълум қилди Скримж, - Сизни муҳофаза қилиш учун тайинланган.
- Шошманг! - тўраларча хитоб қилди Бош вазир, - Сиз мен раҳбарлик қилаётган маҳкамага ҳеч кимни тайинлай олмайсиз. Ушбу масалани шахсан ўзим ҳал қиламан...
- Ҳозиргина Кандальердан мамнун бўлиб турган эдингиз, шекилли? - гапни бўлди Скримж.
- Ҳа... тўғрисини айтсам, шундай...
- Демак, муаммо йўқ, шундайми? - сўради Скримж.
- Мен... агар иши шундай беқусур давом этар экан... - пўнғиллади Бош вазир.
- Кейинги масала, - деди, Бош вазирнинг сўзларига эътибор қаратмаган Скримж, - Яъни ёлғон-яшиқ гаплар билан жамоатчиликни бироз ўйнатган кичик вазирингиз Герберт Чортли масаласи.
- Унга нима қилибди? - сўради Бош вазир.
- Ёмон ижро этилган Қарам қилиш қарғишининг таъсирида қолган, - маълум қилди Скримж, - Миясига жиддий жароҳат етган. Сизга нисбатан хавф туғдириши мумкин.
- Бечора томоқ қириб юрар эди холос! - заиф оҳангда эътироз билдирди Бош вазир, - Бироз дам олса... спиртли ичимлик миқдорини қисқартирса... эҳтимол тузалиб...
- Айни вақтда у, Муқаддас Резги касалхонасининг табиблари томонидан тиббий хулосали текширувдан ўтказилмоқда. Улардан уч нафарини бўғишга уриниб ҳам кўрди, - деди Скримж, - Фикримча, уни магллардан яккалатиб қўйган маъқул ҳозирча.
- Мен... бироқ... у тузалиб кетадими? - хавотир-ла сўради Бош вазир.
Камин томон йўл олган Скримж елка қисиб қўйди.
- Айтар гапим шу эди, - деди у, - Ишлар ҳолатидан сизни бохабар қилиб бораман, Бош вазир... агар банд бўлиб, ўзим кела олмасам, ҳузурингизга Фужни йўллайман. У вазирликда консультант сифатида қолишга розилик берди.
Фуж кулиб боқишга уринди-ю, қиёфаси худди тиши оғриётган кишининг юзидай, сохта чиқди. Скримж оловга яшил тус берадиган кукун чиқариш учун қўлини киссасига солган эди ҳам-ки, вужудини умидсизлик қамраб олган Бош вазир иккала сеҳргарга қараб, бутун оқшом давомида айтмасликка уринган сўзларини бақириб юборди:
- Бироқ сизлар... э Худойим... сеҳргарсизлар-ку! Сеҳр-жоду қўллай оласиз! Нимани-ки истасангиз, шуни қилишингиз мумкин-ку!
Скримж аста ортга ўгирилди. Фуж иккаласи бир-бирига ҳайрат-ла, қараб қўйди.
- Гап шундаки, муҳтарам Бош вазир, - бу сафар самимий кулиб юборди Фуж, - Қарши курашаётган томон ҳам, сеҳр-жоду қўллай олади.
Иккала сеҳргар ёрқин ёнаётган яшил оловга бирин-кетин кириб, кўздан ғойиб бўлди.
Admin · Просмотров: 1029 · Оставить комментарий
27 Июл 2015. 10:27:34

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p144.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)