Календарь

Октябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

VI. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ЧАЛА ЗОТ ШАҲЗОДА

ИККИНЧИ БОБ. БОШИ БЕРК ТЎҚУВЧИЛАР КЎЧАСИ

Бош вазирнинг деразасига ёпишиб қолган муздай туман мутлақо бошқа жойда, хусусан, чакалак ўсиб, чиқинди босган икки қирғоқ орасида базўр оқаётган анҳор устида ҳам кўтарилган. Сал нарида шамол тегирмоннинг баҳайбат синчи қорайиб кўринмоқда. Ифлос сувнинг шалдирашига эътибор қаратилмаса, теварак-атрофда бирон-бир овоз эшитилмайди. Ушбу мудҳиш манзарага, одатда, қовурилган балиқли картошка солинадиган эски халтани умид-ла ҳидлаётган, танаси чўп-устухон бўлиб кетган тулкигина бироз жон бағишламоқда.
Қўққисдан қарс эшитилиб, анҳор бўйида, эгнига қайтарма қалпоқли плаш ташлаб олган хушбичим қоматли одам пайдо бўлди. Бундай кутилмаган, ғалати ҳолат тулкини турган жойида қотиб қолишга мажбур қилди. Пайдо бўлган киши хаёлини жамлаб олди шекилли, маълум фурсат тек тургач, енгил қадам ташлаб, узун плаши ила майсани шитирлатганча, қаёққадир қатъий одимлай кетди.
Боз қарс янграб, ҳавода яна бир киши пайдо бўлди.
- Шошмасанг-чи!
Чакалак ичида ерга деярли қапишиб олган тулкини ушбу хириллоқ чақириқ баттар ҳуркитиб юборди. Жонивор ўз паногоҳидан сакраб чиқиб, соҳилдан нари, боши оққан томон қочди. Шу заҳоти яшил тусли яшин чақнади. Жони узилган тулки ерга қулади. Ҳавода пайдо бўлган иккинчи киши яқин келиб, ботинкасининг учи билан ҳайвон танасини онтарди.
- Тулки экан-у, - эшитилди қайтарма қалпоқ остидан аёл кишининг овози, - Аврор, деб ўйлабман... Цисса, шошма!
Бироқ тақиб қилинаётган шахс яшил яшин чақнаган томон қиё боқиб қўйиб, ҳозиргина тулки сакраб чиққан қияликка тирмашганча, йўлини давом этиб, юқорига кўтарилмоқда.
- Цисса! Нарцисса! Қулоқ солсанг-чи!
Иккинчи аёл биринчи аёлга етиб олиб, қўлидан ушлади.
- Ортингга қайт, Белла! - деди биринчи аёл, қўлини тортиб олиб.
- Гапимни эшитсанг-чи, ахир!
- Эшитдим. Бўлди, қарорим қатъий, тек қўй мени!
Нарцисса анҳор билан тор тош йўлни ажратиб, тўсиқ вазифасини ўтаётган эски панжарага қадар кўтарилди. Иккинчи, Белла исмли аёл ҳам, унга етишиб олиб, иккаласи ёнма-ён турганча, путурдан кетган ғишт уйларнинг охири кўринмайдиган қаторига қараб қолишди.
- Шу ерда яшайди-ми, у? - сўради Белла, хира ёришган деразалар томон жирканч-ла имо қилиб, - Маглларнинг ифлос маконида-я? Бу ерга орамиздан биринчи бўлиб қадам босган биз бўлсак...
Нарцисса қулоқ солмай, занг босган панжарадаги рахнадан ўтиб, кўча бўйлаб тез одимлай кетди.
- Цисса, шошма! - эргашди, плаши шамолда ҳилпираган Белла.
Нарцисса уйлар орасидан шиддат-ла ўтиб, ҳеч нарсаси билан фарқ қилмайдиган қўшни кўчага чиқди. Кўча фонусларининг муайян қисми сингани боис, иккала аёл дам ёруғликка чиқиб, дам қоронғиликка кириб боришмоқда. Навбатдаги муюлишга етганда, тақиб қилиб келаётган Белла Нарциссанинг қўлидан маҳкам ушлаб тортганча, ўзига юзлаштириб олди.
- Цисса, фикрингдан қайт, илтимос, унга ишониб бўлмайди...
- Ёвуз Лорд ишонади-ку?
- Ёвуз Лорд... назаримда, янглишяпти, - ҳансиради Белла, қалпоғи остида ярақлаётган кўзлари ила атрофга аланглаб, - Нима қилган тақдирда ҳам, режа ҳақида ҳеч кимга чурқ этмаслик буюрилган. Қилаётган ишинг Ёвуз Лордга нисбатан хоинлик...
- Қўйиб юбор, Белла! - ғазаб-ла, хитоб қилди Нарцисса, плаши остидан сеҳрли таёқчасини чиқарганча, ҳамроҳининг юзига ўқтаб.
- Цисса! Туғишган синглингни-я? - кулиб юборди Белла, - Журъат эта олмайсан...
- Энди журъат этаман! - ўшқирди, жазаваси тутган Нарцисса, сеҳрли таёқчасини ханжар каби силтаб.
Кўзни қамаштирадиган яшин чақнади. Белла худди қўли куйган каби, опасини қўйиб юбориб, нари қочди.
- Нарцисса!
Бироқ опаси ўз йўлини давом этиб, ғиштли уйлар лабиринтига кириб кетди. Қўлини ишқалаган Белла эса Нарциссанинг кетидан, энди масофа сақлаб, эргашди. Таҳдид солаётган баҳайбат бармоқ каби кўринаётган шамол тегирмон уйлар орасида қад кўтариб турибди. Тўқувчилар кўчаси, деб номланган боши берк кўчага кириб қолган Нарцисса тош ётқизилган йўл бўйлаб пошнасини тақиллатганча, деразасига тахта қоқилган ёки ойналари синган бир қатор иморатлар ёнидан ўтиб, энг охирги уйга яқинлашди. Биринчи қават деразаларига тортилган пардалар ортида хира ёнаётган чироқ кўринди.
