Календарь

Июль 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031   

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 2

rss Синдикация

VII. ГАРРИ ПОТТЕР ВА АЖАЛ ТУҲФАЛАРИ

ИККИНЧИ БОБ. АЛЬБУС ДАМБЛДОР ХОТИРАСИГА

Қонаган ўнг қўлини чап қўли билан сиқиб олган Гарри, пичирлаб сўкинганча, ётоқхонасининг кириш эшигини елка билан туртиб очди. Остона ҳатлаб, оёқ остидаги совуқ чой қуйилган чашкани босиб олди.
- Бу нимаси...
Одамовилар хиёбонидаги 4- уйнинг зинасида ҳеч ким кўринмади. Эҳтимол бу Дудлининг ақлига келган қўпол ҳазилдир? Гарри қонаётган қўлини осилган аҳволда тутиб, бўш қўли билан чашка парчаларини териб олди-да, шундоқ ҳам тўлган чиқинди саватига ташлади. Шундан сўнг ваннахона томон юриб, қўлини жўмрак остига тутди.
Киши ғазабини қайнатадиган аҳмоқлик: сеҳр билан шуғуллана олиши учун яна тўрт кун кутиши керак... Лекин Гарри тан олиши керакки, сеҳр билан шуғулланишга ҳақли бўлгани билан бармоғининг кесиб олган жойини бари-бир даволай олмайди. Чунки жароҳатни сеҳр воситасида тузатиш муолажаларини билмайди. Ўхшаш нарсалар борасида, айниқса, келгуси хатти-ҳаракатлар режасини тузиш жараёнида ўйланар экан, билими ҳали анчагина чала эканлигига кун сайин иқрор бўлиб бормоқда. Гермионадан сўраб олиш керак экан, деган хаёлий қайдлар ҳам анчагина тўпланиб қолган. Гарри газета бўлаги билан чой тўкилган жойни артган бўлди-да, ётоқхонасига кириб, эшикни ичкаридан бекитди.
Эрталабки вақтни Гарри мактаб сандиғини бўшатишдан бошлади. Бу ишни у олти йилдан буён қилмаган. Одатда у, буюмларининг тўртдан уч қисмини чиқариб, сандиқ тубидаги майда-чуйда нарсаларнинг анчасини тегмаган. Улар жумласига эски пат-қаламлар, қўнғиз кўзлари, кичкина бўлиб қолган пайпоқ пойлари киради. Бир неча дақиқа олдин қўлини сандиқ тубига киритиб сўфи бармоғини кесиб олди.
Энди у эҳтиёткорона иш тутмоқда. Сандиқ олдида тиз чўкканча турар экан, слизеринчиларнинг ««Хогварц»нинг ҳақиқий чемпионликка даъвогари – Седрик Диггорини қўллаб-қувватланг!», «Поттер – бадбўй» ёзувлари битилган кўкрак нишонларини, эскириб, дарз кетган Офатскоп, ичига Р.А.Б. исмли киши имзолаган ёзув жойланган медальон ва ниҳоят, бармоғини кесиб жароҳат етказган буюм – бир вақтлар чўқинтирган отаси Сириус берган сеҳрли кўзгунинг беш сантиметрли парчасини топди. Гарри кўзгу парчасини бир четга қўйиб, унинг бошқа бўлакларини териб ташлаш мақсадида сандиқ тубини пайпаслади. Аммо чўқинтирган отасининг сўнгги совғасидан, упадай майда уқаланиб, қуёшли кунда ялтираётган қум сингари товланаётган шиша майдасидан ўзга ҳеч нарса топилмади.
Гарри бармоғини кесган қинғир синиқ кўзгу бўлагини қўлига олиб, унда ўз кўзининг яшил аксидан бошқа нарсани кўрмади. Бўлакни каравотда ётган эрталабки «Башорат-у, каромат газетаси»нинг устига ташлаб, сандиқдаги чиқиндиларнинг қолган қисми билан шуғулланганча, синган ушбу кўзгу сирини аниқлай олмагани ҳақидаги хотира ва афсусларни хаёлдан нари қувишга уринди.
Сандиқни охиригача тозалаш, фойдасиз буюмлардан халос бўлиш, қолган нарсаларни эса керак бўлиб қолиши мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган нарсаларга саралаб чиқишга яна бир соат вақт кетди. Мактаб ва Квидиш ридолари, қозон, пергамент ўрамлари, пат-қаламлар ва аксарият дарсликлар хона бурчагига, шу ерда қолдириладиган нарсалар сифатида тахланди. Холаси билан амакиси ушбу нарсаларни нима қилган бўлиши мумкин, деган савол қизиқтириб қолди. Тун ярмида, мудҳиш жиноятнинг ашёвий далиллари сифатида ёқиб юборишса керак. Унинг одатий кийими, кўринмас плаш, дамлама тайёрлаш тўплами, айрим китоблар, Хагрид совға қилган фотосуратлар альбоми, хатлар дастаси ва сеҳрли таёқчаси эски юк халтасига жойланди. Олд киссасига Кафандўз харитаси ва ичига Р.А.Б. исмли киши имзолаган ёзув жойланган медальонни солди. Медальонга бундай жой, унинг қимматли буюм бўлгани учун эмас, аслида у сариқ чақага арзимас нарса бўлса-да, қўлга киритиш йўлида берилган катта қурбонлик учун ажратилди.
Стол устида Гаррининг Дурсллар хонадонида бўлган ҳар бир кунида биттадан етказиб келтирилган газета уюми билан қутб бойқуши Хедвиг қолди.
Гарри ўрнидан туриб яхшилаб керишиб олди-да, стол ёнига бориб газеталарни чиқинди уюмига битта-битта улоқтира бошлади. Хедвиг бу вақтда ўрнидан қилт этмади. Бойқуш афтидан, ё чиндан ҳам ухлаяпти, ё қафасдан кам чиқаргани учун Гаррига зарда қиляпти.
Газета уюмининг охири кўриниб қолганда Гарри тўхтаб, ёз фаслини ўтказиш учун Одамовилар хиёбонидаги уйга келган илк кунлари олган газета сонини қидира бошлади. Бош мақолада «Хогварц»нинг маглшунослик фани ўқитувчиси Чарити Бёрбэйж тилга олинган эди. Ҳа, мана ўша сони. Гарри курсига астойдил жойлашиб олди-да, ўнинчи саҳифани очиб, қидирган мақоласини такрор ўқишга киришди.

