Календарь

Июль 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031   

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 2

rss Синдикация

VI. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ЧАЛА ЗОТ ШАҲЗОДА

УЧИНЧИ БОБ. ВАСИЯТ ВА МЕРОС

Гарри Поттер ўз хонасида, кўзойнаги ён томон оғиб, оғзи очиқ ҳолатда қаттиқ хуррак отмоқда. У, дераза ёнидаги креслода оқшом қоронғисининг қалинлашиб боришини кузатиб, деярли тўрт соат ўтирди ва ниҳоят, лунжи билан муздай ромга суянганча, ухлаб қолди. Оғзидан чиқаётган нафаси дераза ойнасида кўча фонусининг нуридан малла ранг товланаётган доғ ҳосил қилган. Рангсиз ёруғлик Гаррининг қоп-қора қалин сочи остидаги юзини ўнгитиб, заъфарон тус берган.
Хона полида бойқуш пати, олма қолдиқлари, қанд жилдлари сочилиб, атрофда буюмлар-у, аллақандай чиқинди қалашиб ётибди. Каравотда кийимлар билан афсун китобларининг аралаш уюми ҳосил бўлган. Ёзув столи устидаги шам ёруғида эса газета тўпи кўринмоқда. Улардан бирининг саҳифасида битилган сарлавҳа аниқ ажраб турибди:

ГАРРИ ПОТТЕР ЧИНДАН ҲАМ МУМТОЗ БОЛАМИ?
Сеҳргарлик вазирлигида бўлиб ўтган ўта сирли ва ниҳоятда нохуш ҳодиса ҳақидаги миш-миш гаплар ҳали-бери босилмайдиган кўринади. Маълумки, ушбу ҳодиса Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишининг дафъатан пайдо бўлгани билан боғлиқ бўлиб, кундан кунга ўз тасдиғини топмоқда.
- Бу масалани муҳокама қилиш бизга қатъиян ман этилган. Шундай экан, саволингизга жавоб бера олмайман, - деди, исми номаълум қолишини истаган, кеча оқшом сеҳргарлик вазирлигидан ниҳоятда ҳаяжонланган ҳолатда қайтаётган хотира ўчирувчилардан бири.
Ваҳоланки, ҳукуматнинг юқори лавозимларидан бирини эгаллаган танишимиз, мулоҳаза юритилаётган ҳодиса ҳайратомуз Башоратлар зали билан бевосита боғлиқ эканлигини тасдиқламоқда.
Вазирликнинг матбуот хизмати бундай залнинг мавжудлигини рад этаётганига қарамай, авом халқ орасида, бугунги кунда Азкабан қамоғида ётган Ўлимдан мириқувчилар тўдаси аллақандай башоратни ўғирлаб чиқиш мақсадида вазирлик биносига сингиб кирганига оид комил ишонч руҳидаги кайфият кенг тарқалмоқда. Ўша башорат мазмуни ҳозирча номаълум, лекин у, миш-миш гапларга қараганда Ўлдириш қарғиши таъсиридан омон қолган ягона инсон – Гарри Поттерга тааллуқли эмиш. Афтидан, Поттернинг ўзи ҳам, юқорида зикр этилган ҳодиса иштирокчисига айланиб қолганга ўхшайди. Айримлар, ушбу ўспиринни «мумтоз», деб атамоқда. Негаки, уларнинг айтишича, айнан Поттер башариятни Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Кишидан халос этиши лозим экан.
Башорат ҳозир қаердалиги, агар у чиндан ҳам мавжуд бўлса, номаълумлигича қолмоқда, гарчи (мақоланинг давомини 2- саҳифанинг 5- устунида ўқинг).


Ушбу газета ёнида бошқаси ётибди. Унинг биринчи саҳифасини пахмоқ сочи қалин ўсган, юзи бирон-бир қиёфа касб этмаган кишининг оқ-қора рангли фотосурати деярли бутунлай эгаллаб олган. Фотосурат остидаги сарлавҳа ва қуйидаги мақола парчаси аниқ кўриниб турибди:

ФУЖ ЎЗ ЛАВОЗИМИНИ СКРИМЖГА БЎШАТИБ БЕРМОҚДА
Яқин кунларгача Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти Аврорлар идорасининг бошлиғи Руфус Скримж Корнелиус Фуж бўшатган сеҳргарлик вазири лавозимини эгаллади. Сеҳргарлар жамияти, лавозимга тайинланганига эндигина икки соат бўлган Скримж билан Оқил Суднинг Олий Қозилигига қайтадан сайланган Альбус Дамблдор ўртасида ихтилоф юзага келганига қарамай, ушбу янгиликни зўр ғайрат-ла, қарши олди.
Скримж ҳузуридаги матбуот котибияти иккала мансабдор шахснинг учрашуви бўлиб ўтганини тасдиқлади, аммо, ушбу учрашув давомида қандай масалалар муҳокама этилганини изоҳлаб ўтишдан бош тортди. Маълумки, Альбус Дамблдор (мақоланинг давомини 3- саҳифанинг 2- устунида ўқинг)


Чап томонда яна битта газета ётибди. Унинг саҳифасида қуйидаги мақола чоп этилган:

