Календарь

Июль 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031   

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 2

rss Синдикация

VI. ГАРРИ ПОТТЕР ВА ЧАЛА ЗОТ ШАҲЗОДА

ТЎРТИНЧИ БОБ. ГОРАЦИЙ ДИВАНГАРД

Сўнгги ҳафта давомида Гарри фақат Дамблдор ҳақида ўйлаб, у билан ўтадиган учрашув санасини кутиб юрди. Мана учрашув куни етгач, бола хижолат. Илгари улар асосан мактабда мулоқот қилишган бўлиб, одатда, иккаласини ёзув столи ажратиб турган. Охирги учрашув ҳақидаги хотиралар эса ноқулайлик ҳиссини бироз ошириб юбормоқда. Ўшанда Гарри овози борича қичқириб, Дамблдорнинг бир талай қимматли буюмларини чилпарчин қилган эди.
Афтидан, Дамблдорни ўша тўполон мутлақо ташвишга солмаган кўринади.
- Таёқчангни шай ҳолатда тутиб юр, Гарри, - хушчақчақ кайфиятда буюрди у.
- Мактаб ҳудудидан ташқари жойда сеҳр-жоду билан шуғулланиш мумкин эмас-ку, менга...
- Агар бизга ҳамла қилиб қолишса, - деди Дамблдор, - Миянгга келган ҳар қандай қарғишга қарши қарғишни қўллашга ижозат бераман. Ваҳоланки, бугун сен ҳеч нарсадан хавфсирамасанг ҳам бўлаверади.
- Нима учун, сэр?
- Чунки сен мен билан, - оддийгина жавоб берди Дамблдор, - Шунинг ўзи катта гап.
Одамовилар хиёбонининг муюлишига етган Дамблдор кескин тўхтаб, сўради:
- Ҳавода даф бўлиш бўйича имтиҳон топширганинг йўқми ҳали?
- Йўқ, - бош ирғиди Гарри, - Ўн етти ёшдан топширилади-ку.
- Тўғри айтасан, - деди Дамблдор, - Ундай бўлса, қўлимни маҳкам ушлаб ол. Чап қўлимни, агар эътироз билдирмасанг. Сезган бўлсанг керак, ўнг қўлимнинг мазаси сал қочган.
Гарри Дамблдорнинг қўлини ушлаб олди.
- Жуда соз, - деди Дамблдор, - Кетдик.
Гарри Дамблдорнинг қўли кафтидан чиқиб кетаётганини ҳис этиб, янада маҳкам чангаллаб олди. Кейинги фурсатда атроф қоронғилашди, уни нимадир ҳар томондан сиқиб, нафас олишини қийинлаштирди, қовурғалари, худди кўкрак қафасига чамбарак қоқиб кийгизилгандек оғриди, кўз ва қулоғига қандайдир босим таъсир ўтказди, сўнг...
У тунги совуқ ҳаводан бир неча бор чуқур нафас олиб, ёшланиб кетган кўзини очди. Ўзини худди тор резина қувурдан сиқиб ўтказилгандай ҳис этиб, Одамовилар хиёбони узоқларда қолиб кетганини дарҳол сезмади. Дамблдор иккаласи ўртада ҳарбий ёдгорлик билан иккита узун курси ўрнатилган хилват қишлоқ майдонида пайдо бўлишди. Гарри хаёлини йиғиб олиб, ҳаётида илк бор ҳавода даф бўлиб, пайдо бўлганини идрок этди.
- Қалай ҳис этяпсан ўзингни? - қизиқди Дамблдор, - Бундай ҳаракатга кўникиш керак.
- Яхши, - деди, қулоғини ишқалаган Гарри, Одамовилар хиёбонини бу тарзда тарк этишни истамагани аён билиниб, - Лекин ростини айтсам, супургини афзал кўрган бўлар эдим.
Дамблдор кулиб, ёқасини зичроқ тортиб олди.
- Бу томон юрамиз, - деди у, бўш меҳмонхона билан аллақандай иморатлар олдидан ўтганча, тез одимлаб.
Қишлоқ черкови соатининг миллари тун ярмига етганини кўрсатмоқда.
- Айт-чи, менга, Гарри, чандиғинг оғриб турибди-ми? - сўраб қолди Дамблдор.
- Йўқ, - деди Гарри, пешонасидаги яшин зигзаги шаклидаги чандиқни ғайриихтиёрий равишда уқалаб қўйиб, - Ўзим ҳам ҳайрон бўлиб юрибман. Модомики, Вольдемортнинг қудрати ошиб борар экан, чандиқ менга тинчлик бермайди, деб юрган эдим.
- Мен эса аксинча ўйлаганман, - деди Дамблдор боланинг жавобидан мамнун бўлиб, - Фикр ва ҳиссиётларига сингиб киришдек зўр имконинг борлигини Лорд Вольдеморт ниҳоят тушуниб етиб, афтидан, окклуменция воситасида сендан сақланишга аҳд қилган кўринади.
- Тўғри қилади, - пўнғиллади Гарри.
Тунги алаҳсирашлар-у, Вольдемортнинг онгига сингиб кириш жараёнларини у мутлақо соғинмаган.
Икковлон муюлиш ортига ўтиб, телефон будкаси билан автобус бекати ёнидан ўтишди.
- Профессор... - кўз қири билан Дамблдорга қаради Гарри.
- Ҳа, Гарри.
- Биз... қаерга келиб қолдик ўзи?
- Бадли Баббертон, деб номланадиган ажойиб қишлоқчага.
- Нима учун?
- Ҳа-я, сенга айтмадим-ку, ҳали, а! - хитоб қилди Дамблдор, - Ушбу янгиликни ҳар йили эълон қилавериб, бу йил нечанчи маротаба маълум қилаётганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Қисқаси, мактабимиз яна ўқитувчисиз қолди. Бу ерга собиқ ҳамкасбимни пенсияни қўйиб, «Хогварц»га ишга қайтишга кўндиргани келдик.
- Менинг қандай нафим тегиши мумкин сизга, сэр?
- Асқатиб қолишинг шубҳасиз, - мубҳам жавоб берди Дамблдор, - Энди чап томон юрамиз, Гарри.
Икковлон зич қурилган уйлар қатори орасидаги тикка кўтарилган тор кўча бўйлаб одимлаб кетди. Бирон жойда чироқ ёқилгани кўринмайди. Одамовилар хиёбонини икки ҳафтадан буён қамраб олган қалин туман шу ерда ҳам кўтарилган. Дементорларни ғайриихтиёрий равишда эслаган Гарри атрофга хавфсираганча аланглаб, киссасидаги сеҳрли таёқчасини маҳкам тутиб олди.
- Профессор, тўғри ҳамкасбингиз уйида пайдо бўлсак нима қиларди?