Альбус Дамблдор хотирасига
Муаллиф Эльфиас Дож

Мен Альбус Дамблдор билан ўн бир ёшимда, «Хогварц» остонасидан ҳатлаб ўтган биринчи кунимда танишганман. Бошдан ўтган кунларимиз ўхшаш бўлгани, аниқроқ айтганда, иккаламиз ҳам мактабга радди маърака бўлиб келганимиз – бир-биримизни яхши тушуниб, яқин кўришимизга сабаб бўлган.
Биринчи синфга келиш арафасида аждар сувчечагига гирифтор бўлган эдим. Яшил ғуддача босган юзим, ҳатто тузалиб кетганимдан кейин ҳам, кўпчиликни мендан нари юришга мажбур қилган. Альбуснинг номига эса мактабга бироз доғ тушган.
Биринчи синфга келишидан бир йил олдин, унинг отаси Персиваль ёш маглларнинг уч нафарини шафқатсиз калтаклаганида айбланган. Альбус Азкабанга қамалган отасининг жиноятини рад этишга уринмади ҳам, аксинча, бу ҳақда ўзидан сўрашга журъат этганимда, отасининг айбидан бохабар эканлигини айтди. Бошқа ғамгин нарсалар ҳақида эса, айримлар ҳатто мажбур қилишга уринган бўлишига қарамай, гапиришдан бош тортиб юрди.
Дарҳақиқат, баъзилар уни, магллардан, худди отаси каби нафратланадиган одам сифатида кўрган. Лекин улар қаттиқ янглишган. Альбусни яхши таниган ҳар қандай киши, унинг маглларга нисбатан ҳеч қандай хусумати бўлмаган дея олиши мумкин. Аксинча, магллар ҳуқуқини қўллаб-қувватлагани учун, унга нисбатан адоват руҳида юрганлар сони ошган.
Биринчи синфда таҳсил кўра бошлаганига бир неча ой бўлар-бўлмас, Альбус ўз шуҳрати ила отасининг ёмон отлиқ номини хиралаштирди. Ўқув йилининг охирида эса одамлар уни магллардан нафратланадиган кишининг боласи сифатида эмас, балки мактаб тарихидаги энг иқтидорли ўқувчилардан бири сифатида тан олишди. У билан дўст тутинган одамларнинг омади чопди: кўп нарсаларни ўрганиб, ёрдамидан баҳраманд бўлишди. Ўша даврда билимга чанқоқ, ўқишга қизиқиши катта бўлгани ҳақида вақт ўтиб, менга иқрор бўлган.
У мактабда қўлга киритиш мумкин бўлган совринларнинг барига сазовор бўлибгина қолмай, буюк алкимёгар Николас Фламель, ажойиб тарихчи Батильда Бэгшот ва сеҳргарлик назариётчиси Адальберт Уолфлинг билан бевосита мулоқотда бўлди. Унинг бир нечта илк илмий ишлари Қиёфа алмаштиришнинг бугунги ютуқлари, Афсун воситасида синовлар, Амалиётда қўлланилаётган дамламалар каби газета ва журналларда чоп этилди. Кейинчалик Дамблдорнинг юксалиши ёруғлик тезлигидай кечиб, сеҳргарлик вазири лавозимини эгаллаши муқаррар масала бўлиб қолди. Гарчи одамлар, ушбу тахминни тез-тез башорат қилиб боришган бўлса-да, Дамблдорда вазирликка хос истеъдод бўлмаган, вазирлик курсисини эгаллашга интилиши ҳеч қачон кузатилмаган.
«Хогварц» остонасини ҳатлаб ўтган кунимиздан уч йил ўтгач, мактабга Альбуснинг укаси Аберфорс келди. Ака-укалар бир-бирига ўхшамас эди. Аберфорс китоб ўқишни ёқтирмас, мунозарали масалани мулоҳазали суҳбат тарзида эмас дуэль воситасида ҳал этишни афзал кўрар эди. Кўпчилик ака-ука Дамблдорлар орасида дўстона муносабат бўлмаган дея олади. Альбуснинг соясида яшаш Аберфорсга малол келган.
Альбус иккаламиз мактабни тамомлагач, ўша даврда удум бўлгани каби, касбий фаолият айириб юборгунга қадар дунёни айланиб чиқиш, хорижий сеҳргарлар билан танишишга аҳд қилдик. Минг афсуски, Дамблдорлар оиласида бахтсизлик рўй берди. Альбуснинг онаси Кендра тўнғич ўғлини оила боши сифатида қолдириб, фоний дунёни тарк этди. Кендра билан видолашиш мақсадида сафаримни кейинга суриб, дафн маросимидан сўнг йўлга чиқдим. Қарамоғида укаси билан синглиси қолган Альбус, табиийки, менга ҳамроҳ бўла олмади.