ВАЗИРЛИК ЎҚУВЧИЛАРНИНГ МУТЛАҚ ХАВФСИЗЛИГИНИ КАФОЛАТЛАЙДИ
Лавозимига эндигина тайинланган сеҳргарлик вазири Руфус Скримж янги ўқув йилидан эътиборан «Хогварц» ўқувчиларининг хавфсизлиги таъминланишига омил бўладиган қатъий чора-тадбирлар ҳақида хабар берди.
- Вазирлик томонидан соҳага оид хатти-ҳаракатларнинг қатъий режаси ишлаб чиқилган бўлиб, тушунарли сабабларга кўра, тафсилотлар билан ўртоқлаша олмаймиз, - баёнот қилди Скримж.
Айни вақтда, вазирликда фаолият юритадиган ишончли одамларимиздан бири таҳририят тахминини тасдиқлаб, мулоҳаза юритилаётган чора-тадбирлар ўз ичига ҳимоя қарғишлари, тилсимлар, қарғишга қарши қарғишларнинг ниҳоятда мураккаб комплекси қўлланишини, шунингдек, фақат «Хогварц» муҳофазаси билангина машғул бўладиган тезкор аврорлар отряди тузилиш кўзланганини мужассам этишини маълум қилди.
Мактаб ўқувчиларининг хавфсизлигига доир вазирлик томонидан эгалланган қатъий позиция жамоатчиликни қаноатлантирмоқда, албатта. Миссис Августа Лонгботтомнинг бу борада билдирган фикр-мулоҳазаларидан иқтибос келтирсак, ўринли бўлади: «Гарри Поттернинг қадрдон дўсти саналадиган, июнь ойида у билан ёнма-ён туриб, Ўлимдан мириқувчиларга қарши жанг қилган набирам Невилль...»


Мақоланинг қолган қисми чиройлигина бойқуш ўтирган қуш қафаси остида қолиб кетган. Оппоқ бойқуш ўзининг каҳрабо тусли кўзи билан хонага виқор-ла назар ташлаб, бошини дамба-дам қаттиқ хуррак отаётган соҳиби томон бурганча, тумшуғини домангир қарсиллатиб қўймоқда. Бироқ тарашадек қотиб ухлаётган Гарри ҳеч нима эшитаётгани йўқ.
Хона ўртасида қопқоғи очиқ, агар ичида пала-партиш ётган эски ички кийим, бир жуфт қанд, сиёҳдан бўшаган бир нечта шишача билан синган пат-қаламларни ҳисобга олмаганда, деярли бўш сандиқ турибди. Унинг ёнида эса матни ҳуснихат-ла битилган бинафша ранг эслатма ётибди.

Сеҳргарлик вазирлигининг буюртмасига биноан

ЎЗ ХОНАДОНИНГИЗ ВА ҚАВМ-ҚАРИНДОШЛАРИНГИЗНИ ЁВУЗ КУЧЛАР СЕҲРИ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯ ҚИЛИНГ

Бугунги кунда «Ўлимдан мириқувчилар» деб ном олган ташкилот сеҳргарлар жамиятига таҳдид солмоқда.
Қуйида ўзингиз, оилангиз ва истиқоматгоҳингизни ҳимоя қилишга ёрдам берадиган оддий қоидалар санаб ўтилган.
1. Уйингизни қаровсиз қолдирманг.
2. Сутканинг қоронғи маҳалида ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Барча ишларингизни имкон қадар қуёш ботгунга қадар ниҳоясига етказинг.
3. Уйингиз қанчалик ишончли муҳофаза қилинганини текшириб кўринг. Оилангизнинг барча аъзолари ҳимояланишнинг шошилинч чоралари, хусусан, сапчитиш ва донг қотириш қарғишлари, балоғатга етмаган оила аъзолари эса бундан ташқари, кўзга кўринмай қолиш тилсимининг ижросини ўзлаштириб олишганига ишонч ҳосил қилинг.
4. Ҳамма қиёфа сиркасини ичиб, бошқа шахс қиёфасига кириб олган Ўлимдан мириқувчини фош этиш усулларини пухта ўйлаб, яқинларингиз билан мувофиқлаштириб олинг (2- саҳифага қаранг).
5. Агар оила аъзоларингиз, ҳамкасбларингиз, танишларингиз ёки қўшниларингиздан бирор-бири ўзини ғалати тутаётган бўлса, дарҳол Сеҳрли ҳуқуқни муҳофаза қилиш департаменти билан боғланинг. Негаки, бундай шахс Қарам қилиш қарғиши таъсирида бўлиши мумкин (4- саҳифага қаранг).
6. Башарти турар жой биноси ёки бошқа турдаги бино устида пайдо бўлган Ажал белгисини кўриб қолсангиз, асло ушбу бинога кирманг ва зудлик билан аврорлар идораси билан боғланинг.
7. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Ўлимдан мириқувчилар инфернийлардан фойдалана бошлаган (10- саҳифага қаранг).

Инфернийлар пайдо бўлган ва улар билан тўқнаш келинган барча ҳолатлар ҳақида кечиктирмай, вазирликка хабар беринг.