- Кириш эшигини бузиб киргандай иш қилган бўлар эдик, - тушунтириш берди Дамблдор, - Одоб билан муомала қилиш қоидалари мезбонга, агар у истамаса, меҳмонни қабул қилмаслик ҳуқуқи берилишини тақозо этади. Сеҳргарлар яшайдиган аксарият истиқоматгоҳлар эса, бундан ташқари, номатлуб бостириб кирилишидан муҳофаза қилинган. Масалан «Хогварц»...
- Қасрда ҳам, унинг ҳудудида ҳам ҳавода пайдо бўлиб бўлмайди, - бурро билдирув берди Гарри, - Гермиона Грэнжер айтиб берган менга.
- Тўппа-тўғри айтибди. Яна чап томон юрамиз.
Орқада қолган черков соати тунги ўн икки бўлганини англатиб, бонг урди. Гарри нима учун Дамблдор бировнинг уйига тун ярмида меҳмонга боришни одоб қоидаларига зид, деб билмаслигини сўрамоқчи бўлди-ю, суҳбат меъёрий оҳангда бораётганидан фойдаланиб, муҳимроқ масалаларни муҳокама қилишни афзал кўрди.
- Сэр, «Башорат-у, каромат газетаси»да Фужнинг ишдан бўшатишганини ўқидим...
- Чиндан ҳам шундай бўлди, - жавоб берди Дамблдор, тикка юқорига кўтарилган кўчага бурилиб, - Унинг ўрнига, муқаддам аврорлар маҳкамасига раҳбарлик қилган Руфус Скримж тайинланганини ҳам билишингга шубҳа қилмайман.
- Нима деб ўйлайсиз, яхши одамми у?
- Қизиқ савол, албатта, - деди Дамблдор, - У кўп нарсаларга қодир. Шак-шубҳа йўқ-ки, Корнелиусга нисбатан қатъийроқ ва ғайратлироқ шахс.
- Ҳа, бироқ мен бошқа нарсани назарда тутган эдим...
- Нимани назарда тутаётганингни биламан. Руфус – муайян фаолият соҳиби. Деярли бутун ҳаёти давомида ёвуз кучларга қарши курашиб келган бўлиб, Лорд Вольдемортнинг нималарга қодир эканлигини яхши билади.
Гарри ўзи сўрашга журъат этмади-ю, лекин Дамблдорнинг ўзи Скримж билан, «Башорат-у, каромат газетаси»да баён этилган келишмовчилиги ҳақида бирон нима дейишини кутди. Бироқ Дамблдор бу мавзуни очмади.
- Боунс хоним ҳақидаги хабарни ҳам ўқидим, сэр.
- Ҳа, - хотиржам бош ирғиди Дамблдор, - Мудҳиш йўқотиш бўлди. Мисли кўрилмаган афсунгар аёл эди, раҳматли. Бу ёққа, юқорига кўтарилишимиз керак, менимча... вой, - мажруҳ қўли билан кўрсатди у.
- Профессор, қўлингизга нима қил...
- Ҳозир тушунтиргани вақт йўқ, - деди Дамблдор, - Кишини даҳшатга соладиган ҳодисани чалакам-чатти қилиб айтиб бергим йўқ.
Дамблдор Гаррининг оғзига урмоқчи эмаслиги, бошқа саволлар бўлса, бемалол бериши мумкинлигини англатганча, кулиб боқди.
- Сэр... менга вазирлик томонидан ишлаб чиқилган, Ўлимдан мириқувчиларга қарши қўлланилиши лозим бўлган хавфсизлик чораларига оид варақа юборишибди...
- Мен ҳам олдим, ўша варақани, - боз кулиб қаради Дамблдор, - Бирон-бир фойдали маълумот олдингми ундан?
- Кўп эмас.
- Ўзим ҳам шундай, деб ўйлаган эдим. Мисол учун, қанақанги мураббони хуш кўришимни мендан сўрамадинг ва бу билан, мен қаллоб эмас чиндан ҳам профессор Дамблдор эканлигимга ишонч ҳосил қилмадинг.
- Мен... - дудуқланди Гарри, уни койишяпти-ми, йўқми, тушунмай.
- Айтгандай, билиб қўйганинг маъқул, малина мураббосини хуш кўраман. Табиийки, менинг қиёфамга киришдан олдин ҳар қандай Ўлимдан мириқувчи менга нима ёқиш-ёқмаслигини билиб олишга уринади.
- Э-м-м... албатта, - бош ирғиди Гарри, - Бироқ варақада аллақандай инферниялар тўғрисида айтилган эди. Ким ўзи улар? Матн тушунарсиз битилган эди.
- Мурдалар, - жавоб берди Дамблдор, пинаги бузилмай - Ўз ҳаракатини ёвуз сеҳргарлар томонидан қўлланилган жоду таъсири остида амалга оширадиган сеҳрланган ўликлар. Улар пайдо бўлишмаганига анча бўлиб қолган, хусусан, Вольдеморт ўтган сафар ўз ҳукмини суриб юрган даврдан буён кўриниш беришмаган эди. Ўшанда шунчалик кўп одам ўлдирган эдики, ҳаммасини бир ерга жамласа, бутун бошли армия тузса бўлади. Ана бизга керакли уй, Гарри, бу ёққа...
Улар мўъжазгина боққа эга батартиб уйча ёнига яқин келишди. Гарри Дамблдорнинг инферниялар тўғрисидаги сўзларидан шу қадар таъсирланиб кетган эдики, ҳеч нарсага эътибор қаратмай, боғ эшикчаси рўпарасида кескин тўхтаган Дамблдорга урилиб кетгачгина, хаёлини йиғиб олди.
- О Худойим. Ўзинг асра, эй Парвардигор.
Гарри Дамблдорнинг нигоҳига эътибор қаратиб, юраги орқага тортиб кетди. Кириш эшиги биттагина ошиқ-мошиқда қийшиқ осилиб турибди.
Дамблдор кўчанинг у бошидан бу бошига тез қараб чиқди. Атрофда ҳеч ким йўқ.
- Гарри, таёқчангни қўлингга олиб, орқамдан юр, - паст овозда буюрди Дамблдор.
У боғ эшикчасини очиб, сўз айтмай, батартиб йўлакча бўйлаб шиддат-ла одимлаб кетди. Гарри ундан қолишмай эргашди. Дамблдор таёқчасини шай ҳолатда тутганча, кириш эшигини аста очди.
- Люмос.
Таёқча ёришиб, тор йўлак ва чап томонда очиқ қолган эшик кўринди. Таёқчасини баланд ушлаган Дамблдор меҳмонхонага кирди. Гарри унинг кетидан изма-из кирди.
