Календарь

Октябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гость: 1

rss Синдикация

VII. ГАРРИ ПОТТЕР ВА АЖАЛ ТУҲФАЛАРИ

ТЎРТИНЧИ БОБ. ЕТТИ НАФАР ПОТТЕР

Дурсллар ўтирган машина катта йўлга чиққач, Гарри зина бўйлаб юқорига, ётоқхонасига югурди. Машинанинг орқа ўриндиғига жойлашган Петуния хола билан Дудлининг ўртасида Дедалнинг қозон шляпаси кўринди. Автомобиль Одамовилар хиёбонининг охиридаги муюлишга етганда ўнгга бурилиб, ойнаси билан лаъл тусда ботаётган қуёшнинг ёрқин нурини сўнгги бор ярқиратганча, кўздан ғойиб бўлди.
Гарри ғайриоддий тоза хонасига сўнгги бор қараб қўйди-да, пастга, даҳлизга тушиб, қўлидаги Хедвиг қамалган қафас, «Чақмоқ» русумли супурги ва юк халтани зинанинг қуйи поғонаси ёнига жойлади.
Қош қорайиб, даҳлиз йўлаги кўланкага тўлди. Жимжитликда Гаррига, ушбу уйни сўнгги бор тарк этаётгани қандайдир ғалати туюлди. Ёшлигида Дурсллар уни ёлғиз қолдириб, сайрга чиқиб кетишар эди. Ўша ёлғизлик дамлари Гаррига жуда қадрли бўлган. У тамадди қилиб олиш учунгина танаффус қилиб, Дудлининг компьютерини ўйнар ёки бирон-бир қизиқ кўрсатув топиш мақсадида телевизион каналларни биридан бошқасига олиб ўтирар эди. Ҳозир эса худди укаси ёки синглисини йўқотиб қўйгандек, вужудини жуда ғалати ҳафсаласизлик қамраб олди.
- Сўнгги бор топтаб чиқишни истамайсан-ми, бу ерни? - сўради у, бошини қаноти остига суқиб олган Хедвигдан, - Энди бу ерга ҳеч қачон қайтмаймиз. Ҳой, сенга гапиряпман. Наҳотки, ушбу хонадонда бўлиб ўтган ишларни эслаб ўтишни хоҳламасанг? Мана бу гиламчага қара. Қанчадан қанча хотираларни ўзига мужассам этган у... Масалан, Дудли унинг устига қайт қилиб юборган, уни дементорнинг бўсасидан сақлаб қолганимда. Тасаввур қиляпсан-ми, ҳар қалай у мендан миннатдор экан... Ўтган ёзда эса мана бу эшикдан Дамблдор кириб келган...
Дамблдорни эслаган Гарри фикридан чалғиди. Бошини қаноти остидан чиқармай ўтирган Хедвиг эса соҳибининг хаёлини йиғиб бериш учун ҳеч қандай ҳаракат бажармади.
- Мана бу ерда эса, Хедвиг, - давом этди эшикка тескари ўгирилган Гарри, зина остидаги буфет эшигини очиб, - Мен ётар эдим. У вақтда сен йўқ эдинг. Э, Худо, торлигини қара. Ёдимдан кўтарилиб ҳам кетибди...
Гарри ичкарига бош суқиб, эски пойафзал ва соябонларни кўрди. Ҳар куни эрталаб бир-иккита ўргимчак билан бирга уйғонганини эслади. Ўшанда Гарри аслида ким экани, ота-онасига нима қилгани, атрофида аллақандай ғалати ишлар бўлаётганини билмас эди. Лекин шу ерда ётиб қандайдир ғалати, тушунарсиз, яшил яшин чақнаган туш кўргани ҳамон эслайди. Кунлардан бир кун эса тушида учар мотоцикл кўрганини айтиб бергани сабабли, ўша пайтда автомобиль бошқариб кетаётган Вернон амаки билан бирга аварияга дуч келишига бир бахя қолган...
Кутилмаганда эшитилган ҳайқириқ қулоқни қоматга келтирди. Гарри кескин кўтарган бошини буфет эшигининг паст кесакисига уриб олди.
Деразадан орқа ҳовлига қараш учун ошхона томон одимлаган Гарри оғриётган бошини ушлаганча Вернон амакидан эшитган сўкинишларнинг бир-икки жуфтини эслаб ўтди. Ҳаво титраб, қоронғилик тебранаётгандай кўринди. Бироздан сўнг, кетма-кет қарс товушлари эшитилиб, танасига қўлланилган тиндириш афсуни ўз кучини йўқотаётган одамлар пайдо бўла бошлади. Кажавали мотоциклни эгарлаган Хагрид, бошидаги шлеми, кўзига тақилган ҳимоя кўзойнаги билан ҳаммадан баланд кўринди. Супургидан тушаётган одамлар унинг ёнига йиғилмоқда. Икки киши териси суягига ёпишган қанотли қора калтакесак-отдан тушди. Захира эшикни катта очган Гарри дўстлар томон ошиқди. Шодиёна қичқириқлар янгради. Рон Гермионанинг қучоғига маҳкам сиқилган Гаррининг елкасига уриб-уриб қўйди.
- Ишлар қалай, Гарри? - сўради Хагрид, - Биз билан кетишга тайёрмисан?
- Аллақачон, - деди Гарри, - Лекин мени олиб кетгани шунча одам келишини сира ўйламаган эканман.
- Режага ўзгартириш киритдик, - хириллади иккита катта қоп кўтарган Ўйноқкўз Хмури.
Унинг кўзи тинимсиз айланганча, яқин атрофдаги уйлар ва улар орасидаги йўлакларни ўрганиб чиқмоқда.