Нарцисса эшик тақиллатди. Тинмай пўнғиллаётган Белла, опасини тўхтатиб қолишга улгурмади. Тез-тез нафас олаётган иккала аёл остонада, эшик очилишини кутиб, тек қотди. Енгил эсаётган шабадада ифлос анҳорнинг қўланса ҳидини олиб келмоқда. Кўп ўтмай, ичкаридан кимнингдир ҳаракатланаётгани эшитилиб, эшик қия очилди. Ҳосил бўлган тирқишда ўртасидан фарқ очилган узун сочи сарғиш юзининг икки томонига осилиб тушган эркакнинг бир жуфт қоп-қора кўзи кўринди.
Рангпар, гўё қоронғида ёришиб тургандай оқариб кетган Нарцисса бошидаги қалпоғини ортга ташлади. Белига қадар тушган узун оқ-сариқ сочи аёлнинг юзига, сувдан олиб чиқилган киши қиёфасини бермоқда.
- Нарцисса! - хитоб қилди уй соҳиби, эшикни кенг очиб.
Ичкаридан чиққан ёруғлик иккала аёлнинг юзини ёритди.
- Қандай кутилмаган дилкаш янгилик!
- Северус, - зўриқиб пичирлади Нарцисса, - Сен билан гаплашиб олсам бўладими? Бу жуда муҳим ва шошилинч.
- Албатта бўлади, - деди орқага чекинган Северус, Нарциссани ичкарига киритиб.
Таклиф қилинишини кутмаган сингил ҳам, ичкарига кирди.
- Снегг, - деди у, уй соҳибининг ёнидан ўтар экан, қалпоғи ечилмаган бошини ирғиганча кўришган бўлиб.
- Беллатрикс, - жавоб қилди, ингичка лабини қийшайтирган Снегг, эшикни ёпар экан, истеҳзоли кулиб.
Кичкинагина қоронғи меҳмонхона шаҳар касалхонасининг девори қопланган алоҳида хонасини эсга солади. Токчалар қора ва жигар ранг чарм муқовали китобларга тўлиб-тошган. Шамли қандил ҳосил қилган хира ёруғлик тўгарагида тақири чиққан диван, эскириб кетган кресло ва лиқилдоқ столча бир-бирига яқин турибди. Уй қаровсиз, одам турмайдиган ўхшайди.
Снегг Нарциссага диванга ўтиришни имо ила таклиф қилди. Плашини ечиб четга ташлаган аёл титраётган қўлини тиззаси устида қовуштириб, оппоқ бармоқларидан кўз узмай, ўтирди. Опасининг акси бўлган йирик қовоқли, қалин сочи қоп-қора, ияги бақувват Беллатрикс эса бошидаги қайтарма қалпоқни аста орқага ташлаб, нигоҳини уй соҳибидан узмай, Нарциссанинг орқа томонига ўтди.
- Хўш, хизмат? - гап бошлади Снегг, аёллар рўпарасидаги креслога жойлашиб.
- Биз... уйда бошқа ҳеч ким йўқми? - аста сўради Нарцисса.
- Йўқ, албатта, агар Чувалчангдум ҳисобга олинмаса. Ҳайвон одам ҳисобига кирмайди-ку, шундай эмасми?
Снегг сеҳрли таёқчасини чиқариб, орқа томондаги китоб жавонига ўқтади. Шу заҳоти яширин яшик ланг очилиб, тор зинапоя, унинг устида эса бўйи пакана, рангсиз майин сочи тўзғиб кетган, тепакал одамча кўринди.
- Афтидан, уйга меҳмон келганидан хабар топган кўринасан, а, Чувалчангдум?
Зинада туриб, тез-тез, узуқ-юлуқ нафас олаётган, бурни учли, миттигина кўзи серсув, нохуш юзи каззоблик қиёфасини касб этган, чап қўли билан худди кумуш қўлқоп тақилгандек ялтираётган ўнг қўлини тинмай тебратаётган киши букчайганча бир неча поғона пастга тушиб, хонага кирди.
- Нарцисса! - ғичирлади у, - Беллатрикс! Бағоят хурсанд...
- Агар истасангиз, - деди Снегг, - Чувалчангдум бизга ичимлик келтиргач, ўз хонасига кириб кетади.
Чувалчангдум, худди устига нимадир сепиб юборишгандай, юзини буриштириб олди.
- Мен сизга хизматкор эмасман! - чийиллади у, кўзини Снеггдан олиб қочиб.
- Ростданми? Мен эса Ёвуз Лорд сени ҳузуримга ёрдам беришинг учун йўллаган, деб ўйлабман.
- Тўғри, ёрдам бергани... ичимлик узатиш-у, уйингни тозалаб, тартибга келтириш учун эмас.
- Қаҳрамонона фаолият билан шуғулланишни орзу қилаётганингни билмас эканман, Чувалчангдум, - тилёғлама оҳангда жавоб қайтарди Снегг, - Буни уюштириш қийин эмас. Ёвуз Лорд билан гаплашиб кўраман...
- Ўзим ҳам гаплаша оламан, керак бўлса!
- Албатта, - тишининг оқини кўрсатди Снегг, - Унгача эса бизга ичимлик олиб кел. Айтайлик, эльфлар тайёрлаган қўлбола вино келтир.