Иккаласининг кўз олдида мутлақ хонавайронлик манзараси очилди. Оёқ остида полга ўрнатиладиган, корпуси дарз кетиб, циферблати пачақ бўлган, сал нарида эса, тебрангичи, худди тушириб юборилган шамшир каби думалаб кетган улкан соат ётибди. Ён томони билан онтарилган пианинонинг клавишлари атрофга сочилиб кетган. Пианино ёнида остин-устун қилинган чилчироқ таёқча нуридан товланмоқда. Тит-пити чиқарилган ёстиқлардан патлар оқиб кетган. Атрофга шиша ва чинни парчалари билан упа қўйилгандай гўё. Дамблдор таёқчасини кўтариб, хона деворларини ёритди. Девор гулқоғозларига аллақандай елимшиқ, тўқ қизил суюқлик сачраган. Гарри аста оҳ уриб юборди.
- Мудҳиш манзара, - деди, Гарри томон юзланган Дамблдор ғамгин оҳангда, - Бу ерда қандайдир даҳшатли ҳодиса юз берган кўринади.
У хона ўртасига аста келиб, оёқ остида ётган синган бўлакларга диққат билан разм солди. Дамблдорнинг ортидан юрган Гарри худди ишдан чиқарилган пианино ёки онтарилган диван ортидан даҳшатли нарса чиқадиган сингари, атрофга чўчиб қараб борди, лекин мурда ҳеч қаерда кўринмади.
- Эҳтимол ёқалашиб бўлишгач... уни ўзлари билан олиб кетишгандир? - пўнғиллаб тахмин қилди, девор ўртасигача сачраган қон қатраларига қараб, жароҳатнинг қанчалик оғир бўлгани ҳақида ўйламасликка уринган Гарри.
- Ўхшамайди, - ўйчан пичирлади Дамблдор, ёнбошлаб ётган юмшоқ креслога синчковлик билан назар солиб.
- Айтмоқчисиз-ки...
- Қаердадир шу ердами? Ҳа.
Дамблдор шартта эгилди-да, сеҳрли таёқчасининг учини кресло ўриндиғига санчиб олди. Кресло шу заҳоти чириллаб юборди.
- Хайрли оқшом, Гораций, - кўришди қаддини ростлаган Дамблдор.
Гаррининг оғзи ланг очилиб қолди. Кресло ўрнида қорнини уқалаб, миттигина серсув кўзи билан Дамблдорга хафа бўлганча қараб, эмбрион ҳолатида ётган, мисли кўрилмаган даражада семиз, ялтирбош қария пайдо бўлди.
- Тешиб қўйишингга сал қолди-ку, - қийналиб бурилганча домангир пўнғиллади у, - Жонимни оғритдинг.
Чолнинг тоз боши, туртиб чиққан кўзи ва чўтка мўйлови сеҳрли таёқча шуъласида, худди нафармон тусли шойи пижамаси устида кийилган тўқ қизил бахмал нимчасининг сайқал берилган тугмаси каби ялтирамоқда.
- Хўш, нимам билан ошкор этиб қўйдим ўзимни? - вайсаш оҳангида қизиқди уй соҳиби, қорин соҳасининг қуйи қисмини уқалашни давом этганча, инқиллаб ўрнидан турар экан. Унинг бўйи Дамблдорнинг иягига базўр етади, юзи эса ҳозиргина ўзини креслога ўхшатиб олган киши учун етарлича хотиржам қиёфа касб этган.
- Қадрдоним Гораций, - бироз истеҳзоли оҳангда жавоб берди Дамблдор, - Агар чиндан ҳам бу ерга Ўлимдан мириқувчилар ташриф буюришганида, уй узра Ажал белгиси муаллақ осилиб турган бўлар эди.
Гораций ўзининг лўппи кафти билан пешонасига уриб қўйди.
- Ажал белгиси, - пўнғиллади у, - Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Нимадир албатта... хўп майли. Бари-бир бунга вақтим етмас эди. Мен ўзимнинг қопламам устида ишни тугатмай, сизлар кириб келдингиз.
Қария оғир хўрсиниб қўйди.
- Уйни тартибга солишга ёрдамлашиб юборай-ми? - сўради Дамблдор.
- Агар малол келмаса, - деди Гораций.
Бири новча, озғин, иккинчиси пастак, семиз икки нафар сеҳргар бир-бирига бели билан суянганча, сеҳрли таёқчаларини бараварига силтади.
Мебель шу заҳоти жой-жойига тарқаб учди, безаклар ва хона интерьерига оид буюмлар ҳавода янгитдан пайдо бўлди, тўкилган пат ёстиқ жилдларига тиқилиб тўлди, йиртилган китоблар токчаларга етиб бормай елимланиб, ўз ҳолига қайтди, ялтираётган кумуш рамкаларига қаттиқ шикаст етган фотосуратларнинг бой коллекцияси хона бўйлаб учиб ўтиб, ёзув столи устига бутун ҳолатда қайтди, тешик, рахна ва бўртиқлар шувалиб, тортилиб, деворлар тозаланди.
- Айтгандай, қанақа қон бу? - сўради Дамблдор, полга ўрнатиладиган соат тикланиб, қаттиқ ура бошлаганидан баланд овозда гапиришга мажбур бўлиб.
- Деворга сачраганми? Аждар қони, - жавобан қичқирди Гораций, - Сўнгги шишаси эди. Бугунги кунда нархи осмонда эканлигини ҳисобга олсак... ёки уни такрор ишлатса бўлаверади-ми?
Қария буфет томон оғир қадам ташлаб, кичкинагина биллур шишани қўлга олди-да, ёруғлик томон йўналтирди.
- Ҳм-м. Лойқаланибди.
Гораций шишачани жойига қўйиб, оғир хўрсиниб қўйганидан сўнггина Гаррини кўрди.
- Ўҳў, - деди у, катта очилган кўзини Гаррининг пешонасидаги чандиққа қаратиб, - Эҳ-ҳа!
- Бу, - деди яқинроқ келган Дамблдор, иккаласини бир-бирига таништириб, - Гарри Поттер. Гарри танишиб қўй, менинг қадрдон дўстим ва ҳамкасбим Гораций Дивангард.
Дивангард диққат билан Дамблдорга разм солди.
- Шу билан мени эритмоқчи бўлибсан-да, а? Бари-бир жавобим ўша, Альбус: «йўқ».
Гаррини елкаси билан туртиб ўтган Гораций, васвасага берилмасликка қатъий аҳд қилган киши қиёфасини ясаб, нари қочди.
- Балким, лоақал ёшлик давримиз, яхши ўтмишимизни эслаб, қиттай-қиттай урармиз, а? - таклиф киритди Дамблдор.
Дивангард турган жойида журъатсиз қотиб қолди.
- Фақат бир ҳўпламдан, - илтифотсиз розилик билдирди у.
Дамблдор кулиб, Гаррига, ўтириши учун яқиндагина Дивангард ўхшаб олган, яна ўт қаланган камин ёнида турган креслога имо қилди.