- Қани, бирон ерга бекиниб олайлик-чи, то сенга бор гап тушунтириб берилгунча.
Гарри меҳмонларни ичкарига етаклади. Одамлар ошхона курсилари ва мебелнинг Петуния хола артиб ярқиратган бошқа турларига астойдил жойлашиб, гард тегмаган деворларга суяниб олганча, қувноқ суҳбат бошлашди. Деярли ҳамма, хусусан: дароз бўйли озғин Рон, пахмоқ сочини битта умумий кокил кўринишида йиғиб ўриб олган Гермиона, бир хил иржаяётган эгизаклар Фред билан Жорж, юзи чандиқ Билл, кўзидан меҳр товланиб турадиган, кўзойнаги бироз қийшайиб қолган мистер Уэсли, жангларда синалган, йўқотган кўзининг ўрнига мовий рангли сеҳрли кўз ўрнатиб олган бир оёқли Ўйноқкўз Хмури, сочини қисқартириб, пушти тус берган Бомс, юзида ажин кўриниб, сочи оқара бошлаган Люпин, қомати келишган сарғиш сочли Флёр, елкаси кенг, бошида бирорта бўлсин тук қолмаган Кинсли, шифтга тиралмаслик учун тўп-тўп сочли бошини бироз эгиб олган Хагрид, пакана бўйли, ювинмай юргани учун доимо бадбўй ҳид таратадиган қария Мундугнус Флетчер шу ерда. Гарри уларнинг барини, ҳатто сўнгги учрашувдан сўнг кўзга кўринмай юрган Мундугнусни ҳам кўрганидан хурсанд.
- Салом, Кинсли. Сени маглларнинг Бош вазирини қўриқлаб юрибди, деб ўйлаган эдим, - кўришди Гарри.
- Бугунги тунни менсиз ўтказса, ўлиб қолмайди, - жавоб берди Кинсли, - Сен унга нисбатан анча муҳим одамсан.
- Гарри, мана буни қара! - деди кир ювиш машинасига ўтириб олган Бомс, чап қўлининг бармоқларидан бирига тақилган узукни кўрсатиб, - Бу нима эканлигини биласанми?
- Оила қурдингиз-ми? - севинди Гарри, дам Бомсга, дам Люпинга қараб.
- Биз билан бўлмаганинг чатоқ бўлди-да, Гарри. Тўйимиз ортиқча шовқинсиз ўтди.
- Зўр-ку, табриклайман...
- Бўлди, бўлди, кейин гап сотасиз, - овоз кўтарди Хмури.
Ошхонада жимлик қарор топди. Хмури қўлидаги қопларни полга ташлаб, Гаррига юзланди.
- Дедал айтиб кетган бўлса керак сенга, режамиз ўзгарганини. Пиус Тикнесс ҳаддан ошириб юборгани боис, муайян қийинчиликлар юзага келди. У қамоқ жазоси ила таҳдид солиб, ушбу уйни Саёҳат тармоғига улаш, бу ерда портшлюс яратиш, ҳавода пайдо бўлиб келиш ва ҳавога даф бўлишни қатъиян ман этди. Ўша чораларнинг сабаби сифатида, гарчи акси бўлса-да, гўё сени Ўзинг-Биласан-Кимдан ҳимоя қилиш мақсади кўрсатилган. Онанг қўллаган муҳофаза чораси ҳамон ўз кучига эга бўлгани боис, бу ердан хавфсиз чиқиб кетишингга тўсқинлик қилмоқчи у. Бу биринчидан. Иккинчидан, асосий муаммо – балоғат ёшига етмаганингдан иборат, яъни бу Қолдириладиган из кучи ўз таъсирини кўрсатишини англатади.
- Тушунмадим...
- Нимани тушунмадинг, сен қолдирадиган из-да! - деди Ўйноқкўз, тоқатсиз бўлиб, - Балоғатга етмаган сеҳргарларнинг афсунгарлик фаолиятини кузатиб бориш учун мўлжалланган тилсим. Агар сен ёки сени бу ердан олиб кетиш учун бошқа биров бирон-бир афсун қўллайдиган бўлса, бу ҳақда Пиус Тикнесс ҳам, у билан бирга Ўлимдан мириқувчилар ҳам, шу заҳоти хабар топади. Биз эса Қолдириладиган из тилсими ўз кучини йўқотишини кута олмаймиз. Негаки, ўша тилсим билан бир вақтда онанг қўллаган ҳимоя афсуни ҳам ўз кучини йўқотади. Пиус Тикнесс вазиятни тўлиқ назорат остига олган, деб ўйлайди.
Гаррига ўзи танимайдиган ўша Тикнесснинг тўғри фикр юритаётганини тан олишдан бошқа чораси йўқдай кўринди.
- Энди нима қиламиз?
- Қолдириладиган из тилсими воситасида кузатиб бўлмайдиган ҳаракат воситаларидан фойдаланамиз. Мана бу супургилар, тестраль отлари ва Хагриднинг мотоцикли ҳаракат бошлаши учун афсун қўллашга ҳожат бўлмайди.
Режа пухта ўйланмагани аён-у, буни Ўйноқкўзнинг ўзи фаҳмлаб олишига имкон бериш учун Гарри тилини тийиб турди.
- Демак, онанг қўллаган ҳимоя афсуни ўз кучини икки ҳолатдан бирида йўқотади: балоғат ёшига етишинг ҳамоно ёки, - деди Хмури, қўлини айлантирганча ошхонани кўрсатиб, - Мана бу жойни энди ҳеч қачон ўз уйинг деб билмасанг. Бугун сен Петуния холанг ва амакинг билан, энди ҳеч қачон бу уйда улар бирга яшамаслигингни тўла-тўкис идрок этган ҳолда хайрлашдинг, тўғрими?
