Календарь

Октябрь 2018
ПонВтСрЧтПтСбВс
 << < > >>
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Кто в сети?

Пользователь: 0
Гости: 2

rss Синдикация

«ГАРРИ ПОТТЕР» АСАРИНИ ТАРЖИМА ҚИЛИШ ЖАРАЁНИ ҲАҚИДА

«ГАРРИ ПОТТЕР» АСАРИНИ ТАРЖИМА ҚИЛИШ ЖАРАЁНИ ҲАҚИДА

Сеҳргар бола Гарри Поттер ҳақидаги етти қисмли асар асосида суратга олинган 8 серияли янги фильм оиламизга, айниқса, ўша йили эндигина 3- синфда ўқиётган кенжа ўғлим Шоҳжахонга жуда манзур бўлган эди. Ўзига чиройлигина сеҳрли таёқча ясаб олган Шоҳжахон акаси Бобуржондан фильм ёзилган дискни қаердан бўлмасин, топиб келишни қатъий «илтимос» қилиб юрди. Ниҳоят топилди ўша диск. «Гарри Поттер»нинг 1- сериясини кўриб ўтирар эканмиз, катта ўғлим Бобуржон асарнинг рус тилидаги матнини ўқигани, мазкур фильм чала, айрим жойлари эса мутлақо нотўғри суратга олинганини маълум қилди.

Фильмнинг ашаддий мухлиси, «поттероман» бўлиб қолган Шоҳжахон акасидан ўша китобни унинг олдида қайтадан ўқиб, бобма-боб таржима қилиб беришни сўради. Сўрашга сўради-ю… менга, яъни мудофаа ва хавфсизлик соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнини давлат тилига ўгирадиган, фаолияти халқаро, миллий ва ҳарбий хавфсизлик, замонавий уруш ва ҳарбий ҳаракатлар, қуролли кураш воситалари ва шу каби бошқа бир қатор масалаларга доир матнларни таҳрир қилиш билан боғлиқ бўлган отасига ўтинч ва илтимосга тўлган нигоҳ-ла қаради.

Устасига фарқи йўқ. Шанба ва якшанба кунларини фарзандлар илтимосининг ижросига сарф этдим. Дастлабки боблар таржимасини эшитган бола жуда завқланди. Табиийки, бошқа «поттероман»ларга, яъни ўз синфдошларига асар борасидаги батафсил билими билан мақтанди. Синфдошлари эса ундан таржима матнини қоғозга босиб келишни илтимос қилишди.
Боланинг ушбу илтимосини бажарар эканман, юртимиз ёшлари хорижлик замондошларидан ортда қолишига йўл қўйиб бўлмаслигини ўйлаб, бир хулосага, у ҳам бўлса, модомики асар шунчалик оммалашган, қизиқарли китоб экан, уни ўзбек ёшларига таржима қилиб бериш керак, деган хулосага келдим.

Шундай қилиб, 2009 йилдан буён ҳарбий хизмат мажбуриятлари ижросидан бўш вақтимда фарзандларимиз, юртимиз ёшлари учун фойдадан холи бўлмаган иш билан шуғулланишга аҳд қилдим ва Буюк Британиялик болалар ёзувчиси Жоанна Кетлин Роулинг қаламига мансуб бўлиб, россиялик таржимон Мария Викторовна Спивак томонидан рус тилига ўгирилган «Гарри Поттер» асарини таржима қилишга киришдим.

Таржима жараёнида жонажон она тилимизнинг чексиз бойлигидан самарали фойдаланиш, ёш китобхоннинг гўзал тилимизга бўлган эътибори, ҳурмати ва муҳаббатини қўллаб-қувватлашга қўлдан келганча ҳаракат қилдим. Иш давомида ёшларимиз учун нотаниш бўлган терминлар, ўлчов бирликлари, Европа халқлари таомларининг номлари ва шу кабиларга қисқа маълумотнома мазмунидаги изоҳ ва тушунтиришлар бериб бордим.
Мазкур асарни ўқиган китобхон ишончим комилки, мураккаб ҳаётнинг жуда кўп жиҳатлари, яхши-ёмонлиги, оқ қораси, ёвузлик ва бағри тошлик билан эзгулик ва меҳр-шафқат ўртасидаги мангу курашдан оз бўлса-да хабардор бўлади, кўплаб қизиқарли маълумотлардан бохабар бўлиб, билими янада ошади.

Таъкидлаб ўтишим жоизки, блогимга муқаддам киритилган таржима матнларини вақти-вақти билан оз-оздан таҳрир қилиб борганман. Бинобарин, асарнинг блогдаги матни билан қўлимдаги файллар матни ўртасида бироз фарқ бор.
Худо хоҳласа, таржима матни китоб шаклида чоп этиладиган бўлса, матн яна бироз таҳрир қилиниши табиий.

Ўғлим Шоҳжахоннинг фикрича, асар қаҳрамонларининг исмлари фильмдаги исмларидан кўп фарқ қилмаслиги шарт экан. Мисол учун, М. Спивак таржимасида асар қаҳрамонлардан бирининг исми Огрид бўлса, фильмда Хагрид, одамларнинг тегишли тоифаси китобда «мугл» дейилган бўлса, фильмда «магл» дейилган ва ҳ.
Илож қанча, итоат қилишга тўғри келди. Зеро, меҳнатим маҳсули айни шу бола ва унинг тенгқур юртдошлари, бошқа давлатларда яшаётган ўзбекзабон замондошларига бағишланган.

Савол туғилди: хўп, асарни таржима қилдим дейлик, таржима матнини китобхонга қандай етказаман?
Ўша йиллари «Орзу армонга айланмасин» деб номланган сайт бўлар эди. Асарни таржима қилаётганимдан хабар топган сайт маъмури мен билан боғланиб, таржима матнини китобхонларга бобма-боб кўрсатиб бориш таклифини киритди.

