Календарь

Январь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

VII. ГАРРИ ПОТТЕР ВА АЖАЛ ТУҲФАЛАРИ

УЧИНЧИ БОБ. ДУРСЛЛАРНИНГ КЎЧИБ КЕТИШИ

Уйга кириш эшиги қарсиллаб ёпилиб, ортидан эшитилган «Ҳой, сен!» қичқириғи юқори қаватда акс-садо бўлиб янгради.
Ўн олти йил давом этган бундай муомалага кўникиб қолган Гарри Вернон амаки пастга чақираётганини тушунди. Лекин Гарри жавоб бермади. У ҳанузгача кўзгу бўлагига термилиб, унда Дамблдорнинг кўзи бир сонияча акс этгани ҳақида ўйланиб ўтирибди.
- ҲОЙ БОЛА! - боз ўкирди Вернон амаки.
Гарри кўзгу бўлагини ўзи билан олиб юрадиган юк халтасига жойлаб, чиқиш эшиги томон одимлади.
- Имиллайдиган бўлиб қолибсан! - бақирди Вернон Дурсль, зинанинг юқори поғонасида кўринган Гаррига ўқрайиб, - Бу ёққа кел, гаплашиб олишимиз керак.
Гарри иккала қўлини чўнтагига солганча, пастга тушди. Меҳмонхона эшигидан ичкарига қараб, учала Дурсль шу ерга йиғилганини кўрди. Учаласи ҳам кийиниб, сафарга отланган. Вернон амаки эски костюмини, оқ сариқ сочли, йирик жуссаси сермушак холаваччаси Дудли эса чарм курткасини кийиб олган.
- Эшитаман, нима гап? - сўради Гарри.
- Ўтир! - деди Вернон амаки ва Гаррининг қоши кўтарилиб кетганини кўриб, башарасини буриштирганча қўшимча қилди: - Илтимос.
Қанақанги суҳбат бўлишини англаб етган Гарри астойдил жойлашиб ўтирди. Амаки хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юра кетди, Петуния хола билан Дудли иккаласи эса, кўзини ундан узмай, нигоҳ ила кузатиб ўтиришибди. Ниҳоят, хаёлига келган аллақандай ўй бинафша ранг юзи ташвиш қиёфасини касб этишига сабаб бўлди чоғи, Вернон амаки Гаррининг рўпарасига келиб таққа тўхтади.
- Фикримдан қайтдим, - баёнот қилди у.
- Қандай кутилмаган ҳолат-а! - деди Гарри.
- Бундай оҳангда гапирма... - вайсай бошлади Петуния хола, лекин Вернон амаки уни тўхтатиб қолди.
- Бари бемаъни гап! - деди Вернон амаки, ўзининг чўчқа кўзини Гаррига бақрайтириб, - Бирорта гапингга ишонмайман. Биз ҳеч қаерга кетмаймиз, шу ерда қоламиз.
Амакисига қараб ўтирган Гарри бир вақтнинг ўзида ҳам ранж, ҳам қувонч туйғусини ҳис этмоқда. Ўтган тўрт ҳафтанинг ҳар йигирма тўрт соатида Вернон Дурсль ўз қарорларидан такрор ва такрор қайтиб бормоқда. Нарсаларини дам йиғиштириб, дам яна жой-жойига териб чиқади... аҳдидан қайтиб, яна нарса йиғиштиради.
Қайсидир бир куни Дудли ўз чамадонига бир жуфт гантель солиб қўйган экан. Бундан бехабар Вернон амаки ўғлининг нарсаларини машинанинг юк бўлмасига жойлашга уриниб, ҳар сафар оёғига туширар ва оғриқ азобига бардош бера олмай, чийиллаганча ҳаммани лаънатлар эди. Гарри эса томоша қилиб ўтирган жойида кулмоқдан қорнини ушлаб қолди.
- Гапингга қараганда, - давом этди Вернон амаки, хона бўйлаб юришни давом этиб, - Бизнинг ҳаётимизга, яъни Петуния, Дудли ва менинг ҳаётимга нисбатан хавф анави... анави...
- «Дўстларим» томонидан солинмоқда, шундайми?