Гарри бош ирғиди.
- Бу сафар сен қайтмайсан. Муҳофаза тилсими эса, остона ҳатлаб чиқишинг ҳамоно йўқ бўлади. Биз ўша тилсимдан сал эртароқ воз кечишга қарор қилдик. Чунки тутиладиган бошқа йўлнинг мазмуни, ўн етти ёшга тўлишинг ҳамоно, Вольдеморт сени қўлга олишини томоша қилишдан иборат бўлади. Ягона устунлигимиз шундаки, сени бугун олиб кетишимиздан Вольдемортнинг хабари йўқ. Вазирлик ходимлари орасида сохта гап тарқатганмиз. Энди уларнинг фикрича, биз сени ойнинг ўттизинчи санасига қадар олиб кетмаймиз. Бироқ рақибимиз Ўзинг-Биласан-Ким экан, ундан ҳар нарса кутиш мумкин. Комил ишонч билдириб бўлмайди. Унинг амрига биноан Ўлимдан мириқувчиларнинг бирорта жуфти уй атрофида патруллик хизматини ўтаётган бўлиши ҳам мумкин. Шу боис, ўнта уйга муҳофаза тилсимини қўлладик. Биз сени ўша уйлардан ҳар қандай бирига яшириб қўйган бўлишимиз мумкин. Уларнинг бари, яъни: менинг уйим, Кинслининг уйи, Моллининг холаси Мюриелнинг уйи ва ҳоказо Орден билан бевосита ёки билвосита боғлиқ. Гапимни уқяпсан-ми?
- Ҳа, уқяпман, - алдади Гарри, режада каттагина рахна борлигини идрок этиб.
- Сен Бомснинг ота-онасиникига борасан. Муҳофаза тилсими таъсир ўтказадиган ҳудудда портшлюс бўлиб, у сени Бошпанага элтади. Ундан фойдаланишни биласанми?
- Э-м-м... ҳа, - жавоб берди Гарри, - Ўлимдан мириқувчилар сиз айтган ўша ўнта уйдан қайси бирига йўл олишимни билишмайди, албатта. Аммо бир нарса ғалатироқ кўринмайди-ми, агар... - хаёлан тез санаб чиқди Гарри, - Ўн тўрт киши бир вақтда Бомснинг ота-онасиникига меҳмонга учса?
- Ҳа-я, - деди Хмури, - Асосий гапни айтмадим-ку, сенга ҳали. Ўн тўрт кишининг ҳаммаси ҳам Бомснинг уйига бормайди. Гарри Поттерлар етти нафар бўлиб, ҳар бири қўриқчи ҳамроҳлигида муҳофаза тилсими қўлланилган уйлардан бирига учади, яъни ҳамма ҳар томон тарқайди.
Хмури ридосининг ичидан суюқ лойни эслатадиган модда чиқарди. Изоҳга ҳожат йўқ. Гарри режанинг мазмунини энди англаб етди.
- Йўқ! Мен рози эмасман!
Гаррининг эътирози ошхонада акс-садо бўлиб янгради.
- Шундай дейишингни айтган эдим уларга, - деди Гермиона, ўз башоратидан қаноатланиб.
- Агар олти киши ўз ҳаётини мени деб хавф остига қўйишига ижозат беришимни кутаётган бўлсангиз!...
- ... чунки бу иш биз учун биринчи марта-да, а? - деди Рон истеҳзо оҳангида.
- Менинг қиёфамга кириш мутлақо бошқа нарса...
- Тўғри-да, кимга ҳам ёқар эди сенинг қиёфанг?! - хотиржам эътироз билдирди Фред, - Агар иш чатоқ кетса, бир умр кўзойнак тақиб юрадиган қилтириқ бўлганча қоламиз-а!
Ҳамма кулса ҳам, Гарри кулмади.
- Розилигимни олмай, ҳеч нарса қила олмайсиз! Сизларга бир тутам сочим керак бўлади.
- Оббо, жуда бемаъни хатоликка йўл қўйибмиз-у! - деди Жорж, - Сочингни сенинг розилигинсиз юлиб олиш анча қийин кечса керагов.
- Сеҳр-жоду қўллаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёш болага қарши ўн уч киши! Йўқ, кучимиз етмаса керак, - иржайди Фред.
- Кулгили чиқмади, - деди Гарри, атрофга аланглаб.
- Куч қўллаш керак бўлса, қўллаймиз, - деди Хмури, сеҳрли кўзини ўйнатиб, - Бу ерга келганларнинг ҳаммаси кап-катта одамлар, Гарри. Уларнинг бари хавф-хатарни идрок этиб, ихтиёрий равишда келишган.
Мундугнус Флетчер елка қисиб, башарасини буриштирди. Хмурининг сеҳрли кўзи шу заҳоти унга қаради.
- Ортиқча баҳслашишга ҳожат йўқ. Вақт тиғиз. Менга бир тутам сочинг керак болакай.
- Йўқ, бу жиннилик...
- Ўжарлик қилма! - хириллади Хмури, - Ўзинг-Биласан-Ким озодликда. Вазирликнинг ярми унинг манфаатига ишламоқда! Эҳтимол у ойнинг ўттизинчи санасига доир гапга лаққа тушгандир, билмадим, Поттер, лекин бу, Ўлимдан мириқувчиларнинг бир жуфтига уйни кузатиб юриш вазифасини қўйишига халал бермайди. Ҳар қалай мен унинг ўрнида айнан шундай иш тутган бўлар эдим. Шу ерда қолар экансан, ойинг қўллаган ҳимоя афсунининг кучи барҳам топгунга қадар улар сенга ҳеч нарса қила олишмайди. Бироқ ўша афсун ҳадемай ўз кучини йўқотади. Ўлимдан мириқувчилар эса ҳамма гапдан бохабар. Ягона тўғри йўл – тузоқдаги хўраклар, яъни сохта Поттерлар. Ҳатто Ўзинг-Биласан-Ким ҳам етти қисмга бўлиниб кета олмайди.