Тушида гапира бошлаган Гаррининг лунжи ойнадан пастга сирпаниб, кўзойнаги баттар оғиб кетган бўлса ҳам, уйғонмади. Токчадаги, бир неча йил муқаддам Гаррининг ўзи тузатган уйғотадиган соатнинг мили бир дақиқа кам йигирма учни кўрсатганча, қаттиқ чиқилламоқда. Унинг ёнида ингичка, қинғир-қийшиқ дастхат-ла ёзиб тўлдирилган, Гарри бўшашиб қолган қўли билан босиб олган пергамент бўлаги ётибди. Мактуб келганига уч кун бўлибди, бироқ у шу қадар кўп маротаба ўқилибди-ки, қоғознинг қалин ўрами тўла-тўкис текисланиб қолибди.

Қадрдоним Гарри,
Агар келаси жума куни кечки соат ўн бирда Одамовилар хиёбони, 4- уйга ташриф буюрсам, умид қиламан-ки, сени ноқулай аҳволга солиб қўймайман. Сен ёзги таътилнинг охиригача Бошпанага таклиф қилингансан. Шу боис, сени у ерга шахсан элтиб қўймоқчиман.
Йўл-йўлакай бир ишни битириш масаласида ёрдамлашиб юборсанг, бағоят миннатдор бўлар эдим, агар розилик берсанг, албатта. У қанақанги иш эканлиги ва барча тафсилотларини учрашганимизда айтиб бераман.
Жавоб хатингни мазкур мактубни етказган бойқуш орқали йўллаганинг маъқул.
Жума куни учрашгунча.
Эҳтиром ила, Альбус Дамблдор