Мулоқотимиз тобора қисқариб борди. Мен Альбусга Грециядаги уч бошли ўтсочар ҳайвонлар-у, Миср алкимёгарларининг тажрибалари каби, кўрган-билган барча мўъжизаларимни тавсифлаб бордим. Унинг жавоблари эса Альбусдек истеъдодли сеҳргар учун зерикарли бўлмиш кундалик оилавий ҳаёт ҳақида сўзлар эди. Вақт ўтиб, Дамблдорлар оиласининг бошига яна бир бахтсизлик тушгани, Альбуснинг синглиси Ариана ҳам вафот этганидан хабар топдим.
Соғлиги шундоқ ҳам яхши бўлмаган синглисини онасининг вафоти эзиб юборган. Мен ва Альбусга яқин бўлган одамлар, унинг табиатига синглиси Ариананинг ўлими ва ака сифатида зиммасидаги жавобгарлик масъулияти (гарчи у, табиийки, сингилнинг ўлимида айбдор бўлмаса-да) қаттиқ таъсир ўтказган деб биламиз.
Уйга қайтиб, қаршимда турган дўстимни, аксарият қарияларга нисбатан кўпроқ нарсаларни бошдан кечирган йигит сифатида топдим. Альбус энди илгаригидек хушчақчақ эмас эди. Сингилнинг ўлими ака-укаларни бир-биридан баттар узоқлаштирди. Вақт ўтиб, иккаласининг орасида оила даражасида яқин бўлмаса-да, ҳар қалай илиқ муносабат тикланди. Шундай бўлса ҳам, Альбус ўз ота-онаси ёки синглиси Ариана ҳақида камдан-кам гапирар, дўстлари эса уларни тилга олишмас эди.
Альбуснинг ўша кунлардан кейин кўрсатган хизматлари ҳақида бироз тўхталиб ўтаман. Дамблдор аждар қонидан фойдаланишнинг ўн икки усулини кашф этган. Кўплаб илмий ишлари ила сеҳргарлар элатининг билимини ошириш масаласига улкан ҳисса қўша билган. Альбус сеҳргарлар жамиятининг келгуси авлодига кўп нарсалар қолдирди, унинг ҳайратомуз оқиллиги эса Оқил Суднинг сеҳргар мудири лавозимида намоён бўлди. Бироқ мен бошқа нарсани, у ҳам бўлса, Дамблдор 1945 йили ёвуз сеҳргар Гриндельвальд устидан ғалаба қозонганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Иккаласининг дуэлини кўрган одамлар, қудратли сеҳр жангини кўриб ҳис этган туйғуларини даҳшат-ла ва айни вақтда қойил қолган ҳолда ҳикоя қилиб беришган. Дамблдорнинг ўша ғалабаси ва ғалабадан кейин қўлга киритган натижалар аҳамияти сеҳргарлар жамиятининг ҳаётида рўй берган туб бурилишга, мисол учун Сеҳргарлик фаолиятини сир тутиш тўғрисидаги халқаро битимнинг имзоланиши ёки Ўзингиз-Биласиз-Кимнинг ҳокимиятдан қулашига тенглаштирилади.
Дамблдор ҳеч қачон ҳар қандай киши табиатида, уни қадрлашга муносиб, одамларнинг кўзига кўринмайдиган жиҳатларни топа билиш қобилияти ила мақтанмаган. Лекин оилавий йўқотишлар ўзининг табиатида одамийлик фазилатлари ва ҳамдардлик қобилияти кучли ривожланишига туртки бўлди. Альбус Дамблдор ва унинг дўстлиги менга, баён эта билишимдан ҳам кўра кўпроқ етишмаслиги аниқ, лекин менинг ушбу йўқотишим сеҳргарлик оламининг йўқотиши олдида ҳеч гап эмас. Шубҳа йўқ-ки, Дамблдор «Хогварц»нинг илҳом бахш этадиган, энг севимли директори бўлган. У қандай яшаган бўлса, шундай ўлим топди: сўнгги нафасигача яхшилик ва эзгулик хизматида бўлди, бир вақтлар аждар сувчечаги билан касаллан болачага қўл узатганда қандай самимий бўлган бўлса, шундай қолди.