Гарри кўзининг қири билан Гермионанинг нигоҳига эътибор берди.
- Бир тутам сочдан узат, Поттер, - деди Хмури.
Гарри Ронга қараб, дўстининг юзида маъқуллаган аломат кўрди.
- Бўл тез! - хириллади Хмури.
Гарри шунча одамнинг кўз ўнгида тепа сочининг бир тутамини ушлади-да, шартта юлди. Хмури каловланганча яқинлашиб, Ҳамма қиёфа сиркаси қуйилган идиш тиқинини очди.
- Жуда соз, - деди у, - Энди, марҳамат қилиб, мана бунинг ичига ташла.
Гарри сочини идишга ташлади. Сирка шу заҳоти кўпикланиб, тутади. Бироздан сўнг, лойқа дамлама соф тилла тусли тиниқ суюқликка айланиб қолди.
- О-о-о, Гарри! - хитоб қилди Гермиона, Роннинг кўтарилиб кетган қоши-ю, қизарган юзини кўриб, - Краббе билан Гойлга нисбатан анча мазали кўринасан. Нима демоқчи бўлганимни тушуниб, Гойлнинг таъмини ҳам эсладинг, албатта.
- Хўш, энди бўлажак сохта Поттерлар навбатга турсин, - деди Хмури.
Тозалигидан ялтираётган ошхона чаноғи олдида Рон, Гермиона, Фред, Жорж ва Флёр саф тортишди.
- Бир киши етишмаяпти, - деди Люпин.
- Мана бу, - деди Хагрид, Флетчернинг кийимидан кўтарганча, Флёрнинг ёнига улоқтириб.
Бурнини жийирган Флёр Мундугнусдан нари қочиб, Фред билан Жоржнинг ўртасига туриб олди.
- Қулоқ солинг ахир менга... мен сизларга... қўриқчиликда бўлганим маъқул деяпман, - пўнғиллади Мундугнус.
- Ўчир овозингни, - хириллади Хмури, - Сен умуртқасиз шиллиқуртга кўп айтдим: Ўлимдан мириқувчилар Поттерни ўлдириш эмас, тириклайин қўлга олишга уринади, деб. Марҳум Дамблдор Ўзинг-Биласан-Ким Поттерни шахсан ўзи, ўз қўли билан ўлдиришни исташини доимо эслатиб борган. Қўриқчилар эса огоҳ бўлишлари керак. Чунки Ўлимдан мириқувчилар биринчи навбатда қўриқчини ўлдиришга ҳаракат қилади.
Ўйноқкўзнинг сўзлари Флетчерни ишонтира олмади. Хмури Ҳамма қиёфа сиркасини ўлчами тухумдай келадиган стаканларга тенг қуйиб тақсимлади.
- Қани, олинг...
Рон, Гермиона, Фред, Жорж, Флёр ва Мундугнус стакан кўтариб, сиркани шартта симириб ичишди. Бироздан сўнг, ҳаммаси баробар ҳаллослаб, тиришиб-буриша бошлашди. Тери қопламалари худди қизигандай қайнади. Гермиона билан Флетчернинг бўйи юқорига кўтарилса, эгизак ака-укалар билан Роннинг бўйи чўкиб, малла сочи қорайди. Гермиона билан Флёрнинг сочи бошига кирганча қисқарди.
Жараённи хотиржам назорат қилган Хмури ўзи билан олиб келган қопларни очди. Унинг қаршисида оғир нафас олаётган олти нафар Гарри Поттер саф тортди. Фред билан Жорж бир-бирига қараб, қичқиришди:
- Ие, иккаламиз бир-биримизга роса ўхшаб қолибмиз-у!
- Билмадим, назаримда кўринишим нисбатан яхши бўлиб қолди, - хулоса чиқарди Фред, чойнакдаги аксига қараб.
- Фу, Билл, қағама менга, юзим жуда бадбашаға бўлиб қолди, - минғирлади Флёр, микротўлқин печига қараганча, ўзига ўзи баҳо бериб.
- Кийими катталик қилаётганлар анави қопдан, - деди Хмури, қоплардан бирига ишора қилиб, - Кийимига сиғмай қолганлар эса, мана бу қопдан ўзига мос кийим топиши мумкин. Қопнинг ён чўнтагида олтита кўзойнак бор, тақиб олиш эсдан чиқмасин. Кийимни алмаштиргач, ўз нарсангизни юк халтангизга жойланг.
Олти нафар сохта Поттер кийим алмаштириб, кўзойнак тақиб, ўз нарсасини халтага солмоқда. Ҳақиқий Гарри эса юз бераётган ҳодисани кузатганча, базўр чидаб турибди. Бу қанақаси ахир?! Таналарини яланғочлаб, бир-бирини томошага қўйган ушбу одамлардан шахсий ҳаётига оз бўлса ҳам ҳурмат-ла қарашларини талаб қилмоқчи
- Татуировка борасида Жинна алдаганини билар эдим, - иржайди Рон, яланғоч кўкрагига қараб.
- Гарри кўзинг бирам хира экан-ей, - деди Гермиона, кўзойнак тақиб.