Пароканда ҳолатга тушиб қолган Чувалчангдум баслашишни ният қилгандай бироз тек турди-ю, шартта бурилиб, иккинчи яширин эшик томон йўл олди. Ичкаридан эшикчаларнинг тарақ-туруқи, шиша идишнинг жиринглагани эшитилиб, бир неча сония ўтгач, учта қадаҳ билан, сиртини чанг қоплаган битта шиша терилган патнисни кўтариб чиқиб, лиқилдоқ столча устига зарда ила қўйди-да, китоб жавонига ўхшаган яширин эшикни қарсиллатиб ёпганча, кўздан ғойиб бўлди.
Снегг қондай қизил винони қадаҳларга қуйиб, опа-сингилга узатди. Нарцисса бош ирғиб миннатдорлик изҳор этган бўлса, Беллатрикс уй соҳибига еб қўйгудай қарашини қўймади. Унинг қиёфаси Снеггни оз бўлса ҳам, хижолатга солаётгани йўқ, аксинча, кулгисини қистаяпти.
- Ёвуз Лорд учун, - эълон қилди қадаҳ кўтарган Снегг, винони охиригача симириб.
Опа-сингил ҳам ўз қадаҳларини бўшатишди. Снегг боз вино таклиф қилди.
- Северус, таклифсиз, бемаврид келганимиз учун маъзур санайсан-у, - тез гап бошлади қадаҳни қабул қилиб олаётган Нарцисса, - Сени кўришим керак эди. Фақат сен ёрдам беришинг мумкин менга...
Снегг аёлни имо ила гапдан тўхтатиб, сеҳрли таёқчасини яширин эшик томон яна ўқтади. Эшик ортида нимадир гумбурлади, чийиллади, сўнг, Чувалчангдумнинг юқорига югургани эшитилди.
- Узр, - деди Снегг, - Билмадим нима мақсадда-ю, лекин Чувалчангдум сўнгги вақтда яширинча қулоқ тутиш одатини чиқариб олган... Нима деб турган эдинг, Нарцисса?
Аёл энтикиб нафас чиқарди-да, гапини давом эттирди:
- Северус, бу ерга келишим мумкин эмаслигини яхши биламан. Ҳеч кимга ҳеч нарса айтмасликни буюришган менга, бироқ...
- Айнан шу боис ҳам, тилингни тийиб ўтир! - ўшқирди Беллатрикс, - Айниқса, бу ерда!
- «Айниқса бу ерда?» - истеҳзоли такрорлади Снегг, - Буни қандай маънода тушуниш керак, Беллатрикс?
- Сизга ишончим йўқлиги маъносида, Снегг, - деди Беллатрикс, - Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз!
Нарцисса қандайдир ғалати, кўз ёшисиз ҳиқиллаб, юзини қўли билан тўсиб олди. Снегг қадаҳни столча устига қўйиб, креслога ўтирди ва қўлини тирсакқўйгич устига ётқизганча, Беллатрикснинг дарғазаб юзига кулиб қаради.
- Нарцисса, ўйлашимча, беҳуда мунозараларга йўл қўймаслик учун дастлаб, нимадир демоқчи бўлгани аён кўриниб турган Беллатрикснинг фикр-мулоҳазасини тинглашга мажбурмиз шекилли. Гапиринг, Беллатрикс, - деди Снегг, - Нима учун сиз менга ишонч билдирмайсиз?
- Юзлаб сабабларга кўра! - ўшқирди диван ортидан чиққан Беллатрикс, қўлидаги қадаҳни столча устига тарақлатиб қўйиб, - Қайси биридан бошлашни билмай, бошим қотди! Ёвуз Лорд қулаганидан кейин қаерда бўлганингизни изоҳлаб беринг? Нима сабабдан ғойиб бўлган соҳибни қидириб топишга уринмадингиз? Дамблдорнинг қўйнига кириб олиб, шунча йил давомида нима ишлар билан машғул бўлдингиз? Нима учун фалсафий тошга эга бўлиш масаласида соҳибга халал бердингиз? Нима учун Ёвуз Лорднинг ҳузурига, у ҳаётга қайтиши ҳамоно етиб келмадингиз? Бир неча ҳафта муқаддам, биз, башорат шари учун кураш олиб борганимизда сиз қаерда эдингиз? Ва нима учун, Снегг, Гарри Поттер беш йил ихтиёрингизда бўла туриб, ҳанузгача тирик, а?
Лунжи қизариб, кўкраги тез кўтарилиб тушаётган аёл нафас ростлаш учун тўхтади. Нарцисса кафтини юзига босиб олганча, ҳамон қилт этмай ўтирибди.
- Саволларингизга жавоб беришдан олдин, - кулиб қўйди Снегг, - Ҳа, ҳа, Беллатрикс, ажабланманг, жавоб бераман саволларингизга! Бировнинг орқасидан пичир-пичир қилишни ўларча ёқтирадиганларга сўзларимни етказишингиз, Ёвуз Лордга хоинлик қилганим ҳақидаги қабиҳ уйдирмаларни ҳам, оқизмай-томизмай, биратула айтиб беришингиз мумкин! Фақат ўз навбатида мен ҳам бир савол билан мурожаат қилмоқчиман. Сиз чиндан ҳам, Ёвуз Лорднинг ақли, ушбу саволларни менга беришга етмаган, деб ўйлайсиз-ми? Айтайлик, жавобларим уни қаноатлантирмади, нима деб ўйлайсиз, сиз билан биз ҳозир шу ерда бамайлихотир гаплашиб ўтирган бўлар эдик-ми?
- Биламан, у сизга ишонади, - саросимага тушиб қолди, Беллатрикс, - Бироқ...
- У қаттиқ янглишяпти, демоқчисиз-ми? Уни мен аллақандай тарзда алдай билдим, шундайми? Элатимиз орасида энг буюк сеҳргар ва тенги йўқ легалиментор саналадиган Ёвуз Лордни ёш болани алдагандай, лаққа туширдим, шундайми?