Гарри хатни аллақачон ёд олиб бўлган, лекин шунга қарамай, оқшом соат еттида, хона деразаси ёнидаги, Одамовилар хиёбони бутунича, худди кафтдай яққол кўринаётган постни эгаллаши ҳамоно, гарчи ўз ҳаракатларининг маънисиз эканлигини идрок этаётган бўлса-да, хатдан деярли кўз узмай ўтирди. Илтимос қилингандай, Гарри, ушбу хатни олиб келган бойқушдан «розиман» жавобини йўллади. Энди Дамблдорнинг пайдо бўлиш-бўлмаслигини кутиш қолди холос.
Лекин Гарри нарсаларини йиғиштирмади. Дурсллар хонадонида атиги икки ҳафта бўлиб, тарк этиб кетиш? Бундай ҳолат ақлга тўғри келмайдиган бахтга ўхшаб, Гаррини ҳар хил шубҳалар қийнади. Иш ўнгидан келмаслиги аниқ, хаёлдан ўтказди у, ё жавоб хатим етиб бормайди, ё Дамблдор кела олмайди ёки буларнинг бари аҳмоқона ҳазил бўлиб чиқади. Сандиққа жойланган нарсаларини яна чиқаришга асаби бардош бера олмаслигини Гарри билади ва шу боис, Хедвигни қафасга қамаб қўйиш билангина чекланди.
Соатнинг дақиқа кўрсатадиган мили ўн икки рақамига ўтди ва шу заҳоти дераза ортидаги кўча фонуслари баралла ўчиб қолди.
Худди кутилмаганда қарор топган қоронғилик хавф аломати бўлгани каби, Гарри дарҳол уйғонди. Дераза ойнасига ёпишиб қолган лунжини кўчириб олиб, кўзойнагини тўғрилади-да, бурнини ойнага тақади. Қисиб олган кўзи билан пастга, кўчага қарар экан, боғ йўлагида пайдо бўлган новча бўйли, эгнига узун, шамолда ҳилпираётган кишини кўрди.
Гаррини худди ток ургандай бўлди. У креслони онтариб юборганча ўрнидан туриб, полда сочилиб ётган нарсаларини тера кетди. Сандиқ ичига коржома, иккита афсун китоби, бир пакет чипс учиб тушган эди ҳам-ки, эшик қўнғироғи янгради.
- Қайси эшак келган бўлиши мумкин, ярим кечада? - эшитилди Вернон амакининг овози, биринчи қаватдаги меҳмонхонадан.
Бир қўлида мис телескоп, иккинчисида кроссовка ушлаган Гарри турган жойида қотиб қолди. Даҳшат, Дамблдорнинг ташрифи ҳақида қариндошларига айтмабди-ку! Асабий кулгисини базўр тийиб олган Гарри сандиқ устидан ҳатлаб ўтиб, хона эшигини очиши билан, пастдаги овозларни эшитди:
- Хайрли тун. Сиз мистер Дурсль бўлсангиз керак. Умид қиламан-ки, жиянингиз хонадонингизга кириб ўтишим ҳақида сизни огоҳлантирган.
Гарри катта қадам ташлаганча, зинапоя бўйлаб пастга югурди-ю, охирига етмай, тақа тўхтаб қолди. Бой ҳаётий тажриба амакидан нари туриш кераклигини яхши ўргатиб қўйган. Бўсағада мовий кўзи узун бурни устидаги ярим ой шаклига эга шиша кўзойнак ортидан ёрқин нурдай ярқираётган, илмоқсимон қайрилма бурни гўё кам деганда икки жойидан сингандай кўринаётган, кумуш тусли соч-соқоли белбоққа қисиб олгудай даражада узун, новча бўйли, озғин, эгнига қора рангли узун сафар ридосини, бошига чўққидор шляпа кийган киши турибди. Қизғиш-қўнғир халат кийган, қора мўйлови кутилмаган меҳмоннинг мўйловидан қолишмайдиган Вернон Дурсль ерга қоқилган қозиқ каби турганча, бир жуфт ёвуз митти кўзи ила Дамблдорга бақрайиб қолган.
- Таажжубингизга қараганда, Гарри менинг ташрифим ҳақида сизни огоҳлантириб қўйишни унутиб қўйган кўринади, - деди Дамблдор хушмуомала оҳангда, - Шунга қарамай, келинг тасаввур қилайлик, сиз мени ичкарига таклиф қилдингиз. Бизнинг нотинч давримизда кўча эшигини узоқ вақт очиқ қолдирсак, оқил иш қилмаган бўламиз.
У чаққонлик билан остона ҳатлаб ўтиб, эшикни ёпиб қўйди.
- Анча бўлди бу ерга келмаганимга, - давом этди Дамблдор, қирғий бурни узра Вернон амакига қараб, - Агапантусларнинг ўсиб кетганини қаранг-а!
Эси паст кишидай қараб турган Дурсль индамади, бироқ чаккасидаги қон томири хавфли тезлик-ла ҳаракатланаётганидан, гапириш қобилияти тез орада тикланиши билиниб турибди. Ҳозирча у, ё Дамблдорнинг ҳаддан ортиқ сеҳргарлик қиёфасидан эсанкираб қолгани, ё қаршисида қўрқоқлар тоифасига кирмайдиган киши турганини яхши англаб етгани боис, базўр нафас олиб турибди.
- Ана Гарри! Салом! - кўришди Дамблдор, ярим ой шаклига эга кўзойнаги узра болага қараб, - Жуда соз, жуда соз.
Ушбу сўзлар Вернон амакининг ҳушини жойига келтириб қўйди. Ким бўлишидан қатъи назар, Гаррини «жуда соз» деб топар экан, бундай киши ушбу хонадонга киришга муносиб эмас.
- Дағал кишидай кўринмоқчи эмасман-у... - қўпол оҳангда гап бошлади у.
- Лекин кўриниб бўлдингиз, - қатъий оҳангда фикрни якунлади Дамблдор, - Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, биринчи маротаба эмас. Қадрдоним, яхшиси жим турганингиз маъқул! Ана Петунья ҳам кўриниш берди.