Гарри таъзияномани ўқиб тугатган бўлса ҳам кўзини Дамблдорнинг матн ёнига жойлашган суратидан уза олмади. Қариянинг юзида ўша табассум, ярим ой шаклидаги ўша кўзойнак ва ўша-ўша нигоҳ сақланиб қолган. Гаррининг назарида, ҳатто фотосурат орқали ҳам, кўзойнак узра қараётган ушбу нигоҳ кишининг ич-ичини кўриб, бир вақтнинг ўзида ҳам алам азобини, ҳам хижолатни ҳис этишга мажбур қилмоқда.
Шу кунга қадар қарияни жуда яхши ўрганиб чиққанига комил ишонч билдирган Гарри, аслида у ҳақда ҳеч нарса билмаслигини, Дамблдор гўё бир умр оппоқ сочли қария бўлиб юргандай, уни бола ёки ўспирин қиёфасида ҳеч тасаввур этмаганини идрок этди. Гермионани калтафаҳм қиз ёки унинг мушуги Маймоқоёқни табиатан одамга хайрихоҳ жонивор сифатида тасаввур этиши қанча қийин кечса, Дамблдорнинг ёш йигитча сифатида гавдаланиши шунча мушкул кечди.
Эслаб кўрса, ўтмиши ҳақида сўзлаб беришни Дамблдордан илтимос қилишни Гарри хаёлига ҳам келтирмаган, Гриндельвальд билан ўтган ўша афсонавий дуэли ёки сеҳргарлик соҳасидаги машҳур ихтиролари ҳақида, ақлга тўғри келмаса-да, бирон марта бўлсин, сўрамаган экан. Иккаласи доимо муҳокама қилган мавзу фақат Гарри бўлган, Гаррининг ўтмиши, Гаррининг келажаги, Гаррининг режалари бўлган. Ҳа, имконият қўлдан кетди, энди Гарри Дамблдордан ўзи ҳақида сўзлаб беришни илтимос қила олмайди. Лекин Гарри Кўнгилдаги орзулар кўзгуси олдида шахсий бир масалани Дамблдордан сўраб билишга улгурган, гарчи қария ўшанда ҳам жавоб беришда қувлик қилган бўлса-да.
Гарри биринчи синфда ўқиб юрган давридаги суҳбатни эслади:

- Сэр... Профессор Дамблдор, Сиздан бир нарсани сўрасам бўладими?
- Албатта, зеро сен бу ишни қилиб бўлдинг, - кулиб боқди Дамблдор, - Лекин яна бирон нарсани сўраб билишинг мумкин.
- Сизга нима кўринади, ушбу кўзгуда?
- Менга-ми? Қўлимда ип-газламадан тўқилган қалингина пайпоқни ушлаб турганим кўринади. Пайпоқнинг кўпи бўлмайди, - тушунтирди Дамблдор, бақрайиб қолган Гаррига, - Мана умримнинг яна бир Рождествоси ўтиб кетди, менга эса ҳеч ким пайпоқ совға қилмади. Негадир ҳамма менга фақат китоб совға қилиш керак деб ўйлайди.


Бир неча дақиқа ўйланиб қолган Гарри «Башорат-у, каромат газетаси»даги ушбу мақолани шартта йиртиб олиб тахлади-да, «Муҳофаза қиладиган амалий сеҳр-жоду ва унинг ёвуз кучларга қарши қўлланилиши» китоблар тўпламининг биринчи жилди ичига жойлади. Газетанинг қолган қисмини чиқиндилар уюмига ташлаб, хонани кўздан кечириб чиқди. Энди хона анча тоза, фақат унинг нариги томонидаги каравот устида «Башорат-у, каромат газетаси»нинг яна бир сони, унинг устида эса кўзгу бўлаги ётибди.
Гарри каравот ёнига келиб, кўзгу бўлагини нари сурди-да, газетани ёзди. Шу бугун эрталаб етказиш хизматининг бойқуши келтирган ушбу газетанинг сарлавҳасига қараб, Вольдеморт ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини кўргач, четга ташлаб қўйган эди. Гаррининг назарида Сеҳргарлик вазирлиги «Башорат-у, каромат газетаси»дан Вольдеморт ҳақидаги янгиликларни имкон қадар кам беришни талаб этмоқда. Энди эса, ўхшаш маълумот борлигини фаҳмлади.
Бош мақоланинг қуйи қисмидаги Дамблдорнинг безовта ҳолатида тушган фотосурати устида сарлавҳа чўзиб ёзилган:

Дамблдор – ҳақиқатми ниҳоят?

Аксарият одамлар томонидан ўз даврининг буюк сеҳргари дея эътироф этилган, ҳеч шубҳасиз зўр истеъдод соҳиби бўлган шахс ҳақида тайёрланган, кўпчиликни хижолатда қолдирадиган ҳикоя келаси ҳафтада чоп этилади. Ҳаммага яхши таниш кумуш соқолли донишманд қиёфасига эга ниқобни ечишга муваффақ бўлган Рита Вритер Дамблдорнинг оғир кечган болалиги, ён бермаган йигитлик даври, кети кўринмаган жанжаллар ва ўзи билан гўрга олиб кетган жамики сирларни тўсган пардани оча билди. Нега у сеҳргарлик вазири лавозимини рад этиб, мактаб директори бўлганча қолишни истади? Қақнус ордени номи ила маълум бўлган махфий ташкилот аслида нимага эришмоқчи? Дамблдор аслида қандай ўлим топди?
Санаб ўтилган ушбу масалалар ва кўплаб бошқа саволларга жавобни ҳар қандай кишини эсанкиратиб қўядиган таржимаи ҳол баёнида, хусусан, Рита Вритернинг қаламига мансуб «Альбус Дамблдорнинг ҳаёти ва ёлғони» дея номланган янги ҳикоясида топасиз. Рита Вритернинг газетамиз мухбири Бэтти Брэтвэйрга истисно тариқасида берган интервьюсини 13- саҳифада ўқинг.