Беллатрикс индамади. Унинг юзида илк бор хижолат қиёфаси кўринди. Аммо Снегг мавзуни чўзиб ўтирмади. У қадаҳини боз қўлига олиб, вино ҳўплаганча, гапини давом эттирди:
- Ёвуз Лорд қулаганидан кейин қаерда бўлганимни изоҳлаб беришни сўрадингиз. Мени қаерга йўллаган бўлса, ўша ерда, яъни Сеҳргарлик ва афсунгарлик санъати мактаби «Хогварц»да бўлдим. Соҳиб Альбус Дамблдорнинг кетидан жосуслик қилиб юришни буюрган менга. Лавозимимни Ёвуз Лорднинг кўрсатмасига биноан эгаллаганимдан хабарингиз бўлса керак, деб ўйлайман.
Беллатрикс сезилар-сезилмас бош ирғиб, эндигина оғиз жуфтлаган эди ҳам-ки, Снегг гапини давом этди:
- Нима сабабдан ғойиб бўлган соҳибни қидириб топишга уринмаганимни билмоқчисиз. Эйвери, Гнусли, Карроуз, Уолк, Люциус, - Нарцисса томон бош ирғиди Снегг, - Ва бошқалар нима сабабдан қидирмаган бўлса, мен ҳам шу сабаб қидирмадим. Соҳибни ўлди, деб ўйлаганман. Ўз хатомдан оз бўлса ҳам фахрланмайман-у, бироқ бу ҳақиқат... агар соҳиб, ўз ишончини йўқотганларни кечирмаганида, ҳозир унинг тарафдорлари жуда озчиликни ташкил этган бўлар эди.
- Соҳибнинг ўлганига ишонмаган, уни деб кўп йиллар Азкабанда ўтирган мендай садоқатли хизматкори бўлган! - эҳтирос-ла хитоб қилди Беллатрикс.
- Мисли кўрилмаган қаҳрамонлик, - лоқайд оҳангда жавоб қайтарди Снегг, - Қамоқда ўтириб, бирон наф келтирмаган бўлсангиз-да, ҳеч шубҳа йўқ-ки, мақтовга сазовор хатти-ҳаракат...
- Мақтовга сазовор хатти-ҳаракат?! - чийиллаб юборди ақл-ҳушини йўқотиб қўйган Беллатрикс, - Мени дементорлар қийнаётган бир вақтда, сиз Дамблдорнинг қўлга ўргатилган ҳайвонидай «Хогварц»да жон сақлаб ўтириб, қўлингизни совуқ сувга урмай ўтиргансиз!
- Ошириб юбордингиз, - хотиржам эътироз билдирди Снегг, - Дамблдор мени ёвузлик кучидан ҳимоя фани ўқитувчиси лавозимига ўтказмади. Афтидан... жинояткорона фаолиятим янгиланиб, эски қилиғимни бошлаб қолишимдан чўчиган кўринади.
- Ёвуз Лордни деб бир умр орзу қилган лавозимингизни қурбон қилибсиз-да, а? - мазахли оҳангда сўради Беллатрикс, - Модомики, соҳибни ўлдига чиқарган экансиз, шунча йил нима қилдингиз у ерда? Дамблдорнинг кетидан беҳуда жосуслик қилиб юравердингиз-ми?
- Йўқ, - деди Снегг, - Ваҳоланки, ўз иш жойимни ташлаб кетмаганимдан хабар топган Ёвуз Лорд ниҳоятда хурсанд бўлди. Мен унга Дамблдор ҳақидаги ўн олти йиллик маълумотларни тақдим этдим. Бу эса соҳибга Азкабан даҳшатлари ҳақидаги хотираларга нисбатан анча қимматли туҳфа бўлди...
- Лекин сиз ўша ерда қолиб...
- Ҳа, Беллатрикс, қолдим ўша ерда, - жавоб қайтарди Снегг, илк бор жаҳл қилиб, - Азкабанда ўтиришдан кўра яхши ишни афзал кўрдим. Агар ёдингизда бўлса, Ўлимдан мириқувчилар таъқиб қилиниб, бирма-бир қўлга олинди. Дамблдорнинг ҳимояси туфайли қамоқ жазосидан қутулиб қолдим. Воқеалар бир-бирига омадли тўғри келиб қолди. Такрор айтаман, Ёвуз Лорднинг менга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ, сизга нима ёқмаяпти, тушунмаяпман?
Беллатрикнинг эътироз билдирмоқчи бўлганини кўрган Снегг янада баланд овозда давом эттирди:
- Нима учун фалсафий тошга эга бўлиш масаласида соҳибга халал берганим қизиқтирди, шекилли сизни. Буни изоҳлаш осон. Ёвуз Лорд менга ишонч билдириш мумкин ёки мумкин эмаслигини худди сиз каби, билмаган. Дамблдорнинг хонаки кучукчасига айланиб қолганимга шубҳа қилмаган. Соҳиб жуда ночор аҳволда бўлиб, арзимас бир воситачининг танасига жойлашиб олган. Ўзини собиқ тарафдорига фош этишга журъат эта олмаган. Уни Дамблдорга ёки вазирликка сотишимдан қўрққан. Менга ишонч билдирмаганидан жуда афсусдаман. Уч йил олдин ҳаётга қайтган бўлар эди, агар ўшанда менга очилганида. Менинг кўзимга эса тошга эгалик қилмоқчи бўлган аллақандай ландавур кўринган холос. Шу боис, унга тўсқинлик қилиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилдим.
Беллатрикснинг башараси, худди аччиқ дори ичиб олгандай, буришиб кетди.