- Ана ўша гапларингдан бирортасига бўлсин, ишонмайман, - деди Вернон амаки, Гаррининг қаршисида боз тўхтаб, - Туни билан ухламай ўйланиб чиқдим ва буларнинг бари уйимизни қўлга киритиб, унга эгалик қилиш режасидир, деган хулосага келдим.
- Уйингизни қўлга киритиш? Қайси уйингизни? - таажжубланди Гарри.
- Мана шу уйни! - овоз кўтарди, пешанасидаги қон томири бўртиб чиққан Вернон амаки, - Бизнинг уйимизни! Бу ерлардаги турар жой нархи доимо баланд юради! Сен бизни жўнатиб юбориб, анави фокусларинг билан уйимизни ўз номингга ўтказиб олмоқчисан...
- Эсингизни еб қўйганмисиз? - сўради Гарри, - Уйни қўлга киритиб, эгалик қилиш режаси? Ростдан ҳам томингиз жилганми, ё ўзингизни жиннига солиб олганмисиз?
- Бас қил бундай оҳангда гаплашишни! - чийиллади Петуния хола, лекин Вернон амаки хотинини яна тўхтатди.
- Эсингиздан чиққан бўлса, ёдингизга солиб қўяй, - деди Гарри, -Чўқинтирган отамдан мерос қолган ўз уйим бор. Бу уйни нима қиламан? Яхши кунлардан эсдалик сифатида оламанми?
Керакли таъсир ўтказилган кўринади, орага сукунат чўкди.
- Демак, гапингга қараганда, - деди Вернон амаки боз ҳаракатини бошлаб, - Аллақандай анави Лорд...
- ... Вольдеморт, - эслатди Гарри, - Ва юз марта тушунтирдим сизларга: бу тахмин эмас, аниқ гап, деб. Бу ҳақда Дамблдор ҳам, Кинсли ҳам, мистер Уэсли ҳам гапирган сизларга...
Гарри Вернон амакининг сесканиб кетганидан катта ёшли икки нафар сеҳргарнинг ташрифини тезроқ унутишни истаётганини англади. Кунлардан бир кун мистер Уэсли Дурсллар меҳмонхонасининг ярмини вайрон қилиб юборгани инобатга олинадиган бўлса, унинг боз пайдо бўлиши, одоб-ла айтганда, Вернон амакини хурсанд қилмайди.
- ... Кинсли билан мистер Уэсли сизларга тушунтириб берган эди, - боз эслатди Гарри, - Ёшим ўн еттига тўлиши ҳамоно, ушбу уйни муҳофаза қилаётган сеҳр кучи барҳам топади. Оқибатда сизлар ҳам, худди мен каби, Вольдеморт ҳамла қиладиган нишонга айланасизлар. Орденнинг фикрича, Вольдеморт сизларни тутиб олиб, менинг қаердалигимни айтишларингни талаб қилиб ёки гўё сизларни қутқариш мақсадида ўзим қайтишимга умид боғлаб қийноққа солиши мумкин.
Гарри билан Вернон амакининг нигоҳлари тўқнаш келди. Иккаласи ҳам ҳозир айнан бир нарса ҳақида ўйлашаётганига Гаррининг ишончи комил эди.
- Сизлар бекинишларинг керак, - фикрини давом этди Гарри, Вернон амаки хона бўйлаб юра кетгач, - Орден ушбу масалада сизларга яқиндан ёрдам беради. Сизларга энг яхши муҳофаза ҳавола этилади.
Юришдан тўхтамаган Вернон амаки жавоб бермади. Қуёш Одамовилар хиёбони панжараларининг ортига ўтмоқда. Қўшнининг майса ўриш қурилмаси яна ўчди.
- Сеҳргарлик вазирлиги бор, деб ўйлар эдим, - деди Вернон амаки.
- Чиндан ҳам бор бундай вазирлик, - таажжубланди Гарри.
- Нега унда ўша идора олмайди бизни ўз ҳимоясига? Назаримда, бизга ўхшаган айбсиз қурбонлар, пешанасида тамғаси бор жиноятчини бекитишдек гуноҳи ҳисобга олинмаганда, ҳокимият томонидан муҳофаза қилинишига ҳақли бўлиши керак.