Ёнида мойчироқ ёниб турган креслога ўтирар экан, Гарри кўринарли жойда бўлишини Дамблдор истаётганини англаб қолди.
Декантер ва қадаҳлар билан бироз овора бўлган уй соҳиби, хонага юзланиб, табиийки, нигоҳи Гаррининг нигоҳи билан тўқнаш келди ва худди кўзини куйдириб олишдан қўрққан каби, пишқирганча болага тескари қаради. (Декантер (ингл. Decanter) – винони декантация қилиб (яъни чўкиндидан ажратиб) узатиш учун мўлжалланган махсус шиша графин)
- Марҳамат, - деди у, таклифсиз ўтириб олган Дамблдорга ичимлик узатиб.
Шундан сўнг, тикланган диваннинг юмшоқ ёстиғига ўзини ташлаб, қовоғини осиб олганча, овоз чиқармай, калта оёғи полга етмай ўтирди.
- Ҳол-аҳволинг қалай, Гораций, қадрдоним? - мулойим оҳангда сўради Дамблдор.
- Ўрта миёна, - деди Дивангард, - Ўпкамнинг мазаси йўқ. Нафасим қисяпти. Бод ҳам қийнаб юборди, базўр ҳаракатланмоқдаман. Катта холамнинг ҳақи қолди-ми? Қаридим, ниҳоятда толиқдим.
- Ҳолбуки, бизнинг ташрифимизга ҳозирлик кўриш учун анча уринган кўринасан, гарчи ихтиёрингда атиги уч дақиқа вақт бўлган бўлса-да, - таъкидлаб қўйди Дамблдор.
- Икки дақиқа, - ғазаб билан ғурур уйғунлашган оҳангда аниқлик киритди Дивангард, - Ваннада ювинаётганим боис, сеҳр сигнализациясини эшитмай қолибман. Бироқ асл ҳолат асллигича қолади, Альбус, мен қари, толиққан кишиман. Ҳаётимнинг қолган қисмини тинч ва оз бўлса ҳам, қулай шароитда ўтказишни истайман.
Ҳа, нимаси йўқлигини билмайман-у, қулай шароитдан маҳрум эмаслиги аниқ, хаёлдан ўтказди Гарри, хонага яна бир бор назар солиб. Ҳавоси дим, бироз ивирсиган бўлса ҳам, хонада мавжуд шарт-шароитни ноқулай деб бўлмайди. Креслолар ҳам, оёқ тагликлари ҳам, китоблар, турли ичимликлар, шоколад қутилари-ю, юмшоқ ёстиқлар муҳайё. Агар уй соҳибини кўрмаганида, Гарри бу ерда аллақандай бой ва жуда инжиқ кампир яшайди, деган хулосага борган бўлар эди.
- Сен мендан ёшсан-ку, а, Гораций, - деди Дамблдор.
- Сенинг ҳам тинчгина дам оладиган вақтинг аллақачон етган, - беандиша жавоб берди Дивангард, крижовник кўзини Дамблдорнинг жароҳатланган қўлига олиб ўтиб, - Кўрдинг-ми, хатти-ҳаракатинг ҳам тегишлича тезкор кечмайдиган бўлиб қолибди.
- Мутлақо ҳақсан, - деди Дамблдор, енгини силтаганча, ўзининг куйиб қорайган, Гаррини сескантириб юборган бармоқларини яшириб, - Ҳаракатларим илгаригига қараганда сустлашиб қолган, бироқ масалага бошқа томондан ёндашадиган бўлсак...
Дамблдор, кексаликнинг ўз гашти бор, демоқчи бўлгандай, иккала қўлини икки томон ёзди. Гарри шу заҳоти Дамблдорнинг соғ қўлида афтидан тилладан тайёрланган, йириккина, у қадар бежирим бўлмаган, ўртасидан дарз кетган каттагина қора тошли кўзга эга, муқаддам бўлмаган узук тақилганига эътибор қаратди. Пешонасида ингичкагина ажин пайдо бўлган Дивангарднинг нигоҳи ҳам узукка қадалиб қолди.
- Хўш, Гораций, мана бу эҳтиёт чоралар... Ўлимдан мириқувчиларга қарши кўрилган эдими ёки менга? - сўради Дамблдор.
- Ўлимдан мириқувчиларга бечораҳол кекса ногирон нимага керак бўлиши мумкин? - дағдаға қилди Дивангард.
- Айтайлик, зулм ўтказиш, қийноққа солиш ва қотиллик манфаатларида, ушбу қариянинг кўп қиррали истеъдодидан самарали фойдаланиш учун, - хотиржам жавоб берди Дамблдор, - Айтмоқчисан-ки, улар шу кунга қадар ҳали бирон маротаба бўлсин, сени ўз сафларига ёллашга уринишмаган?
Дивангард Дамблдорга жанговар қиёфа ила қараб, пўнғиллади:
- Уларнинг бундай имкониятлари бўлмаган. Мана бир йилдир-ки, мен ҳали бир жойда бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтирганим йўқ. Бир магллар истиқоматгоҳидан бошқасига кўчиб юрибман. Мана бу уйнинг эгалари ҳозир Канар оролларида дам олишмоқда. Шундай қулай жойни тарк этишни истамайман. Бу ишлар жуда осон кечади, агар қандай амалга оширилишини билсанг, албатта. Офатскоп ўрнида қўллашадиган аҳмоқона сигнализацияларини оддий афсун воситасида ишлатмай қўйиб, пианинони қўшниларга сездирмай олиб кириш кифоя.
- Ажойиб, - завқланиб кетди Дамблдор, - Бироқ қари, толиққан, ҳаётининг қолган қисмини тинч ва оз бўлса ҳам, қулай шароитда ўтказишга орзуманд бўлиб юрган киши учун жуда ҳолдан толиқтирадиган саъй-ҳаракат. Агар «Хогварц»га қайтишга розилик берсанг...
- Ғайратингни асраб, кучингни беҳуда сарф этма, Альбус! Мактабинг қанчалик зўр эканлигини тавсифлаб ўтирмасанг ҳам бўлаверади. Мен бадарға бўлган одамдай яшаётган бўлсам-да, Долорес Амбриж ҳақида эшитдим! Ўқитувчи билан ҳам шундай муомала қилинадими?!
- Профессор Амбриж кентаврлар билан чиқишмай қолди, - деди Дамблдор, - Ишончим комилки, Гораций, сен Ман этилган ўрмонга кириб, дарғазаб подани ифлос чала зотлар, деб ҳақорат қилмаган бўлар эдинг.
- Вой аҳмоқ, шунақа қилиқ қилди дегин! Эси паст аёл! Ҳеч қачон жиним ёқтирмаган эди ўша қанжиқни.
Гарри кулиб юборди. Дамблдор билан Дивангард ҳайрон бўлиб, болага қарашди.
- Маъзур сананг, - тез тушунтириш берди Гарри, - Шунчаки... мен ҳам уни ёқтирмайман. Бор гап шу.