- Шундай бўлса-да, соҳиб ҳаётга қайтгани ҳамоно, аниқроқ айтилса, қўлингиздаги Ажал белгиси илк бор қизиши билан сафга қайтмадингиз...
- Тўғри, мен икки соатдан кейин, Дамблдорнинг кўрсатмасига биноан қайтдим.
- Дамблдорнинг кўрсатмасига биноан?! - эътироз-ла қичқирди Беллатрикс.
- Ўзингиз ўйлаб кўринг! - деди Снегг, боз қизишиб, - Икки соат, атиги икки соат сабр қилиб, «Хогварц»даги жосуслик фаолиятимни давом эттириш имконини таъминладим! Ўзимни Ёвуз Лорднинг ҳузурига фақат Дамблдорнинг амри ила қайтаётган кўйга солар эканман, ҳозир ҳам, Дамблдор ва Қақнус ордени ҳақидаги маълумотларни етказиб туришим мумкин! Фикр тарозисидан ўтказиб кўринг, Беллатрикс: Ажал белгиси кундан кунга ёрқин тус олиб борган маҳалда, мен, бошқа Ўлимдан мириқувчилар каби, Ёвуз Лорд ҳа демай ҳаётга қайтишини англаб етганман. Нима қилиш, қандай иш тутиш кераклигини ўйлаб кўришга, Каркаров каби, чора топиб қутулиб қолишга вақтим бор эди, шундай эмасми? Гапимга ишонинг, Ёвуз Лорд кеч қолганим учун дастлаб аччиқланган бўлса-да, илгаригидай содиқ қолганимни англаб етгач, нафратини шафқатга алмаштирди, гарчи атрофдагилар ҳозир ҳам мени Дамблдорнинг одами, деб билишса-да. Ҳа, Ёвуз Лорд мен ҳақимда ёмон фикрга борган, бироқ адашганини кейинчалик тушуниб етди.
- Аммо қандай фойдали иш қила билдингиз? - жаҳлдор кулиб қўйди Беллатрикс, - Қандай қимматли маълумотларга эга бўла олдингиз?
- Ўша маълумотларнинг барини Ёвуз Лордга етказганман, - деди Снегг, - Агар лозим топса, сиз билан ўртоқлашади...
- У мен билан ҳамма нарсани ўртоқлашади! - шу заҳоти тутақиб кетди Беллатрикс, - Мени энг садоқатли, энг ишончли...
- Шунақа денг? - сўради Снегг, овозида ишонқирамаслик оҳанги ила, - Ҳалигача-я? Сеҳргарлик вазирлигидаги муваффақиятсизликдан кейин ҳам-а?
- Менинг айбим йўқ бунда! - қизариб кетди Беллатрикс, - Илгари Ёвуз Лорд кўнглида сақлаган сирини ишонар эди менга... Агар Люциус...
- Бас қил... айбни эримнинг гарданига юклашга журъат этма! - паст ва қўрқинчли овозда гапга аралашди Нарцисса, синглисига ўқрайиб.
- Ким ва қай даражада айбдор эканлигини аниқлашдан маъни йўқ энди, - яраштирган оҳангда фикр билдирди Снегг, - Бўлар иш бўлиб ўтди.
- Энг асосийси, сиз иштирок этмаган тарзда! - кесатиб ўшқирди Беллатрикс, - Бошқалар хавф остида қолганида, сиз, одатдагидай, думингизни ушлатмагансиз!
- Менга ўз жойимда қолиш буюрилган, - совуққина жавоб қайтарди Снегг, - Эҳтимол сиз Ёвуз Лордни ноҳақ биларсиз? Қақнус орденига қарши курашда Ўлимдан мириқувчилар томонига ўтиб олганимни Дамблдор сезмаган бўлар эди, деб ўйларсиз? Ҳа, айтгандай, хавф остида қолиш масаласи ҳақида... Мени маъзур сананг-у, билишимча, сиз олти нафар ўспиринга қарши чиққансиз, шекилли?
- Уларга Орден таркибининг тенг ярми қўшилганини яхши биласиз! - деярли қичқириб юборди Беллатрикс, - Ёдимдан кўтарилмасдан сўраб олай: Орден қароргоҳи қаерда жойлашганини ҳалигача аниқлай олмадингиз-ми?
- Мен Сир сақловчи эмасман ва шу боис, қароргоҳ манзилини айта олмайман. Қайси тилсим ҳақида гапираётганим ва у қандай ишлашини билсангиз керак? Орден ҳақида берган маълумотларим Ёвуз Лордни тўла-тўкис қаноатлантирган ва айнан шу маълумотлар туфайлигина, агар фаҳмлаган бўлсангиз, албатта, Эммелина Ванс қўлга олиниб, йўқ қилинган. Анави Блэкдан қутулишга ҳам эришилган. Тан олиш керакки, бу масалада шахсан сизнинг хизматингиз улкандир.
Снегг бошини ён томон оғиб, Беллатрикс шарафига қадаҳ кўтарган бўлди. Бироқ аёл ҳовуридан тушмади.
- Сўнгги, Гарри Поттер тўғрисидаги саволимга жавоб бермадингиз, Снегг. Уни ўтган беш йилнинг ҳар қандай фурсатида асфаласофилинга йўллашингиз мумкин эди, аммо бу ишга қўл урмагансиз. Сабаб?
- Бу масалани Ёвуз Лорд билан муҳокама қилиб кўрдингиз-ми? - қизиқди Снегг.
- У... сўнгги вақтда биз... мен сиздан сўраяпман, Снегг!
- Агар Гарри Поттерни ўлдириб юборганимда Ёвуз Лорд унинг қонига эга бўлмаган, ҳаётга қайтмаган ва ҳозиргидай, енгилмас бўлиб олмаган бўлар эди...