Чиндан ҳам, ошхона остонасида тунги кўйлаги устига халат кийган, қўлига эса резина қўлқоп тақиб олган, уйқуга ётишдан олдин жамики юзаларни артиб чиқиш одатини канда қилмаган Петунья хола пайдо бўлди. Унинг от башарасини эслатадиган юзи ўта кучли руҳий путур қиёфасини касб этган.
- Альбус Дамблдор, - ўзини танитди, Вернон амакининг уйга келган кишини рафиқасига таништириш нияти йўқлигини фаҳмлаган меҳмон, - Қолаверса, ёзишмалар орқали танишмиз.
Битта Қичқириқномани ёзишма, деб бўлмайди, албатта, бироқ Петунья хола қўлланилган ушбу терминология борасида баҳслашмоқчи эмаслиги Гаррининг назаридан четда қолмади.
- Бу эса ўғлингиз Дудли бўлса керак?
Йўл-йўл пижама кийган Дудли меҳмонхона эшигидан йирик, оқ-сариқ сочли, оғзи ланг очилган, худди ҳавода мустақил осилиб турган бошини чиқарди. Дамблдор уй соҳиблари бирон нима дейишларини кутиб, маълум вақт тек турди-ю, сукунат узоқ чўзилгач, кулиб юборди.
- Сизлар мени меҳмонхонага таклиф қилдингиз, деб фараз қилишни таклиф қиламан.
Дудли йўлдан даф бўлгач, Дамблдор ичкарига кирди. Ҳамон бир қўлида мис телескоп, иккинчисида кроссовка ушлаган Гарри зинапоядан ирғиб тушиб, директорнинг орқасидан эргашди. Дамблдор камин ёнидаги креслога жойлашиб, бошини айлантирганча, хонадаги, ўзининг мавжудлиги ярашмаган вазиятга катта қизиқиш-ла разм солиб чиқди.
- Кетар вақтимиз бўлмади-ми... сэр? - хавотирга тушиб сўради Гарри.
- Ҳа, ҳа, албатта, - жавоб берди Дамблдор, - Фақат, йўлга чиқишдан олдин мен бир нарсани муҳокама қилиб олмоқчиман. Бу ишни эса ёпиқ хонада амалга оширган маъқул. Амакинг билан холангнинг меҳмондўстлигини бирозгина суиистеъмол қиламиз холос.
- Шунақа денг?
Хонага Вернон Дурсль ёпирилиб кирди. Унинг кетида эса чўп-устухон танаси ила семиз Дудлини бекитиб олишга уринаётган ў Петунья хола кўринди.
- Ҳа, шунақа, - хотиржам жавоб қайтарди Дамблдор, сеҳрли таёқчасини яшин тезлигида чиқариб.
Гарри Дамблдорнинг ушбу ҳаракатини илғаб олишга улгурмай ҳам қолди. Таёқча бироз силкитилган эди ҳам-ки, диванни олдинга ҳаракатланиб, учала Дурслнинг тақимига урилди. Учовлон юмшоқ ёстиқлар устига ағанагач, боз силкитилган таёқча диванни шиддат-ла жойига қайтарди.
- Шундай экан, қулай жойлашиб ўтиришга нима етсин, - мулойим кулиб қўйди Дамблдор, таёқчасини киссага жойлаб.
Гарри Дамблдорнинг қўли, худди батамом куйиб, эти буришиб қолгандай қорайиб қолганига эътибор қаратди.
- Сэр, қўлингизга нима...
- Ҳозир эмас, Гарри, илтимос, ўтир.
Гарри руҳий ларзага келиб, тили калимага келмай қолган Дурсллар томон қарамасликка уринганча, иккинчи креслога жойлашди.
- Йўлдан келганим учун менга бирон-бир ичимлик таклиф қилинади, деган умидда эдим, - деди Дамблдор Вернон амакига қараб, - Бироқ сиздан бундай илтифот кутиш – аҳмоқликка яқин некбинлик эканлигини англаб етмоқдаман.
Сеҳрли таёқча учинчи бор силкитилгач, ҳавода сиртини чанг қоплаган шиша билан бешта қадаҳ пайдо бўлди. Шиша эгилиб, қадаҳлар тўқ яшил суюқликка тўлди-да, хонадагилар томон учиб тарқалди.
- «Уч супурги» қаҳвахонасининг соҳибаси Росмерта хоним ихтиёридаги энг сара, кўп йиллар давомида эман бочкаларда дамланиб турган асал ичимлиги, - эълон қилди Дамблдор, қадаҳни кўтарганча, Гаррига қараб.
Гарри аллақачон ҳўплаб, муқаддам татиб кўрмаган ичимликнинг ажойиб таъмига баҳо беришга улгурди. Дурсллар бир-бирига чўчиб қараб, ўз қадаҳларини сезмаган кўйга тушиб олишди. Лекин ҳавода муаллақ осилиб турган қадаҳлар уларнинг лунжларига тақалмоқда. Гарри, ушбу манзара Дамблдорга хуш келаётганини сезмай қолмади.
- Шундай қилиб, - гап бошлади Дамблдор, Гарри томон юзланиб, - Биз, умид қиламизки, сен ҳал этиб берадиган мураккаб вазиятга тушиб қолдик. «Биз» бу, Қақнус ордени. Лекин, дастлаб, ижозатинг билан, ўтган ҳафта Сириуснинг васиятномани очиб ўқиш маросими ўтказилгани ва у жамики мол-мулкини сенга қолдирганини маълум қилмоқчиман.
Вернон амаки шу заҳоти қулоғини динг қилиб олди, аммо Гарри у томон қиё ҳам боқмади.
- А-а, тушунарли, - дея олди у, хаёлига дурустроқ гап келмай.
- Умуман айтиладиган бўлса, васиятнинг тушуниб етиши қийин кечадиган жойи йўқ, - сўзлаб беришга киришди Дамблдор, - Гринготтсдаги ҳисоб рақамингга йириккина маблағ қўшилган ва Сириуснинг шахсий мулки сенинг ихтиёрингга ўтган. Ягона муаммо шундан иборатки...