Дамблдор кутилмаганда ўрнидан турди.
- Кетяпсиз-ми? - умид-ла сўради Дивангард.
- Йўқ, ванна хонага кирмоқчи эдим, - жавоб берди Дамблдор.
- А, - деди, афтидан тарвузи қўлтиғидан тушган Дивангард, - Даҳлиз бўйлаб, чап қўлда, иккинчи эшик.
Дамблдор чиққан эшик ёпилгач, хонага сукунат чўкди. Нима билан машғул бўлишни билмай қолган Дивангард ўрнидан туриб, Гаррига ўғринча қараб қўйди. Сўнг, камин ёнига бориб, оловга тескари қараб турди-да, ўзининг кенг орқа томонини иситишга киришди.
- Сени бу ёққа нима мақсадда етаклаб келишганини билмайди, деб ўйлама.
Гарри жавоб бермай, нигоҳини Дивангарда қаратди. Дивангард эса серсув кўзини Гаррининг пешонасидаги яшин зигзаги шаклидаги чандиқдан юзига олиб ўтди.
- Отангга жуда ўхшар экансан.
- Ҳа, ҳамма шундай дейди, - жавоб қайтарди Гарри.
- Фақат кўзинг...
- Онамнинг кўзига ўхшайди, биламан.
Гарри кўзи ҳақида шу қадар кўп эшитганки, бундай гаплар кўнглига ура бошлади.
- Ҳм! Шунақа. Жуда соз. Ўқитувчига ўзи ёқтириб қолган ўқувчиларни ажратиб олиш мумкин эмас, албатта. Лекин у... Ойингни назарда тутяпман, - тушунтириш берди Дивангард, Гаррининг савол назаридаги нигоҳига жавобан, - Лили Эвансни. Энг истеъдодли ўқувчиларимдан бири бўлган. Жонли, ажойиб қиз! Мен унга доимо: «Сен менинг коллежимда таҳсил кўришинг керак», дер эдим. Табиийки, бунга жавобан қўрслик эшитганман.
- Сизнинг коллежингиз қайси бири бўлган?
- Мен «Слизерин» коллежининг мудири бўлганман, - жавоб берди Дивангард ва Гаррининг юзидаги ўзгаришни кўриб, йўғон бармоғи билан таҳдид қилди: - Ҳой! Ҳой! Журъат этма! Қаранг-а, лабини чўччайтириб олганини! Сен ойинг каби «Гриффиндор»да ўқийсан-ку, а? Одатда, бундай ҳолат оила таркибида кечади, бироқ истисно ҳоллар ҳам юз бериб туради. Сириус Блэк ҳақида эшитганмисан? Эшитган бўлсанг керак... Икки йилча олдин газеталарда ёзишган эди... У яқинда ўлди...
Аллақандай кўринмас қўл Гаррининг ичидаги бор нарсани тугиб юборди.
- Майли, ҳозир бунинг аҳамияти йўқ. Энг асосийси, отанг иккаласи қалин дўст бўлишган. Мен нима демоқчиман: Блэкларнинг ҳаммаси менинг коллежимда ўқишган, Сириус эса «Гриффиндор»га тушиб қолди! Шундай истеъдодли бола-я, фожиа! Менга эса табиийки, унинг укаси Регулюс насиб қилди, лекин мен оила жамоасининг жамини ўқитмоқчи эдим...
Дивангард худди аукцион савдосида ютқазиб қўйган муккасидан кетган коллекционердай куйиниб гапирди. У хотираларга берилганча, нигоҳсиз кўзини олдинга қаратиб олди. Фақат вақти-вақти билан орқаси бир текис исиши учун эринчоқ бурилиб бори.
- Ойинг магллар оиласида туғилганлардан бўлган, албатта... Илк бор эшитганимда бовар қилмаган эдим. Шундай қобилияти ила асилзода афсунгар бўлиши керак-ку.
- Менинг энг яқин дўстим ҳам магллар оиласида туғилганлардан, - таъкидлаб ўтди Гарри, - Ва айни вақтда тенгқурларимиз орасида энг ибратли ўқувчи қиз саналади.
- Шунақаси ҳам бўлар эканда, а? Жуда ғалати... - эҳтиётсиз фикр билдирди Дивангард.
- У қадар эмас, - қуруққина жавоб қайтарди Гарри.
- Фақат мени магл фобиясида айблашнинг кераги йўқ! - хитоб қилди қоши кўтарилган Дивангард, - Ойинг мен ёқтириб қолган ўқувчилардан бири бўлганини айтмадим-ми? Яна ҳам магллар оиласида туғилганлардан Дирк Крессуэлл деган ниҳоятда истеъдодли ўқувчим ҳам бор эди. Ҳозир у Гоблинлар билан алоқа департаментининг раҳбари. Гринготтснинг ички ишларига оид фойдали маълумотлар бериб турибди менга!
Мамнун иржайган Гораций пошнасида тебраниб, кўплаб одамларнинг сон-саноғи йўқ фотосуратлари терилган буфет томон имо қилди.
- Уларнинг ҳаммаси менинг ўқувчиларим, ўз қўллари билан дастхат қўйиб беришган. Қара, ҳў анави «Башорат-у, каромат газетаси»нинг бош муҳаррири Барнабас Бергабер. Доимо жорий ҳодисаларга оид фикр-мулоҳазаларимга қизиқиш билдириб юради. Мана буниси Канал Амброзий «Роҳат-луқум» қандолат дўконида ишлайди. Ҳар туғилган кунимга бир сават совға йўллайди. Чунки мен уни биринчи иш берувчиси Цицерон Херкисс билан таништириб қўйган эдим. Бўйнингни бироз чўзсанг, унинг орқасида турган «Граальхедлик гарпиялар» квидиш жамоасининг сардори Гвеног Жонсни кўрасан. Ниҳоятда довюрак қиз! Гарбиялар билан бу қадар яқиндан таниш эканлигимдан одамлар ҳайрон бўлишади! Истаган вақтимда бепул чипта! (Гарпия – тропик ўрмонларда яшайдиган қарчиғайлар оиласига мансуб йирик йиртқич қуш. Афсоналарда аёл бошли йиртқич қуш қиёфасидаги довул илоҳаси сифатида тавсифланадиган довул қуши.)
Афтидан, ушбу фикрнинг ўзи Дивангардни чексиз қувонтирмоқда.
- Уларнинг бари сизни қаердан қидириш, совғаларни қаёққа юборишни билишадими? - ҳайрон бўлди Гарри.
Модомики, Дивангард сал кам ҳар куни сават-сават совға олар, унга чипталар юборилар, фикр-мулоҳазаларига қизиқиш билдириб, маслаҳатини олгани ҳузурига меҳмонлар келар экан, қизиқ, нега шунча вақтдан буён Ўлимдан мириқувчилар уни топа олишмади, хаёлдан ўтказди Гарри.