- Айтмоқчисиз-ки, соҳиб боладан фойдаланишини олдиндан кўра билгансиз? - истеҳзоли кулиб юборди Беллатрикс.
- Йўқ, зиғирдай бўлсин, тасаввур қилмаганман. Ёвуз Лорд ўлган, деган хаёлга борганимни айтиб ўтдим, шекилли, эсингизда бўлса. Нима учун Поттернинг ҳамон тирик юргани Ёвуз Лордни қайғуга солмаганининг сабабини тушунтириб ўтишга уринмоқдаман холос...
- Хўш, нима учун ҳамон тирик, у?
- Сўзларимга қулоқ солиб, англаб етяпсиз-ми ўзи? Дамблдорнинг ҳимояси туфайлигина Азкабанга қамалмай қолдим! Энг ёқимли ўқувчисининг ўлими директорни мендан юз ўгиришига сабаб бўлиши хаёлингизга келмаяпти-ми? Бироқ Поттерни ўлдирмасликнинг бошқа, янада жиддийроқ сабаби бор-ки, ижозатингиз билан эслатиб ўтаман. Поттер «Хогварц» остонасини хатлаб ўтган куни олам турли миш-миш гапга тўлиб бўлган эди: гўё у буюк ёвуз сеҳргар бўлгани учунгина Ёвуз Лорд қўллаган қарғиш таъсиридан омон қолган. Ўша даврда, кўплаб сафдошларимиз орасида, Поттер, вақти келиб бизни ўз атрофида бирлаштирадиган сиймога айланади, деган ғоя илгари сурилган. Тан олишим керакки, бу ғоя менга ҳам қизиқ кўринган. Шу боис, қасрга эндигина кириб келган болани бир ёқли қилишга ошиқмадим. Бироқ кўп ўтмай, у ҳеч қандай фавқулодда қобилиятга эга эмаслигини тушуниб етдим. Ҳар қандай мушкул вазиятдан фақат иши бароридан келгани ва ёнидаги истеъдодли дўстларининг ёрдами билангина чиқишга муваффақ бўлиб келди. Поттер отаси каби димоғдор, манман бўлишига қарамай, аслида ғирт аҳмоқ, истеъдодсиз шахс. Уни «Хогварц»да таҳсил кўришга номуносиб топиб, мактабдан қувиб солишлари борасида кўп уриндим, аммо уни ўлдириш ёки кўз ўнгимда ўлишига йўл қўйиш? Дамблдорнинг ҳузурида-я?! Агар бундай таваккалчиликка қўл урганимда, ўзимга ўзим душманлик қилган бўлар эдим.
- Демак, Дамблдор сиздан ҳеч қачон шубҳа қилмаганига бовар қилишимиз керак, шундайми? - сўради Беллатрикс, - Асл маслагингизни ҳали у идрок этмаган ва сизга батамом ишонади?
- Мен ролимни яхши ўйнайман, - жавоб берди Снегг, - Дамблдорнинг заиф томонини англаб етдингиз-ми? У одамлар ҳақида доимо яхши фикрда бўлишни афзал кўради. Мен, кечаги Ўлимдан мириқувчи бўла туриб, мактабга иш сўраб келганимда, қилмишимдан афсусланиб, тавба қилаётганимни ўхшатиб изҳор этганимнинг ўзи Дамблдор қулоч очиб, мени қарши олиши учун кифоя бўлди, гарчи, ёвуз сеҳр-жоду билан шуғулланишга, муқаддам айтганимдек, ижозат бермаган бўлса-да. Дамблдор давримизнинг буюк сеҳргарларидан бири бўлган... ҳа-ҳа, - деди у, вишиллаган Беллатриксга қараб, - Ёвуз Лорднинг ўзи буни тан олади. Аммо, маълум қилишдан мамнунман-ки, Дамблдорнинг қудрати аста барҳам топмоқда. Ёвуз Лорд билан ўтган дуэль уни синдирди, оғир жароҳатланиб, энди илгаригидай абжир бўлмай қолди. Лекин нима қилганда ҳам, ўтган йиллар давомида Снегг Северусга ишониб келган. Бу эса ўз навбатида, Ёвуз Лорднинг таъбири билан айтганда, мен, катта қимматга эга шахс эканлигимни англатади.
Беллатрикс ишонқирамай қарашни қўймаган бўлса-да, Снеггни яна нима билан илиб олишни билмай қолгани аён кўриниб қолди.
- Аммо сен... назаримда ёрдам сўраб келдинг, шекилли? - Нарциссага мурожаат қилди, фурсатдан фойдаланган Снегг.
- Ҳа. Северус, сен... - қайғули юзини кўтарди Нарцисса, - Бошқа ҳеч ким йўқ, Люциус қамоқда... Фақат сен ёрдам бера олишинг мумкин менга...
Аёлнинг чирт юмиб олган киприклари орасидан иккита йирик кўз ёш томчиси сизиб чиқди.
- Ёвуз Лорд менга бу ҳақда гапиришни ман этган, - давом этди у, кўзини очмай, - Режасидан биров хабар топишини истамайди. Бу... қаттиқ сир тутилмоқда, лекин...
- Модомики, ман этган экан, айтма, - гапни бўлди Снегг, - Ёвуз Лорднинг амри – қонундир.
Нарцисса, худди биров устига муздай сув қуйиб юборгандай, қисқа оҳ уриб юборди. Беллатрикснинг юзи, уйга келганидан буён илк бор мамнун қиёфа касб этди.
- Кўрдинг-ми? - музаффарият оҳангида қичқирди у, опасига мурожаат этиб, - Ҳатто Снегг ҳам, шундай деяпти: мумкин эмас экан, демак тилингни тий!