2010 йилнинг июль ойида «Гарри Поттер» асарининг I қисми, яъни «Гарри Поттер ва Фалсафий тош» таржимасини ниҳоясига етказдим (Arial -14 шрифтида 240 саҳифа) ва бу ҳақда қўшимча равишда «uForum.uz»да 18 июль куни эълон бердим. Форумдошлардан таржима матни борасида фикр-мулоҳазалар билдириб боришларини илтимос қилдим.

Китобхонлар ўз кўзига ишонмай, «Орзу армонга айланмасин» сайтида навбатдаги боблар, боблар кетидан кейинги қисмларни яна ва яна сўрайверишди, электрон почтам мухлислардан келган илтимослар, баъзан талабларга тўлиб кетди. Уларнинг аксарияти, модомики, ушбу ишга қўл урибман, охиригача етказишимни илтимос қилишди.

2011 йилнинг январь ойида «Гарри Поттер» асарининг II қисми, яъни «Гарри Поттер ва Махфий хона» таржимасини ниҳоясига етказиб (Arial -14 шрифтида 234 саҳифа), китобхонлар эътиборига «Орзу армонга айланмасин» сайтида ҳавола этдим ва бу ҳақда яна «uForum.uz»да эълон бердим.

2011 йилнинг май ойида «Гарри Поттер» асарининг III қисми, яъни «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб (Arial -14 шрифтида 299 саҳифа), китобхонлар эътиборига ҳавола этдим.

2011 йилнинг август ойида «Гарри Поттер» асарининг IV қисми, яъни «Гарри Поттер ва Оташли жом» таржимасини ниҳоясига етказдим (Arial -14 шрифтида 498 саҳифа).

Бироқ таржималарим китобхонлар эътиборига ҳавола этиб борилган «Орзу армонга айланмасин» сайтининг юритилиши, унга янги боблар киритилиши ўша йилнинг август ойидан буён негадир тўхтатилган эди. Тегишли саволлар билан мурожаат қилган хатларим ҳам жавобсиз қолди.
Шу боис, оддийгина блог яратдим-да, унга асар таржимасининг китобхонлар эътиборига муқаддам ҳавола этилган учта қисми, хусусан «Гарри Поттер ва Фалсафий тош», «Гарри Поттер ва Махфий хона», «Гарри Поттер ва Азкабан маҳбуси» ва тўртинчи қисми: «Гарри Поттер ва Оташли жом»ни жойладим ва бу ҳақда «uForum.uz» ҳамда фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.

2012 йил декабрь ойида «Гарри Поттер» асарининг V қисми, яъни «Гарри Поттер ва Қақнус ордени»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб (Arial -14 шрифтида 661 саҳифа), китобхонлар эътиборига ҳавола этдим ва одатдагидек, бу ҳақда яна «uForum.uz» ва фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.

2013 йили асарнинг таржима қилинган барча қисмлари ўша вақтда мавжуд бўлган электрон кутубхонага кирилл ва лотин имлоларида киритилди. Лекин ўша электрон кутубхона менга номаълум сабаблар туфайли ишламай қўйди.

2015 йил авгут ойида «Гарри Поттер» асарининг VI қисми, яъни «Гарри Поттер ва чала зот Шаҳзода»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб (Arial -14 шрифтида 413 саҳифа), блог саҳифалари орқали китобхонлар эътиборига ҳавола этдим ва бу ҳақда яна «uForum.uz» ва фейсбукдаги саҳифамда эълон бердим.

Мана ниҳоят, 2017 йил октябрь ойининг 21 санасида, яъни юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 28 йиллигига туҳфа сифатида «Гарри Поттер» асарининг сўнгги VII қисми, яъни «Гарри Поттер ва Ажал туҳфалари»ни таржима қилиш ишларини ниҳоясига етказиб (Arial -14 шрифтида 478 саҳифа), блог саҳифалари орқали эътиборингизга ҳавола этмоқдаман.

Марҳамат, қадрли китобхон, ўқинг ва завқланинг!

Таржимон Шокир Зокирович Долимов

2017 йил 21 октябрь
Admin · Просмотров: 732 · Комментариев: 2
21 Окт 2017. 12:11:48

Постоянная ссылка на полную запись

http://dolimovshokir.blog2x2.ru/-b1/-b1-p212.htm

Комментарии

Комментарий : Murodjon [ Гость ]
Shokir aka sizga katta raxmat judayam xayrli, qoyilmaqom ish qildingiz. men xamma kitoblarni blogizdan ko'chirib olib, kitobcha shaklida o'zimga o'qish uchun chiqarib olganman. bugun mana "Ajal tuxfalarini" ham oldim. endi yana bir iltimos: ishingizni to\xtatmang. J.Rouling ning boshqa asarlarini xam o'zbek tiliga tarjima qilib bering agar ilojisi bo'lsa. juda xam qiziqaman. menimcha boshqa kitobxonlar ham shuni so'rashgan bo'lardi. ISHLARINGIZGA OMAD
   2017-12-12 @ 14:57:31
Комментарий : Азизбек Равшантв [ Гость ]
Шокир ака рахмат сизга жуда савобли иш килдингиз. Бу китобни бутун жахон болалари укишган ва укишмокда энди улар орасида узбек болалари хам бор уларга хам жахонга машхур ушбу китобни уз она тилларида укиш имкониятини берганингиз учун рахмат. Ишларингизга ривож
   2017-12-20 @ 07:07:42

Оставить комментарий

Статус новых комментариев: В ожидании





Ваш URL будет показан.


Пожалуйста, введите код, указанный на картинке


Текст комментария

Опции
   (Сохранить cookies с именем, email и url)