Гарри ўзини кулгидан тия олмади. Мавжудлигини ўзи рад этиб, жирканадиган сеҳргарлар олами ҳақида гап кетаётган бўлса ҳам, раҳбариятга таяниш – Вернон амакининг табиатига хос хислатдир.
- Кинсли билан мистер Уэсли нималар деганини ўз қулоғингиз билан эшитдингиз, - жавоб берди Гарри, - Вазирликда зимдан қаршилик кўрсатиш, фикримизча, вазирлик ходимлари Вольдеморт манфаатига ишлаётган ҳолатлар кузатилмоқда
Қора мўйлови ҳурпайиб, миясидаги ўй-хаёллар юзига оч бинафша ранг бераётган Вернон амаки камин олдига тез бориб қайтаётганидан ҳансираб қолди.
- Яхши, - деди у, Гаррининг қаршисида боз тўхтаб, - Яхши. Дейлик, биз ўша Орденнинг ҳимоясига рози бўлдик. Нима учун мени анави Кинсли ҳимоя қилиши мумкин эмаслигини ҳеч тушунмаяпман.
Ушбу саволга ҳам кўп марта жавоб берган Гарри аччиқланиб шифтга қараб қўйди.
- Илгари айтганимдек, - тиш орасидан вишиллаганча тушунтира кетди у, - Кинсли маглларнинг вазирини... яъни сизларнинг Бош вазирингизни ҳимоя қилмоқда.
- Худди шундай! Чунки у энг яхши ҳимоячи! - хитоб қилди Вернон амаки, телевизорнинг бўш экранига бармоқ ўқтаб.
Тунов куни янгиликларни кўриб ўтирган Дурсллар касалхонага ташриф буюрган Бош вазирга ҳамроҳлик қилаётган Кинслини таниб қолишди. Ушбу ҳолат, боз устига Кинсли маглларнинг кийимини ўхшатиб кийиб юра билиши, дўриллаган вазмин овозидаги комил ишонч оҳанги Вернон амакининг Кинслини бошқа сеҳргарлардан ўзгача кўришига сабаб бўлган. Хайриятки Вернон амаки Кинслининг қулоғига йириккина тилла сирға тақиб юришидан бехабар.
- Ўзингиз кўрдингиз, у банд, - деди Гарри, - Хестия Жонс билан Дедал Диггл ишга тайёр...
- Уларнинг ҳужжатларини текшириб кўриш...
Сабр-тоқати поёнига етган Гарри шартта ўрнидан турди-да, Вернон амакининг йўлини тўсди.
- Сиз кўрган янгиликлар, яъни анави авариялар, портлашлар, рўй бераётган барча воқеалар шунчаки бахтсиз ҳодисалар эмас, - деди у, телевизорга бармоқ ўқтаб, - Одамлар ном-нишонсиз йўқолмоқда, айримларининг эса мурдаси топилмоқда. Билиб қўйинг, ўша фожиалар ортида Вольдеморт турибди. Такрор айтаман сизга: у маглларни шунчаки, эрмак учун ўлдиради. Ғайриоддий туманни эса дементорлар туширишади. Дементор нима эканлигини унутган бўлсангиз, ўғлингиздан сўранг!
Дудли шу заҳоти иккала қўли билан оғзини тўсиб олди. Ҳамма унга бақрайди. Бақалоқ қўлини аста тушириб, сўради:
- Ҳали ҳам... борми... улар?
- Борми? - хандон отди Гарри, - Иккаламизга ҳамла қилган бир жуфт дементордан ташқарими? Албатта бор! Юзлаб дементорлар бор. Одамлар орасида юзага келган оммавий даҳшат ва умидсизликка эътибор бериладиган бўлса, уларнинг сони анчагина ошган...
- Бас. Нима демоқчи бўлганингни тушундик, - гапни бўлди Вернон амаки.
Admin · Просмотров: 482 · Оставить комментарий
20 Окт 2017. 19:47:53

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p177.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)