Гарри газетани шиддат-ла варақлаб, 13- саҳифани очди. Мақола матни устида яна бир таниш чеҳра кўринди: газетхонларни ғолибона тиржаётган, кўзига гардиши чиройли кўзойнак таққан жингалак сочли аёл қутламоқда. Суратни эътиборсиз қолдиришга уринган Гарри мутолаани давом этди.

Ижодий фаолиятига тааллуқли мақолалар уйғотадиган таассуротга нисбатан қарайдиган бўлсак, Рита Вритер ҳаётда анча ёқимли аёл экан. У мени шинамгина уйининг даҳлизида қарши олар экан, бир пиёла иссиқ чой, мазали торт бўлаги ва паға-паға буғ чиқаётган бир қозон миш-миш гап билан меҳмон қилиш учун ошхонага таклиф қилди.
- Дамблдор – ҳар қандай биографнинг орзусидир, албатта, - гап бошлади Рита Вритер, - Турли туман ҳодисаларга бой узоқ ҳаёт. Ишончим комилки, менинг китобим келгусида ёзиладиган китоблар, ҳа, жуда кўп ёзиладиган китоблар орасида энг биринчиси бўлади.
Рита Вритер ҳали бу қадар тезкорлик намоён этмаган. Дамблдорнинг сирли ўлимидан тўрт ҳафта ўтар-ўтмас, ижодий маҳсулининг ҳажми тўқсон саҳифадан ошибди. Бу қадар тез ишлашга қандай эришгани билан қизиқдим.
- Журналистика соҳасида мендай катта тажрибага эришсангиз, мақолани мавридида ёзиб битказиш киши табиатининг эҳтиёжига айланиб қолишини биласиз. Дунё сеҳргарлари Дамблдор ҳақида бор гапни билишни исташи кундай равшан. Шундай экан, уларга бундай имкониятни ҳавола эта биладиган биринчи ёзувчи бўлишни истадим.
Оқил Суднинг холис маслаҳатчиси, Дамблдорнинг болаликдан қадрдон бўлиб келган дўсти Эльфиас Дожнинг: «Рита Вритер ёзадиган ўша китоб мазмуни шоколад бақа қутиси ичидан топиладиган қоғоз бўлагидаги матн мазмунидан кўп бой бўлмайди», - деганини гап орасида эслатиб ўтган эдим, Рита Вритернинг бошни орқага ташлаб хандон отиш хуружи тутиб қолди.
- Беозор Дожи! Сув париларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида ундан олган интервьюм эсимга тушиб қолди. Қариянинг эси аллақачон оғиб бўлган. Унинг назарида гўё у мен билан бирга Виндермер кўлининг тубига тушган-у, гулмоҳини кузатиб бориш кераклигини эслатиб ўтирди.
- Нима қилганда ҳам Эльфиас Дожнинг баёноти, кўплаб одамларнинг мазмунан ўхшаш даъволаридан биридир. Наҳотки Рита Вритер атиги тўрт ҳафта ичида Альбус Дамблдорнинг узоқ ва сермазмун ҳаётини тўлиқ ёрита олган бўлса?
- Қадрдоним, - яшнаганча жавоб берди аёл, - Галеон тўла ҳамён, «йўқ» жавобини эшитишни истамаслик ва Мулоқот пат-қалами одам ичидаги бор гапни суғуриб чиқариши мумкинлигини мендан кўра яхши билсангиз керак! Дамблдорнинг устидан бир дунё бўҳтон тўкиш имкониятидан фойдаланиб қолиш учун одамлар навбатда туришди. Шуниси аниқки, ҳамма ҳам марҳум тўғрисида ижобий фикрда эмас... қария кўпчиликнинг йўлига тўғоноқ бўлган. Лекин Дожи Дож жавлон урмаса ҳам бўлаверади. Чунки мен шундай бир манба билан боғлана олдимки, кўпчилик журналистлар ўзининг сеҳрли таёқчасини берган бўлар эди. Илгари у омма кўзига кўп кўринмаган, лекин ёшликнинг энг оғир йилларида Дамблдорнинг ёнида бўлган.
- Китобингизга бўлган қизиқишнинг катталиги, мутолаа жараёнида китобхонларни нималар кутишини тасаввур қилиш имконини бермоқда. Дамблдорнинг ҳаёти беназир кечган, деб бўлмайди, албатта. Хўш, қанақанги совғалар кутади бизни?
- Қўйсангиз-чи, Бэтти. Китоб сотувга чиққунга қадар унинг тафсилотлари билан ўртоқлашмоқчи эмасман, албатта! - боз хандон отди Вритер, - Аммо олдиндан айтиб қўйишим лозимки, Дамблдорнинг ҳаёти бегуноҳ авлиёнинг ҳаёти каби кечган деган хаёлда юрганларнинг ихлоси қайтади. Айтайлик, унинг Ўзингиз-Биласиз-Ким устидан ғолиб чиқиш истагига ёвуз кучлар устидан муқаддам эришган ғалабалари туртки берган. Йигитлик давридаги тафаккури у қадар кенг бўлмаган. Бир сўз билан айтганда, Альбус Дамблдорнинг ўтмиши жуда қоронғи бўлган. Савдойи оиласи ҳақида-ку, индамай қўяверай, улар ҳақда марҳумнинг ўзи ҳам кўп гапирмасликни афзал билган.