Кийимини алмаштирган сохта Поттерлар ичига оқ бахмалдан тикилган ўйинчоқ бойқуш илинган олтита қафасни иккинчи қопдан чиқариб, ҳар бири биттадан ушлаб олишди.
- Жуда соз, - деди Хмури, олдидаги сафга сўнгги Поттер келиб қўшилгач, - Энди жуфтликларга тақсимланамиз. Мундугнус мен билан супургида учади...
- Нега энди сен билан? - пўнғиллади чиқиш эшиги яқинида турган Гарри.
- Чунки узлуксиз кўз-қулоқ бўлиб туриш керак сендан, - хириллади Хмури, сеҳрли кўзи билан Мундугнусга тешиб юборгудек даражада ўқрайиб, - Артур ва Фред...
- Мен Жоржман, - деди Ўйноқкўз имо қилган эгизаклардан бири, - Наҳотки Гаррига айланиб қолсак ҳам бизни фарқлаб бўлмаса?!...
- Узр, Жорж...
- Ҳазиллашяпман, мен чиндан ҳам Фредман.
- Бас қил мазах қилишни! - бақирди Хмури, - Наригинг... Фредмисан, Жоржмисан, ким бўлсанг ҳам, Ремус билан. Мисс Делакёр...
- Флёрни ўзим тестралда олиб кетаман, - деди Билл, - Супургида учишни хуш кўрмайди у.
Юзи йиғламсираган қул қиёфасини касб этган Гарри Биллнинг ёнига келиб турди. Ҳақиқий Гарри эса юзининг бундай қиёфасини бошқа ҳеч қачон кўрмасликка умид боғлади.
- Миссис Грэнжер Кинсли билан тестралда...
Гарриларнинг буниси Кинслининг табассумига табассум ила жавоб қайтариб, ўзини бироз дадил ҳис этгани яққол кўриниб турибди. У ҳам супургида парвоз қилишни ёқтирмаслигини ҳақиқий Гарри билади.
- Рон, биз иккаламиз қолдик! - маълум қилди Бомс, Ронга силташга уринган қўли билан идишларни уриб ағдариб.
Гаррига айланган Рон ўзини Гермиона каби бахтиёр ҳис этмагани кўриниб турибди.
- Сен эса, Гарри, мен билан учасан. Қалай, яхшими? - деди Хагрид, бироз хижолат тортиб, - Мотоциклда учамиз. Ўзинг биласан, супурги-ю, тестраллар мени кўтара олмайди. Ўриндиққа сиғмайсан, кажавага ўтиришингга тўғри келади, бўладими? Сени бир вақтлар ўзим олиб келганман бу ерга ўша мотоциклда, бугун ўзим олиб кетаман яна ўша мотоциклда.
- Жуда соз, - деди Гарри, гапи самимий чиққанига ўзи шубҳа қилиб.
- Фикримизча, Ўлимдан мириқувчилар сени бу ердан супургида учиб кетишингни кутишади, - деди Ўйноқкўз, афтидан Гаррининг ичидаги гапни фаҳмлаб, - Снегг сен ҳақингда уларга илгари гапирмаган кўп нарсаларни айтиб беришга улгурган бўлса керак. Шундай экан, агар биз уларнинг бирортасига рўбару бўлиб қолсак, ўша Ўлимдан мириқувчи супурги эгарлаган Поттерни танлаши шубҳасиз.
Хмури сохта Поттерлардан ортган нарсаларни қопга жойлаб, оғзини боғлади-да, чиқиш эшиги томон йўл олди.
- Бўлди. Йўлга чиқишга ҳозирлик кўринг. Уч дақиқа вақт. Эшикни қулфлашдан маъни йўқ. Керак бўлса бари-бир очишади... кетдик...
Гарри Хедвиг қамалган қафас, «Чақмоқ» русумли супургиси ва юк халтасини олиб, одамларнинг кетидан эргашди.
Атрофда супурги эгарлаганлар паст учмоқда. Калтакесак-от тестралларни Гермиона Кинслининг ёрдами билан, Флёр Биллнинг кўмагида эгарламоқда. Ҳимоя кўзойнагини таққан Хагрид улкан мотоциклнинг ёнида турибди.
- Сириуснинг мотоцикли шуми?
- Мана шу, - деди яшнаб кетган Хагрид, - Сени бу ерга олиб келганимда кафтимда ётган эдинг.
Мотоциклнинг кажавасига жойлашган Гарри, назарида ҳаммадан кичкина бўлиб қолиб, ўзини камситилгандай ҳис этди. Гаррини ўйинчоқ машинада ўтирган ёш болага ўхшатган Рон кулиб ўтди. Гарри юк халтаси билан супургисини оёғининг ёнига жойлаштириб, Хедвигнинг қафасини тизза орасига олди. Жуда ноқулай.
Хагрид ўтирган мотоцикл ғарчиллаб, анча пастга чўкди.
- Артур бироз сеҳр қўллади бунга, - деди Хагрид, Гаррининг ноқулай жойлашганига эътибор қилмай, - Энди бунда бир қатор ҳимоя чоралари бор. Мана бу эса менинг ғоям, - деди Хагрид, спидометр ёнига қўшимча ўрнатилган қирмизи тугмага йирик бармоғини ўқтаб.
- Эҳтиёт бўл, Хагрид, - деди қўлига супурги ушлаган мистер Уэсли, - Уни ишга тушириш борасида ҳануз шубҳа қиламан. Фақат ўта мураккаб вазиятда қўллаган маъқул.
- Ҳамма тайёр. Жуда соз! - овоз кўтарди Хмури, - Ҳавога ҳамма баробар кўтарилиши шарт. Акс ҳолда кўрилган чораларнинг маъниси қолмайди.