Снегг ўрнидан туриб, дераза ёнига борди. Пардани бироз суриб, кўчага қаради-да, шу заҳоти ёпиб қўйди.
- Режадан хабарим бор, - паст овозда маълум қилди у, Нарцисса томон жиддий қиёфа ила юзланиб, - Ёвуз Лорд ўз нияти билан ўртоқлашган озчилик одамларнинг бири мен бўламан. Шунга қарамай, Нарцисса, агар мулоҳаза юритилаётган махфий маълумотдан бохабар бўлмаганимда, ҳозир сен даҳшатли хоинликка йўл қўйган бўлар эдинг.
- Ўзим ҳам, шундай, деб ўйлаган эдим. Бор гапдан хабардор бўлсанг керак, деб, - енгил тортди Нарцисса, - У сенга шу қадар ишонадики, Северус...
- Режани биласиз? - сўради Беллатрикс, қувончи бир зумда эътирозга айланиб, - Сиз-а?
- Албатта, - тасдиқлади Снегг, - Бироқ қандай ёрдам тўғрисида гап боряпти, Нарцисса? Агар Ёвуз Лордни ниятидан қайтаришни сўрамоқчи бўлсанг, фойдаси йўқлигини ўзинг ҳам яхши биласан.
- Северус, - пичирлади юзидан кўз ёши шашқатор оқаётган Нарцисса, - Ахир у менинг ўғлим... якка-ю, ёлғиз болам-ку...
- Драко ғурурланиши керак, - деди Беллатрикс лоқайд оҳангда, - Ёвуз Лорд унга катта ишонч билдирди. Фикримни билмоқчи бўлсангиз: Драко ўз бурчини адо этишдан қутулиб қолишга ҳеч ҳам уринаётгани йўқ, аксинча, ўзини нимага қодир эканлигини намоён этиш имконидан хурсанд бўлиб юрибди, бундан ўзини бахтиёр ҳис этмоқда...
Ўтинч тўла нигоҳини Снеггдан узмаган Нарцисса ҳўнграб юборди.
- У эндигина ўн олти ёшга тўлди, олдинда нималар кутаётганини ҳали тасаввур қила олмайди! Нима айбимиз учун, Северус? Нега энди айнан бизнинг ўғлимиз? Тадбир ниҳоятда хавфли! Ишончим комилки, Люциуснинг хатоси учун шу тариқа қасос олмоқчи!
Снегг индамади. У ҳўнграётган Нарциссадан, худди уят нарсага орқа ўгиргандай, тескари ўгирилиб олди-ю, ўзини аёлнинг зорланишини эшитмаётган кўйга сола олмади.
- Шунинг учун у Дракони танлади-ми, а? - фиғонини давом этди Нарцисса, - Люциусни шу тариқа жазолаш учунми?
- Агар Драко топшириқ ижросини уддаласа, - деди Снегг, ҳамон четга қараб, - Ҳаммадан ҳам олий мукофотга сазовор бўлади.
- Лекин у уддалай олмайди! - бақириб юборди Нарцисса, - Қандай қилиб, агар Ёвуз Лорднинг ўзи...
Беллатрикс оҳ уриб юборди. Опаси ҳад чегарасидан чиқиб кетмоқда.
- Айтмоқчи эдим-ки... ҳали ҳеч ким... Северус... илтимос... сен доимо Драконинг энг яхши кўрган ўқитувчиси... Люциуснинг қадрдон дўсти бўлиб келгансан... ўтинаман сендан... Ёвуз Лорд сени ҳаммадан ҳам ортиқ қадрлайди, сенга катта ишонч билдиради... балким ҳузурига бориб, гаплашиб кўрарсан, а?...
- Мен ҳали у қадар миямни еб қўйганим йўқ, - ифодасиз оҳангда жавоб қайтарди Снегг, - Ёвуз Лордни фикридан қайтариб бўлмайди. Ва у, бекитмайман, чиндан ҳам Люциусдан жуда аччиқланган. Эрингнинг зиммасига жуда катта масъулият юкланган эди. У эса башоратни қўлга киритиш ўрнига бошқаларга қўшилиб қўлга тушиб ўтирибди. Ҳа, Нарцисса, Ёвуз Лорд ундан аччиқланган, жуда аччиқланган.
- Демак мен ҳақ эканман, у Дракони хун олиш мақсадида танлаган! - деди Нарцисса, нафаси бўғилиб, - Драконинг топшириқни ижро этишини эмас балки ижро этишга уринаётиб ҳалок бўлишини истайди!...
Снеггнинг индамай тургани Нарциссанинг сабр косасини тўлдирди. У шартта ўрнидан турди-да, Снегг томон одимлаб, коржомасининг кўкрак соҳасидан чангаллаб олди. Яқин масофада турар экан, кўз ёши Снеггнинг кўкрагига тўкилди.
- Ўша ишни сен қилишинг мумкин! - бўғиқ овозда пичирлади аёл, - Драконинг ўрнига, Северус! Сен уддалайсан, бунга шубҳа йўқ. Ва у сени муносиб тақдирлайди, осмон-у фалакка кўтариб юборади...
Снегг Нарциссанинг билагидан ушлаб, қўлини нари олди.
- Фикримча, охир-пировардида, у, айнан мендан умид қилади, - деди Снегг, аёлнинг кўз ёшдан нам бўлган юзига қараб, - Лекин дастлаб Дракони синаб кўрмоқчи. Тушуняпсан-ми, агар мисли кўрилмаган ҳолат юз бериб, Драко топшириқ ижросини уддалай олса, мен яна муайян вақт «Хогварц»да жосус сифатида қолишим мумкин бўлади.
- Бошқача айтганда, Драко ҳалок бўладими, йўқми, унга мутлақо фарқи йўқ.