- Дамблдорнинг сеҳр-жодудан номаъқул фойдаланиб, Оқил Судда жанжал кўтарилишига сабабчи бўлган укаси Аберфорс назарда тутилмоқда-да, шундайми? - қизиқдим мен.
- Йўқ. Аслида ўша Аберфорс гўнг уюмининг чўққиси холос, - ўз ўхшатишидан кулди Рита Вритер, - Эчкига муҳаббат изҳор этишга уринган укасини ҳам, магллардан нафратланган отасини ҳам назарда тутганим йўқ. Гарчи, иккала бузуқининг қилмиши юзасидан жиноий тергов тадбирлари ўтказилган бўлса-да. Дамблдорнинг онаси билан синглисини назарда тутмоқдаман. Иккаласи мени жуда қизиқтириб қолди. Улар ҳақда китобимнинг тўққизинчидан ўн иккинчи бобигача ўқийсиз, лекин ўша бобларнинг чоп этилишини бироз кутишга тўғри келади. Дамблдорнинг бурни қандай синганини билгач, таажжубга тушманг, дейишим мумкин холос.
- Дамблдорлар оиласининг чиркин чойшабини кўчага кўтариб чиққан Рита Вритер Альбус Дамблдорнинг сеҳргарлар олами олдида кўрсатган хизматларини инкор этмас?
- Мияси бутун бўлган, албатта, - деди Вритер, - Гарчи ҳозир кўпчилик, ўша хизматлар чиндан ҳам Дамблдор томонидан кўрсатилгани борасида ўйланиб қолган бўлса-да. Чунончи, китобнинг еттинчи бобида Айвор Диллонсби аждар қонидан фойдаланишнинг саккизта усулини кашф этиб бўлганда, Дамблдор келиб, қоғозларини «вақтинча фойдалангани» олиб кетгани ҳақида айтиб беради.
- Ёвуз сеҳргар Гриндельвальд устидан қозонилган ғалабанинг муҳим аҳамияти-чи?
- Гриндельвальдни эслатиб ўтганингиз яхши бўлди, - деди Вритер, мастона кулиб, - Кишини ҳайратда қолдирадиган ўша ғалабага лаққа тушган китобхонларни... ҳақиқий гўнг бомбаси кутаётганини айтишим мумкин. Жуда чиркин иш. Таъкидлаб ўтишим жоиз-ки, ўша афсонавий жанг ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтганига қатъий ишонч билдириб бўлмайди. Китобимни ўқиб чиққанларнинг аксарияти Гриндельвальд ўзининг сеҳрли таёқчаси билан оппоқ дастрўмол яратиб, ортиқча шовқин кўтармай, ғойиб бўлган, деган хулосага бориши мумкин
Рита Вритер китобда баён этилган мавзулардан бирортасини бўлсин, ёритиб беришдан бош тортгач, ўзаро муносабатлар ҳақида гап очдим.
- Ҳа, - бош ирғиди Вритер, - Поттер билан Дамблдор ўртасидаги муносабатларга китобимнинг бутун бошли бобини бағишладим. Ўта жирканч алоқалар. Илож қанча, буларни билиш учун китобхон асаримни харид қилишга мажбур бўлади. Поттернинг болалиги оғир кечгани сир эмас. Дамблдорнинг ўша болага қизиқиши носоғлом бўлган. Яхшиликка бўлганми бу... кўрасиз.
Рита Вритер Гарри Поттердан Исми-Тилга-Олинмайдиган-Киши мавзусида интервью олиб, чоп этганидан сўнг, бола билан алоқани давом этаётгани билан қизиқдим.
- Табиийки, ўша кундан буён иккаламиз яқиндан мулоқот қилиб борамиз, - жавоб берди Рита Вритер, - Бечора Поттернинг атрофида ҳақиқий дўстлар жуда оз. Мен у билан ҳаётидаги энг оғир фурсатларидан бирида, яъни Уч сеҳргар беллашувида иштирок этиб қийналаётган кунларида учрашиб, танишганман. Ишонч-ла айтишим мумкинки, бу ёруғ оламда яшаётганлар орасида ҳақиқий Гарри Поттерни биладиган ёлғиз одам мен ўзимман.
- Дамблдорнинг сўнгги дақиқалари ҳақида кўпдан-кўп миш-миш тарқаган. Ажали етган фурсатда Поттер қариянинг ёнида бўлганига Рита Вритер ишонадими?
- Кўп сир очмайман. Ҳаммаси китобда баён этилади. Дамблдор минорадан тушиб кетгани ёки ўзи сакрагани ёхуд кимдир уни итариб юборганидан сўнг, Поттер ҳодиса жойидан қочганини ўша куни «Хогварц» қасрида бўлган гувоҳлар кўрган. Шундан сўнг у, ўзи учун жирканч санаган одам – Северус Снеггни қотилликда айблаган. Воқеа аслида шундай бўлган-бўлмаганини сеҳргарлар жамияти ҳал қилади... менинг китобимни ўқиб чиққач, албатта.
Интервьюнинг қизиқиш уйғотадиган мана шу жойига келганда, таҳририятимиз меҳмони билан хайрлашаман. Рита Вритер бозоргир китоб ёзганига заррача бўлсин, шубҳа йўқ. Бироқ Дамблдорнинг минглаб мухлислари ўз қаҳрамони ҳақида нималарни ўқиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.