Дивангарднинг юзидаги табассум, худди девордаги қон қатралари каби бир онда барҳам топди.
- Йўқ, албатта, - пўнғиллади у, - Бир йилдан буён ҳеч ким билан муомала қилмайман.
Дивангардни ўз айтган сўзлар ларзага келтирган кўринади, маълум вақт индамай қолди.
- Нима қилганда ҳам, - деди у елка қисиб, - Бизнинг замонимизда бекиниб юрган афзал. Дамблдор айтаверади... «Хогварц»га қайтиш Қақнус ордени аъзоси эканлигинг ҳақида оммага эълон қилиш билан баробардир! Уларнинг бари, ҳеч шубҳа йўқ-ки, мард кишилар, албатта. Бироқ... уларнинг ўлим билан якун топган фоиз ҳисобидаги сони менинг кўнглимга ёқмай турибди.
Ғорда яшашга мажбур бўлган Сириус каламуш еб кун кўрганини эслар экан, Гаррининг мана бу инжиқ Дивангардга ҳамдард бўлиши қийин кечмоқда.
- «Хогварц»да ўқитувчилик қилиш учун Орден аъзоси бўлиш шарт эмас, - деди у, истеҳзосини яхши бекита олмай, - Мактаб ўқитувчилари кўп эмас ва уларнинг ҳеч қайси бирини ҳали ўлдиришгани йўқ, Белкани ҳисобга олмасак, албатта. Лекин у ўзи айбдор – Вольдемортга ишлаган эди.
Дивангард даҳшатли исмни эшитиб, қўрқиб кетадиганлар тоифасига мансуб эканлигига Гаррининг ишончи комил эди. Кутгандай бўлиб чиқди: сесканиб кетган бақалоқ қария эътироз оҳангида оҳ уриб юборди. Бироқ Гарри унга эътибор қаратмай, фикрини давом этди:
- Умуман айтганда, Дамблдор директор экан, мактаб ўқитувчилари ҳаммадан ҳам яхши ҳимояланган. Вольдеморт фақат Дамблдордан қўрқишини ўзингиз яхши биласиз.
Дивангард, афтидан эшитганини обдан ўйлаб кўрди шекилли, овоз чиқармай, аллақандай бўшлиққа қараб турди.
- Ҳа, тўғри айтасан, - истар-истамас пўнғиллади у, - Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши Дамблдордан доимо нари қочиб юрган... Яна шуни айтмоқчиман-ки, мен Ўлимдан мириқувчилар сафига қўшилмадим ва шу боис, Исми-Ёдга-Олинмаслиги-Керак-Киши мени ўз дўсти, деб билмаслиги шубҳасиз... Демак, Альбуснинг ёнида бўлиш хавфсизроқ дегин... Қувлик қилмайман, Амелия Боунснинг ўлими чиндан ҳам мени руҳий ларзага келтирди... Вазирликда шунча таниш-билиши бўла туриб ҳам, у...
Хонага қайтиб кирган Дамблдорни кўрган Дивангард, худди у ҳам уйига ташриф буюрганини унутиб қўйгандек, сесканиб кетди.
- Ҳа, келдинг-ми, - деди у, - Нима бало, қорнинг оғриб қолди-ми?
- Маглларнинг журналларига маҳлиё бўлиб қолибман, - жавоб қайтарди Дамблдор, - Тўқиш ишларида қўлланиладиган жимжимадор безакларни ниҳоятда ёқтираман. Гарри, Горацийнинг меҳмондўстлигини ҳаддан ортиқ суиистеъмол қилиб юбордик, шекилли. Кетар вақтимиз бўлди.
Гарри армон қилмай, ўрнидан ирғиб турди. Бироқ Дивангард бирмунча маъюсланиб қолди.
- Бир пастда-я?
- Ҳа, вақт бўлди. Хатти-ҳаракатларим зое кетаётганини кўриш қобилиятим яхши ривожланган.
- Зое кетаётганини?
Дивангард ҳаяжонлана бошлади. Дамблдор сафар плашининг тугмаларини қадаётгани, Гарри эса нимчасининг занжирсимон ёпқичини тортаётганига қараб турар экан, йўғон бош бармоқларини тараддуд-ла айлантира бошлади.
- Менинг таклифим сенда қизиқиш уйғотмаганига жуда ачинаман, қадрдоним Гораций, - деди Дамблдор, соғ қўлини узатиб хайрлашар экан, - Биз сенинг «Хогварц»га қайтганингдан ниҳоятда хурсанд бўлар эдик. Агар меҳмон сифатида ташриф буюрмоқчи бўлсанг, марҳамат. Энг янги муҳофаза чоралари кўрилганидан қатъи назар, муносиб равишда кутиб оламиз.
- Ҳа... нима ҳам дер эдим... жуда яхши, албатта... олдин айтганимдек...
- Ундай бўлса, хайр.
- Хайр, - деди Гарри.
Икковлон эндигина чиқиш эшигига етган эди ҳам-ки, орқадан қичқириқ эшитилди:
- Хўп, яхши, яхши, розиман!
Дамблдор меҳмонхона остонасида ҳансираб турган Дивангард томон ўгирилди.
- Ҳаётингнинг қолган қисмини тинч ва оз бўлса ҳам, қулай шароитда ўтказиш истагини унутишга розимисан?
- Ҳа, ҳа, - сабрсиз бош ирғиди Дивангард, - Ақлимни еб қўяётган бўлсам ҳам майли, розиман.
- Жуда соз, - яшнаб кетди Дамблдор, - Ундай бўлса, Гораций, биринчи сентябрь куни учрашишга умид қиламан.
- Ҳа, албатта, - пўнғиллади Дивангард.
Боғ йўлакчасида кетаётган Гарри билан Дамблдорнинг қулоғига яна қичқириқ чалинди:
- Иш ҳақим оширилишини талаб қиламан!
Дамблдор қисқа хандон отиб қўйди. Боғ эшикчаси ёпилгач, икковлон қоронғилик ва паға-паға бўлиб буралаётган туман аро тепаликдан пастга туша бошлашди.
- Баракалла, Гарри, - мақтади Дамблдор.
- Мен ҳеч нима қилганим йўқ-ку, - ҳайрон бўлди Гарри.
- Сен ниҳоятда катта иш қилдинг, Горацийга «Хогварц»га қайтадиган бўлса, қандай наф кўришини исбот қилиб бера олдинг. У ёқди-ми сенга?
- Э-м-м...
Гарри ушбу саволга бир маънода жавоб беришга қийинчилик ҳис этди. Дивангард ўзи ёқимли киши бўлгани билан, ҳаддан ортиқ шуҳратпараст бўлиб кўринди. Аксини ишонтиришга минг уринмасин, магллар оиласида туғилган сеҳргарларга нисбатан нохолис муносабатга эгадир. Хайриятки буларнинг барини ифода этишдан Дамблдорнинг ўзи халос этди.