- Маҳкам ушла, Рон, - эшитилди Бомснинг овози.
Рон Люпинга айбдор нигоҳ-ла қараб қўйди-да, қизнинг белидан маҳкам қучиб олди.
Хагрид ўт олдирган мотоцикл бўкираётган аждар каби товуш чиқариб, кажаваси титрай бошлади.
- Ҳаммага омад! - бақирди Хмури, - Бир соатдан сўнг Бошпанада учрашгунча. Учгача санайман. Бир... икки... УЧ!
Мотоцикл ниҳоятда хунук гуриллаб, кажаваси силтанди. Гарри ҳавога тез кўтарилаётгани, шамол кўзини ёшлантириб, юзига тушадиган сочи энди орқага ўтиб кетганини ҳис этди. Атрофда супургилар учмоқда. Қаердандир тестралнинг қоп-қора узун думи кўринди. Гаррининг юк халта билан қафас қисиб қўйган оёғи уюша бошлади. Ўзини шундай ноқулай ҳис этдики, Одамовилар хиёбонидаги тўртинчи уйга сўнгги бор қараб қўйиш хаёлига ҳам келмади. Кажавадан бош чиқариб қараганда эса, пастда кўринган уйларнинг қайси бири унинг уйи бўлганини фарқлай олмади. Улар осмон-у фалакка, тобора юқорига кўтарилмоқда.
Дафъатан бошига қайтарма қалпоқ ташлаган ўттизтача одам пайдо бўлиб, ҳавода ҳалқа ҳосил қилганча, Орден аъзоларини қуршовга олди...
Атрофда яшил рангли яшинлар ёришиб, қичқириқлар эшитилди. Хагрид алланима деб бақирди. Кутилмаганда мотоцикл тескари ағанади. Гарри нима бўлаётганини англай олмаяпти: кўча фонуслари энди боши устида ёнмоқда, теварак-атрофни қичқириқ қамраган. Гарри ерга қулаб тушмаслик учун кажавани маҳкам ушлаб олди.
Хедвигнинг қафаси титрамоқда, олов шари мотоциклга урилиб, юк халтани тизза остидан чиқариб юборди.
- Йўқ... ЁРДАМ БЕРИНГ!
Супурги пастга тушиб кетди, лекин Гарри юк халтани тутиб қолишга улгурди. Қафас худди мотоцикл каби чайқалмоқда. Яшил тусли яшин қафасга келиб урилди. Сония ўтиб, Хедвиг қафас ичида жонсиз йиқилди.
- Йўқ... ЙЎҚ!
Мотоцикл олдинга интилганча тезликни оширди. Гарри кўзининг қири билан ортда қолаётган Ўлимдан мириқувчиларни кўрди.
- Хедвиг... Хедвиг...
Бойқуш худди ўйинчоқ каби қафас тубида қилт этмай ётибди. Гарри кўзига ишонмади. Бошқалар ҳақидаги даҳшатли ўй эса унинг вужудини титратмоқда. Елка узра ортга қараб, бир-бирига яшин отаётган халойиқни кўрди. Иккита жуфтлик ҳодиса жойидан узоқлашмоқда. Уларнинг кимлигини Гарри танимади.
- Хагрид, биз қайтишимиз керак, қайтишимиз керак! - бақирди у, овози билан мотоцикл шовқинини босишга уриниб.
Хедвигнинг ўлганига бовар қилмаган Гарри қафасни пастга жойлаб, сеҳрли таёқчасини қўлига олди.
- Хагрид, ортга қайтар ДЕДИМ СЕНГА!
- Сени соғ-саломат етказиш буюрилган менга, Гарри! - деди Хагрид, тезликни ошириб.
- Тўхта... ТЎХТА! - қичқири Гарри.
Кутилмаганда, унинг қулоғи ёнидан иккита яшил яшин учиб ўтди. Ўлимдан мириқувчиларнинг тўрттаси ҳалқадан чиқиб, Хагриднинг кенг белини нишонга олганча, қувиб келмоқда. Хагрид зарбаларга чап бермоқда. Бироқ яқин келган Ўлимдан мириқувчилар галаси қарғиш яшини кетидан яшин йўламоқда. Зарбага рўбару келиб қолмаслик учун Гарри бошини эгиб олди.
- Ступефай! - қичқирди Гарри.
Сеҳрли таёқчадан отилиб чиққан қизил яшин чап беришга уринган Ўлимдан мириқувчиларни ҳар томон тарқатиб юборди.
- Маҳкам ушла, Гарри, - бўкирди Хагрид, - Ҳозир кўрсатиб қўяман уларга!
Хагрид йўғон бармоғи билан яшил тугмани босди. Мотоцикл ортида девор, ҳақиқий ғиштли девор пайдо бўлди. Гарри деворнинг янада катталашгани, Ўлимдан мириқувчиларнинг учтаси базўр чап бергани, тўртинчисининг супургиси чилпарчин бўлиб, ўзи пастга тошдай қулаганини кўрди. Улардан бири қулаётган шеригига ёрдам бериш учун секинлади. Хагрид ҳаракат тезлигини оширди. Бироздан сўнг, Ўлимдан мириқувчилар ва ғиштли девор кўздан ғойиб бўлди.
Таъқиб қилаётган Ўлимдан мириқувчиларнинг қолган икктаси ажал яшинларини янада кўпайтирди. Ушбу яшинлар Гарри қўллаган музлатиш афсунининг яшинлари билан тўқнаш келиб, ҳавода қизил ва яшил учқунлар ҳосил қилмоқда. Гаррининг хаёлига ушбу мушакбозликни кўриб, ҳавода нима бўлаётганини тушунмаган магллар келди.