- Унинг чўқинтирган отаси ўлди-ми? - диван томондан эшитилди Вернон амакининг баланд овози.
Дамблдор билан Гарри баравар Вернон амаки томон юзланди. Асал ичимлиги қуйилган қадаҳ унинг чаккасига урилмоқда.
- Ўлди-ми? Чўқинтирган отаси ўлди-ми? - такрор сўради Вернон амаки, кафти билан қадаҳни нари ҳайдашга уриниб.
- Ҳа, - тасдиқлади, нима учун бу ҳақда қариндошларига айтмаганини Гарридан сўрамаган Дамблдор ва худди гапи бўлинмаган каби, давом этди: - Муаммо шундан иборатки, Пинҳонийлик майдонидаги 12- уй ҳам сенга васият қилинган.
- Сен-а, уй мерос қилиб олдинг-ми? - сўради, кўзини суқлик билан қисиб қараган Вернон амаки.
Бироқ унинг саволи жавобсиз қолди.
- Орден қароргоҳи бўлганча қолаверсин, - пўнғиллади Гарри, - Менга бари-бир. Фойдаланинглар, менга ҳеч нарса керак эмас.
Ажал таҳдид қилса ҳам, ушбу жирканч, йўсин қоплаган уйни ўз зиндони деб билган Сириус ҳақидаги хотиралар тинимсиз таъқиб қиладиган Блэклар хонадонига қайтишни Гарри мутлақо истамайди.
- Олижаноб қарор, албатта, - деди Дамблдор, - Шунга қарамай, биз уни тарк этиб чиқишга мажбур бўлдик.
- Нега?
- Гап шундаки, - давом этди Дамблдор, бошига қадаҳ урилаётган Вернон амакининг ғудуллашига эътибор қаратмай, - Анъанага кўра, Блэклар авлодига мансуб ушбу уй, мазкур хонадоннинг эркак насабига қарашли вакилига қолиши лозим. Сириус хонадоннинг сўнгги эркак вакили бўлган. Унинг укаси Регулюс Блэк эса илгарироқ ўлиб кетган бўлиб, иккаласининг ҳам фарзанди бўлмаган. Уй сенга васият қилингани васиятномада аниқ баён этилган, бироқ у тилсимлар билан муҳофаза қилинган бўлиб, фақат асилзот Блэккина уй соҳиби бўлиши мумкинлигини рад этиб бўлмайди.
Гарри шу заҳоти портрети даҳлизга маҳкамланган, доимо тупуриб, айюҳаннос соладиган Сириуснинг онасини эслади.
- Ҳа, шундай бўлиши ҳам мумкин, - пўнғиллади у.
- Ана шунақа, - бош ирғиди Дамблдор, - Агар чиндан ҳам муҳофаза қўлланилган бўлса, уй, Сириуснинг бугунги кунда барҳаёт юрган катта қариндошларидан бири, хусусан, унинг холаваччаси Беллатрикс Лестрангга насиб этиши эҳтимолдан холи эмас.
Нима қилаётганини идрок этмаган Гарри ўрнидан ирғиб турди. Унинг тиззасида ётган телескоп билан кроссовка полга думалаб тушди. Сириуснинг қотили Беллатрикс Лестрангга насиб қилади?
- Йўқ, - пичирлади Гарри.
- Биз ҳам, уй ўша аёлга ўтишини истамаймиз, - деди Дамблдор хотиржам оҳангда, - Бироқ иш жуда мураккаб. Мисол учун, уй Сириусга тегишли бўлмай қолганидан кейин, биз қўллаган муҳофаза чоралари ўз кучини сақлаб қолиш-қолмаслигини билмаймиз. Ҳар қандай фурсатда остонада Беллатрикс пайдо бўлиб қолса-чи? Шу боис, ушбу ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар, табиийки, биз у ердан кўчиб чиқдик.
- Уй чиндан ҳам меники бўлганлигини қандай қилиб билиб олишимиз мумкин?
- Буни текшириб кўриш, хайриятки, қийин эмас, - деди Дамблдор, қўлидаги бўш қадаҳни ёнидаги столчага қўйиб.
Лекин у ҳали бирон нима қилишга улгурмай, Вернон амакининг бақириғи эшитилди.
- Эҳтимол, мана бу нарсаларни даф қиларсиз, жин урсин уларни?
Гарри Дурсллар томон ўгирилиб қаради. Учаласи қўли билан бошини ҳимоя қилиб ўтиришибди. Қадаҳлар эса улар устида, ичимликни бошига сачратганча, ҳавода тебранмоқда.
- Ҳа-я, маъзур сананг, айбдорман, - деди Дамблдор, сеҳрли таёқчасини кўтарганча, қадаҳларни даф қилиб, - Ичиб кўрганингизда одоб сақлаган бўлар эдингиз.
Вернон амакининг юзи касб этган қиёфага қараб, тилининг учида ҳар хил заҳарли жавоблар айланиб турганини уқиб олиш қийин эмас. Лекин чўчқа кўзини сеҳрли таёқчадан узмаган амакининг журъати хотини билан боласига яқинроқ ўтириб, диванга қапишиб олишга етди холос.
- Агар сен чиндан ҳам уйни мерос қилиб олиб, соҳибига айланган бўлсанг, - давом этди Дамблдор, худди ҳеч нарса бўлмаган каби, Гарри томон боз юзланиб, - Сенга яна бир мерос қолган бўлиши керак, у ҳам бўлса...