- Гораций хотиржам ҳаёт кечиришни жуда хуш кўради, - сўзлаб беришга киришди у, - Шу жумладан, машҳур, маълум бир соҳада муваффақият қозонган ва ҳокимият абзалини қўлга киритган шахслар билан шахсан таниш бўлишни ҳам. Ўша шахсларга таъсир ўтказа олиши унга ҳузур бахш этади. Тахтга эгалик қилишга ўзи ҳеч қачон интилмаган. Фикрича, тахт орқасида ўтирган маъқул, зеро, ибора ила айтиладиган бўлса, ўша ерда бемалол оёқ узатиб ўтириш мумкин экан. «Хогварц»да у доимо муайян мақсадга интилувчан, ақлли, истеъдодли ёки бирон-бир жиҳати ила мафтун қила биладиган ўқувчиларни ёқтириб, қолганлардан ажратиб олган. Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, келгусида машҳур бўлиб кетадиган ўқувчиларни бехато кўра билиш қобилияти ғайритабиий ривожланган. Гораций ўзига хос фаворитлар клубини яратиб, фойдали танишлар орттириш масаласида, уларга ёрдам берган ва табиийки, бундан ўзи ҳам наф кўрган. Ушбу наф қандай шаклга эга бўлишининг, айтайлик, бепул келадиган бир қути ананас цукат бўлсин ёки Гоблинлар билан алоқа департаментига ўз одамини тавсия этиш имкони бўлсин, аҳамияти йўқ. (Цукат – шакарланган мева ёки мева пўстлоғи)
Шу заҳоти Гаррининг тасаввурида индамай тўр тўқиб, каттагина, ширали чивинни ўзига яқинроқ келтириш учун вақти-вақти билан ип тортаётган йирик семиз ўргимчак гавдаланди.
- Мен бу гапларнинг барини сенда Горацийга нисбатан, айтгандай, энди уни профессор Дивангард, деб чақириш керак бўлади, қарши кайфият уйғотиш учун айтаётганим йўқ, - давом этди Дамблдор, - Огоҳ бўлишинг учун айтмоқдаман. Ҳеч шубҳа йўқ-ки, у сени энг қимматли шахс сифатида, ўз коллекцияси таркибига киритишга уриниб кўради. Ахир сен Омон қолган ёки нима деб аташади сени ҳозир, Мумтоз боланинг ўзи сан-ку.
Гаррининг эти туман таъсиридан эмас, бир неча ҳафта муқаддам ўзига хос мудҳиш оҳангда эшитилган башорат мазмунидаги сўзларни эслаганидан увушиб кетди.
... улардан бири, иккинчисининг қўлидан ажал топади, иккаласидан фақат бири жангдан омон чиқади...
- Назаримда, етади, - деди Дамблдор черков қаршисида тўхтаб, - Илтимос, қўлимни ушлаб ол.
Бу сафар Гарри ҳавода даф бўлишга руҳан ҳозирланиб олди, бироқ шундай бўлса-да, жараён унга ҳузур бахш этмади. Босим таъсири ўтиб, яна бемалол нафас ола бошлагач, Дамблдор иккаласи қалбини қувонтирадиган иккита жойдан бири Бошпана яқинида пайдо бўлиб қолганини англаб, ўзини анча енгил ҳис этди. У ерда Рон... миссис Уэсли ва унинг жамики мазали таомлари бор.
- Агар эътироз билдирмасанг, Гарри, - деди Дамблдор, ҳовли эшигидан ўтишар экан, - Хайрлашишимиздан олдин сен билан холи гаплашиб олмоқчи эдим. Эҳтимол бу ёққа кирармиз?
Дамблдор Уэслилар оиласининг путурдан кетган супурги сақлаш саройчаси томон имо қилди. Бироз ҳайрон бўлган Гарри Дамблдорнинг кетидан бориб, ғижирлаб очилган эшик орқали остона ҳатлаб кирди. Саройчанинг ўлчами буфетдан кичикроқ. Дамблдор сеҳрли таёқчасини ёқиб, Гаррига кулиб боқди.
- Мавзуни чўзиб юборганимдан хафа бўлмайсан деган умиддаман-у, вазирликда рўй берган фожиадан сўнг, ўзингни тута олишингдан мен нафақат мамнунман, балки сен билан фахрланаман ҳам. Ишончим комилки, Сириус ҳам сен билан фахрланган бўлар эди.
Ютиниб қўйган Гарри гапириш қобилиятини йўқотиб қўйгандек бўлди. Вернон амакининг: «Унинг чўқинтирган отаси ўлди-ми?» деб берган саволини эшитиш юрагига оғир ботган эди. Дамблдорнинг Сириусни йўл-йўлакай эсга олгани эса янада кучли оғриқ берди.
- Бир-бирингизни дурустроқ билиб олишга имкон бермаган тақдир сизларни сийламади, - деди Дамблдор мулойим овозда, - Иккалангизнинг муносабатларингиз, ҳеч шубҳа йўқ-ки, узоқ ва яхши давом этган бўлар эди.
Гарри Дамблдорнинг шляпасида ўрмалаб юрган ўргимчакдан кўзини узмай, бош ирғиб қўйди. Унинг ҳозирги ҳолати, ичидан нималар ўтаётганини Дамблдор билиб тургани аён. Ундан хат келгунга қадар Гарри овқатланишдан деярли бош тортиб, узоқ кунлар дераза ортидаги туманга маънисиз қараганча ётгани, қалбида эса дементорларга дуч келганда юз берадиган каби, бутун вужудини музлатиб юборадиган тубсиз бўшлиқ ҳис этганини ҳам фаҳмлаган бўлса, ажаб эмас.
- У энди менга ҳеч қачон хат йўлламаслигини тасаввур қилиш жуда қийин, - деди ниҳоят Гарри, паст овозда.
Унинг кўзи кутилмаганда ачишиб, киприк қоқди. У ўз иқроридан уялди, бироқ чўқинтирган отаси бўлган қисқа вақт давомида бу ёруғ жаҳонда Гаррини ўз ота-онаси каби қадрли биладиган яна бир киши борлигини билиб яшаш шуурига илиқлик бераётган эди... Энди эса бойқуш почтаси ҳеч қандай қувонч бахш эта олмайди...
- Сириус, сен муқаддам билмаган кўп нарсаларни бера олди, - давом этди Дамблдор, - Бу, ўрни қопланмайдиган йўқотиш, албатта.