- Ёвуз Лорднинг роса жаҳли чиққан, - аста такрорлади Снегг, - У башоратни тинглашга эриша олмади. Унинг узрига сазовор бўлиш эса осон иш эмаслигини жуда яхши биласан, Нарцисса.
Нарцисса инграб зорланиб, ўзини Снеггнинг оёғига ташлади.
- Биттагина болам... Ёлғизгина ўғлим...
- Фахрланишинг керак! - аралашди бешафқат Беллатрикс, - Агар менинг ўғилларим бўлганда эди, Ёвуз Лорд хизматида бўлишганидан фахрланиб юрган бўлар эдим!
Сочини маҳкам чангаллаб олган Нарцисса паст овозда ўкириб юборди. Энгашган Снегг, аёлнинг қўлидан тутганча, оёққа турғизиб, диван томон етаклади. Қадаҳга вино қуйиб, аёлнинг қўлига мажбур тутқазди.
- Бас қил, Нарцисса, мана буни ичгин-да, гапимга қулоқ сол.
Аёл бироз тинчланган бўлиб, титроқ қўли билан қадаҳни лабига яқинлаштирганча, оз қисмини кўкрагига тўкиб юборди.
- Менимча, Дракога ёрдам бера олсам керак.
Аёл қаддини ростлаб, умидсизликка тўлган йирик кўзи, қоғоздай оқариб кетган юзини юқорига қаратди.
- Северус... о, Северус... сен унга ёрдам бера оласанми? Кўз-қулоқ бўлиб, кузатиб юрасанми? Унга зиён етишига йўл қўймайсан-ми?
- Уриниб кўраман.
Аёл кескин қўйган қадаҳ столча устидан сирпаниб тушди.
- Уни ҳимоя қилиш учун ёнида бўласанми?
Нарцисса Снегг қаршида тиз чўкиб, қўлини иккала қўли билан маҳкам ушлаганча, лабига босди.
- Рост айтяпсан-ми, Северус? Бузилмас онт ичишга розилик берасанми?
- Бузилмас онт ичишга? - сўради, оҳанги-ю, юз қиёфасидан бирон маъно уқиб олишнинг иложи бўлмаган Снегг.
- Сен уни эшитмаган кўринасан, Нарцисса? - тантанавор хандон отиб юборди Беллатрикс, - Уриниб кўради у, албатта... Кўрмаяпсан-ми, аравани қуруқ олиб қочаётганини... Ҳеч нарсага аралашмасликка оид одатий истак... Ёвуз Лорднинг амрига биноан, албатта!
Қоп-қора кўзини Нарциссанинг кўз ёшига лиқ тўлган мовий кўзидан узмаган Снегг Беллатрикс томон қиё ҳам боқмади. Аёл эса Снеггнинг қўлини маҳкам ушлаганча, қўйиб юборгани йўқ.
- Албатта ичаман Бузилмас онтни, Нарцисса, - аста жавоб қайтарди Снегг, - Умид қиламан-ки, синглинг Гувоҳимиз бўлишга рози бўлади.
Беллатрикснинг оғзи ланг очилиб қолди.
Снегг Нарциссанинг қаршисига тиз чўкиб ўтирди. Иккаласи Беллатрикснинг чаноғидан чиқиб кетишига бир бахя етмай турган кўз ўнгида ўнг қўлларини қовуштириб олишди.
- Сизга сеҳрли таёқча керак бўлади, Беллатрикс, - совуқ оҳангда эслатиб қўйди Снегг.
Ҳалигача ҳушини йиғиб олмаган Беллатрикс қўлига сеҳрли таёқчасини олди.
- Бизга яқинроқ келишингиз даркор, - деди Снегг.
Беллатрикс бир неча қадам яқинроқ келди-да, сеҳрли таёқчасининг учини қовушган қўлларга тақади.
Нарцисса тилга кириб, гап бошлади:
- Северус, Ёвуз Лорднинг топшириғини бажараётган ўғлим Дракони эътиборсиз қолдирмасликка онт ичасанми?
- Онт ичаман, - жавоб қайтарди Снегг.
Сеҳрли таёқча учидан олмос тусли ёрқин оловнинг ингичка тили отилиб чиқиб, иккаласининг қўлига худди қизиган сим каби, чирмашиб олди.
- Сўнгги имконинггача уни ҳимоя қилишга онт ичасанми?
- Онт ичаман, - жавоб қайтарди Снегг.
Сеҳрли таёқча учидан оловнинг яна бир тили отилиб чиқиб, биринчисига қўшилганча, занжир ҳосил қилди.
- Агар зарурат туғилса... агар Драко топшириқ ижросини уддалай олмаслиги аён бўлиб қолса... - пичирлади Нарцисса, - Ёвуз Лорд томонидан ўғлим зиммасига юкланган топшириқ ижросини охирига етказишга онт ичасанми?
Снегг қўлини бироз силтади-ю, ажратиб олмади. Орага сукунат чўкди. Кўзи тангадай очилган, таёқчасини иккаласининг кафтидан олмаган Беллатрикс бўлаётган ҳодисани ҳайрат-ла кузатиб турибди.
- Онт ичаман, - жавоб қайтарди Снегг.
Беллатрикснинг донг қолган башараси қизил тус касб этиб, хира ёришиб кўринди: унинг сеҳрли таёқчаси оловнинг учинчи тилини чиқарди. Ушбу тил ҳам, дастлабки иккита тилга қўшилиб, Нарцисса билан Снеггнинг қовушиб турган қўлларини бир-бирига, худди арқондай, худди олов илондай, маҳкам боғлаб юборди.
Admin · Просмотров: 901 · Оставить комментарий
27 Июл 2015. 10:41:05

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p145.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)