Мақолани ўқиб бўлган Гарри саҳифага бироз бақрайиб қолди. Сўнг газетани ғазаб-ла ғижимлаб, чиқинди уюмига қарата улоқтирди.
Унда ёзилган айрим сўзлар миясида янграр экан, хонанинг у бурчагидан бу бурчагига тез-тез юра бошлади, нима қилаётганини идрок этмай, яшикларни очиб, ичидан китоб чиқарди: Поттер билан Дамблдор орасидаги муносабатларга китобимнинг бутун бошли бобини бағишладим. Ўта жирканч... ёвуз кучлар устидан муқаддам эришган ғалабалари... шундай бир манба билан боғлана олдимки, кўпчилик журналистлар ўзининг сеҳрли таёқчасини берган бўлар эди...

Деразадан қўшни ҳовли соҳиби майса ўриш қурилмасини ўчириб, осмонга асабий қараб қолгани кўринмоқда.
- Ёлғон ва бўҳтон! - қичқирди Гарри.
Каравотга ўтириб, ўзидан нари сапчиган синиқ кўзгу бўлагини қўлига олди-да, Дамблдор билан анави Вритернинг бўҳтони ҳақида ўйлаганча, тескари ағдарди.
Кутилмаганда оч мовий акс лоп этди. Гарри ўтирган жойида қотиб қолди. Бармоғи яна нотекис синган кўзгу бўлагига тегди. «Кўзимга кўринди», хаёлдан ўтказди у. Орқага қараб, Петуния хола танлаган, киши кўнглини беҳузур қиладиган даражада шафтоли ранг берилган девордан бошқа ҳеч нарсани, яъни кўзгу бўлагида акс этиши мумкин бўлган мовий рангли бирон нарсани кўрмади. Гарри яна кўзгуга қаради. Яшил кўзининг аксидан бошқа нарса йўқ.
Мактабнинг марҳум директорини эслаб ўтиргани боис, кўзига кўринган. Бундан бошқа тушунтириш йўқ. Бу аниқ. Альбус Дамблдорнинг мовий кўзи-ю, киши танасини сингиб ўтадиган ёрқин нигоҳини энди ҳеч қачон кўрмаслиги қанчалик шубҳасиз бўлса, шунчалик аниқ.
Admin · Просмотров: 730 · Оставить комментарий
20 Окт 2017. 19:36:14

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p176.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)