- Лекин Дурсллар уйида ўтирар эканман, - гапни бўлди овози сал дадиллашган Гарри, - Ҳаммадан бекиниб олиш... руҳан синиб, таслим бўлиш мумкин эмаслигини англадим. Сириус бундай ҳолатга тушиб қолишимни истамаган бўлар эди, шундай эмасми? Умуман айтганда, умр шу қадар қисқа эканки... Боунс хоним, Эммелина Вансни олайлик... кейингиси мен бўлишим мумкин-ку. Шундай бўлганда ҳам, - курашга шай оҳангда давом этди у, Дамблдорнинг сеҳрли таёқча шуъласида ярқираётган мовий кўзига тик қараб, - Ўзим билан имкон қадар кўпроқ Ўлимдан мириқувчилар-у, Вольдемортнинг ўзини олиб кетишга уриниб кўраман.
- Ўз ота-онасининг муносиб ўғли ва Сириус чўқинтирган бола лафзидан чиққан сўзлар! - деди Дамблдор, Гаррининг елкасига маъқуллаганча уриб қўйиб, - Агар устингга ўргимчаклар тўкилиб кетмаганида, қаршингда шляпамни ечган бўлар эдим. Энди Гарри, бугунги куннинг энг мавзусига ўтамиз. Тўғри тушунган бўлсам, сўнгги икки ҳафта давомида сен «Башорат-у, каромат газетаси»да чоп этилган мақолаларни диққат билан кузатиб боргансан, шундайми?
- Ҳа, шундай, - деди юрак уриши тезлашган Гарри.
- Ундай бўлса, айрим маълумотлар ошкор бўлгани, аниқроқ айтиладиган бўлса, Башоратлар залида бўлиб ўтган ҳодисалар кенг омма эътиборига ҳавола этилгани ҳам, назарингдан четда қолмаган, албатта.
- Ҳа, - деди Гарри, - Энди ҳамма билади, мен...
- Йўқ, билмайди, - эътироз билдирди Дамблдор, - Бу ёруғ оламда ўша башоратда нима дейилганидан воқиф бўлган фақат икки киши яшайди холос. Ўша иккала киши ҳозир мана бу сассиқ, ўргамчиклар ўзига макон қилиб олган саройчада турибди. Бироқ кўпчилик чиндан ҳам, Ўлимдан мириқувчилар Лорд Вольдемортнинг амрига биноан башорат шарини ўғирлаб чиқишмоқчи бўлгани ва ўша башорат айнан сенга тааллуқли эканлигини фаҳмлаган. Қани энди менга айт-чи, башорат мазмунини билишингни ҳеч кимга айтганинг йўқми?
- Йўқ, айтганим йўқ, - жавоб берди Гарри.
- Фавқулодда тўғри қарор қабул қилибсан, - мақтади Дамблдор, - Бироқ ўз дўстларинг мистер Рон Уэсли ва мисс Гермиона Грэнжерга истисно тариқасида маълум қилишинг мумкин. Ҳа, ҳа, - бош ирғиди у, Гаррининг ҳайрон бўлганини кўриб, - Ўйлашимча, улар бохабар бўлишлари керак. Бундай муҳим маълумотни улардан сир тутиш адолатдан эмас.
- Мен истамаган бўлар эдим, уларни...
- Ташвишга қўйиб, чўчитиб юборишни-ми? - сўради Дамблдор, ғайриоддий кўзойнаги узра Гаррига синчковлик билан қараб, - Ёки ўзинг ҳам ташвишга тушиб, чўчиб кетганингга иқрор бўлишданми? Дўстларинг сенга керак, Гарри. Тўғри айтдинг, Сириус тарки дунё кайфиятида юришингни истамаган бўлар эди.
Гарри индамади. Дамблдор жавоб кутмаган шекилли, давом этди:
- Умуман айтганда, биринчи масала билан боғлиқ иккинчи масала ҳам бор. Фикримча, бу йил мен шахсан ўзим сен билан якка тартибда машғулотлар ўтишим керак.
- Мен билан? Якка тартибда?
- Ҳа. Сенинг таълим олишингда фаол иштирок этишим лозим бўлган вақт етган кўринади.
- Нималарни ўргатмоқчисиз менга?
- Шунчаки, у бу нарсаларни, - беғам оҳангда жавоб қайтарди Дамблдор.
Гарри бирон-бир тушунтириш эшитишга умид қилди-ю, Дамблдордан бу масалада садо чиқмади. Шунда Гарри ташвишга солаётган бошқа саволни берди:
- Модомики, сизнинг дарсларингизга қатнар эканман, демак Снеггнинг окклуменция борасидаги машғулотларига қатнамайман, шундайми?
- Профессор Снеггнинг, Гарри... йўқ, қатнамайсан.
- Жуда соз, - енгил тортиб, нафас чиқарди Гарри, - Чунки бу...
- Муваффақиятсизлик бўлди, десанг, тўғри бўлади, - бош ирғиди Дамблдор.
Гарри кулиб юборди.
- Бундан чиқди, энди профессор Снегг билан камдан-кам юз кўришамиз! Чунки, агар мен МОСДнинг зарурий савиясига эга бўлиш учун «Олий» баҳо олмаган бўлсам, олмаганлигимни эса биламан, сеҳрли дамламалар тайёрлаш фани машғулотларига қатнаш менга таҳдид солмайди.
- Бойқушларни хат етказганларидан кейин санашади, - деди Дамблдор, қатъий оҳангда, - Хатлар эса таъкидлаб ўтмоқ жоизки, айнан бугун етказилади. Фақат сал кечроқ. Энди Гарри, хайрлашишдан олдин яна иккита муҳим масалани муҳокама қилиб олишимиз керак. Биринчидан, сендан илтимос, айни шу дамдан эътиборан кўринмас плашинг ҳатто «Хогварц»да бўлганингда ҳам, доимо ёнингда бўлсин. Ҳар эҳтимолга қарши, тушуняпсан-ми?
Гарри бош ирғиб қўйди.
- Иккинчидан, Бошпанада бўладиган вақтинг давомида бу жой сеҳргарлик вазирлиги тақдим эта биладиган жамики эҳтиёт чоралари ила муҳофаза қилинган. Бу Молли ва Артур учун бироз ноқулай кечади, албатта. Мисол учун, уларнинг жамики почта жўнатмалари текширувдан ўтказилади. Бироқ улар ушбу масалада эътироз билдиришгани йўқ. Негаки, биринчи навбатда сенинг хавфсизлигинг масаласида жон куйдиришмоқда. Шундай экан, Гарри, ушбу оиланинг парваришида бўла туриб, ҳаётингни хавф остига қўядиган хатти-ҳаракат бажарадиган бўлсанг, нонкўрлик қилган бўласан.
- Тушундим, - тез жавоб берди Гарри.
- Жуда соз, - деди Дамблдор, саройча эшигини туртганча, ҳовлига чиқиб, - Ошхонада чироқ ёниқ. Озиб кетганинг борасида Моллига ваҳима кўтариш имконини берайлик.
Admin · Просмотров: 849 · Оставить комментарий
27 Июл 2015. 10:52:23

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p147.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)