У бешинчи бор сеҳрли таёқчасини силтади. Қаттиқ қарс товуши янграб, меҳмонхонанинг туки пахмоқ гилами устида эгнига ифлос латта ўраб олган, бурни чўчқанинг тумшуғини эслатадиган, қулоғи кўршапалак қулоғи каби катта, бир жуфт катта-катта кўзидаги қонга тўла тарам-тарам қон томирлари яққол кўриниб турган уй эльфи пайдо бўлди. Топ-тоза гиламида бундай қабоҳат пайдо бўлганини кўрган Петунья хола қулоқни кар қилиб юборадиган даражада чинқириб юборди. Дудли яланг оёғини дарҳол полдан узиб, анави махлуқ пижама иштонининг пойлари орқали ичига кириб олишидан ҳадиксираганча, сал кам бошидан баландроқ кўтариб олди. Вернон амаки эса баланд бақириб юборди:
- Нима жин бу?
- Тараққос, - ниҳоят фикрини якунлади Дамблдор.
- Тараққос бормайди, бормайди, бормайди! - ғичирлаган, деярли Вернон амакидай баланд овозда валдирай кетди уй эльфи, узун, ғадир-будур оёқ кафтларини полга урганча, катта қулоқларини асабий тортиб, - Тараққос мисс Беллатриксга хизмат қилади, ҳа-ҳа-ҳа, Тараққос Блэклар хонадонига хизмат қилади, Тараққос янги соҳибасининг ҳузурига боради, ҳароми Поттернинг ҳузурига бормайди, бормайди, бормайди!
- Кўриб турибсанки, Гарри, - деди баланд овозда Дамблдор, Тараққоснинг «бормайди»сини босиш учун, - Эльф сенинг тасарруфингга ўтишни истамаяпти.
- Тупурдим унга, - пўнғиллади Гарри, тиришиб, депсинаётган Тараққосга жирканч нигоҳ-ла қараб, - Қошим учиб тургани йўқ.
- Бормайди, бормайди, бормайди...
- Беллатрикс Лестранг ихтиёрига ўтиб кетишини истайсан-ми? Сўнгги бир йил ичида Қақнус ордени қароргоҳида яшаганини била туриб-а?
- Бормайди, бормайди, бормайди...
Гарри Дамблдорга қаради. Тараққосни Беллатриксга бериб бўлмаслиги тушунарли, албатта, бироқ... Сириусни сотган эльфнинг хўжайини бўлиш? Бундай хаёлнинг ўзи жирканч.
- Унга бирон-бир буйруқ бер, - таклиф киритди Дамблдор, - Агар у энди сенинг тасарруфингга ўтган бўлса, бўйсунишга мажбур бўлади. Бўйсунмайдиган бўлса, қонуний соҳибасининг ҳузурига қўймаслик чорасини кўришга мажбур бўламиз.
- Бормайди, бормайди, БОРМАЙДИ!
Эльфнинг қичқириқлари увиллашга ўтиб кетди ва Гарри беихтиёр дўқ уриб юборди:
- Ўчир овозингни, Тараққос!
Кўзини чақчайиб қолган эльф, худди тиқилиб қолгандай, оғзини очиб ёпганча, томоғини ушлаб олди. Бир неча сония давомида ютиниш амалини бажаришга уриниб тургач, ўзини юзи билан шартта гиламга ташлаб, унсиз бўлса ҳам жазавага тушганча, оёқ-қўлини полга ура бошлади. Буни кўрган Петунья хола инграб юборди.
- Хўш, иш ойдинлашди, - хурсанд бўлиб кетди Дамблдор, - Сириус нима қилаётганини яхши билган. Гарри, сен, Пинҳонийлик майдонидаги ўн иккинчи уйнинг, шу жумладан, Тараққоснинг қонуний соҳибисан.
- У... мен билан яшаши шартми? - сўради Гарри, оёғи остида тўлғаниб ётган эльфга қараб.
- Сен истамас экансан, шарт эмас, - деди Дамблдор, - Агар эътироз билдирмасанг, уни «Хогварц» ошхонасига юборишни таклиф қиламан. Ўша ерда бизнинг эльфларимиз назорати остида бўлади.
- Шундай қиламиз, - рози бўлди Гарри, енгил тортиб, - Э-м-м... Тараққос! «Хогварц»га жўнашинг ва бошқа эльфлар билан бирга ошхонада меҳнат қилишингни истайман.
Белида ётиб, оёқ-қўли билан ҳаво тепалаётган Тараққос ифода этиб бўлмас нафрат-ла Гаррига қараб, қаттиқ қарс товушини чиқарганча, кўздан ғойиб бўлди.
- Жуда соз! - деди Дамблдор, - Бироқ гиппогриф Отбургут ҳам бор. Сириуснинг ўлимидан сўнг жониворни Хагрид боқиб турибди. Энди у ҳам сенинг ихтиёрингда. Агар, ушбу жонивор масаласида бошқача режаларинг бўлса...
- Йўқ, - шу заҳоти жавоб қайтарди Гарри, - Хагрид билан қолаверсин. Шундай қилсак, ўйлайман-ки, Отбургутга ҳам яхши бўлади.
- Хагрид роса хурсанд бўлади, - кулиб қўйди Дамблдор, - Ҳайвони билан боз юз кўришганидан завқланиб юрибди. Айтгандай, хавфсизлик нуқтаи назаридан Отбургутнинг лақабини вақтинча Товуққанот лақабига алмаштиришга қарор қилдик, гарчи вазирликдагилар бу айнан ўша, ўзлари ўлимга ҳукм қилган гиппогриф эканлигини фаҳмлашмаса-да. Хўш, Гарри, буюмларингни йиғиштириб қўйдинг-ми?
- Э-м-м...
- Ташрифим масаласида шубҳа қилдинг-ми?
- Мен ҳозир... бир пастда... - овоз кўтарди Гарри, ерда думалаб ётган телескопи билан кроссовкасини қўлига олиб.
Бисотини йиғиштиришга ўн дақиқадан сал кўпроқ вақт кетди. Ниҳоят Гарри каравот остида ётган кўринмас плашни олиб, ранг-баранг сиёҳли шишача қопқоғини бураб ёпиб, сандиққа солди-да, устидан қозонни жойлаб, қопқоқни базўр қулфлади. Шундан сўнг, бир қўли билан сандиқ тортиб, иккинчисига Хедвиг қамалган қафасни ушлаб, биринчи қаватга тушди.
Дамблдорни даҳлизда кўрмай, хафа бўлди. Яна анавиларнинг олдига, меҳмонхонага киришга тўғри келади.