- Яна бир марта, Гарри, маҳкам ушла, - бақирди Хагрид, иккинчи тугмани босиб.
Бу сафар мотоцикл остидан катта тўр отилиб чиқди. Лекин Ўлимдан мириқувчилар бунга тайёр бўлиб, шу заҳоти чап беришди. Уларга учинчи шерик келиб қўшилди. Ўлимдан мириқувчилар яшин кетидан яшин улоқтиришни қўймаяпти.
- Сўнгги уринишимиз кор бериши керак, Гарри, маҳкам ушла! - овози борича бақирди Хагрид, спидометр ёнидаги қирмизи тугмагани босиб.
Аждарнинг ҳайқириғи ва металлнинг ёрилишини эслатган баланд овоз билан бир вақтда олов отилди. Ўлимдан мириқувчилар олов ортида қолиб, кўздан ғойиб бўлди.
Бироқ кажаванинг мотоцикл билан боғлаб турадиган металл боғичлари катта юкламага бардош бера олмай, ажрала бошлади.
Ҳаракат тезлиги катта бўлгани боис, Хагрид эгарда базўр ўтирибди.
- Хавотирга ўрин йўқ, Гарри, - деди у.
Хагрид мотоцикл бошқарувини идора қилмай қўйгани учун бўлса керак, ушбу учар транспорт шатта ота бошлади.
- Ҳозир тузатаман, Гарри, хавотир олма! - бақирди Хагрид, гулли соябонини чиқариб.
- Хагрид! Йўқ, керак эмас! Ўзимга қўйиб бер!
- РЕПАРО!
Металл қулоқни қоматга келтирадиган даражада қарсиллаб, кажава мотоциклдан батамом узилиб ажради-да, олд томон ҳаракатни бироз давом этиб, пастлай бошлади. Гарри сеҳрли таёқчасини кажавага ўқтаб ўкирди:
- Вингардиум Левиоза!
Кажава шиша тиқини каби юқорига кўтарилиб, парвозни давом этди. Кутилмаганда Ўлимдан мириқувчиларнинг учаласи яна пайдо бўлиб, яшин улоқтира бошлади.
- Ҳозир, Гарри, ҳозир етиб оламан! - эшитилди қоронғиликда Хагриднинг овози.
Кажава боз пастлай бошлади. Имкон қадар паст энгашган Гарри сеҳрли таёқчасини яқинлашиб келаётган одамлар ўртасига ўқтади.
- Импедимента! - қичқирди у.
Қарғиш яшини тўғри бориб, ўртадаги одамнинг кўкрагига урилди. Ўлимдан мириқувчи худди кўринмас тўсиққа рўбару келган каби, ҳавода муаллақ осилиб қолди. Орқада келаётган Ўлимдан мириқувчи эса ушбу шеригига урилиб кетишига сал қолди.
Кажава ерга қуламоқда. Яқин келган Ўлимдан мириқувчилардан бири Гаррига қарата қарғиш қўллади. Кескин энгашган Гарри тишини ўриндиққа қаттиқ уриб олди.
- Ҳозир, Гарри, ҳозир етиб оламан!
Катта қўл Гаррини ёқасидан ушлаганча, тошдай тушиб кетаётган кажавадан суғуриб чиқарди. Юк халтасини чангаллаб олишга улгурган Гарри мотоциклнинг ўриндиғига, Хагридга тескари ўгирилган ҳолатда ўтириб қолди. Икковлон Ўлимдан мириқувчилардан нари кетганча, янада юқорига кўтарилди. Гарри оғзидаги қонни тупуриб ташлаб, сеҳрли таёқчасини пастлаётган кажавага ўқтади.
- Конфринго! - қичқирди у.
Портлаган кажава билан бирга Хедвигнинг танаси ҳам майда бўлакчаларга парчаланиб кетганини Гарри юракда оғриқ-ла идрок этди. Портлаш тўлқини Ўлимдан мириқувчилардан бирини супургидан улоқтириб ташлади. Унга ёрдамга ошиққан шериги ортда қолди.
- Гарри, аҳмоқлик қилиб қўйдим, кечир мени, - ингради Хагрид, - Кажавани тузатишга уринмаслигим керак эди... энди жой йўқ...
- Ҳеч қиси йўқ, мотоцикл бошқарувини уддалаб кетсанг бўлди, - қичқирди Гарри, қоронғиликдан чиққан Ўлимдан мириқувчиларнинг иккитасини кўриб.
Хагрид илон изи ҳаракат бажарганча, улоқтирилган яшинларга чап бермоқда. Гаррини хавфга қўймаслик учун энди у аждар оловини қўлламаслиги аниқ. Гарри музлатиш афсунининг яшинларини кетма-кет йўллаб, Ўлимдан мириқувчиларнинг яшинларини қайтармоқда. Унинг навбатдаги зарбаси Ўлимдан мириқувчилардан бирининг қайтарма ёқасини орқага қайтариб юборди. Гарри қизил яшин ёруғида «Тунги рицарь» автобусининг чиптачиси Стэн Қўриқчининг ғалати юзини кўриб қолди... Стэн...
- Экспеллиармус! - қичқирди Гарри.
- Мана буниси ҳақиқий, аниқ айтяпман.
Қайтарма ёқаси юзини тўсган Ўлимдан мириқувчи шунақанги баланд қичқирдики, унинг гапи моторнинг баланд шовқинидан ҳам аниқ эшитилди. Сал ўтиб, Ўлимдан мириқувчиларнинг иккаласи ҳам кўздан ғойиб бўлди.
- Тинчликми, Гарри, нима бўлди? Қани улар?
- Билмадим.