У ерда жимжитлик қарор топган. Дамблдор ниманидир хиргойи қилиб, афтидан ўзини ниҳоятда яхши ҳис этмоқда. Умуман эса, хонада юзага келган вазият нимаси биландир тўнглаб қолган қайнатма кремни ёдга солади.
- Профессор, мен тайёрман, - деди қариндошлари томон қарашга ботина олмаган Гарри.
- Жуда соз, - жавоб қилди Дамблдор, - Бир гапни айтиш қолди холос, - деди у, Дурсллар томон юзланиб, - Сизларга маълумки, бир йилдан сўнг, Гарри балоғат ёшига тўлади...
- Йўқ, - эътироз билдирди Петунья хола, оқшом давомида илк бор тилга кириб.
- Тушунмадим? - деди Дамблдор, мулойим оҳангда.
- Тўлмайди. У Дудликдан бир ойга кичик. Дудлик эса икки йилдан кейин ўн саккиз ёшга тўлади.
- Шунақа денг, - мулойим оҳангини қўймади Дамблдор, - Бироқ сеҳргарлар ўн етти ёшда балоғат ёшга етишади.
- Тентаклар, - пўнғиллади Вернон амаки.
- Давом этамиз, - деди Дамблдор Вернон амакига эътибор қаратмай, - Ўзингизга маълумки, юртимизга машъум ном таратган Лорд Вольдеморт қайтиб келган. Сеҳргарлар жамиятида уруш кетмоқда. Вольдеморт ўлдиришга кўп маротаба уринган Гаррининг ҳаётига нисбатан хавф туғилган. Бугунги хавф, уни ўн беш йил муқаддам остонангизда, ёнида, ота-онасининг ўлими баён этилган хат билан қолдириб кетган куним юзага келган хавфдан ҳам катта таҳдиддир. Болага ўз болангизга ғамхўрлик қилган каби меҳр кўрсатасиз, деган умидимни билдирган эдим, ўша хатимда.
Дамблдор бироз сукут сақлади. У бир маромда, хотиржам, аччиқланмай гапирмоқда-ю, оҳанги совигани билинмоқда. Дурсллар бир-бирига янада жипс ўтириб олишгани Гаррининг эътиборидан четда қолмади.
- Сизлар эса менинг илтимосимни бажармадингиз. Гаррини ҳеч қачон ўз қариндошингиз сифатида кўрмадингиз. У сизлардан менсимаслик, аксарият ҳолларда эса жабр-жафодан бошқа бирон-бир рўшнолик кўрмади. Шундай бўлса-да, бир яхшилик қила олдингиз, у ҳам бўлса, сизлар Гаррига, иккалангизнинг ўртангизда ўтирган бадбахт болага қилган ёмонлигингиз каби зарар етказа олмадингиз.
Петунья хола билан Вернон амаки, худди ораларида Дудли эмас бошқа бола ўтириб олгани каби кескин бурилиб қарашди.
- Биз Дудликка? Э, нималар деяпсиз?... - дарғазаб оҳангда гап бошлади Вернон амаки, бироқ жимлик сақлашга имо қилаётган Дамблдорнинг кўтарилган бармоғини кўриб, унини ўчирди.
- Ўн беш йил муқаддам мен яратган сеҳрли муҳофаза Гаррининг хавфсизлигини, токи у сизнинг хонадонингизни ўз уйи, деб билар экан, таъминлайди. Гарри бу ерда бахтсиз, бировга керак бўлмаган ҳолатда, дилсиёҳликда ўсган бўлса-да, истар-истамас, унга жой бердингиз. Гарри ўт еттига тўлган, бошқача айтганда, эр киши бўлиб етилган фурсат етиши билан, юқорида зикр этилган муҳофаза ўз кучини йўқотади. Мен сизлардан фақат бир нарсани, Гаррига, у етти ёшга тўлиб олгунига қадар яна бир бор уйингизга қайтишига рухсат беришингизни илтимос қиламан.
Дурсллар дамини чиқармай ўтиришди. Дудли, худди унга нима ёмонлик қилишганини англаб етишга уринаётгани каби, қошини чимириб олган. Вернон амакининг қиёфасидан, бўғзига бир нарса қадалиб қолганини уқиб олиш қийин эмас. Петунья холанинг ранги эса ғалати қизариб кетган.
Дамблдор, ўрнидан туриб, узун плашини тўғрилади.
- Хўш, Гарри... кетар вақтимиз етди. Кўришгунча, - деди у, Дурслларга мурожаат қилиб.
Учала Дурслнинг юзида кўришиш ҳеч қачон насиб қилмаслик истаги яққол ифодаланиб турган қиёфа касб этган.
- Кўришгунча, - тез хайрлашди Гарри, Дамблдорнинг кетидан эргашиб.
Қария сандиқ билан Хедвиг қамалган қафас ёнида тўхтаб қолди.
- Бу бизга халал беради, - деди у, сеҳрли таёқчасини чиқариб, - Нарсаларингни Бошпанага йўллайман. Лекин, кўринмас плашингни ўзинг билан олганинг маъқул... ҳар эҳтимолга қарши.
Гарри сандиқ ичидаги тартибсизликни Дамблдорга кўрсатмасликка уринганча, бир илож қилиб, кўринмас плашни чиқариб олди-да, нимчасининг киссасига жойлади. Дамблдор сеҳрли таёқчасини силташи ҳамоно, сандиқ билан қафас кўздан ғойиб бўлди. Сеҳрли таёқча яна бир силтанган эди ҳам-ки, чиқиш эшиги ланг очилди. Эшик ортида туман қоплаган совуқ зулмат кўринди.
- Хўш, Гарри, анави беқарор шамолдай йўлдан оздирувчи таваккал ортидан олға!
Admin · Просмотров: 830 · Оставить комментарий
27 Июл 2015. 10:45:10

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p146.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)