Юзи тўсиқ Ўлимдан мириқувчининг «Мана буниси ҳақиқий, аниқ айтяпман!» - дея қичқиргани Гаррини хавотирга солди. Бўм-бўш қоронғилик таҳдид солаётганини ҳис этди. Хўш, қани энди улар?
Гарри ҳаракат йўналиши томон бурилиб олиб, Хагриднинг пўстинини маҳкам ушлади.
- Хагрид, аждар оловини яна бир чиқар-да, тезроқ ҳайда бу ердан.
- Ундай бўлса, Гарри, маҳкамроқ ушла мени!
Қулоқни қоматга келтирадиган шовқин янграб, мотоцикл қувуридан олов отилди. Гарри ортга сирпаниб кетган Хагридни базўр ушлаб қолди.
- Менимча, ортда қолди, улар Гарри, - бақирди Хагрид, - Ишлар жойида.
Аммо ишлар жойида эканлигига Гаррининг ишончи у қадар комил эмас. Атрофга қараб, таъқиб қилувчиларни кутар экан, вужудини даҳшат қамрамоқда... «Нима сабабдан ортда қолишди? Улардан бирининг сеҳрли таёқчаси ҳамон қўлида эди-ку... Мана буниси ҳақиқий... Стенни қуролсизлантириши билан бақирди...» хаёлдан ўтказди Гарри.
- Манзилга оз қолди, Гарри! Уддаладик десак ҳам бўлаверади! - қичқирди Хагрид.
Ердаги фонуслар майда юлдузчалар каби кўрина бошлаганидан мотоцикл пастлаётгани ҳис этилмоқда. Шу дамда худди қиздирилган металл босилган каби Гаррининг пешанасидаги чандиққа оғриқ кирди. Ўлимдан мириқувчилар икки томондан пайдо бўлиб, Ўлдириш қарғишларининг яшинлари Гаррининг ёнидан учиб ўтди...
Гарри кўрди уни. Вольдеморт худди шамол учираётган тутун пағаси каби учмоқда. На супурги минган у, на тестраль. Илон башараси қоронғиликда ёришиб кўринди. Бармоқлари эса сеҳрли таёқчасини боз кўтармоқда.
Ўларча қўрқиб кетган Хагрид мотоциклни тикка пастга йўллади. Унинг пўстинини бор кучи билан ушлаган Гарри музлатиш афсунининг яшинларини тўғри келган томон йўллади ва пастга қулаган танани кўриб, нишонга аниқ текканини тушунди. Гумбурлаган товуш эшитилиб, мотордан учқун сачради. Мотоцикл ерга тошдай пастлаб бормоқда. Умуман айтганда, қаер осмон-у, қаер ер эканлигини Гарри фарқламай қолди. Пешонаси ёниб, ҳар қандай фурсатда ажали етишини кутди. Супурги минган Ўлимдан мириқувчилардан бири атиги ярим метр нарида. Унинг қўли кўтарилаётгани ҳам кўринмоқда...
- ЙЎҚ!
Хагрид ўкирганча, мотоциклни қўйиб, қайтарма қалпоқли Ўлимдан мириқувчига ташланди. Оғир юкни кўтара олмаган супурги иккаласини пастга олиб кетди. Мотоциклни тиззаси билан қисиб олган Гарри Вольдемортнинг қичқириғини эшитди:
- Ўзим! Ўзим!
Тамом. Гарри Вольдемортнинг қаердалигини кўрмаяпти ҳам, эшитмаяпти ҳам. У Ўлимдан мириқувчилардан яна бирини кўриб, унинг:
- Авада...
Кутилмаганда пешанасидаги оғриқ Гаррини кўз юмишга мажбур қилди. Қўлидаги сеҳрли таёқча эса ўзидан ўзи ҳаракатга келди. Таёқча қўлини магнит сингари юқорига кўтараётганини Гарри ҳис этди, юмилган киприк орасидан олтин тусли олов оқимини кўрди, шовқин ва дарғазаб қичқириқни эшитди. Таъқиб қилаётган Ўлимдан мириқувчилар овози борича қичқиришди.
- Йўқ! ЙЎҚ! - ўкирди Вольдеморт.
Гарри юзи билан мотоциклга урилиб, бурни аждар оловини ҳосил қиладиган тугмага тегди. Бўш қўли билан тугмани босиб, ўт очди. Мотоцикл ерга пастлаши янада тезлашди.
- Хагрид! - қичқирди Гарри, - Хагрид! Ассио Хагрид!
Пастлаш тезлиги, гўё ер маркази мотоциклни сўриб олаётган каби, тобора ошиб бормоқда. Гарри яқин қолган чироқлардан бошқа нарсани кўрмаяпти. У ҳозир ерга урилиб, абжағи чиқишини билади, лекин энди ҳеч нарса қила олмайди.
- Сеҳрли таёқчангни бер, Сельвин, менга бер уни!
Гарри Вольдемортни кўришдан олдин, унинг борлигини ҳис этди. Вольдемортнинг қип-қизил кўзига қарар экан, ҳаётида кўрган энг сўнгги нарса шу бўлса керак деган хаёлга борди... Вольдеморт қарғиш яшинини йўллашга яна ҳозирлик кўрмоқда...
Кутилмаганда у гум бўлди. Гарри пастга қараб, ерда чўзилиб ётган Хагридни кўрди. Мотоциклнинг тормозини тортиб, қулоқни қоматга келтирадиган шовқин-ла ифлос ҳовузга қулади.
Admin · Просмотров: 675 · Оставить комментарий
20 Окт 2017. 19:50:34

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p178.htm

Комментарии

У этой записи пока нет комментариев. Вы можете добавить свой Комментарий...


Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)